Ўзбекистон ССР Оролни асраш жамоатчилик комиссиясининг раиси Пирмат Шермуҳамедов билан суҳбат
Б. Каримов: — Бугун — XX аср охирига келиб инсон табиат билан ўзининг уйғунлигини ҳис қилмай қўйди. Таажжуб, омоч билан ер ҳайдаб юрганида у табиатни кўпроқ муҳофаза қилгану, кейинчалик завод-фабрикалардан ўрлаган тутун миллион йиллик осмон рангини хиралаштириб бўлганда табиатни асрашда якдил фикрга келолмай турибди. Бугун экологик тарбияга эътиборни қаратиш тинчликни асрашдай катта муаммо бўлиб турибди. Аҳолини, хусусан ёшларни экологик тарбиялаш, саводхонликларини ошириш учун нима қилиш керак?
П. Шермуҳамедов: — Нақл қиладиларки, бир аёл олти ойлик чақалоғини ҳузурига олиб келиб, тарбия бобида ундан маслаҳат сўраганида донишманд унинг олти ойга кечикканини афсус билан маълум қилибди. Ўйлайманки, бугунги ёшларни экологик тарбиялаш учун ҳам биз кечикиб бўлдик.
Экологик тарбияни боғча ёшидан бошлаш керак. Японияда болалар мактабга боргунча бир йил фақат ва фақат табиат билан таништирилади. Улар қушлар, паррандаларнинг турлари билан таништирилади. «Табиат ичида яшамаган одамдан ҳеч қачон табиатга меҳр кутиб бўлмайди» деб ҳисоблашади японлар. Менга қолса биринчи синфдаёқ биринчи дарсни экологик тарбиядан бошлаган, мактаб программасига экология дарсларини қатъий киргизган бўлар эдим.
Тасаввур қилинг, олти ёшли болакайлар, қизалоқлар кўллар, денгизу-дарёлар, қушлар, наботот оламини томоша қилиб шу асно табиатга меҳр ўрганадилар. Кейинчалик болалар улғайиб, баъзилари амал курсисига минганида ҳам олти ёшларида кўрганлари ҳеч ёддан чиқмайди. Ҳозир табиатга нописанд муносабатда бўлаётган амалдорлардан биронтаси на ҳайвонот, на наботот оламини яхши билади…
Б. К: — Яқинда Россиядаги шаҳарлардан бирида ёшлар ҳавони ҳаддан ташқари ифлослантираётган корхонани ёпишни талаб қилиб намойишга чиқишибди. Бу ҳақда Марказий матбуотда мақола эълон қилинди.
Шаҳар комсомол комитети раҳбарлик қилган ушбу намойишнинг натижаси самарали бўлди. Ёшларнинг ҳақли талаблари қондирилиб корхона ёпиб қўйилди. Бу борада республикамиз ёшлари анча пассив. Мен бу билан уларни намойишга чорлаганим йўқ, балки табиат муҳофазаси борасида ҳамма бирдай изчиллик билан кураш олиб бориши керак, демоқчиман. Бунга асос ҳам бор. Зеро, маълумотларга кўра республикамизнинг 20 та шаҳрида ҳавонинг ифлослик даражаси санитария талабларига мутлақо жавоб бермас экан. Нега биздаги комсомол комитетлари бу жиҳатдан марказий шаҳарлардаги комсомол ташкилотларидан ибрат ололмайдилар. Ахир халқ учун эзгу мақсадлар йўлида ёшларнинг бирлашиши керак-ку! Демак, республикамиз ёшлари экологик муҳофаза борасида орқада эканларда тенгдошларидан?..
П. Ш: — Яқинда биз бир гуруҳ ижодкорлар Тошкент шаҳридаги мактабда бўлганимизда ўқувчиларнинг биронтаси ҳам Орол денгизи қаерда жойлашгани-ю, унинг бугунги аянчли аҳволи ҳақида заррача тасаввурга эга эмасликларини кўриб афсусландик. Сиз эса экологик муҳофаза даражасини таққослаяпсиз, ёшларнинг ижтимоий фаоллиги сустлигидан нолияпсиз. Пойтахт ўқувчиларининг аҳволи шу бўлса, билмадим, қишлоқларимиздаги эрта-кеч турли юмушлардан қўли, хаёли бўшамайдиган ёшларнинг фикрлаш даражаси қандай экан?..
Б. К: — Ёшларимиз экологик тарбия борасида иттифоқдаги тенгдошларидан анча орқадалар. Хўжалик юмушлари билан банд бўлиб қолганликларидан улар кам китоб ўқийдилар. Пахта монокультураси ёшларнинг етарли билим олишларига монеълик қилаётганлиги энди-энди айтиляпти. Мени бошқа бир фикр ўйлантиради. Бугун биз Сталин сиёсатининг барча кирдикорларидан огоҳ бўляпмиз. Бу албатта тўғри, лекин муҳими ундан тегишли сабоқ чиқара оляпмизми?..
Сталин деҳқонларга нисбатан зўравонлик сиёсатини ўтказган. Хусусан, республикамизда 30-йилларда жуда кўп ўртаҳол деҳқонлар ноҳақ қулоқ қилинганлар. Республикамиздан қулоқ қнлннган жуда кўп деҳқонлар Украина ва бошқа қатор республикаларга сургун қилиниб ўша ерда пахта етиштиришган. «Кулоқлар» баҳона жаҳон пахтачилик тарихида биринчи марта суғорилмайдиган ерларда пахтадан юқори ҳосил олинган. (Дарвоқе, Украина ССР Херсон область Скадовск райони марказида ўша «қулоқлар» — ўзбек пахтакорлари шарафига ёдгорлик ҳам ўрнатилган). Бугунга келиб бу тарихий тажриба унутилди. Негаки у «қулоқлар тажрибаси» ҳисобланади-да.
Айтмоқчиманки, Сталиннинг кирдикорларини фош қилиш билан бирга ҳали-ҳамон маълум соҳаларда давом этиб келаётган сталинча иш услубидан воз кечишимиз керак.
П. Ш: — Бахтиёр, сиз бир ерда янглишдингиз. 30-йилларда қулоқ қилинган деҳқонлар Украинада суғорилмайдиган ерларда «оқ олтин» етиштирган биринчи пахтакорлар эмас. Тарихий ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, Украина жанубида ва Шимолий Кавказда XVII асрдаёқ пахта етиштирила бошланган. Асримизнинг бошларида ВАСХНИЛ академиги В. Г. Ротмистров Николаев — Кишинёв — Мелитополь йўналиши бўйича пахта етиштириш имкони бўлган шимолий чегарани белгилаб берган. Ўша йилларда ҳосилдорлик бу ўлкаларда гектарига 17 центнерни ташкил қилган. Агротехника ривожланмаган давр учун бу жуда юқори ҳосил саналишини шундан ҳам билиш мумкинки, Ўрта Осиёда 40-йилларнинг бошида ҳам ҳосилдорлик 10 центнердан ошмаган.
Сталин даврида регионларни ихтисослаштиришдай нотўғри сиёсатга қўл урилди.
Ўша сиёсат туфайли Ўзбекистон фақат пахта, Украина фақат ғалла, бошқа регионлар ҳам маълум бир маҳсулот етиштириш учун ихтисослаштирилди. Бу аҳвол ҳали-ҳамон давом этиб келмоқда. Натижада Ўзбекистонда етиштириладиган пахта Украина ва РСФСРга темир йўлга қанча сарф-ҳаражатлар қилиб қайта ишлаш учун олиб кетилади. Аксинча, Ўзбекистоннинг ўзида етиштириш мумкин бўлган картошка Россиядан келтирилади. Икки ўртада қанча одам, маблағ бекор-беҳуда сарф бўляпти. Унинг ўрнига Украинанинг жанубида ва Шимолий Кавказда пахта етиштириш йўлга қўйилса Орол денгизини тиклашга реал имкон очиларди.
Ер илмининг донишманди академик Мирзаали Муҳаммаджоновнинг пахта етиштиришни 4 миллион тоннага туширишни таклиф этаётганлиги бежиз эмас. Академикнинг бу фикрларига қулоқ солсак, республика, мамлакат экономикаси издан чиқиб кетади, деган баҳона ўйлаб топилди. Ҳолбуки, мамлакатимиздаги энг йирик иқтисодчи олимлардан саналмиш академик А. Г. Аганбегяннинг ҳам бу хусусдаги фикрлари инобатга олинмаган.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг машҳур XVI Пленуми арафасида академик А. Г. Аганбегян бир гуруҳ олимлар билан Ўзбекистонга келиб, республикада юз берган иқтисодий вазият билан танишган. Бу олимлар конкрет илмий ҳисоб-китоблар асосида беш миллион тонна пахтанинг республика учун нореаллигини асослаб беришди. Лекин улар кетиши билан айрим ходимлар Аганбегян бошлиқ комиссия шаънига таъна тошлари отиш билан шуғулландилар.
Энди пахта монокультураси тарафдорларидан бири бўлмиш — Ўзбекистон ССР Агросаноат Давлат комитетининг раиси И. X. Жўрабековнинг «Правда» Востока» газетасининг 1989 йил 11 март сонида эълон қилинган «Оқ олтиннинг баҳоси» деб номланган интервьюсидаги қуйидаги сатрларни кўриб чиқайлик.
«Шу кеча-кундузда Ўзбекистон ўзини мева-чевалар билан тўла равишда таъминлайди», деган масъулиятсиз чақириқлар янграмоқда. Тўғри, ҳеч кимга сир эмас, пахта туфайли халқ хўжалигининг бошқа соҳалари бирмунча орқада қолди. Лекин шу нарсани унутмаслик керакки, бугунги кунга келиб бу соҳаларда силжишлар бор. Хўш, умумиттифоқ министрлиги Давлат пахта планини тўрт миллион тоннага туширди ҳам дейлик. Агар шундай бўлса нимани ютамизу нимани ютқизамиз? Тўғри, пахта плани қисқартирилса, яна 350 минг гектар ерда боғ-роғларни, сабзавот экинларини барпо этиш мумкин.
Кейин нима бўлади?
Хўш, бу етиштирилган мева-чева ва сабзавот маҳсулотларини қаерда сақлаш мумкин? Ахир мева-чеваларни, сабзавот маҳсулотларини асрайдиган махсус омборларимиз етишмаётганлиги ҳеч кимга сир эмас-ку! Бас, шундай экан, ўз-ўзидан табиий савол туғилади. Ўзимиз етиштирган ҳосилни ўзимиз асрай олмас эканмиз, демак бу маҳсулотларни бошқа республикаларда сотишимизга тўғри келади. Агар масала ана шу тарзда қўйилган тақдирда ҳам қўшимча тиркама йўллар, саралаш пунктлари, совутгич хоналари қуришга тўғри келади. Қурилиш материаллари тақчиллиги сезилиб турган ҳозирги пайтда бу хилдаги тадбирларни амалга ошириб бўлмаслиги ўз-ўзидан аёнку!»
Масалани шу тарзда қўйиш, менимча пахта монокультурасини ечмаслик учун осон йўл излашнинг ўзгинасидир!
Демак, оғир вазиятдан чиқиб кетишнинг бирдан бир чораси пахта етиштириш планини кескин камайтириш, Тўғри, пахта майдонлари бирмунча қисқартириляпти, лекин план ҳамон осмонда!
Пахта етиштириш плани 4 миллион тоннага туширилса пахтадан озод қилинган ерларда боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш мумкин. Бу экинларга сув сарфиёти пахтага нисбатан 4—5 баравар камроқдир. Қолаверса, яна бошқа сув кам талаб қиладиган экинлар экиш, чорвачиликни ривожлантиришга имкон туғиларди. Ўрта Осиёда боғдорчилик, узумчилик, полиз маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйиш орқали қанчадан-қанча ишсиз юрган одамларнинг тирикчилиги изга тушиб кетарди.
Бугун Оролни сақлаб қолишнинг ягона воситаси сифатида уни оқава, чиқинди сувлар билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Ҳа, Оролни ҳар қандай шароитда тўлдириш керак. Бироқ қандай сувлар билан? Ўта заҳарли химикатлар билан тўйинган сувлар биланми? Негадир бу ҳақда ўйламаяпмиз. Ҳолбуки, наинки Оролнинг, балки Орол бўйи аҳолисининг тақдири айни шу муаммонинг қай тарзда бартараф этилиши билан чамбарчас боғлиқдир. Кўп йиллардан буён Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистонда ўта заҳарли пестицидлар ишлатилиб келинмоқда. Улар тирик организмни ҳаддан ташқари заҳарлабгина қолмай, атроф-муҳитни ҳам ёмон ифлослантиради. Фақат Ўзбекистоннинг ўзидагина мамлакатимизда тайёрланаётган 70 дан ортиқ турдаги заҳарли химикатлар ишлатилмоқда. Буям етмагандек, чет эл фирмалари билан янги, ўта заҳарли препаратлар сотиб олишга шартномалар тузилмоқда.
Академик Муҳаммаджоновнинг шоҳидлик беришича, аҳвол шу тарзда кетаверса, яқин ўн йил ичида ерларимиз буткул ишдан чиқади. Ҳеч кимга сир эмас, ер аллақачон ҳолдан тойиб, ишдан чиққан, сув ресурслари ифлосланиб бўлган. Янги заҳарлар эски ярага қандай таъсир кўрсатишини ким башорат қила олади, улар заҳарлаш жараёнини мантиқий ниҳоясига етказиб қўймасмикан?
Қисқа вақт ичида ер, сув, ҳаво заҳарланиши оқибатида миллион гектар ер ишдан чиқди, йигирма мингдан зиёд одам ўлди, касаллар эса сон-саноқсиздир. Мутахассисларнинг фикрича, ҳар йили Ўрта Осиё республикаларида заҳарли химикатларни кўп ишлатиш оқибатида касал, ақли заиф болалар туғилиши кўпаймоқда. Врачларнинг илмий ҳисоб-китобига кўра, аёлларнинг кўпчилигининг ўзига ўт ёқишда ҳам заҳарли химикатларнинг киши психикасига таъсири, роли катта экан.
Б. К: — Пирмат ака, 1987 йилдан бутифосни қўллаш тақиқланди, ўтган йили эса КПСС Марказий Комитети ва СССР Министрлар Советининг Оролни сақлаш бўйича қарори чиқди — демак бу соҳаларда ҳам қайта қуриш юз беряпти, дейишимизга асос борми?
П. Ш: — СССР Соғлиқни сақлаш Министрлигининг энг хавфли заҳарлардан бири — бутифосни қўллашни тақиқлаш ҳақидаги қарори чиқди. Бироқ хурсанд бўлишга ҳали эрта — боиси, бутифос бўлмаса, ўрнига ундан қолишмайдиган ўнлаб бошқа заҳарлар мавжуд экан. Улар ҳамон ишлатиляпти. КПСС Марказий Комитетининг ва СССР Министрлар Советининг Оролни асраш бўйича чиқарган қарори албатта яхши бўлди. Қарорни денгиз ҳалокатининг умумдавлат миқёсида ҳис қилиниши, деб ҳисоблаш мумкин. Лекин Орол фожиаси шу қадар кучлики, уни битта қарор билан бартараф этиб бўлмайди. (Масалан, Байкални асраш учун КПСС Марказий Комитетининг 6 та қарори чиққан.) Оролни асраш бўйича чиққан қарорни биринчи босқич сифатида қараш керак. Сабаби у ҳали анча номукаммал бўлиб, жамоатчиликнинг муҳокамасисиз қабул қилинган. Аввало унда Оролни ҳалокат ёқасига келтириб қўйган сабаб — пахта монокультураси эканлиги таъкидланди-ю, лекин айни шу муаммони қандай бартараф этиш конкрет рақамлар тили билан ифодаланмади. Муаммолар жуда кўп. Шунинг учун янги қарор қабул қилиш жоиз.
Ўрта Осиёда 52 та сув омбори бор. Шундан 46 таси Ўзбекистонда. Яна 16 та сув омбори қурилаётган эди, яқинда жамоатчиликнинг қаршилиги туфайли улардан бири — Сўх сув омбори тўхтатилди. Қурилаётган сув омборларининг кўпи лойиҳалаштиришда илмий жиҳатдан асосланмаган. Уларда ўлиб бораётган Орол учун қандай зарур бўлган сувлар бекор-беҳуда парланиб, ерга сингиб кетяпти.
Бекор-беҳуда сарфланаётган сувлар ҳақида гап кетганда мен қуйидаги фактга эътиборни қаратишни истардим. Нефть-газ қувурларини пармалаш соҳаси бўйича инженер Эркин Ёқубов ўз иш тажрибасидан келиб чиқиб қуйидаги мулоҳазаларини куюниб маълум қилади.
«Ҳозир нефть қатламларидан қанча нефть олсак, шунча миқдорда сув сарфланяпти. Масалан бизнинг «эски» — Андижон конларида 400.000 тонна нефть олиш учун 2,5 миллион тоннадан ортиқ чучук сув сарф бўляпти. Тириклик манбаи бўлмиш чучук сувни ниҳояти нефтни ҳайдаш учунгина исроф қилиш увол. Эҳтимол олимларимиз чучук сув ўрнига катта заводларнинг ҳозирги кунда тоза сув ҳавзаларига ташланаётган ва уни ифлослантираётган чиқиндиларини ишлатишни ўйлаб топишар».
Инженернинг чучук сувни беҳуда исроф қилмаслик ҳақида куюниб ёзган бу мулоҳазаларини ўқиб мен беихтиёр ўйга толаман.
Ахир Оролбўйи региони аҳолиси бугунги кунда айниқса ичимлик суви етишмаслигидан азоб чекиб ётган бўлса-ю, буёқда… Оролнинг Туркманистон тарафларида целлофан халтачага қўйилган ичимлик сувининг бир литрини аҳолига бир тийиндан сотиш энди, қанча машаққатлар билан йўлга қўйилди. Қорақалпоғистонда ҳатто шунга ҳам эришиб бўлмаяпти.
Биз Оролни тўлдириш учун ҳар қандай имкониятдан унумли фойдаланишимиз зарур. Бунда яна бир жиддий масалани тилга олиб кетмаслик мумкин эмас. Гап Амударёнинг ҳар икки қирғоғида қазилиши мўлжалланган коллекторлар ҳақида бормоқда. Бу коллекторларга заҳар-заққум аралашган оқава сувлар тўпланади ва улар Орол денгизи томон оқизилади.
«Орол денгизига қўшимча сув юбориш учун Сирдарё ва Амударё бўйлаб коллектор-дренаж сувларига қўшимча коллекторлар бунёд этилади», — деб ёзади Ўзбекистон ССР Мелиорация ва сув хўжалиги давлат комитети раиси Э. Турсунов «Дастлабки қадам» номли мақоласида. («Совет Ўзбекистони», 11 март 1989 йил). Бу сунъий дарёларнинг узунлиги 1,5 минг километрга етади. Улар Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикалари территориялари бўйлаб ўтади. Сунъий дарёлар ўзанига барча ташлама коллекторлар суви буриб юборилади. Амударё магистрали иккала соҳилида магистрал коллекторлар барпо этилди. Коллекторлар ёрдамида ҳозирги кунда қумликка сингиб кетаётган салкам 6 кубометр коллектор сувлари йиғиб олинади. Катта коллектор қурилгандан кейин эса йиғиб олинадиган сув ҳажми 10 куб-километргача етказилиши ҳисоблаб қўйилган».
Бу гаплар билан танишган одамнинг ҳайратланмасдан иложи йўқ. Негаки министр сунъий дарёлар: коллекторлар қурилиши хусусида тўлқинланиб сўз юритади-ю, аммо ана шу коллекторларга қуйиладиган оқава сувлар таркиби хусусида лом-мим демайди. Ваҳоланки, мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, оқава сувлар состави турли хил заҳарли дорилар билан тўлиб-тошиб кетган экан.
Оролни табиатнинг ажралмас бир бўлаги сифатида қараш керак. Ҳолбуки, Ўзбекистон ССР Министрлар Совети бу хусусда номукаммал қарор қабул қилди.
Хуллас, Орол хўжасизлик қурбони бўлди. Собиқ мовий денгиз узра энди оқчарлоқлар парвоз қилмай қўйди. Бундаги охирги балиқлар ҳам ўн йил бурун тутилган. Орол бўйидаги Мўйноқ ва Орол консерва комбинатлари Узоқ Шарқ ва Болтиқбўйидан келтирилаётган балиқлар ҳисобигагина кун кўрмоқда. Ҳатто фасллар алмашганда у қитъадан бу қитъага учиб ўтадиган қушлар ҳам бу ерда аввалгидай бир қўниб тин олишларини бас қилган. 29 йил давомида 640 км3 сув йўқотган Оролда ҳозир шунинг ярмигина келадиган 400 км3ча сув қолган холос. Денгиз сатҳи 13 метрга пасайиб, 2,6 миллион гектар ер ОРОЛҚУМ деб аташ мумкин бўлган саҳрога айланди. Ҳар йили бу ўлик саҳродан ўн миллионлаб тонна шўр қумлар осмонга кўтарилиб, буёғи Тошкент, у ёғи ҳатто Фарғона водийсигача зарралари етиб бормоқда. Оролбўйи региони аҳолиси устига ёғилаётган бу шўр қумлар натижасида жуда кўп гўдаклар она сутидан бебаҳра қолмоқдалар. Сабаби она сути улар учун заҳарли бўлиб қолган. «Онанинг оқ сути боласи учун заҳарга айланиши инсониятнинг етти ухлаб ҳам тушига кирмаган фожиа — бу!» (Т. Қаипберганов). Агар Орол қуриса бу аянчли қисмат республикамизнинг бутун территорияни ўз домига олмаслигига ишонч йўқ. Зеро, академик Дубинин «Бугунги кунда биз Ўзбекистон аҳолиси ичида туғма хасталиклар тобора кўпайиб бораётганлигидан далолат берадиган маълумотларга эгамиз» деб бежиз айтмади.
Гарчи Орол тақдирини ҳал қиладиган кўпгина амалдорлар аллақачон унинг фотиҳасини ўқиб қўйишган бўлсада, бироқ энди учдан бир қисмигина қолган денгизни асраб қолмасдан республиканинг келажагини тасаввур қилиб бўлмаслигини тобора кўпроқ одамлар тушуниб бораётганлиги яхши. Оролни пахтага қурбон қилган аждоднинг келгуси авлод олдидаги бурчи бу хатони тузатишдан иборатдир.
Шу ўринда яна бир фикрни айтиб ўтмоқ жоиз. Яқинда матбуотда республикамиздан «пахта иши» учун қамалган собиқ амалдорлардан 40 миллион сўм мусодара қилинганлиги айтилди. Оролни қуритиш ҳисобига ишланган бу пулларни Орол фондига қайтарилса тўғри бўларди. Агар экология ҳақидаги бор ҳақиқатни бугун баралла айтмасак, эртага кеч бўлади. Биз шу пайтгача ўлганидан кейингина давлат раҳбарларининг ҳақиқий башарасини элга ошкор қилиб келдик. Фикримизни очиқ ва самимий айтишга уриниб кўрайлик. Гап шундаки бизда раҳбарларни улар «нариги дунёга равона бўлганларидан сўнг»гина танқид қила бошлаймиз. Бу энди тўғрисини айтсак ҳеч бир рисолага тушмайдиган масаладир. Тўғри, танқид қилинмасин демаймиз, келгуси авлод бу хатони такрорламаслиги учун ҳам танқид қилиш керак. Лекин беш — олти йиллар давомида бутун гуноҳларимиз, нуқсонларимизни ўлган раҳбарларнинг «гарданига юклаш» инсофдан бўлмас. Шу ўринда Америкада яшаб ўтган президентларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишиб ўтиш ибратлидир. АҚШ президентларига тириклигида яхши ва ёмон гаплар, ҳатто таъналар, гоҳо ҳақоратомуз фикрлар билдирилади. Ўлгандан кейин эса лой чаплашларга буткул барҳам берилади.
«Ўлгандан кейин»гина экология ҳақидаги бор ҳақиқатни ошкор қилиш ҳам мантиқли эмас. Оролнинг аянчли тақдири экологик тарбия айниқса бизнинг регионимиз учун нақадар муҳимлигини яққол тасдиқлайди.
“Ёш куч” журнали, 1989 йил, 7-сон