Таниқли шоир, “Маънавий ҳаёт” журнали бош муҳаррири Эшқобил Шукур билан суҳбат
— Оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, оилавий китобхонлик ҳақида гап борар экан, ижодкорнинг шаклланишида болаликнинг ўрни хусусида тўхталмасдан бўлмайди…
— Одам болалигини болаликдай яшаши керак. У бола кўзи билан дунёни кўрмаса, кексайганда ҳам кўп нарсадан бебаҳра қолади. Биз кейинги пайтларда шу нарсага кўп эътибор қилмаяпмиз, эътибор қилмаяпмиз эмас, ҳатто баъзида бунга терс йўл тутяпмиз. Саккиз-ўн яшар болакайнинг бола шаклидаги чолга айланиб қолиши маъқул эмас. Уни ақлли қиламан, деб сафсатабозга айлантириб қўймаслик керак.
Бир учрашувда 6-7 яшар болага тантанали суратда сўз берилди. Болагина ҳам шундай сайраб кетдики, тўтиқушлар йўлда қолади. Ҳай, майли, тили бурро экан, яхши-да, деб ўтирган эдик, болакай бирдан “СССР даврида ундай эди, энди бундай бўлди”, ҳатто “СССР даврида биз ундай бўлганмиз-у, бундай бўлганмиз”, деб кўр-кўрона ёдлатилган гапларни сота кетди.
Саҳнада 7 яшар бола гапиряптими ё 70 яшар чол гапиряптими — биз билолмай ҳайрон. Ўша даврни кўриб-кечирганлар шундай гапирса, уларга ярашади.
Гап шундаки, бу кетишда бундай болалар болалигини йўқотиб қўйиши мумкин. Бунақада улардан маҳмаданалар ясалади. Бола болаликни боладай яшаши керак. Чумчуқ билан гаплашадими, дарахт билан гаплашадими ё бобоси биланми, унинг ўзига қўйиб беринг. Бир чимдим сохта шуҳрат деб боланинг қалбини уёқдан буёққа судраш жоиз эмас. Шунда улар сохта гаплардан узоқда улғаяди.
Яқинда бир мактабда учрашувда бўлганимда, шеърлар машқ қиладиган ўқувчилар билан гаплашдим, шеърларини эшитдим. Болаларда иштиёқ баланд, ёниб турибди, лекин шеърларнинг аксарияти бир хил. Бу шеърларни декламация ва баландпарвозлик шовқини эгаллаган. Уларнинг деярли ҳаммасида “Ватан” сўзига “жон ва тан”ни ҳадеб қофия қилиш, бир-бирига тақлид ва такрорни кўп кўрасиз.
Ўқувчилар шеърларининг аксарияти Ватан ва мустақиллик ҳақида. Ватан ҳақида ёзиш яхши, бироқ ўзига хос ва рост ёзиш керак. Ҳаммага маълум гапларни қайтаравериш ёмон. Уларда “Ҳар бир шеъримда “Ватан” сўзи иштирок этиши, Ватанни мақташим керак”, деган бир жўн қараш пайдо бўлган. Ҳолбуки, “Ватан” сўзи иштирокидаги шеърни ёзиш учун жуда катта тайёргарлик керак. Бу сўзнинг юки баланд. Мен ўқувчиларга тушунтиришга ҳаракат қилиб: “шеърда “Ватан” сўзи умуман айтилмаса ҳам бу шеър Ватан ҳақида бўлиши мумкин. Яхшиси, кўп осмондан келманглар-да умумий гаплардан қочиб, уйингизнинг олдидан оқаётган ариқ ё кўчангиздаги қари тут ҳақида ёзинг, момонгизнинг сизга бўлган меҳрини шеърга солинг — булар ҳам Ватан ҳақидаги шеър бўлади”, дедим. Айниқса, ўқитувчиларимиз бу масалада қаттиқ туриши керак. Болаларнинг ҳаммаси самимий бўлади, улардаги беғуборликнинг ўзи шеър, улардаги соф самимий интилишларнинг ўзи келажакдир. Фақат уларни сохта бақир-чақирларга чалғитиб қўймаслик керак.
Ўзимнинг болалигим ҳақида гапирсам… Кўпроқ бобом ва момомга эргашиб юрганман. Қаерга боришса бирга борганман. Далаларни оралаб, тупроқ йўлларни кечиб бошқа овулларга бориш мен учун ўзга бир оламга саёҳат қилишдай гап эди. Момоларим менга шамол, булут, сув, Ер билан гаплашишни ўргатишган. Улар “Шамол айтар экан, булут айтар экан”, деб ҳикоя бошлашарди. Мен уларнинг тилида шеърият тилини кўрганман. Онам ўзбек халқ мақоллари, маталлари ва ибораларининг тирик энциклопедияси десам, тирноқчаям муболаға бўлмайди. Қишлоғимнинг сўлим табиати, бағри дарё одамлари, боболарим, момоларим, отам ва онам — булар менинг илк устозларим.
— Бундан 30 йиллар аввал, замонавий ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири Шавкат Раҳмон сизга адабиётда ўз сўзи ва йўли бор шоир, дея катта ишонч билдирган эди. Бугун ўзингизни мана шу ишончни оқладим, деб ҳисоблайсизми?
— Бу ишончни оқладим, десам, мақтанчоқлик қилган бўламан… Яхшиси, мен бошқа мавзуда гапиришни истардим: Шавкат Раҳмон тимсолида ҳақиқий шоирни кўрганман — у ҳар жиҳатдан бутун эди. Унинг шеърларида ўз қалби, қиёфаси ва ботини акс этади, ҳақсевар бир шоир сифатида замондошларининг диёнатли, орли аждодларига муносиб бўлишини истарди. Унинг фаолияти ҳақиқатга қасам каби собит, ҳар бир шеъри сўзга қасам каби мағрур ва ҳалол эди. Мамлакат қалтис бир вазиятга кираётган ўша йиллари юзминглаб иккиланиб турганларга қарата: “Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир”, деб ҳайқирган шоир, Ўш – Ўзган воқеалари сабаб бир кечада сочи оқарган шоир, миллат дарахтини миллат қуртларидан тозалайман, деб тинмаган шоир ўзининг катта ижоди ва қисқа ҳаёти билан бизга кўп нарсани ўргатиб кетди.
Ўтган асрнинг 80-йилларида унинг озодлик учун қанчалар куйиб-ёнганини кўрганман. Шавкат ака жуда фидойи одам эди. У ёшлар учун кўксини қалқон қила оларди. Ўзидан кейин келаётган авлодни тиш-тирноғи билан ҳимоя қиларди.
Талаба пайтимиз Шавкат ака Ғафур Ғулом номидаги нашриётда шеърият бўлимининг мудири эди. Ўшанда у киши менинг қўлёзма ҳолидаги шеърларимни олиб, талабага оғири тушмасин, деб нашриёт ҳарф терувчисига машинкада тердирган (машинкада матнни териш ҳам яхшигина пул турарди-да) ва бу шеърларнинг тўплам ҳолига келишига бош-қош бўлганди. Биринчи китобимнинг номини ҳам Шавкат Раҳмон қўйган: “Сочлари сумбул-сумбул”. Бу мен учун катта рағбат эди.
Бундай шоирлар миллат руҳидан бунёд бўлади. Шунинг учун у миллат тақдирини ўзининг тақдири деб биларди, унга миллий масаладаги ҳар қандай мавзунинг катта-кичиги йўқ эди, ҳаммаси муҳим ва ҳаммаси долзарб эди. Унинг:
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ,
— деган сатрлари шоирлар учун ижодий шиорга айланса арзийди.
— Жамиятда ижодкорнинг ўрни ва роли қандай бўлиши керак? Бу вазифа бугунги кунда қай даражада уддаланаяпти, деб ўйлайсиз?
— Шарқда азалдан аҳли қалам, аҳли ижод жамият гуллари, замон пешвоси саналган. Боболаримиз ҳар жиҳатдан шунга муносиб бўлган. Улар қалам масъулиятини Худога қасам даражасида ҳис этган. Шу боис бизда қадимдан бадиий асар ёзиш маданияти юксак даражада шаклланган. Лекин кейинги хонликлар, мустабид тузум даврида бу маданиятдан анчагина путур кетгани рост. Ҳар хил ғийбатлар-у, фисқ-фужурлар, олди-қочдиларни ҳам ижод деб тушунадиганлар йўқ эмас. Аҳли ижод ўз даврининг овози, нафақат овози, балки виждони бўлиши керак, деган қоида жамиятда ижодкорнинг ўрни ва ролини белгилаб беради. Лекин бунга муносиб бўлиш осон эмас. Донишмандларнинг “Ҳамма жойда ва ҳамма замонда фаолият кўрсатиш” деган гапи ҳам ижодий фаолиятга тааллуқли деб биламан. Аввало ҳар бир ижодкор ўз вазифасини теран англаши керак. Бусиз у ижодкорлик вазифаси уёқда турсин, уйидаги вазифасини ҳам бажаролмайди. Ҳатто ижодкор тарки дунё қилиб, бир ертўлага кириб кетиб ёзаётган бўлса ҳам, барибир, у ўз атрофидаги дунё, одамлар, воқеалар ҳақида ёзади, муносабат билдиради. Ижодкор ва жамият масаласига шу нуқтаи назардан қараш керак. Донишманднинг “Халқ менсиз бутун бўлмайди!” деган гапи бор-ку. Бугунги кун ижодкорлари миллий манфаат масаласида маҳкам туриши керак деб ўйлайман. Бунинг учун аввало ҳар биримиз миллий манфаат моҳиятини замон руҳидан келиб чиқиб англаб олишимиз керак. Миллий манфаат дегани миллий маҳдудлик эмас, худбинлик ҳам эмас. Асло! Миллий қадриятлар, миллий ғурур, миллий тафаккур, имон ва бурч ҳимояси ҳам айни шу манфаат ичида бўлади. Шоирнинг, борингки, бир қамиш ҳақида ёзаётган икки қатор шеъри зимнида ҳам шу сезги ётиши керак. Унинг ижодий маданияти шугина сезгидан бошланиши ҳам мумкин.
— Ижодкор ўзи учун йўналиш топиши, ўша йўналишда ўз сўзини айта олиши ва халқ меҳрини қозониши осон иш эмас. Агар у бир нечта йўналишда ижод қилишни ихтиёр этса-чи? Бунинг учун ижодкор қандай омилларни унутмаслиги керак?
— Назм ва наср бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳодисалар. Улар асли битта нарса. Фақат шакл бошқача. Шукур Холмирзаев бир пайтлар айтганди: “Ҳикоя ёзиш мен учун ҳасратимни айтишдир”. Шеър ҳам аслида шу. Шукур ака яна бир гапни бот-бот такрорлаб турарди: “Асар ёзиш бу васиятингни ёзишдир”. Мен Чингиз Айтматов қиссаларини шеърдай ўқийман. Назмми, насрми, кичик бир лавҳами, энг муҳими кўнгилни қоғозга тушириш-да. Ижодда кўнгил сари боравериш керак. Кўнгилда мўъжизалар кўп.
Тилимиздаги сўзлар борасидаги изланишларим ҳам кўнглимнинг иши ва хоҳиши. Ижодкор учун энг муҳим омил унинг кўнглидир.
— Сўз кимлар учундир мулоқот воситасидир. Аммо ижодкор учун у ҳаёт-мамот масаласи, тақдири. Бугунги сўзга, хусусан, тилга бўлган муносабат сизни қай даражада қониқтиряпти?
— Яқинда Сурхондарёга борганимда чолу кампирларнинг янги авлодига дуч келиб қолдим. Булар мен билган чол-кампирлар эмас эди. Мен билган қарияларнинг тили буларда йўқ экан. Мен билган қариялар тилида залворни, рангларни, жозиба ва улуғворликни сезганман. Янги чолу кампирлар эса ҳаминқадар ўзимиз қатори тили қуруққина, феъли синиққина кишилар. Глобаллашув ва ташқи таъсирлар сабаб кейинги йилларда қанчадан-қанча матал ва мақолларимиз, сўз ва ибораларимиз йўқ бўлиб кетяпти. Афсуски, бу кўзга кўринмайди, ўлчайдиган тарозиси ҳам йўқ. Агар тарозиси бўлганда бир йилда фалон тонна матал, фалон тонна ибора йўқотаяпмиз, деб аниқ айтган бўлар эдик. Университетларнинг филология факультетлари, журналистикага ихтисослашган таълим даргоҳлари талабаларнинг таътил вақтларидаги фольклор экспедицияларини яна тиклаб, жонлантириши керак. Бундай экспедицияларда юрган талаба аввало халқимизни ўрганади, ҳаётни, одамларни кўради, шу билан бирга эл орасида қолган матал, мақол ва ибораларни, ривоятларни тўплайди. Бу ҳам тил ҳимояси учун керак бўладиган иш. Ҳозир дунё бўйича тилларнинг аҳволи танглашяпти. Шунинг учун илғор халқлар тил ҳимояси тараддудига тушиб қолган. Миллий тилнинг аҳволи қандай бўлса, миллий дид, миллий тафаккурнинг аҳволи ҳам шундай бўлади. “Ранг кўр, ҳол сўр” деган мақолни миллатларга нисбатан “Тилини кўр, ҳолини сўр”, деб татбиқ этиш мумкин. Буни нафақат шоиру адибларимиз, балки ҳар бир миллат вакили ҳис этмоғи керак.
Насиб этса, яқинда она тилимиз ҳақидаги “Бобо Сўз изидан” номли китобим нашрдан чиқади. Унда ўзбек тилидаги сўзларнинг туб илдизи, моҳияти устидаги кузатишларим бор. Тил ва сўзлар ҳақидаги қарашларимни шу китобда жамлаганман ва Худо умр берса бу китобимни яна давом эттираман. Эҳтимол, умримнинг охиригача ёзадиган китобим шу бўлар…
— Бу дунё кураш ва зиддиятлардан иборат. Бугунги кунга келиб унинг фақат шакли, услуби ўзгарган, бироқ мақсад-у муддаоси ўша-ўша — дунёга эгалик қилиш, миллатларни жиловда тутиб туриш… Ғоялар, фикрлар, маданиятлар ўртасидаги шу курашда бугунги ижодкорнинг вазифаси нималардан иборат бўлмоғи керак?
— Очиғи, туйғулар жуда ғариблашиб кетяпти. Яқинда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаларига туйғу қашшоқлиги мавзусида очиқ дарс ўтдим. Телевизорда тўлиқ кўрсатишди бу дарсимни. Туйғу қашшоқлашуви жуда ёмон иллат. Одамнинг туйғулари саноқли: Меҳр, Номус, Муҳаббат, Уят, Ғурур, Оқибат кабилар. Шуларни бой берса у симёғочдай серрайиб қолади. Симёғоч-ку бир жойда турар, лекин туйғуларидан мосуво бўлган бундай одам фитнага аралашади, ёмонлик ва ёвузликка қул бўлади. Айниган одамдан ҳайвон минг марта яхши! Одамни туйғулар айнитмайди. Гарчи туйғулар гулнинг япроғидан ҳам нозик бўлса-да, инсонни ракеталар ҳужумидан ҳам ҳимоялай оладиган энг мустаҳкам ҳимоядир. Бугунги ҳарбий ва мафкуравий қуроллар етмиш қават бетонни ёриб ўтиши мумкин, лекин улар шу гулдай нозик туйғулар олдида ожиз қолади. Шунинг учун инсониятнинг сўнгги ҳимоя қуроли унинг эзгу туйғуларидир, деган бўлардим. Муҳими, улар инсон тийнатида бўлиши керак. Йўқса, инсонни забт этиш жуда осон ва жўн бир ҳодисага айланади.
— Сўзларингиздан англашиляптики, миллий дид ва уни асраш сизни ҳамиша безовта қилади…
— Миллий дид жуда катта тушунча. Мен унинг нима эканини ҳис этаман. Миллий диди йўқ миллат миллат эмас, у тўда, холос. Бизнинг миллий дидимиз — бу бизнинг минг йилликларимиздир, босиб ўтган йўлларимиздир, унда Навоий, Улуғбек, Қодирий каби даҳоларнинг шуури яшайди. Шу пайтгача неники бунёд этган бўлсак ва бундан кейин неники яратсак, улар миллий дид тимсолидай намоён бўлади. Оддийгина кийинишимиз, гапиришимиз, саломлашишимиздан тортиб, Самарқанду Хива экзотикасигача, Беруний ва Хоразмийларнинг оламшумул кашфиётларигача ҳамма-ҳаммаси миллий дид билан боғлиқ. Албатта, “оммавий маданият” деган бир бало унга ҳам таҳдид солиб турибди. Бу ёвуз кучнинг мақсади миллатларнинг миллий дидини вайрон қилиш ва бу вайроналарни бойқушлар маконига айлантиришдир. Миллий дидни асраб қолиш ҳақидаги саволингизга келсак, бу — икки-уч минг кишининг эмас, бутун миллатнинг саъй-ҳаракатига боғлиқ. Бунинг учун ҳар бир одам аввало ўзининг шахсий дидини асраши керак. Ўзида дид бўлмаган одамнинг миллий дид билан неча пуллик иши бор дейсиз…
— Сўз аҳли ва сўз ихлосмандларига тилакларингиз…
— Тилагимни қуйидаги шеър билан ифодаламоқчиман:
Капалак кулгусин, булут шарбатин
Таъмини тонгларда тотиб кўрганлар,
Ўзимдан улуғдир сизга ҳурматим
Мендан салом олиб, салом берганлар.
Қандай алқай сизни, қандай улуғлай,
Қуёшга табассум қилиб турганлар,
Юрагим тубидан узилган чўғдай
Саломимни олиб, салом берганлар.
“Milliy tiklanish” мухбири
Исломжон ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди.