Китоблари юз миллионлаб чоп этилаётган дунёнинг машҳур адибларидан бири, бразилиялик Пауло Коэло билан суҳбат
Пауло Коэлони кўплаб китобхонлар улуғ ёзувчи сифатида ҳурмат қилишади. У 1947 йилда Бразилияда туғилган, Рио-де Жанейрода таҳсил олган. У кейинчалик гиёҳванд моддаларга ружу қўйгани ва ҳар хил секталарда қатнашгани учун турли таъқибларга дучор бўлди. Унинг ҳаёти ҳақида яқинда Бразилияда “Сеҳргар” номли биографик асар босилиб чиқди. Ёзувчининг янги романи – “Брида” олмон тилида нашрга тайёрланмоқда. Коэло Жоанн К.Роулинг (“Гарри Поттер”) ва Жон Гришем (“Даъват”) каби муаллифлар қаторида бугунги кунда дунёда асарлари энг кўп тарқалаётган романнавислардан бири ҳисобланади.
Шпигел: Жаноб Коэло, китобларингизнинг асосий ғояси: “Орзу қилганингдек яша”. Ўша орзу аслида нима, уни қандай тушуниш мумкин?
Коэло: Ҳар бир инсон ўзи учун нима тўғри эканлигини дилдан чуқур ҳис қилади. Бироқ кўпчилик одамлар ўз истак-хоҳишларидан осонгина воз кечадилар, чунки улар ўз орзуларини барибир рўёбга чиқара олмасликларига ўз-ўзларини ишонтирадилар. Умидсизланиб, ўз бахтсизликларига дунёнинг қолган қисмини, энг аввало, ўзлари севган кишиларини жавобгар қиладилар. Шеригим, болаларим, ота-онам деб, боғбон ёки қўшиқчи бўлолмадим, деганга ўхшаш важ-корсон қидиришади.
Ш: Ота-онангиз Сизнинг адвокат бўлишингизни хоҳлашган экан.
К: Тўғри, мен эса ёзувчи бўлишни истаганман, улар узоқ вақт мени бу йўлдан қайтармоқчи бўлишган.
Ш: Бироқ шунга қарамасдан йигирма ёшингиздаёқ бразилиялик рок юлдузи Раул Сейша қўшиқларига матн ёзиб, кўп пул ишлаб топган экансиз.
К: Шунинг учун ҳам ўшандаёқ ўзимни дунё қиролидек ҳис қилганман. Эстрада қўшиқлари бугунга қадар ижро этиб келинади ва бундан менга йил сайин маълум улуш келиб туради. Ота-онам пул ишлаб топганимдан бахтиёр эдилар.
Ш: Демак, бундан: кимки пул топса, орзусига эришган, деб хулоса чиқариш мумкин экан-да?
К: Бу – жамиятимизнинг бизга ўргатаётган сабоғи. Мен авлодлари билан бой ўтган кишиларни биламан. Хўш, улар кун сайин нима иш билан шуғулланишади? Албатта, пул топиш билан. Ягона мақсадлари шу.
Ш: Бу – ўзингизга ҳам тегишли-ку. Сиз дунё бўйича юз миллион китоб сотдингиз, бунга қарамасдан яна ҳар икки йилда биттадан янги асар чиқариб турибсиз.
К: Бироқ мақсадим пул ишлаш эмас!
Ш: Банкдаги ҳисобингизда қанча пул борлигини биласизми?
К: Ҳа, буни аниқ биламан. Аслида ҳозироқ дам олишга чиқсам ҳам бўларди. Айтмоқчиманки, ишлаганим етади. Нега энди янги китобим талаш бўлиб сотилиши учун қайғуришим керак экан? Пулга ҳеч қандай эътирозим йўқ, бироқ ёзиш мен учун бойлик орттириш эмас, балки ҳиссиёт билан боғлиқ нарса.
Ш: Бундан чиқди, Сиз орзуларингизга эришиб бўлгансиз, аммо орзуларнинг ҳеч қачон охири кўринмайди, шундай эмасми?
К: Айнан шундай. Орзунинг амалга ошиши вақт билан чекланадиган ҳолат эмас, балки бутун умр бўйи давом этадиган жараёндир. Ўлимидан олдинги дақиқада киши ўз-ўзига мазмунли ҳаёт кечирдимми, деган якуний саволни беради.
Ш: Агар муваффақиятга эришилган бўлса, эҳтимол, сарҳисоб енгилроқ кечар. Сиз учун ҳам муваффақият бахт мезони ҳисобланадими?
К: Бу – ўта мавҳум савол. Бунга жавобан фақат шуни айта оламанки, мен 40 ёшдан бошлаб ёза бошлаганман. Демак, муваффақиятга эришишимга унчалик ишониб бўлмасди.
Ш: Лекин муқаддас қадамжолар зиёрати ҳақидаги “Авлиё Иаков йўли” номли илк китобингиз Бразилияда муваффақият қозонган эди.
К: Чунки мени ўшанда ҳалиям эстрада қўшиқлари учун матн ёзувчи шоир сифатида билишарди-да. Шундан сўнг ёзилган романим “Ал-кимёгар”ни биринчи нашриёт “буни ҳеч ким ўқимайди” деган важ билан қайтарган. Шундай қилиб, розилик олгунимга қадар турли нашриётлар эшигини қоқиб чиққанман. Китобни чоп этган нашриёт дастлаб атиги 900 нусха сотгунича анча вақт ўтган. Беллетристик асарлар ёзадиган минглаб одамлар бор, менга ким ҳам қизиқарди дейсиз? Муваффақият эса, аста-секин оғзаки тарғибот туфайли кириб келди.
Ш: Бугунги кунда шунчалик машҳурсизки, ноширлар китобларингизни кўрмасдан ҳам сотиб олишмоқда.
К: Октябр ойида бўлиб ўтадиган Франкфурт китоб ярмаркасида вакилим “Ғолибнинг боши эгилмайди” номли янги романимни ҳавола этади. Ушбу асар ҳақида ҳали ҳеч қандай хориж нашриёти бирон сатр ҳам билмайди. Бироқ шунга қарамасдан, асар аллақачон кўпгина мамлакатларга сотиб бўлинди.
Ш: Нашриётлар нимаики ёзсангиз, барчасини сотиш учун бозорга чиқараверса – унда сифатга ким эътибор беради?
К: Асарни олдиндан бошқаларга кўрсатиш ўта хатарли иш. Агар ишонсангиз, кўп қўлёзмаларимни ахлат қутисига ташлаб юборганман. Мабодо битта асарни зўрлаб ўтказадиган бўлсангиз, унда қолган бутун асарларингиз сохта, сунъий бўлиб қолади. Мен доим секс тўғрисида китоб ёзмоқчи бўлиб юрардим, воқеани эллик ёшдаги эркак нигоҳи билан қоғозга туширишга кўп уриндим. Бўлмади. Шунда секс мавзуси билан шуғулланиб кўришимга тўғри келди. “Ўн бир дақиқа” номли романим шу тариқа чиққан.
Ш: Қачонлардир бўлса ҳам қўлёзма сифати борасида ҳеч хато қилганмисиз?
К: Чоп этилганларига келсак: йўқ.
Ш: Чоп этилмаганлари-чи?
К: Улар хусусида ҳам йўқ деб жавоб бераман, бироқ буни аниқ айтолмайман. ўзимга ёқмаган асарларни йўқ қилиб ташлайман.
Ш: “Ўн бир дақиқа” асарингизни ёзиш учун Швейцарияда фоҳишалар муҳитида изланишлар олиб боргансиз. 1990 йилда босилган “Брида” номли романингиз ҳозир олмон тилида илк бор чиқаяпти, унда тасодифий таниш аёл ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Сюжетни қандай танлайсиз?
К: Мен учун энг муҳими, китоб қалбим изҳори бўлиши керак. “Брида”ни ўзимда аёлларга бўлган муносабатни кашф эта бошлаганимдан сўнг ёзганман. Шунинг учун ҳам «Брида»да Ферн ҳақидаги ҳикоя қаламга олинган. Ёш ирландиялик аёл билан барда танишганман. Биз ҳар оқшом бирга суҳбатлашиб ўтирардик, у эса менга ўзи ҳақида ҳикоя қилиб берарди. У менинг кимлигимдан мутлақо бехабар эди, ўшанда “Алхимик”ни Европада ҳали билишмасди.
Ш: Брида Ферн Сизга нимани ҳикоя қилган?
К: У ўзининг ҳаёт йўли азоб ва уқубатдан эмас, балки жинсий майлдан иборат эканлигини яхши билар эди.
Ш: Шунинг учун ҳам сеҳр-жодуга ишонган экан-да. Шу зарурмиди?
К: Буни Брида Ферннинг ўзидан сўранг.
Ш: Ёзишдан олдин сеҳр-жоду, афсунгарликка оид маросимларни ҳам ўрганганмисиз?
К: Бунга ҳожат йўқ эди, чунки бу нарса билан кўп йиллар муқаддам шуғулланганман. Қолаверса, Бридадан жодугарликни эмас, балки аёл киши шундай шароитда ўзини қандай тутиши кераклигини ўрганмоқчи бўлганман.
Ш: Нима учун “Брида” романи Бразилияда чоп этилгандан сўнг орадан 18 йил ўтгандан кейингина Европада чиқаяпти?
К: Ҳар икки йилда биттадан янги китоб ёзиб турганим боис аввалги асарларимни қайта чиқаришга ҳечам зарурат бўлмаган. Китоблар ўзаро бир-бирига халақит бермасин, деганман. Шунақа пайтлар эди.
Ш: Романни яна бир бор қайта ишлаб чиқишни ўйлаб кўрганмисиз?
К: Йўқ! Бу – китобхонларни алдаш бўлур эди.
Ш: Китобларингизни сеҳр-жодуга бағишланган асарлар жавонида кўриш Сизга ёқмайди. Аммо “Брида” соф сеҳру-жоду эмасми? Сеҳр-жодуга топинишни қандай изоҳлайсиз?
К: Сеҳр-жоду деганда ўзи нимани тушунасиз? Спиритуализмними? Мен учун бирон-бир тушунарсиз, сирли нарса сеҳрли саналади. Камина учун чинданам нима сеҳр-жоду эканлигини билишни истайсизми? Иқтисодиёт. Жаҳон иқтисодиёти қай аҳволдалигини амалда Сизга ҳеч ким тушунтириб беролмайди.
Ш: Сиз бир пайтлар 21-аср спиритуализм асри ва шу билан бирга Аёллар асри бўлади, деб айтган эдингиз.
К: Мен бундай демаганман, фақатгина шундай деб тахмин қилганман. Биз ора йўлдамиз. Аёллар йўлидан, спиритуализм йўлидан борамизми-йўқми, масала шунда. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ҳозир одамларнинг ғам-ташвишлари нақадар кўпайган. Бундан бир неча ўн йил олдин аҳвол бошқача эди. Энди эса сайёрамизни сақлаб қолиш керак, атроф-муҳит, иқлим ташвишлари ҳаммани безовта қилади. Кундалик югур-югурни-ку, қўяверинг, улар бир чеккада қолиб кетмоқда.
Ш: Сиз матриархал муносабатларга асосланган келажакка ишонасизми?
К: У биз учун ягона имконият. Ҳаёт ё мамот масаласи. Аёллик тамойили ҳақида гапирганимизда, аввало муҳаббат ҳақида сўзлаймиз. Пьер Тайлҳард де Шарде талқинидаги муҳаббат, куч-қудрат сифатидаги муҳаббат ҳақида. Шу билан бирга, қарама-қарши тамойиллар ҳам мавжуд: масалан, камина етиб улгура олмаётган қадриятларга асосланган фундаментализм.
Ш: Ёшлигингизда ҳарбийлар Сизни қийноқ азобларига дучор қилишган. Бу воқеа ҳаётингизда қандай из қолдирган? Ундан бугун ҳам изтиробга тушасизми?
К: Йўқ. Вақт – ҳар нарсага малҳам. Буни енгиш керак, акс ҳолда яшаб бўлмайди.
Ш: Сиз билан бирга асир тушган ўша пайтдаги аёлингиз бунга бардош беролмаган, дейишади.
К: Ҳа, у билан озодликка чиққанимиздан кейин ажрашганмиз. Бундан бир йил муқаддам вафот этди. Ўшанда ҳаётимнинг ана шу даври ҳам тасвирланган саҳифалар ёзилаётган пайт эди.
Ш: Журналист Фернандо Море қаламига мансуб ана шу китоб Бразилияда босилиб чиқди. У яқин орада олмон тилида ҳам чиқиб қолса керак. Китоб таржимасига ижозат берганмисиз?
К: Йўқ. Мен шартнома бўйича уни олдиндан ўқишга ҳам розилик бермаганман. Агар уни ўқиб, маъқуллайдиган бўлсам, унга жавоб беришим ҳам керак. Ҳаммасини аниқ-пухта текшириб чиқадиган ходимлар етарли эди. Муаллиф китобни ёзишга тўрт йил вақт сарфлаган. Кўламли асар чиққан.Ўлмасимдан бурун ким эканлигимни билишни хоҳлаганман.
Ш: Энди уни ўқиб чиққан бўлсангиз керак. Ўзингизни қайта таний олдингизми?
К: Йўқ. Менда: бу – умуман мен эмас! деган туйғу пайдо бўлди. Гарчи кундаликларимдан кўплаб иқтибослар келтирилган бўлса ҳам.
Ш: Ҳаммасини муаллифга топширганмидингиз?
К: Ҳа, ёшлигимдан бери нимаики ёзиб юрган бўлсам, ҳаммасини. Жами 170 та дафтар эди. Ўзингиз биласиз: кундалик кўпроқ оғир дамларда ёзилади. Аммо-лекин ўқувчилар китобга яхши муносабат билдирдилар.
Ш: Сиз китобхонларингизни ҳам ёзишга ундаркансиз. Ҳамма ёзаверса, унда буларнинг ҳаммасини ким босади?
К: Ёзиш – кўп нарсани аниқроқ кўришга ёрдам беради. Бироқ бу – жавобнинг бир қирраси, холос. Ҳозир интернет бор, унда ҳар ким хоҳлаган нарсасини ёзиши мумкин.
Ш: Тармоққа тез-тез кириб турасизми?
К: Бунга муккасидан кетган одамман, интернет ишқибозиман. Кунига экран олдида уч-тўрт соатлаб ўтираман.
Ш: Умуман асар ёза олмай қолишдан қўрқмайсизми?
К: Йўқ, мен зилзиладан, самолётлар қулашидан ва нутқ сўзлашдан қўрқаман. Лекин китоб ёзолмай қолишдан қўрқмайман. Мен ҳар икки йилда биттадан китоб ёзаман. Сюжет миямда пишиб етилса бўлди, икки ёки уч, узоғи билан тўрт ҳафтада ёзиб ташлайман.
Ш: Бу Сиз учун интернетда ёзадиганингизга қараганда бошқачароқ нарсами?
К: Интернет учун кўп ёзаман, агар шунга мўлжалланган бўлса. Бунда турли тиллар бир-бирлари билан мусобақалашади.
Ш: Интернет саҳифангизга, энг аввало машҳур ёзувчи бўлганлигингиз учун ҳам қизиқиш катта.
К: Сайтимни ҳар куни 50 000 одам кўради, улар бир-бирлари билан баҳслашадилар ҳам. Мен ўзим ҳар куни ёзаман. Айтгандай, истаган одам китобларимни турли тилларда интернетдан бепул олиши мумкин.
Ш: Бунга нашриётларингиз нима дейди?
К: Улардан сўраб ўтирмайман. Тармоққа китобларни ҳам ўзимиз киритмаймиз. Биз фақат тўлиқ матнлар кўрсаткичи бўлган линкларнигина ҳавола қиламиз.
Ш: Кўчирмакашлар учун қулай имконият денг?
К: Мен уларни Коэло қароқчилари деган бўлардим.
Ш: Гапингиз тўғри. Улар китобларингиздан келаётган даромадлар ҳисобига кун кечиришни аллақачоноқ бас қилишлари керак эди. Бироқ таржимонлар-чи? Уларнинг меҳнати қопланадими?
К: Уларнинг меҳнатига биратўла ҳақ тўланади.
Ш: Кўпинча саҳифалар сонига қараб тўланадиган ҳақ унчалик етарли бўлмайди. Буни ҳам аслида китобларни таржима қилдирадиган нашриётлар тўлаши лозим. Кўпчилик ёзувчилар китоблари арзон сотилаётганлигидан нолийди.
К: Арзон дейсизми? Китоблар бугунги кунда кўпчилик учун эришиб бўлмайдиган буюмга айланган. Шунинг учун ҳам истаган киши романларимни интернетдан бепул олишига ҳаракат қилаяпман.
Ш: Интернетда китоблар эмас, балки матнлар бўлади. Уларни эса нашриётлар, нашриёт муҳаррирлари, ишлаб чиқарувчилари, вакиллари китобларга айлантиришади. Интернет сайтингиздаги мўъжазгина фильмда китобларингиздан бирининг илк нусхасини очаётганингиз тасвирланган экан…
К: Уни кўрдингизми?
Ш: Анъанавий ноширлик ҳамда китоб босиш маданиятининг маҳсули бўлмиш тайёр маҳсулотни кўриб, ўзингизни нақадар бахтиёр ҳис этиб турганингиз кўриниб турибди. Нашриётларнинг аниқ-пухта ишидан, ғамхўрлигидан воз кечмоқчимисиз? Энди Сизга эътироз билдирувчи китобхонлар керак эмасми?
К: Албатта, 100-бетдаги образли иборанинг 10-бетдагидан бошқачароқ эканлигини бирор ўқувчи пайқаб қолса, бу яхши. Буни кейин ўзгартириб қўйиш керак.
Ш: Дарвоқе, Сиз учун яна интернет ҳам бор-ку…
К: О, бу мен учун ёқимли. Менга ҳеч ким халақит бермайди. Ҳамма нарсани, сайтимни китобхонлар билан баҳс-мунозараларни ҳам ўзимиз тайёрлаймиз.
Ш: Нечта ёрдамчингиз бор?
К: Ўн икки нафар, Бразилиядан тортиб, то Туркия, Франция ва Владивостоккача.
Ш: Сайтларингизда ўзингизни хусусий шахс қилиб кўрсатишга мойилсиз. Болалигингизда тушган суратлар, мўъжазгина фильмлар. Буларнинг барчаси шуҳратпарастлик эмасмикин?
К: Йўқ, ундай эмас.
Ш: …ва бир оз ахлоққа зид…
К: Ахлоққа зид дейсизми? Ахир камера олдида ечинаётганим йўқ-ку. Камина фақат барчага ҳукумат менинг ҳақимда бусиз ҳам биладиган нарсаларни маълум қилиб қўймоқчиман, холос. Ҳамма жойда камералар бизга қаратилган. Мен давлат учун очиқ китобман. Нега энди ўқувчиларим учун ҳам шундай бўлмасин? Кимки билишни истаса, марҳамат, кўраверсин. Агар буни шуҳратпарастлик десангиз, майли, Сизнингча бўла қолсин.
Ш: Жаноб Коэло, суҳбатингиз учун ташаккур.
Германияда чиқадиган “Der Spiegel” журнали (39/2008)дан олинди.
Олмончадан Мирзаали Акбаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 12-сон