Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти соҳиби, филология фанлари доктори, фольклоршунос Шомирза Турдимов билан журналист Қулман Очилов суҳбати
— Сиз, машҳур бахши-шоир Эргаш Жуманбулнинг невараси, жонли фольклор муҳитида вояга етгансиз. Бу фольклорга муносабатингизда кўзга аниқ кўриниб туради. Таъбир жоиз бўлса, халқ оғзаки ижодига наинки ақлингиз, балки қалбингиз, ҳатто руҳиятингиз билан ёндашасиз – унинг бағрида яшайсиз. Узоқ йиллардан бери халқимизнинг оғзаки ижоди, жумладан, эпосига ошно инсон ва олим сифатида айтинг-чи, фольклорга яқинлик кишига нималар беради?
— Одамзод ниманики ўзига яқин олса, шунга тақдирдошлик ҳиссини туяди. Киши танишлари, дўсту яқини, қавму қариндоши, аҳли оиласининг қувончу қайғусига шерик яшайди. Баъзан бегоналарнинг ташвиши уни қизиқтирмайди. Гўё бундай воқеа-ҳодисаларнинг унга дахли йўқдек, ўзидан ортмайди. Мавжуд ҳолатдан бир айбу нуқсон қидирмоқчи эмасман. Фақат, асл моҳиятда – Яратганнинг ўлчамларида, буларнинг бари бир маҳражга келишини англаб етганлар кам учрашини қайд этмоқчиман, холос. Агар Ул Зот бизнинг “компьютер”имизга ота-она, оила, фарзанд, қавму қариндош, ёру дўст… деган ришталар билан боғлиқ ўзига хос “дастурлар”ни жойламаганида нима бўларди, бир ўйлаб қарайлик. Одамзоднинг ўзидан ортиб бировга қайишиши нечоғли улкан муаммога айланарди. Бу гап-сўзлардан муддао нима? Айтмоқчи бўлганим шулки, инсон қачон “табиий боғлиқлик ришталари”дан юксалиб, барчага баробар “боғлиқлик риштасини” ярата олса, у чинаккам комил инсонга айланади. Ана шунда унинг кўнгли бошқа мавжудотлар тўдалашиб, ягона мақсад сари интилганида эришиши мумкин бўлган Улкан билимга чамбарчас боғланади.
“Улкан билим” нима?
Улкан билим – Бутун олам, борлиқнинг азал-абад тақдири дастурлашган, уни доимий юрутгувчининг илмлар мажмуаси… Барча тирик мавжудотга ушбу билимнинг бирламчи босқичи берилган. Бу босқич негизида табиий инстинкт туради. Фақат олий мавжудот – инсонгина навбатдаги босқичлар тизимига ўта олади. Олимлар жониворлар, ҳашаротлар, қушлар, балиқларнинг мавсумий ва номавсумий кўчишлари асносида йўлидан адашмай кўзлаган манзилини тўғри топиб боришини, тўда бўлиб ҳаракат қилиш чоғида шаклланадиган “Улкан билим” билан боғлашади. Ёлғиз эса кўпинча адашишга маҳум экан. Фольклор ва халқ санъатининг барча турлари асосини, негизининг тутиб турувчи анъаналар, бадиий қолиплар ҳам Улкан билим мевасидир.
Инсондаги бирламчи дастур ҳам ушбу билим билан боғлиқ. Таниш-билиши, дўсту яқин, қавму қариндош, аҳли оиласининг қувонч-у қайғусига тақдирдошлик ҳиссини бизга Улкан билим сабоғи англатиб туради. Инсон Улкан билимнинг галдаги босқичларига чиқиши учун кўкдан илоҳий каломлар юборилган. Аммо инсон табиатида азалдан адашишга мойиллик бор. У англатилганларни ўзича бичиб, талқин этади, нафсининг хоҳиш- истагига мослаштиришга уринади. Ўз “ҳақиқат”ини жорий этишга интилади. Шу сабабли Қуръонгача бир юз йигирма тўрт минг ялавочга навбатма-навбат келган илоҳий каломлар таҳрир қилинди. Фақат Қуръони карим яратганнинг ўзгармас сўнгги Сўзи бўлиб қолди.
Миф деб айтилувчи дунёқараш, тасаввур Улкан билимга туташ ана шу муқаддас битикларнинг ибтидодан интиҳосигача инсонга келган йўл-йўриқ, сабоқ ва билимнинг оқавасидир. Қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, мифларнинг мағзида Улкан билимнинг моҳияти мужассам. Шу сабабли биз мифларни Илоҳий каломларга боғлаб англаймиз. Мифлар динлар издан чиққан жойда бошланган. Улар инсоннинг табиат олдидаги қўрқуви ва ожизлигининг маҳсули эмас.
Дин ва миф инсон наслининг ибтидосини илк Одам ва Аёлга боғлайди. Турли халқларда Одам ва Аёлнинг турлича номланишини кузатиш мумкин, лекин Сўз замирида ягона тушунчалар мавжуд.
Бу кунгача аниқ фанлар илмий жиҳатдан исботлаган ва исботлашга уринаётган қонуниятлар муқаддас битик ва мифларда айтилган. Фақат улар фан тилида эмас, битик ва мифнинг ўзига хос ифода шакли – рамз ва тимсолларда баён этилган. Рамз ва тимсол битик ва миф тилидир.
Биз илм кашф этди, қонуниятни яратди, деймиз, гўёки илгари бу қонуният, ҳодиса, бўлмагандек. Аслида эса мавжудликнинг айни чегарасигача ақлимиз етиб, илғаган, англаган бўламиз, холос. Инсоннинг билими, англагани мавжудликнинг қанча қисмига етгану қолгани қанча, тасаввур ҳам қила олмаймиз. Бу ҳолатимиз, дағалроқ туюлса-да, қиёсласак чумолини томоша қилиб ўтирган одамнинг, “Чумоли нималарни англаяпти”, дейишига ўхшайди. Аслида чумоли ҳам уни томоша қилиб турган мавжудотни қандай англаши номаълум… Шундай бўлса-да, Инсон – ақлли мавжудот. У тушунишга, англашга ва билишга интилади. Унинг имконида ана шу бахт бор. Уни бу йўлда қўллаб, маёқ ёқиб, манзил сари бошловчи бор.
Фольклорга яқинлик, истасангиз истамасангиз, Сизни, аввало, ана шу Улкан билим ҳудудига олиб киради. Кишини Афлотунннинг “Ғор” нақлида ёзилган, Қуръоннинг “Ёсин” сураси, 8–11-оятларида огоҳ этилган “бўғовлар”дан бўшалиб, “соялар салтанати”дан чиқиши, нурли манзилларга етиши учун имкониятлар очади.
Фольклор ҳар бир одамнинг қонида бор ва ҳар қандай тил ибтидосида Улкан билимга тегишли тушунчалар мавжуд. Шундай экан, фольклор бизга ўзимизни, ўзлигимизни англашга ёрдам бериши билан ҳам қимматлидир. Фольклор – маънавий она сутидир. Устод Ҳоди Зарифнинг “Ҳақиқатим халқ ичида”, деган иқрори бежиз эмас.
— Сизнинг “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби достонлар асосида халқ оғзаки ижодининг этнос тарихига оид маъно қатламларига бағишланган “Этнос ва эпос” китобингизни ўқиган киши жуда қизиқарли таҳлил ва хулосалардан баҳраманд бўлади. Шу муносабат билан таъкидлаш жоизки, деярли барча халқларнинг эпосида бир ҳол – От ва Зот муаммомсига дуч келиш мумкин. Эпос қаҳрамони – сердавлат ва серсавлат алп борки, тирноққа зор. Гўрўғли каби оти бор-у, зоти йўқ. Ушбу мусибат-муаммонинг замиридаги фалсафанинг моҳияти нимада?
— Ҳар бир халқни унинг эпоси орқали таниймиз. Ўша халқнинг тарихи қанчалик қадимийлиги, маънавий қуввати, нималарга қодирлигини унинг эпосидан ҳам билиш мумкин. Бунда эпоснинг рамзу тимсолларга эврилган тилини топиш, англаш лозим. Тарихчи субъектив фикрлашга маҳкум. Чунки у – замонасининг фарзанди. Замон одами замона зайлига тобъе. Халқ эса ўз қисмати, тақдири, ўтмиши-ю бугуни, келажагини муттасил кўнгилидан кечириб, ақл тарозусида тортиб иш кўради. Бори кўнглининг изҳори, бадиий тафаккурининг ҳосиласи бўлмиш эпосида акс этади. Мукаммал мумтоз эпосга эга халқ албатта буюк салтанатлар барпо этган бўлади. Бу – олмос қонуният. Қозонда бори чўмичга чиқади. Бу майдонда йўқни бор қилиб бўлмайди. Бу савдо бир кишилик “бозор” эмас. Бир савдогарнинг измига юрмайди. Шундай экан, халқ юксалиш шавқини, таназзул аламини тотиб, кечмишини ақл ва кўнгил чиғириғидан ўтказиб, хулосалар чиқарадиган тақдир соҳиби бўлсагина асл эпос намуналарини ярата олади. Бу масаланинг бир томони, иккинчи жиҳати эса, илдизи илоҳий манбага бориб тақаладиган дунёқарашнинг амалда мавжудлиги. Илоҳий таълимотга таянмаган эпос ҳамиша кемтиклигича қолади. Буюк салтанатлар барпо этган ва илоҳий таълимотдан тўла баҳра олган халқнинг эпосигина мумтоз мақомга кўтарила олади.
Бу борада биз – фахрланишга ҳақли халқмиз. “Алпомиш” ва “Гўрўғли” каби мумтоз эпосларга меросхўрмиз. Меросхўр қоровулдай гап. Хазинада нимарса бор – уруғ. Уруғни экиб ҳосилини олган қоровулдан Эгага айланади. Ана шунда От ва Зот муаммоси ҳал бўлади. Мусбат қувват Манфийга эврилади. Гўрўғлини Отга эгалигию, Зоти йўқлиги – улкан тимсол, чунки ҳеч бир халқнинг тепасига бирор авлод, насл узлуксиз келмайди. Зотлар алмашади, лекин От – ҳаёт – мангу. Улкан салтанат – От – муайян миллатга тегишли бўлиши мумкин, лекин уни шу билан чеклаш ҳам моҳиятни тор англашдир. Аслида салтанат тузувчи ва юргизувчи Гўрўғлидек алплар бағрикенглик сиёсатини юргизган толерант шахслардир. Улар ўзи мансуб “локоматив” миллат атрофига кўплаб миллатлар, эл-элатларни бирлаштириб, уларнинг бирдек камол топиши учун шарт-шароит яратади. Гўрўғли Аҳмад Сардордек маҳдуд, майда миллатчи, зотпараст эмас. Унинг салтанатида Авазхон – Гуржистондан, Ҳасанхон – Ваянгандан, Тўлакботир – Қандаҳордан, Холдорхон, Асад-Шодмон каби турли элат, уруғлар вакиллари бўлган. Қирқ йигит бирлашиб, Чамбилдек озод ва эркин ўлканинг гуллаб яшнашига ўз куч-ғайратини қўшиши учун кенг имкониятлар яратилган. Уларнинг барчаси – Чамбил фарзандлари, шу ўлка – Ватани шаъни, шарафини улуғлашни буюк бахт деб билади, Аҳмад Сардордек феъли торлик қилмайди. “Гўрўғли” туркумидаги бир қанча достонлар салтанатдаги ана шу “сардорчилик” қутқуси натижасида келиб чиққан аянчли вазиятларга бағишлангани бежиз эмас. Алал оқибат ҳар гал ҳақиқат қарор топади. Гўрўғлининг буюклиги ва суюклиги шундаки, у Аҳмад Сардорни ҳам кечира олган, унинг тўғри йўл топиши учун имкон берган. Аслида ҳар бир ишдан айб ахтарадиган одамнинг ўзида қандайдир қусур бўлади. Ҳаётда эзгулик, фазилат ва ҳикмат қидириб яшаш саодати ҳаммага ҳам насиб этмаган. Уларни топиш, амалда намойиш этиш осон эмас. Эзгулик, фазилат қумдаги олтин заррасига ўхшайди. Заррани қумдан ажратиш учун қанчалар захмат чекиш керак. Бу қум-ку, деб қўл силтаб кетишдан осони йўқ. Комиллик йўлидаги одам олтин ажратувчидир. Алп ана шундай бағрикенг Шахсдир. Инсон Одам мақомидан қуйи эниб, маҳлуқ мақомида туғилади ва унга яна Одам мақомида камолга эришиш имкони берилади. Ким ушбу мақомга эриша олса, Одамдир. Бу йўлда на жинс, на ирқу миллат, на касбу кор, на бойлигу мартаба тўсиқ эмас. Алплар тузган салтанат кўпчиликнинг Одам бўлишига хизмат қилган.
Ватан ва мамлакат тақдири, шаъни, шавкати билан нафас олувчи Эрлар бор экан, бу салтанат завол топмайди. Гўрўғли шундай Эр эди. Гўрўғлининг ўйи, сўзи, амали Чамбил билан боғлиқ эди. Ўйлаганинг ҳаётингга, айтганинг, амалинг тақдирингга айланади. Эпос – халқнинг бадиий тақдирномасидир.
Эпоснинг сабоғи кўп. Эпосни ўқиб, уқиб ўтмиш, бугун, келажакнинг моҳиятини тушуна борасиз.
— Ўтган асрнинг охирларида “Халқ оғзаки ижоди – фольклорнинг куни битди, замона зайлига дош беролмади, ўлди” қабилидаги гаплар кўп айтилган эди. Бугун ҳам эшитиш мумкин бўлган бундай афсус-надоматларга Сиз нима деб жавоб берган бўлардингиз? Ростдан ҳам, ҳозирги цивилизация фольклорни унинг яшаб қолиши ва ривож топиши учун зарур шарт-шароитлардан маҳрум этиб қўймаяптими?
— Cаволга жавоб беришдан аввал бир масалага тўхталиб ўтиш лозим. Бу – фольклорнинг халқ ижоди, коллектив ижод экани масаласидир. “Коллектив ижод”ни кўпчиликнинг бир жойга тўпланиб, муайян асарни ҳашар йўли билан яратиши, деб тушуниш ноўрин. Сўзнинг “лой”ини халқ пишитиб беради, анъана синчи халқнинг бадиий тафаккурида шаклланади. Халқ – сўз ва анъана “мардикори”. Ижодкор – уста. Уста “иморат”ни ана шу “синч”га таяниб бунёд этади. Халқ вакили кўнглини очар экан, ўз фикрини баён этишда тайёр қолиплардан ўз ҳоли, ҳолатига мослаб фойдаланади. Ижодкор – бахши-шоир эса уларни бир ўзанга солиб, бадиий воқеликда жилолантиради, санъат иқлимига олиб ўтади. Фольклорнинг коллектив ижод экани ана шунда.
Ҳар қандай ижодкор, у қанчалик фавқулодда талант ва иқтидор соҳиби бўлмасин, фольклордаги каби тўкис анъана яратиши қийин. Индивидуал ижод аҳли анъанага янги қувват бағишлаши, уни янада такомиллаштириши мумкин. Анъана халқ бадиий тафаккурида пишиб етилади, авлоддан авлодга ўтади. Бу жараёнда анъаналарнинг илдизлари жуда қадимга бориб тақалади. Улкан билимдан баҳра олади.
ХХ асрнинг аввалигача бизда коллектив ижод билан боғлиқ жараёнлар деярли узликсиз давом этиб келган. Ўтган асрдаги кескин ўзгаришлар, аср сўнгида бошланган ва ҳамон жадал давом этаётган глобаллашув сингари оламшумул жараёнлар нафақат ўзбеклар, балки бутун сайёрамиз аҳли тафаккуридаги туб янгиланишларга сабаб бўлди.
Бугунги кунда фольклорнинг барча жанрлари қаторида эпос ижроси ҳам ўзгарди. Шу ўринда Ўзбекистон Халқ бахшиси Абдуназар Поёнов айтган бир фикрни келтириш ўринли: “Ўтган асрнинг 80-йиллари Мамарайим Қобил деган бахши айтган эди: Илгариги бахшиларнинг овози кўкракдан паст – қориндан чиқарди, кейингилар кўкракка бўйин бирлашган жойдан айтадиган бўлди. Сизлар кекирдакдан айтаяпсизлар, эндигилар танглайдан куйлаяпти”. Чиндан-да, Шоберди бахши билан эстрада хонандаси Маҳмуд Номозов ижроси яқин келиб қолгани сир эмас. Хоразм бахшичилигида бу ҳолат аввалроқ бошланган эди. Бахшичилик санъатида ижрочининг ички овоздан ташқи овозга ўтишини шунчаки ҳавас меваси деб бўлмайди. Фольклоршунослик жиддий ўрганиши лозим бўлган мураккаб жараён. Бу ўринда оҳангнинг замон талаб этаётган мароми (темпи) ва бошқа омилларни ҳам илмий тадқиқ этиб, тегишли хулосаларга келиш фурсати етди. “Халқ оғзаки ижоди, фольклорнинг куни битди, замона зайлига дош беролмади, ўлди” деб хулоса чиқаришга асло шошилмаслик лозим. Фольклор янгича яшаш шаклига кириб бормоқда. Негаки, талаб ва эҳтиёж бор экан, у яшайверади. Ижодкор халқимизда эса бундай эҳтиёж ва талаб катта.
Фольклорнинг таянчларидан бири – халқ тилидир. Бугунги халқ тили билан ўтган аср ўрталаригача яшаган улуснинг тили ўртасида катта фарқни сезиш учун мутахассис бўлиш шарт эмас. Эндиликда халқ тили ва адабий тил тобора яқинлашиб бормоқда. Адабий тилда ҳар бир тушунчанинг аниқ ифодачиси халқ тилидан кўра кўпроқ. Халқ тилидаги образлилик бу кемтикни тўлдиради. Қўрғон достончилик муҳитида ўсиб, улғайган момонинг тилига диққат қилинг: “Худойимга ёзмайин, худо-ё, гуноҳим тўкилсин, назар тушган, назаркарданинг боласиман. Хилу хуштим, етти пуштим қўлласин! Менам, унча-мунчанинг боласи эмасман. Кўрган одам ҳавас қилган, чувлаб ётган эл эдим, чалқиб ётган кўл эдим, қараганни қўрқитган, қарамаганни беркитган небир акаларим бор эди, ўлим келиб хўрлади. Худо қилди, меҳрибондан жудо қилди. Товда юрган бўри эдим, сувлотга тушмай қўй бўлдим, ўлим олдида хўр бўлдим, Худо-ё, энди болаларим омон бўлсин!” Бугун бу хил қуйма фикрлару сўзларни кам эшитасиз. Чунки оғзаки анъаналарда узилиш, янада тўғрироғи, умумийлик, ҳатто бир хиллик пайдо бўлаётир. Бунда оммавий ахборот воситаларининг таъсири ҳам йўқ эмас. Анъаналар барқарор келган муҳитда тингловчи, куйловчи баробар ижод қилади. Эндиликда, авваллари фольклорга юклатилган миссияни ижоднинг янги шаклдаги турлари эгаллаётир. Фольклор эса оммавий ижродан саҳнага кўчиб улгирди ва саҳна талабларига мослашмоқда. Бугун фольклордан мумтоз давр намуналарини кутиш қийин. Шу боис фольклорнинг мумтоз даври ўтмишга айланмоқда, дейиш мумкин.
— Сиз сценарийнавис сифатида ҳам ўз қаламингизни муваффақиятли синаб кўргансиз. Таниқли кинорежиссёр Қамара Камолова билан ижодий ҳамкорликда яратилган “Йўл бўлсин” фильмингиз Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига сазовор бўлган эди. Киносанъаткорлар билан самарали бошланган бундай ҳамкорлик сўнгги пайтда бироз сусайганга ўхшайди. Сабаблари нимада? Яна бир гап: экран санъатига дахдор мутахассис сифатида айтинг-чи, миллий киномизнинг янада ривожлантириш учун нималар қилмоқ керак?
— Халқ қўшиқларидаги рамз ва тимсолларга эътибор берсак, ажойиб манзараларга дуч келамиз. Масалан, халқ қўшиғидаги “Олма отдим отганга”, дейилган мисра мағзида, мени севганни севдим, деган иқрор мужассам. “Тол ёғочни ўтга солдим, мен уни куймас дедим” сатрларида лирик қаҳрамоннинг, мени севаман деган йигитни синаб кўрдим, деб чеккан изтироби ўз ифодасини топган. Халқ қўшиқларида олма – севги, фарзанд; шафтоли – ўткинчи муҳаббат; тол – йигит; ғоз – хўшхабар; ўрдак – туҳмат, шумхабар ва ҳоказо туб ўзак рамзий маъноларга эга. Қўшиққа рамз калитини солсангиз, ҳайратингиз ортиб, ўз кўнглингизни гўё қайтадан кашф этасиз, халқона тафаккур хазинасига ошно бўласиз. “Йўл бўлсин” фильмининг сценарийси ана шу хазинадаги рамзларни кино тилида қайта жонлантириш асосига қурилган. Халқ қўшиқлари асосан тўртликлардан ташкил топгани каби бу ердаги ҳар бир саҳна тўртлик шаклини олиши, тасвир ортидаги қўшиқлар воқеаларни бойитиши, экрандаги ҳар бир ҳаракат, ранг, оҳанг уйғунлашиб, халқона рамзлар воситасида асосий ғояни ифодалашга хизмат қилиши керак эди. Картинада маросимларни кўрсатиш мақсади бўлмаган, маросимларни борлигича тасвирга олиш, шарҳлаш -ҳужжатли фильмнинг иши. Бизда маросимларга ижодий ёндашилиб, янгича талқин берилган, уларга бадиий юк юкланган эди. Бизнинг бу эзгу ниятимиз, интилишимиз ўзини оқлаган, деб ўйлайман. Кинода, театрда ҳаракат сўзни айнан такрорламаслиги, уни тўлдириб янги иқлимга олиб чиқиши керак. Олайлик, сўз – нутқ кўза кўтарган қиз ҳақида гапирса, ҳаракат уни такрорласа, бунинг нима қизиғи бор? Бу оддий тақлид, тақлидда образ “очилмайди”, унинг бадиийлик кучи синади.
Энди, ҳамкорликнинг сусайиши масаласига келсак, бу менинг секин ишлашим билан ҳам боғлиқ бўлса керак. Киночи дўстларимга “Мезон” деб номланган сценарийни топширганман. Бу фильм ҳам “Йўл бўлсин” усулига яқин, фақат образлар мумтоз адабиётга боғлиқ ва унда асосий “юк” мақом наволари, ашулаларига юкланган. Фильмни ким суратга олади, билмайман.
“Миллий киномизни янада ривожлантириш учун нималар қилиш керак?” деган масала нафақат мутахассислар, балки барчани ўйлантириши табиий. Менинг “олтин давр” келишига некбинларча ишончим комил. Бу ишонч улкан мерос соҳиби бўлган янги авлод етилиб келаётганига, эпос қонуниятлари сабоғидан уққанларимга таянади.
Кинода ҳам санъатнинг барча турлари каби йўллар, усуллар, талқинлар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тезлашади. Ҳатто “хонтахта” деб аталаётган анчайин анъанавийроқ фильмларнинг ҳам ўз ўрни, мухлиси бор. Фақат кўзланган манзил битта бўлиши шарт. Тақлидлардан холи, ўзбекнинг тафаккур тарзини намоён этувчи, чинакам санъат намуналарини яратишга интилиш керак, тамом-вассалом.
— Гап кинога бориб тақалган экан, миллий эпосимизнинг ноёб дурдоналарини экранлаштириш масаласига тўхталмасдан ўтишимиз қийин. Биз достончилик бобида кўп халқлар ҳавас қилса арзигулик ғоят қадимий ва улкан бойлик ворисларимиз. Ана шу достонлар асосида фильмлар суратга олиш замон талабларидан жуда орқада қолаётир. Балки бунда фольклоршуносларнинг ҳам айби бордир? Ушбу соҳада имкониятларни кенгроқ кўламда ишга солиш фурсати етмадимикан? Ўшанда фарзандларимиз ўзга халқларнинг Жумонгга ўхшаш қаҳрамонларига ҳавас қилиб юрмаган бўлармиди?
— Аваллари кинофильм томоша қилиш учун кинотеатрга боришга мажбур эдик, эндиликда у ҳар бир кишининг уйига кириб келди. Истаган фильмингизни ён ётиб – ёнбош ётиб томоша қилиш имконига эгасиз. Бир кунда телевизор орқали турли жанрлардаги ўнлаб фильмлар намойиш этилишини назарда тутиб, ҳисоб-китобини ўзингиз қилиб олаверинг. Халқ онгига йиллар давомида сингишмаган дунёқарашни кино бир зумда сингдиради. Бу жараёнда “қозон” эгаларининг оти ўзади. Мультфилм, илмий-оммабоб, бадиий фильмлар ва сериалларда кимнинг қўшиғи куйланса, омма шуни қайтаради. Корейслар ўз тарихининг йилт этган чўғидан гулханлар ясаб, ҳаммани ишонтирмоқда. Болаларимиз Жумонман, деб айтаётган бўлса, уларни айблаш инсофдан эмас. Инсон, айниқса, ёшлар табиатан ибрат ахтаради, суянишга мойил. Ибрат унинг қаддини ростлаб олишига ёрдам беради. Бугунги авлод кўнглига, талабига мос жавобни – ибратни биз кўрсатиб бермасак, уларнинг ҳаваси бегона суянчиқларни ўзлаштириб, таскин топаверади.
Катта дарахтнинг айби, соясининг катталигида.
Баланд тоғ олдидаги одам кўринмайди. Тоғ тепасига чиқилса, олам унинг кафтига кўчади.
Биз қадимий тарихимиз, улуғ сиймоларимиз, бой фольклор ва адабиётимиз соясида қолиб кетаётгандаймиз. Биргина тарихимизни олиб қарайлик. Узоқ ўтмишимизда Афросиёб – Алп эр Тўнға деган улуғ зот ўтган. У Фирдавсийнинг “Шаҳнома”сида Турон подшоси деб таърифланган. Эрон шаҳзодаси – Сиёвуш отасидан аразлаб, унинг ёнига паноҳ излаб келади. Афрасиёб Сиёвушга қизи Қосни никоҳлаб беради, ҳомийлик қилади. Афросиёбнинг укасига бу ишлар ёқмайди. Унинг қутқуси билан Сиёвуш ўлдирилади. Бу воқеалар Гўрўғлининг асранди ўғли Аваз ва тоғаси Аҳмад Сардор муносабатларига жуда уйғун. Эпос Афросиёб, Сиёвуш демайди, лекин воқелик моҳиятини рамзий кўринишда, бадиий талқинларда бахши-шоир барча даврларга ростлаб куйлаган. Бундан минг йил олдин юрт кезиб, ватан ва халқ шаъни учун куйиниб ўртанган яна бир аллома – Маҳмуд Қошғарий Афросиёб – Алп эр Тўнға ҳақидаги қўшиқларни ўз луғатида келтириб, элнинг унга бўлган муҳаббатини ёдга солган. ХХ аср аввалида бошқа бир аллома Абдурауф Фитрат бу қўшиқларни жамлаб, Алп эр Тўнға ҳақидаги тасаввурларни тиниқлаштиришга интилган. Энди ўйлаб қарайлик, Алп эр Тўнға – Афросиёб ҳақида фильм яратилса, тарихимизнинг қоронғу йўллари қанчалар ёришган ва кенг омма онгида бу улуғ сиймо қайта қад тиклаш баробарида шаъну шавкатимиз қанчалар юксалган бўлар эди. Ўсиб, камол топиб келаётган ёш авлодга ибрат намунасини кўрсатган бўлар эдик.
Маҳмуд Қошғарий ҳам шунчаки тилшунос олим эмас эди. “Араб тили билан икки улоқчи от сингари тенг пойга қилиб ўзиб бораётган турк тилини тўлароқ ёритиш”ни мақсад қилиб, барча турк қавмлари яшаган ҳудудларни айланиб, қувончу алам тортган, кўнгли фахру ифтихорга тўлган синчи шахснинг луғатида сўз ва унинг маънолари шунчаки келмайди. “Туркийлар туркча билмайдиганларни “сумлим” дейдилар, чунончи араблар арабча билмайдиганларни “ажам” деганлари каби бу асосдир. Агар арабчани сўнг билса ҳам араблар ҳар вақт уни ажам деяверадилар. Лекин туркийларда ундай эмас. Туркчани билганларидан кейинги ҳолда сумлим демайдилар. У сумлимликдан қутилади” каби кузатишларида хасос социологни кўрсак, бошқа ўринларда элшунос, тарихчи, адабиётшунос, фольклоршунос, диншунос, адиб ва файласуф, энг асосийси Ватан қайғуси билан ўртанган Инсоннинг сиймоси намоён бўлади. Мана киночилар учун ноёб тақдир. Ибрат бўлувчи бу хил Шахслар тарихимизнинг ҳар бир даврида, барча соҳаларда юзлаб топилади.
Фольклорни, хусусан халқ достонларимизни кинога ўтказиш алоҳида мавзу. Саксонинчи йилларнинг боши эди. Ёзувчилар уюшмасида катта йиғин бўлди. Шунда бир йигит чиқиб, ёзувчи ижод қилишни эртаклардан ўрганиши керак, деб анча гапирди. Кўпчиликка бу нотаниш боланинг гапи эриш туюлди. Бу гапни кўзга кўринган бирор-бир арбоб айтса балки эътиборга олинарди… Аслида бола ҳақ гапларни айтарди. Эртакларда Ҳикмат ўзига хос ифода топади. Эҳтимол йигит ёзишни эртаклардан ўрганайлик, деб куйинганда ана шу жиҳатларни назарда тутгандир. Шу йигитнинг минбарда хиёл эгилиб, қўлини олдинга чўзганича сўзлаётган ҳолати ҳали-ҳамон кўз ўнгимда. Жамоат йигитнинг сўзларига беписанд қарагани каби эртаклар сиридан ҳам воқиф бўлмаётир. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дейишади.
Деҳқон ерга дон сочар экан, қайси уруғи унишини аниқ билмайди. Лекин ҳосилидан умид қилади. Мурод – ҳосилда… Ижодкор ҳам умидли банда. Санъат деҳқони, сўз миришкори. Шундай экан, халққа етказилмаган асар пишмаган, мўлжалдаги ҳосил қатори… “Гўрўғли” достонлари асосида сценарий ёзиш режада яшаяпти. Насиб этса, амалга ошар. Аслида “Этнос ва эпос” китоби “Алпомиш” достонини, умуман, эпос моҳиятини киночиларга ҳам кенгроқ англатиш учун ёзилган эди. Эпоснинг, фольклорнинг моҳиятини англамай туриб, уни санъатнинг бошқа турларига олиб ўтиб бўлмайди. Бизда ҳодисанинг сиртида юриб фикрлашга мойил мутахассислар кўп. Натижада бажарилган иш ҳам “сирт”да қолиб кетади.
Моҳиятга қанча яқин келинса, ўзлик сари шунчалик яқин борилади. Қадимгиларнинг ҳикмати уқтиради: “Ўзингда ўзлигингни англа!” Ўзи бўлиб яшаган инсон борки, Ўзи, Изи мавжуддир.
“Тафаккур” журнали, 2015 йил 1-сон.