Абдумурод Тилавов: Йўлдош ака, адабиёт мисли бир уммон. Унинг ичига шўнғисангиз, турфа хил дуру марваридга дуч келасиз. Рухсат берсангиз, суҳбатимизни ана шу жавоҳирлардан ҳисобланган илми яқийн ва илми ладуннийнинг нима эканлигини тушунишдан бошласак. Умуман, бу илмларнинг адабиётга таъсири бор деб ўйлайсизми?
Йўлдош Эшбек: Бу саволга бир суҳбат давомида ва умуман ҳам жавоб бериш мушкул иш. Шундай бўлса-да, Худо қодир қилганича жавоб қайтаришга ҳаракат қиламиз, етишмаган жойларни алломаларимиз ёрдам бериб тўлдирадилар, деган умиддамиз. Келинг, яхшиси, манбаларга мурожат этайлик: “Ишончли, мустаҳкам, соғлом, шубҳасиз ва қатъий ўлароқ билмоқ. Кўз билан кўрароқ, мушоҳада этароқ билмак. Масалан, узоқда бир тутун кўрамиз. У ерда оташ (аланга, олов) борлигини илман биламиз, демакдир. Бу билим даражасига илм-ал яқийн, дейилади. Оташга яқинлашиб, кўзимиз билан кўрсак, бунга айн-ал яқийн билмак, дейилади. Агар барча ҳисларимиз билан олов борлигини англасак; ёқишини, куйдиришини, бошқа сифатларини ҳам билиб олсак, бу илмимиз даражасига Ҳаққ-ал яқийн, дейилади. (Ҳаққ-ал яқийн: абд (қул)нинг сифатлари Ҳақ сифатларида фоний бўлиб, ўзи у билан илман, шуҳудан ва ҳолан бақо топмоқдир. О.Насухи; Исломий-илмий-фалсафий “Янги луғат”. Абдуллоҳ Яғин). Демак, яқийн илмининг уч турини кўрдик.
Энди ладунн илмига юзланайлик. Илми ладунний ғаройиб, сирли, нодир, ноёб бир илмнинг номидир. Ладунийат – Оллоҳ таоло хос тарзда ато этган ботиний эҳсонлардир. Адабиётга таъсирига келсак, бутун мумтоз адабиётимиз шу илмлар таъсиридадир.
Абдумурод Тилавов: Замондош ижодкорлар асарларида тасаввуф асари сезилиб турадими?
Йўлдош Эшбек: Албатта сезилади. Чунки бизда истиқлол туфайли бу соҳага ҳам ҳурлик берилди. Масалан, Нажмиддин Комил домла истеъдодли ва таниқли шоир Саъдулла Ҳакимнинг “Кўҳна нақл” китобига ёзган гўзал сўзбошида “Сўз жамоли” деган кўп маъноли, сирли шеърини таҳлил қилар экан, шундай ёзади: “Менимча, шеъридаги сиру синоат, унинг таъсир кучи ҳам шунда: Англамоқда сир қолмаса, моҳиятда маъно ҳам бўлмайди”, дейди ва ҳикмат(афоризм)га баробар сўз айтади. Бу сўзни тасаввуфдан бехабар одам айта олмайди. Домланинг бу марҳамати ҳам сиру синоатлидир. Ва С.Ҳаким ижодига, хусусан, зикр этилган шеърига юқори баҳо беради: “Шу боис “Сўз жамоли” шеъри илоҳий бир сўз ҳақида бамисоли мадҳия каби жаранглайди ва ботиний, романтик туйғуларимизни мавжлантириб юборади”.
Абдумурод Тилавов: Сиру синоат фақат тасаввуфий асарлардагина мавжудми?
Йўлдош Эшбек: Йўқ. Лекин сирда сир бор.
Абдумурод Тилавов: П.Коэло ва “Алкимёгар” асари-чи?
Йўлдош Эшбек: Ҳа, “Алкимёгар” бизнинг мумтоз асарларимиз сингари уловни кўнгил хазинаси томон бургани учун ҳам ўзбек китобхонларига манзур бўлди. Бу асарда Сир ва сеҳр бор. Сеҳр ҳам икки хил. Гўзалликдан сеҳрланиш ва сеҳргарнинг сеҳри. Инсон биридан туғилади, биридан боғланади. Бадииятда ҳам шундай. Ҳатто янада нозикроқ. Гап ана шу нозикликни илғашда. Пауло Коэло ҳозирги ёзувчиларнинг пешволаридан ва оммавийларидан. Тилимизда бир эмас, уч таржимаси бор. Ҳозир қўлимда истеъдодли шоир Азиз Саид таржимаси бор экан, шундан бир иккита мисол калтираман. Мавзудан чиқмасак-да, сал айланиб юриб ўтишга тўғри келади. Бу – наср. Лекин поэзия қоришиқ. Афсуски, баъзи асосий тушунчалар ҳам баъзан қоришиб кетади. Асосий қаҳрамонлардан Кимёгар тилидан: “Кимки ўз Тақдири Йўлидан кетаётган экан, ҳамма нарсани билади ва ҳамма нарсага қодир!” дейилади.
Абдумурод Тилавов: Сўзингизни бўлганим учун узр. Кучли инсон ким ўзи?
Йўлдош Эшбек: Бандаи ожизлигини билган, Яратгандан қўрққан киши жуда ҳам кучлидир. Инсон Тақдир Йўлидан чиқиб, ўзганииг Тақдир Йўлига ўтиб кетолмайди. Ҳамма ўз Тақдир Йўлидан кетади, барча мағлубият ва муваффақиятлар шу йўл ичида кечилади. Инсон тақдирни эмас, тақдир ичида баъзан мағлубият, баъзан муваффақият яратади.
Абдумурод Тилавов: У қўрқув қандай қўрқув?
Йўлдош Эшбек: Бу махлуқдан – итдан ёки одамдан қўрқувга кўп ҳам ўхшамайди. Инсон билиб-билмай, ошкор-яширин гуноҳ содир этгач, йўлда-юзда, уловда ўзим, яқинларим юрамиз, эй Худо, бир кори ҳол бўлмаса эди, дея қўрқишига менгзайди. Олдига қўйган мақсад чизиғига бу кирмайди чоғи П.Коэло қаҳрамонларида бу туйғу кўринмайди, лекин Сантягода махлуқдан қўрқув, ҳатто Алкимёгарда хавотир сезилиб турадики, кайфиятининг мана шу палласи босиб кетгандек. Бу инсон камолот даражасини белгилайдиган туйғудир. “Хазина қаерда бўлса, қалбинг ҳам шу ерда бўлади”, – деган эди унга (Сантягога – Й.Э) Алкимёгар.
Абдумурод Тилавов: Буларни яхшироқ ҳис этиш учун аввал қалб-кўнгул, руҳ, илҳом нима – билиб олсак, тушунарлироқ бўлармиди?..
Йўлдош Эшбек: Тўғри. Лекин булар юқоридаги ладунн ва яқийн илмларидан ҳам нозик ва қалтис бўлгани учун ҳам ўтган улуғларимиз бу мавзуда эҳтиётан фикрлашмаган маъқул, деганлар. Айниқса, тақдир, қазо, қадар мавзуи…
Имом Ғаззолий айтадики: “Қалб (кўнгил – Й.Э.) амр-фармон оламининг сиридир”. Баъзи олимлар қалб-кўнгул маркази юрак деса, баъзи олимлар қалб маркази “димоғингиз чоғми” сўзи улуғ ҳол сўраш эканини айтади. Шулардан келиб чиқиб, кўнгил-қалб юрак билан мустаҳкам боғлиқ эса-да, юракнинг айнан ўзи эмаслиги маълум бўлади. Яъни кўнгул тан аъзоси бирла боғлиқ эса-да, тан аъзоси эмас. Фикримизга далил сифатида Хожа Абдулхолиқ ҳазратларининг “Санубар сувратлиғ гўштпораға мажозан дил ва қалб дерлар”, сўзини келтириш мумкин.
“Янги луғат”га яна мурожат этсак: “Қалбдан мақсад санавбарий эт парчаси эмас, латифа-и Раббониядир” (Латиф – нозик, гўзал, майин, кўзга кўринмас, жисмсиз, яширин, сирли). Юрак ишласа, тўхтаса, жасад қай ҳолда бўлса, инсон ички оламида, маънавияти-маърифатида кўнгул моҳиятан шундай.
Энди тасаввуримиз яна бироз ойдинлашиши учун камина таржима қилган Фотима Темур қизининг “Тазкирот ул-авлиё”сидан кичик бир ҳикоя ўқиймиз:
Ҳазрат Алоуддийн Аттор дейдилар: “Дарвишларнинг бири бир куни мендан қалб қандай бўлишини сўради. “Қандай эканини билмайман”, дедим. У: “Мен қалбни уч кунлик ой каби кўраман”, деди. Буни устозим, жанобим ва шайхим Шоҳи Нақшбанд ҳазратларига айтдим.
– Бу – унинг қалбига оид, қалбига кўра (ёки бу қалб унга кўрадир), – дедилар. Тик турардик. Оёқларини оёғим устига қўйдилар. Бирдан ўзимдан кетдим. Бир орада (ёки бу орада) барча мавжудотни, Арши аълони қалбимда кўрдим. Ўзимга келгач:
– Кўрганларингизни айтинг, – дедилар. Айтдим. Ҳазрат Хожа:
– Кўнгул будир. У дарвиш айтгандай эмас. Оллоҳ таолога энг яқини кўнгул, кўнгулдай ҳеч нарса яқин эмас. Қалб – номаълум, сирларга тўла оламдир. Ҳар не ундан топилур. Кўрилгани каби қалб ҳар недан шарафли, бепоён бир латифликдир. Шундай бўлгач, киши уни қандай англай олур?! Шунинг учун ҳадиси қудсийда Оллоҳ марҳамат этади: “Еру кўкларга сағмасман, мўминнинг кўнглига сиғурман”. Бу теран сирлардандир, дедилар”.
Латифликка юқорида бир қадар изоҳ бериб ўтдик. Ундан ташқари латифликнинг яна илҳомбахш, ёқимли, ширин, теран, махфий, кўп лутф этувчи, деган маънолари ҳам бор. Кўряпсизми, кўп лутф этувчилик сифати – Оллоҳнинг сифатидир. Шунинг учун ҳам бу мавзуларда сўзлаганда жуда эҳтиёт бўлишимиз даркор экан. Чунки хавф бор – бу нарсалар махлуқми, махлуқ эмасми – кескин айтолмаймиз. Ўзимизга яраша сўнгсиз мулоҳазаларимиз бўлса-да, ошкор этиш бу ёқда турсин, баъзан ўйлашга, фикр юритишга қўрқамиз. Ишқ, илҳом кабилар ҳам сир, сирли, латифдир. Шулар кўнгулда бўлади. Илҳом ва ишқ билан кўнглингиз тўлганда, бепоён ички оламингиз ларзага келади, ҳеч кўрилмаган ширинлик ва бахт чидаб бўлмайдиган ҳолга сизни олиб келади. Бу Холиқнинг тажаллийсидир. Бу вуслатдир. Ҳазрат марҳамат этган кенгишлик, бепоёнлик деб билганимиз – миллиметрнинг миллиарддан биридан камдир, балки миллиметрнинг миллиарддан бири бепоёнликдан ҳам сўнгсиздир. Балки, бу борада масофа аҳамиятсиздир. Чунки Оллоҳ таоло: “Еру кўкларга сиғмасман, мўминнинг кўнглига сиғурман”, демоқда.
Абдумурод Тилавов: Бироз маърифатланиб олдик. Энди баъзи асарлардан, масалан яна П.Коэлодан савол бераман: “На саҳро, на шамоллар, на қуёш ва на одамзод ўзларини нима учун яратилганлигини билмайдилар”, дейилади унда.
Йўлдош Эшбек: Мўмин инсон нима учун яратилганини яхши билади. Яратган унга Китоб ва Пайғамбар (с.а.в.) юбориб, инсон ва жинни Ўзига ибодат этиши, Ўзини таниши учун яратганини билдирган. Инсон тақдирини, эртасини, оқибатини билмайди. Билганида, умидлар, ниятлар, мақсадлар, талпинишлар, интилишлар, орзиқишлар, энтикишлар, ҳаракатлар қаёқда қоларди?! Шуниси яхши эмасми? Шу билан бирга, “инсоннинг ўз ишида ихтиёри йўқ”, дегувчилар тарафдори ҳам эмасмиз. Яратган инсонга ихтиёр ато этган.
Абдумурод Тилавов: “Менинг қалбим изтиробдан қўрқади”, дейди Сантяго Алкимёгарга. Қаранг! “Ўз орзуларини рўёбга чиқариш учун йўлга тушган бирор-бир қалб изтироб чекмайди, чунки ушбу изланишларнинг ҳар лаҳзаси Оллоҳ билан, Абадият билан мулоқотдир”. Шу ўринда сиз нима деган бўлардингиз?
Йўлдош Эшбек: Алкимёгарнинг жавоби сохта кўтаринкиликка, сохта юпатувга ўхшайди ва чигал. Бизда ақлий ва нақлий мезонимиз бор. Ҳар фикрни, ҳар сўзни шунга қўйиб қараймиз, ҳатто у мажоз бўлса ҳам. Бу изтироб ва қўрқувнинг қандайлигига ва қай тарафдан қарашга боғлиқ. Бу ухровий изтироб қўрқуви бўлса, ғоят гўзал. Даҳшатли бўлиши мумкин, лекин оқибати хайрли. Бундай изтироб қўрқуви изтиробнинг ўзидан даҳшатли эмас. Гўзал. Шу қўрқув туфайли ҳам инсон ўзини ўнглайди, яхши ишларга отланади ва қўл чўзади. “Ўз орзуларини рўёбга чиқариш учун йўлга тушган қалб изтироб чекмайди”. Яхши сўз. “Чунки ушбу изланишларнинг ҳар лаҳзаси Оллоҳ билан, Абадият билан мулоқотдир”. Яхши. Фақат чигалроқ. Қоришиқроқ. Изтиробдан қўрқув, изтиробнинг ўзидан даҳшатли бўлмаса ҳам, даҳшат бўлса ҳам гўзал. Ўзига, ўзгага изтироб етказишдан қўрқув – гўзал изтиробдир. Изтироб эса гўзал. Буни тушунган тушунади. Чунки изтироб мўминнинг даражотидир. Яъни даражани ва мартабани белгиловчидир. Мўмин инсон изтироби билан хотиржамдир. Изтироб – унинг қалбини обод, умид – хотиржам этади. Ҳз. Пайғамбар (с.а.в.) “Мўминнинг юзида табассум, қалби эса маҳзун бўлади”, деганлар. Ана шу ҳазинлик, табассум – изтироб ва хотиржамликдир. Унинг улуғ умиди бор. Бу умид ўхшашсиз. Фақат мўминлар умидига ўхшайди. Эшитган сўзимиз, ўқиган асарларимиз кўнглимиздан ўтади, агар кўнгил кўнгил бўлса, ота-боболар эътиқоди билан мустаҳкам бўлса, ўтаётган нарсалар сараланади. Йўқса, йўқ. Бу ҳам муҳим. Фақат эротик асарлар эмас, ақидавий зид ва ақидавий чигал чалкаш асарлар ҳам инсониятни паришон айлайди. Сантяго Алкимёгардан сўрайди: “Умр бўйи олтин излаган ва унга эришолмаган алкимёгарлар ҳам бор. Улар қаерда хато қилишган?” Алкимёгар жавоб беради: “Хатолари шундаки, улар фақат олтин излашган. Улар йўлда яширинган хазинани излашган. Йўлнинг ўзини эса айланиб ўтишган”. Кучли жавоб.
Абдумурод Тилавов: Йўлдош ака, жуда улкан ва кенг инсоний англамда олиб қаралса, П.Коэло ва қаҳрамонлари ҳозир келтирган сўзга ўзлари амал қилишмагандек.
Йўлдош Эшбек: Чунки ҳақиқат йўли бутун инсоният учун битта. Ният самимий, мақсад яхши бўлгани билан шу мақсадга эришиш мушкул. Фақат муваффақиятларга эришиш мумкин.
Абдумурод Тилавов: Бу катта муваффақиятлар мақсадларигача суриб бориб қўйиши ҳам мумкин-ку!
Йўлдош Эшбек: Йўқ. Бу муваффақиятлар даврийдир. “Алкимёгар” асари бадиий заиф эмас, нозик мажозий фикрларга бой. “Қалблар изтиробни ёмон кўради”. Бу – тўғри. Лекин биз бошқачароқ қараймиз. Изтиробнинг мукофоти маълум бўлгач, бу дунёнинг ўзида ҳам мева бера бошлайди. Ва бошқачароқ қарашимиз тўғри эканлигига амин бўламиз. Изтиробсиз кўнгил, кўнгил эмас. Кўнгил – маънавиятнинг юраги дедик, юракдан фарқли ўлароқ кўнгилнинг (“Алкимёгар” мўлжалга аниқ ололмаган) ўлмасдан мангу қоладиган дориси бор, бу оби ҳаёт ишқдир. Ишқи ҳақиқий. “Алкимёгар” айтганидек: “Кимки бу ал-иксирдан ичса, хасталик нималигини билмайди” эмас, кимки ичса, тузалиш нималигини билмай қолади, тўғрироғи, истамай қолади. Чунки бу иксир, бу оби ҳаёт дард ташналигини ёки ташналик дардини суғоради. Юрак тўхтаса ҳам, кўнгил яшайди.
Ҳақиқий ошиқнинг вирди, оби ҳаёти, иксири – ишқи илоҳийдир. “Алкимёгар”га зид ҳолда, ошиқнинг бемор қалби шу ишқ билан тирик. Беморлиги – соғлиги, соғлиги – беморлиги.
Абдумурод Тилавов: “Хазина қаерда бўлса, қалбинг ҳам ўша ерда бўлади”, деган эди Алкимёгар. Йўлдош ака, сиз нима деган бўлардингиз?
Йўлдош Эшбек: Аксинча, хазина қалбда бўлади. Қалб қаерда бўлишини билмайман. Менимча, ҳеч қаерда бўлмайди. Қалб ва хазина бир-бирида бўлади. Хазина қалбнинг ўзидир. Ул хазинада беқиёс бойлик бор. Мурод-мақсад ҳам, бахт ҳам, висол ҳам, ҳақиқат ҳам шудир. Мен “Алкимёгар”ни ўқиётган 22 миллион ўқувчининг ашаддийларидан эмасман. Ҳозиргидай зарурат бўлгандагина мурожаат этаман. Ва буюк бобокалонларимиз тақиб келган кўзойнак билан қарайман, бусиз ҳеч иложи йўқ. Қўрғошинлар олтинга, олтин қўрғошинга айланиб кетади. Қалб ва хазина ҳақидаги сўзга “Алкимёгар”нинг ўзида ҳам жавоб бор: қанча эски бўлса, шунча афзал, қанча такрорланса, шунча гўзал.
Абдумурод Тилавов: Ижодкор илҳомига қандай таъриф берган бўлардингиз?
Йўлдош Эшбек: Олдингиздан икки йўл чиқди, дейлик. Ўнгга дегани – илҳом бўлди. Бу – оддий одамларга узатилган ички илҳом. Ижодкор илҳомида эса ҳол ва маъно бирлашади. Ижодкорнинг ички олами фаоллашади, тезлашади, хуш туйғулар лаззати тиғизлашади, фикр ва маънолар қуйилади, ижодкор тоқат қилиб бўлмас гўзал ҳолга кириб қолади. Ва анормал ҳолда нормал ва ҳатто комил бир ишни адо этади. Бу ҳолатни сўфийнинг жазба ҳолига ўхшатиш мумкин. Илҳом, ишқ, жазба жўш уриб инсон кўнглида кучайганда, оромбахш азоблар ёки азоббахш оромлар орқали чўққига кўтарилади.
Абдумурод Тилавов: Илҳом билан ёзилган миллий ва умуминсоний битта шеър ўқисангиз.
Йўлдош Эшбек: Ишқ вафодан сўзлаганларим, Бир кун бўлур сенга пушаймон, Ёдга тушар бўзлаганларим, Мен оламдан ўтганим замон. Қалтирарсан ажиб сезгидан, Ҳар бир сўзим кашф этар жаҳон, Жудо бўлдинг буюк севгидан, Мен оламдан ўтганим замон. Сен ёнимдан кета олмассан, Кўзларингда бўлгум намоён, Севгимни рад эта олмассан, Мен оламдан ўтганим замон. [1]Кўплаб дунё олимлари баъзи (модерн) асарларни тушуниб бўлмаслигини, тушуниш шарт ҳам эмаслигини айтишган. Шунга яқин фикрни академик Лихачев ҳам Жойснинг “Улисс” романи устида сўзлаган. (Узр, манба ёнимда бўлмагани учун сўзма-сўз келтиролмадим). Булардан ташқари ўзимнинг ҳам мустақил ақлий далилим бор, масалан, шундай асарлар мавжудки, мутолааси таассуроти – рангтасвир кўргандай ёки мусиқа тинглагандай оромбахш. Асар фақат биз истагандек, фақат биз кўникиб қолганимиздек бўлиши керакми? Тақдимот (2012 йил, 15 июнь) “ЎзАС”да, дунё ва рус адабиётининг билимдони Неъматуло Мамажоновнинг “Шеър ва шоир ҳақида” жуда зарур адабий ўйлари эълон қилинди: “Муҳими – янги, ҳали ишлатилмаган, фавқулодда, тасодифий, ёрқин ташбеҳ, қиёслашларни топиш. Бундан ҳам муҳими, шу образ ва ўхшатишлар маънога бўйсуниши, у билан яхлит бир бутунликни ҳосил қилиши керак”, дейилган унда. Келинг, шу сўзни Турсун Али шеърига тадбиқ этиб кўрайлик. “Йилга сиғмай қолган олмалар” – тасодифийдир, лекин ёрқин ташбеҳ эмас. “Эски аравадай ўтади кунлар” ҳам эски, ишлатилган ўхшатиш ва қиёс, “маънога бўйсуниб, у билан яхлит бир бутунликни” ҳосил қиляпти ёки қилмаяпти, деёлмаймиз. Маънога бўйсуняптими? Менимча, ҳозирча битта ёки бирорта маънога бўйсунаётгани йўқ. Шу билан бирга, маъносиз ҳам эмас. Лекин қани ўша маъно? Бу ерда гап ташбеҳнинг фавқулоддалигида эмас, балки ташбеҳнинг фавқулодда шеър даражасига кўтарилганида. Бундай шеърлар узоқ вақтларда бир-бир ёзилади. Бу шеър маънавий эҳтиёжнинг – сирнинг ўзи ҳақидаги сирли шеър, дея оламиз. Т.Алининг ўзи ҳам уқиш ва ўқиш ҳақидаги сўзининг давомида ўз шеърининг шарҳига ҳам ёрдам бергандек ва шу ҳақдаги фикримизни қўллаб қўйгандек бўлади: “Ўқиганимда фақат қулоғимга эмас, вужудимнинг денгиздан-да теран жойларига кутилган нур – шуъла оқиб-оқиб киради”. Бу ўша юқорида айтганимиз – сирлар нури – нури асрордир. Ичимизни, кўнглимизни ёритиб, ёриштириб юборади. Гўзаликка ғарқ бўламиз. Сирлар нуридан баҳраманд бўламиз. Ўзини англаш эса мушкулдир. Гўзаллик нурига, сирлар нурига чўмиш сирнинг ўзини англашдан, уқишдан кўра гўзалроқдир!
Абдумурод Тилавов: Энди узунроқ, кенгроқ, бирлаштириброқ шеър, ишқ, сир, шоир ва шуларнинг улуғлари ҳақида сўрайман.
Йўлдош Эшбек: Севги, муҳаббат, ишқ – фарқли, бири бирининг ёки иккинчисининг, учинчисининг даражаси, дейишади. Буни инкор қилмаган ҳолда, биз деймизки, ҳаммаси бир-у, даражаси ҳар хил. Гап – нимани, кимни қандай севишда. Демак, севгининг исми ва сифати бор. “Муҳаббатдан муҳаббат бўлди пайдо, Муҳаббатсиз кишидан қоч, Ҳувайдо”. Сирнинг ҳам маъноси кўп. Яширин ҳақиқат. Яширин иш. Халқ орасида салбий маънолари ҳам бор. (Талофат кўрдим маъносида, сир кўриб қолдим, дейишади). Ҳар кимга, ҳаммага айтилмайдиган нарса. Сақланадиган сўз. Муҳаббатуллоҳнинг қалбдаги мақоми – латифа (латифлик – латиф нуқта ва нукта). Инсон ақли эришмаган нарса. Ҳақ ҳикмати. Шеър бунақа бўлади ва бўлиши керак. Ишқ, сир ва шеър улуғлиги ҳақида шоирлардан мисоллар келтирдик. Булар таърифсиз мавзулар ёки таърифи шу қадар кўпки, келтиролмаймиз. Биз муҳтарам мунаққидларимиз назари кам тушадиган саноқлигина шеърларни танладик. Бундай шеърлар мумтоз адабиётимизда, бошқа буюк шоирларимиз ижодида учраб туради. Негадир кўпинча бир хил номлар атрофида кечади. Илмда эса ҳаракат номлар атрофида эмас, асарлар атрофида кечади. Тўғрироғи, кечиши керак.
Абдумурод Тилавов: Яна шундай назардан четда қолган сирли, гўзал бир мисра келтирсангиз.
Йўлдош Эшбек: Бу – Абдул Жалилнинг “Ғам чўғининг япроғи” деган шеъри. Битта ёки яримта сатр шеър ҳам, сир ҳам, ишқ ҳам шоирда мужассам. Бари ишқдан туғилади:
Оппоқ “жой”га мук тушиб зикр этасан зикр тушиб оқартасан ёки “жой”ни бориб-бориб оққа сингиб кетасан эслатасан кўкка синггиб кетган ойни димоғинг чоғ бўлар яъни вақтинг хуш келгандай бўлади орзунгдаги туш кўргандай бўласан қушманми дейсан ё ўзим бахтманми тушманми дейсан.Абдумурод Тилавов: Сизнингча, виждон нима? Алоҳида таъриф бера оласизми? Шундай таърифингниз борми?
Йўлдош Эшбек: Бор. Лекин дафъатан таърифласам, тушуниксиз чиқиши мумкин. Луғатларда айтилишича, виждон – масъулият туйғуси, инсоф, дин-диёнат, ишонч, шуур, ботил билан Ҳақни танимоқ ва ажратмоқ, инсон ичидаги яхшини ёмондан айириб билувчи, яхшилик қилишдан лаззат туювчи, ёмонликдан алам-оғриқ чекувчи маънавий ҳисдир. Виждоннинг тўрт унсури ва руҳнинг тўрт хусусияти бор: ирода, зеҳн, ҳис, латифаи Раббония, ҳар бирининг бир ғоятул ғояти (асосий юксак ғояси) бор, ироданики – ибодат, зеҳнники – маърифатуллоҳ, ҳисники – муҳаббатуллоҳ, латифликники – мушоҳадатуллоҳдир. Тақво дейилгувчи ибодати комила тўртовини ҳам ўз ичига олади. Шу билан бирга, мен яна виждон ва тақво унсурларига афсус-надоматни ҳам қўшган бўлардимки, кишини ёмонликлардан сақланиб туришига ёрдам бергувчи туйғудир. Агар одамда виждон бўлса, бўлганда ҳам улуғ бўлса, оғримасдан, ўртанмасдан ҳеч иложи йўқ. Ва ўзга чораси ҳам йўқдир. Ана шу улкан оғриқлар буюк ўртанишлар элни эл, юртни юрт, ватанни обод айлайди. Ана шу оғриқлар ва ўртанишлар икки дунё саодатидир. Булар эса, аввало, виждонда бўлади. Шунинг учун бўлса керакки, валий зотларни, улуғ шоирларни халқнинг, миллатнинг виждони деймиз. Улардан ибрат оламиз. Ҳазрати Фаридуддин Аттор “Тазкират ул-авлиё” (Авлиёлар китоби)да ёзадилар: “Ҳасани Басрий болаликда билмай бир қабиҳ иш қилиб қўйган ва бундан доимо надомат чекар, шу қабоҳатни ёқасига ёзиб қўйган эдилар. Ёзувга ҳар гал кўзлари тушганда, шу қадар йиғлар эдиларки, ёзув ҳўл бўлиб кетарди”. Виждон ҳақида бундан ўтказиб ё бунга баробар айтиш биз учун мушкул. Бундай зоти шарифларнинг муборак маноқибларидан келиб чиққан ҳолда деймизки, виждон – валий, шоир, қаҳрамоннинг титилган кўнгли ёки кўнглининг илма тешикларидир. Халқимиз: осилсанг, баланд дорга осил, дейди. Чунки бу ҳалокат эмас, дунёга келиш, туғилиш, улкан умид ва мўлжаллардир. Халқимиз ана шу улуғ мўлжалу манзилларга буюк умидлар билан улкан қадамлар ташлади. Ҳар соҳада улкан муваффақиятлар ёр бўлмоқда. Иншаоллоҳ, бундан кейин ҳам юзи ёруғ, жаҳон халқлари олдида виждони покдир!
Жавобимга виждон байроғи “ғам чўғининг япроғи” (каби)дир, дея қўшган бўлардим. Чунки ғам-қайғу ҳам фаол, сирли туйғу экани Абдул Жалилнинг ҳам юксак сатри, гўзал иборасидан сезилиб туради.
Абдумурод Тилавов: Модерн ва миллийлик. Адабиётга ва инсонга таъсири ҳақидаги фикрларингизни баҳам кўрсангиз.
Йўлдош Эшбек: Бу – мураккаб. Инсонга таъсири десангиз ҳам бўлади, модерн инсонга, кейин адабиётга, сўнг турмуш тарзига яхши-ёмон, у-бу тарз ва даражада таъсир этади. Бу тескарисига санаганимизнинг охиридан бошига, масалан, турмуш тарзига ва кейин адабиётга ёки аралаш, деярли бир вақтда ўзаро таъсир рўй бериши мумкин. Албатта, биз миллий ва айни вақтда, умуминсоний асарларни ёқтирамиз. Лекин аввал ўзимизга қарайлик, сизу бизнинг устимиздаги кийим миллийми ёки миллийлашиб бўлдими ёки энди миллийлашаётирми? Агар ўзгараётган бўлса, қай вақтдан бошлаб ўзгараётир ва нима учун? Бу ўзгариш зарарми ёки фойдами, нафи борми? Мана шу саволларга жавоб топсангиз, модерннинг адабиётга ва инсонга таъсири ҳақидаги саволнинг жавобига яқинлашасиз. Чунки ҳар икки ҳол ҳам руҳий янгиланиш ҳодисаси ва натижаси. Ҳар икки ҳол ҳам шунчаки кўнгилхушлик эмас, кийиниш ҳам, адабиёт ҳам миллатнинг маданий қиёфасини намоён этади. Шунингдек, албатта санъатнинг бошқа соҳасидаги асарлар ҳам. Адабиётимизда модерн таъсири кўнгилдагидек эканини кўпчилик эътироф этишди ва бу қувончли ҳолдир. Асар ҳам, миллийлик ҳам, бадиий савия ҳам жанрга, оқимга эмас, истеъдодга боғлиқ.
Миллийлик нима? Қисқа жавоб берадиган бўлсак, миллатга хос хусусият. Бу – кийинишда ҳам, қўшиқ айтишда ҳам, адабиётда ҳам акс этади. Адабиётимизнинг ахлоққа, ҳаёга “итоат” этиши унинг энг буюк миллий хислатидир. Адабиётда ҳам, меъморчиликда ҳам, умуман, санъатда миллийлик – жавҳари ибо, ахлоқ бўлган бадиий маҳоратдир. Албатта, ташқари таъсирини (ёмон таъсирини) қонун йўли билан тўсиш қандай натижаларга олиб келиши ҳақда дангалроқ бир нарса дейишим қийин. Мен буни адабиёт соҳасидагина эмас, умуман айтаяпман. Бу борада мен онг ва тафаккур бўшлиғи бўлмаслиги тарафдориман. Бу нима дегани? Бу, аввало, эътиқодий барқарорлик дегани. Бу фақат ёшлар учунгина эмас, барча учун, юртимиздаги барча соҳа вакиллари учун энг биринчи асосдир. Бу ҳам билим ва истеъдод билан амалга оширилади. Миллийлик либосдир – у миллат вакилининг ички дунёсини, ахлоқини акс эттиради. (Муҳтарам муҳаррир, шу жойни қисқартирмасангиз, илтимос). Шўро даврида ҳам кавказ халқлари ўз исмлари, оталари исм (фамилия)ларини ўзларига хос қўшимчалари билан сақлаб қололдилар. Бу ҳам миллийликка киради. Бу борада ўша даврларда нисбатан катта халқ бўлганимиз учун қаршиликлар ҳам каттароқ бўлган. Шукурки, энди қонунларимиз эркинлигимизни, миллийлигимиз ривожини таъмин этади. Ва талаб ҳам этади. Миллийлик ҳам тўла, комил намоён этиладиган гўзал хислатлардир. Албатта, унга бўладиган жаҳоний таъсирнинг нозиклиги ҳақида “Алкимёгар” устидаги сўзимизда тўхталдик. Жаҳон билан ҳисоблашмасликнинг иложи йўқ. Лекин эътиқодни мустаҳкамлашнинг иложи бор. Бу соҳа истеъдодларга боғлиқ. Ва эътиқод хусусида матбуотда, айниқса, ойнаи жаҳонда кўп суҳбатлар ўтказиш мақсадга мувофиқ. Чунки элни эл, юртни юрт айлайдиган бу фуқаронинг эътиқодидир. Миллийлик ҳам, умуминсонийлик ҳам эътиқод устида ўсади.
Абдумурод Тилавов: Тилакларингиз?
Йўлдош Эшбек: Ўзимга тилаганни барчага тилайман – икки дунё саодати, маънавий бойлик, тан сиҳатлик, тинчлик-хотиржамлик, кетмас давлат – бағрикенглик тилайман!
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 6-сон
————————–
[1] Рауф Парфи.