Ёзувчи, санъатшунос Нодир Норматов билан илмий ходим Лазизжон Бахрановнинг суҳбати
Лазизжон Бахранов: Мустақиллик халқимизга ўз тақдирини ўзи яратиш, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш имконини берди. Бунинг натижасида, миллий қадриятлар тикланмоқда, маданият, санъат соҳаларида катта ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Ўзбек тасвирий санъатида янги-янги бадиий йўналишлар пайдо бўлмоқда. Серқирра ҳаётни, замондошларимиз портретларини, жамиятимизда рўй бераётган ўзгаришларни объектив рангтасвирга тушириш анъанага айланди. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Ҳозирги кунда миллий маънавиятимиз ривожини тасвирий санъат намуналарисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбек рассомларининг кейинги йилларда самарали ижод қилиб, янги-янги ютуқларни қўлга киритаётгани, бу соҳада кўплаб ёш истеъдод эгалари кириб келаётгани унинг равнақи ва истиқболидан далолат беради”. Ҳақиқатан ҳам, бу борада ютуқларимиз кўп. Бироқ, тараққиёт вақт ўтган сари олдимизга кўплаб вазифаларни қўяверади. Уларни адо этгандагина соҳа янада ривожланади. Тасвирий санъатни ривожлантирувчи омиллардан бири эса бадиий танқиддир. Нодир ака, ўзбек бадиий танқидчилигинг бугунги ҳолати сизни қониқтирадими?
Нодир Норматов: Тасвирий санъат асарларини, хоҳ у миллий, хоҳ жаҳоний бўлсин, тушунишда таржимон талаб этилмайди. Аммо, бадиий танқидда тилнинг аҳамияти беқиёс. Биз ўзбек тасвирий санъатини англашда замонавий санъатшуносликни бадиий танқидга эҳтиёжи катта бўлиб бораётганлигини сезиб турибмиз. Бу эса бугунги кунда тасвирий санъатимиз хилма-хиллиги, кутилмаган “изм”лару янгича ва эскича услуб ҳамда уларнинг қоришиқлиги, мавҳум ва ботиний маънолар касб этаётган асарларга тўлиб-тошганлиги билан изоҳланади. Тўғри, бу соҳада русийзабон мухлисларнинг омади чопган, улар ҳам Ўзбекистонда, ҳам Россияда нашр этилаётган минглаб китоблардан баҳраманд бўлишмоқда. Аммо, республикамизда яшайдиган ўттиз миллиондан ортиқ аҳолининг асосий қисми ўзбек тилида гаплашади. Ана шундан келиб чиқиб, мен бадиий танқидчилигимизнинг бугунги аҳволини қониқарли, деб ҳисобламайман.
– Маълумки, истиқлол мусаввирларимизга ижод эркинлиги, тасвирий санъат услубини эркин танлаш, ўзининг бадиий-эстетик қарашларини очиқ ифодалаш ва тарғиб этиш имконини берди. Энг муҳими, мусаввирларимиз объектив ҳақиқатга таяниш, уни ўз асарларида ифодалаш имконига эга бўлдилар. Ушбу эркинликдан тўғри фойдаланиш, бадиий жараёнларни фалсафий-эстетик тадқиқ этиш жамиятни маънавий юксалтириш нуқтаи назаридан долзарб муаммо ҳисобланади. Кейинги йилларда чоп этилган танқидчиликка доир илмий мақола ёки асарлардан қайси бирларини бадиий жараёнларни кенг қамровда тадқиқ этган дейиш мумкин? Уларда қандай илмий-танқидий фикрлар, концепциялар илгари сурилган?
– Назаримда, тасвирий санъат соҳасида биеннале (ҳар икки йилда ўтказиладиган ижодий кўргазма) муносабати билан ёзилган бир-икки мақолани ҳисобга олмаганда таҳлилий мақолалар кам чоп этилди. Тўғри, бу соҳада Ўзбекистон Бадиий академияси санъатшуносларининг давра суҳбатлари ўтказилди. Улардан бир қисмининг “San’at” журналида чоп этилиши эътиборни тортди. Аммо, ўзбек тасвирий ёки амалий санъатининг бошқа турлари ва жанрлари ҳам бор-ку. Айтайлик, ҳайкалтарошлик.
Жанрлар муаммоларига бағишлаб мазкур санъат журналнинг алоҳида сонлари нашр этилмоқда. Аммо, ҳар бир соҳада ўз мулоҳазаларини билдираётган мутахассисларнинг бу чиқишлари амалиётда қай даражада ҳисобга олинаётир, мониторинги қай аҳволда? Бу ҳам жиддий масала. Давлатимиз бу соҳаларни ривожлантириш учун барча имконият ва имтиёзларни яратган ҳозирги пайтда биз уларнинг истиқболларига бефарқ бўлмаслигимиз керак.
Сўнгги йилларда турли грантлар ва лойиҳалар асосида Акбар Ҳакимов, Нигора Аҳмедова, Элмира Гул, Камола Оқилова сингари мутахассислар анчагина салмоқли тадқиқотлар қилишди. Аммо, уларнинг аксарияти рус тилида.
– Мустабид тузум даврида ижоднинг барча соҳалари қатори тасвирий санъат ва бадиий танқидчилик ҳам коммунистик мафкура талабларига, догмаларига бўйсундирилган эди. Социалистик реализм ижтимоий борлиқни тасвирлашнинг ягона объектив услуби сифатида қаралган, ундан чекинган ёндашув “буржуа эстетикаси”, “халқчилликнинг бузилиши”, “соцреализмдан чекиниш” каби тамғалар билан қораланган. Ижод эркинлиги ва танқидий ёндашув зарурлиги расмий ҳужжатларда қайд этилган бўлса-да, реал ҳаётда “соцреализм намояндалари”нинг ижоди, асарлари бадиий танқиддан холи эди. Ҳозирги кунда мураккаб, серқирра ва ранг-баранг бадиий жараёнлар кечаётган пайтда танқидчилигимиз қай даражада ривожланаяпти?
– Назария ўз йўлида, бироқ санъатшунос ўзи танлаган йўналишда ишини амалиёт билан боғлаб, аниқ далиллар асосида иш олиб бориши керак, деб ўйлайман. Тўғри, гилам ва ипакдан санъат асарлари яратиш соҳасида бир қанча ишлар олиб борилди. Аммо, уларни етарли деб бўлмайди. Гап шундаки, аввало, ўзбек тасвирий ва амалий санъатининг турлари ва жанрлари ривожи бир хил эмас. Унинг янги давр шароитидаги ҳолатига эътибор берадиган бўлсак, катта имтиёзлар берилган. Халқ амалий санъатида, жумладан, миниатюра ёки кулоллик санъат даражасидан кўра кўпроқ ҳунармандликка томон оғаётгандек. Бу ҳолат – бозор иқтисодиётига мослашиш майллари, бошқа санъат турларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хўш, ана шундай ҳолатларга бадиий танқидчилигимиз қай даражада муносабат билдирди? Бунга Акбар Ҳакимов, Камола Оқилова, Элмира Гул каби мутахассисларнинг мақолаларини ҳисобга олмаганда, ўзига хос ечимлар, жавоблар топиш қийин.
– Ижодий эркинлик туфайли миллий тасвирий санъатда кубизм, сюрреализм, импрессионизм, традиционализм, символизм, абстракционизм, авангард, натурализм, гиперреализм, эротик санъат, поп-арт, неоимпрессионизм, неоклассицизм, фотореализм, футуризм каби бадиий-услубий ёндашишлар ривож топмоқда. Жаҳон тасвирий санъатидаги услубларни ўзлаштиришга бўлган интилиш янги фалсафий-эстетик парадигмани шакллантирмоқда. Бу эса бадиий жараёнларни кенг ва чуқур таҳлил этишни тақозо этмоқда. Президент Ислом Каримов инсон маънавиятига таъсир этувчи барча соҳани, шу жумладан тасвирий санъатни ҳам “халқнинг маънавий эҳтиёжлари, замон талаблари асосида янада кучайтиришимиз, янги босқичга кўтаришимиз зарур”, деб таъкидлаган эди. Бунинг энг самарали, санъат тарихида синовлардан ўтган воситаси тасвирий санъат равнақига конструктив, илмий-рационал таъсир этувчи бадиий танқидчиликдан фойдаланишдир.
– Бу жуда нозик масала. Мен маълум бир муддат Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида дарс берган эдим. Ўша пайтларда талабаларга эркин мавзу ва тасвирий санъат соҳасида жанрлар бўйича мақолалар ёздиргандим. Маълум бўлдики, аввало, бу масала ечими тарбия билан боғлиқ экан.
Назария ва амалиёт туташган жойда ривожланиш бўлади. Бу масаланинг ечими эса талабаларни учинчи босқичдан сўнг тегишли жойда амалиёт ўтиши билан ижобий натижа беради. Бундай ёндашиш дунё мамлакатларида аллақачон йўлга қўйилган.
– Реализмга муносабатингиз қандай?
– Реализм, бу – барча “изм”ларнинг онаси, дейиш мумкин. Реализм ҳаёт инъикоси, ҳаётдан, воқеликдан илҳомланади. Реализм туфайли жамики бақувват ёки мукаммал, чала ва саёз оқимлар пайдо бўлади. Аммо, уларнинг тасвирий санъатда ўз имкони даражасида излари қолади. Уммонга майда тош ташласангиз, тўлқин эмас, мавж ҳосил бўлади. Шу маънода, реализм қудратли кучга эга, у катта бир иморатнинг пойдеворидир.
– Бугун “оммавий санъат”, “оммавий маданият”нинг инсон маънавиятига салбий таъсири ҳақида кўп гапирилмоқда. Мазкур иллатнинг олдини олиш ва бартараф этишда бадиий танқидчиликнинг ролини қандай баҳолайсиз?
– Ҳар қандай санъатнинг асоси, ўлчови, мезони бор. У осмондан тушмайди. Агар санъатда мантиқ, меъёр, уйғунлик, нозиклик устунлари бузилса ёки чала бўлса, у салбий ҳодисага айланади. Чалалик туфайли ана шундай чала маданият, чала санъат намуналари рўй беради. Бу бир иллат, касаллик. Уни ижобий томонга ўзгартириш учун соғлом муҳит керак.
– Кўргазмаларда намойиш этилаётган асарларда мусаввирларнинг ички ҳиссиётлари устуворлик қилаётганини кузатиш мумкин. Аслида, мусаввир ҳам шу замон ва маконнинг одами. Шу маънода ижодкор ҳам фақат ўзининг ўй-хаёллари, ички кечинмалари билан овора бўлиб қолмаслиги, жамиятда кечаётган ўзгаришларга, мавжуд камчилик ва муаммоларга фаол муносабат билдириши зарур. Шундагина тасвирий санъат асарлари томошабинлар орасида оммалашиб, мусаввир ва жамият мақсадлари, манфаатлари уйғунлаша боради…
Тасвирий санъат, бу – оддий реалликдан яширин оламга қўйилган қадам, деган эди Жуброн Халил. Шу маънода унда мажозлар, шартлиликлар, имо-ишоралар ёғдулар ва ранг сочмалари, тимсоллар орқали ижодкор нияти намоён бўлади. Рангтасвир, бу – плакат ёки публицистика ҳам эмас. Унинг маъносида яширин оламлар шарпаси бор.
– Аксарият ҳолларда томошабин маданияти ҳақида сўз юритилганда, асосан, театр, кино ёхуд концерт томошабинининг маданияти гапирилади. Ҳолбуки, тасвирий санъат асарларини идрок этувчи томошабиннинг маданиятини юксалтириш ҳам ижтимоий-маънавий тараққиётнинг муҳим омили саналади. Бу борада сизнинг фикр-мулоҳазаларингиз қандай?
– Мақомни ҳар ким ҳам тушунавермайди, аммо у яхши ижро этилса, истаган тингловчи қулоқ солиб завқ олади. Тасвирий санъат соҳасида ҳам ҳаммани тушунадиган қилиб тарбиялаш қийин, бу ўринда санъатшуносларимиз ҳеч бўлмаганда, бошланғич тарбияни бериш усулларини ўйлашлари керак, деб ўйлайман.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги ўзбек бадиий танқидчилиги замонавий бадиий жараёнларда рўй бераётган янгиланишлардан, хусусан, тасвирий санъатдаги услубий ўзгаришлардан орқада қолмоқда. Тасвирий санъатнинг бугунги ҳолатини таҳлил этиш, ютуқ ва муаммоларига жаҳон танқидчилиги даражасида ҳаққоний баҳо бериш борасида сусткашликка йўл қўйилмоқда. Ёш, истеъдодли санъатшунос-танқидчилар авлодининг етишиб чиқиши қийин кечмоқда. Ҳолбуки, тасвирий санъат халқимизнинг маънавий-маданий юксалишига қанчалик ижобий таъсир этса, танқидчилик ҳам томошабин ва мусаввирнинг бадиий-эстетик дидини ўстириш орқали умумтараққиётга шу қадар кучли таъсир этади. Шу боис, бу соҳани ҳар томонлама ривожлантириш долзарб масала ҳисобланади.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 3-сон