— Омон ака, келинг суҳбатимизни ўзбек халқининг кўз қорачўғидек асраб-авайлаб келаётган миллий урф-одатларидан бошлайлик. Чунки ҳар бир халқнинг миллий қиёфасини биринчи навбатда унинг ўзига хос удумлари белгилайди-да! Шундай эмасми?
— Албатта. Бизнинг халқимизда яхши одатлар» жуда кўп. Одатлар қомуси тузилсаям яхши бўларди. Лекин ўнлаб докторлик диссертацияси бўладиган бу нарса шу пайтгача тартибга солинмаган. Ҳар қандай урф ижтимоийдир. Кишиларнинг ҳаёт кечириши, улар қандай тузумни бошдан ўтказиши, силкинишлар, ларзалар ҳам одамларга ўз таъсирини ўтказади. Ўзбекларнинг яхши одатларидан бирини, яъни ота-оналарнинг болаларига атаб уй солишини айтай. Улар сўнги топганини ҳам йиғиб, уй солишади. Бу — Ватанга, туғилган тупроққа боғлиқлик белгиси. Буни баъзи бир тушунмаган одамлар бойишга боғламоқчи ҳам бўлишади. Нега ўзбек икки қаватли коттежда яшамаслиги керак? Кучи етса майли, ўн қаватли қилиб қурсин. Уй биз учун она Ватан деган гап. Шунинг учун ҳам бизнинг халқ дарбадар эмас. Отасини, онасини ташлаб иссиқроқ кўринган ерга қочиб кетавермайди. Ҳозир Ноқоратупроқ ерлар масаласи кўп гапириляпти. Россиядаги бу ерларнинг бўшаб қолгани кимнинг фожиаси? Туб халқнинг фожиаси. Бошқа нарса эмас. Агар тузум туфайли дейдиган бўлсак, социализм ҳар бир халққа туғилиб ўсган ерида, тупроғида ўз урф-одатлари билан яшашга имконият бер-ган бўлса… Сталин даврида бутун-бутун халқлар қувғинга тушди, қирқ йил бурун тузилган актлар касофати билан кўп миллатларнинг уйи бесаранжом бўлди. Юртни ўз эгалари обод қилади. Халқлар бош қўшиб, тенг манфаатли улкан бир иш қилиб, сўнг «Интернационал»ни куйлашса ярашади. Лекин ҳар ким ўз ерида, ўз уйида миллий қўшиғини айтганига нима етсин!
— Минг йиллик тарихимизни елкасида кўтариб келаётган обидаларимиз, минораларимиз ҳам халқимизнинг буюк анъаналаридан саналади…
— Ҳақ гапни айтдингиз. Умуман, гап келганда мана Самарқанд, Хоразмдаги обидадарни, ёдгорликларни халқ қурган деймиз-у, бу ўз-ўзидан амалга ошмаганлигини, бунёд қилинмаслигини унутиб қўямиз. Амалдорлар, ҳукмдорлар томонидан қурилганлигини ҳам ҳисобга олиш керак. Халққа катта йўналиш берувчи куч керак. Амир Темур «бизнинг қудратимизга шубҳанг бўлса, марҳамат, тиклаган иморатларимизни келиб кўр» дегани, менимча, классик гап. Катта қурилишлар замирида, умумий, маданий даражамиз ҳам туради. Шунинг учун юртимиздаги бу асрий ёдгорликларни кўрганимизда беихтиёр улкан кишиларнинг улкан ишлари кўз олдимизга қелади. Уларнинг олдида суратга тушиб, ҳеч бўлмаганда, ўтганларни сўкмай кетишимиз лозим. Тинчлик, дориломон кунлар ҳам яхши одатларнинг кўпайишига сабабчи бўлади. Халқ ўз тинчига қўйиб қўйилган, ўз меҳнатининг самарасига қараб камол топадиган замонда анъаналар янгиларини пайдо қилади ва эскиларини сақлаб, ёдлаб қолиш учун шароит бўлади. Албатта, биз одатдан ташқари нарсаларни кўрсак, ҳайратланиб, «бу нима» деб турамиз. Лекин пайти келиб, шу нарса қабул қилинади. Мисол учун — ёшларнинг муқаддас жойларни зиёрат қилиши. Бундай анъаналар олдин бор эди деб айтолмайман. Тарих — соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, пешонага битилган, яшаб ўтилган тақдир. Уни тузатиб ҳам, ўзгартириб ҳам бўлмайди. Лекин йиллар шафқатсиз. Шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам ўсиш босқичлари, таназзулга юз тутган йиллари кўп бўлган…
— Мени бир савол қийнайди: Бизнинг авлодларимиз халқимизнинг асрлар давомида асраб келган қадимий удумлари, оналаримиз айтиб келган «бетакрор аллалар, тўйларимизда айтилгувчи кўҳна «ёр-ёр»лар биздан кейин ҳам ўз қадр-қимматини сақлаб қолаверадими?
— Менимча, қолади. Бу пасту баланд, тўғрироғи, доира бўйича ривожланувчи табиат диалектикаси тақозосидир. Мана ҳозир шеъриятимизда «Қадимий оҳанглар» деган катта-катта туркумлар ижод қилиняпти. Бу жуда яхши, фольклор қаҳрамонларига мурожаат этиляпти. 70-йилларда чиққан биринчи китобимда «Қадимги оҳанглар» деган шеър бор.
Ой-йиллар кезардим ажиб сўроқ ичинда, Гул каби гоҳи очиб, кўнглимни боғ ичинда. Гоҳи кўмдим дилимни ойдаги доғ ичинда, Бу дунё тилсимдир қил бор қиёқ ичинда. Бир ганжи кўк ичинда, бири тупроқ ичинда…Шундай, гоҳ кўрилади, гоҳ кўмилади. Ҳар бир авлод ҳар бир масалага ўз муносабатини билдиради. Тарихий воқеалар ҳам, анъаналар ҳам шундай.
— Коммунистик жамият бунёд этиш қонуниятларига кўра, халқларимиз бирлашиб, тинч-тотувлашиб боравериши назарда тутилган. Бунинг натижасида уларнинг хусусий ўзига хослиги, яъни соф миллий фазилатлари ҳам умумлашиб, баъзан катта халқ таъсирида кичикларнинг бир қанча урфлари йўқола бориши табиий. Сизнингча, бу умумий истиқболми ёки фожиами? Агар фожиа бўлса, унинг олдини қандай олиш мумкин?
— Бу сталинизм қолдирган асоратлардир. У оз-мунча «анъаналар» мерос қилиб кетмади-я! Ҳар кимдан шубҳаланиш, ҳар бир сўздан огоҳ туриш мана шу таъқибкор, эҳтиёткорлик меваларидир.
Модомики, катта-катта кўч-кўчлар ҳам Сталин даврида бошланган-ку! Қримдан қрим-татарларининг ҳайдалиши. Кавказдан арман ва грузинлардан ташқари барча туркий халқларнинг қувилиши бунга жонли мисол.
Ҳар бир миллатнинг ўзи туғилиб ўсган жойида уларнинг гуллаб-яшнаши, униб-ўсишини таъминлаш керак, «Коммунизм» дегани ҳамма бир ёққа кўчиб борсин дегани эмас-да! Энди биз «Ленинга қайтайлик!» деб XXVII съездда ёки партия XIX конференцияси кўрсатмаларига бежиз суянаётганимиз йўқ. Шунинг учун бу «халқларнинг қўшилиб кетиши» деган гапнинг ўзи жуда хавфли. Чунки «шундай экан-да!» деб кўп нарсалар кечирилиб бораверади. Кичкина бир мажлиснинг протоколи қайси тилда ёзилишининг ҳам келажакда тарихий аҳамияти бўлади… Ҳа, атроф воқеаларига қуруқ эътиқод билан эмас, озроқ билим билан қараш керак. Энди биз билдикки, социализм коммунизмга яқинлашган сари халқлар бирлашиб кетади деган гап Сталиннинг тезиси экан. Наинки бирлашади, аксинча ҳар бир халқ ўзининг нодир хислатларини қадрлашга интилар экан. Халқларнинг бир-бирига таъсири доимий. Бу ер шари. Бугун фақат СССР эмас, «Дунё — умумий уйимиз» деган тарзда қарашимиз керак. Миллатгаям, миллатларнинг тақдиригаям.
Тепадан қараганда ер шари жуда кичик, одам эса заррадек. Бугун азон туйнуги очилганини биламиз Арктика, Антарктида устида. Миллатларга қилинган зуғум ҳам, миллатлар ўртасидаги нифоқ ҳам ана шу азон туйнугидан кичик бўлган масала эмас. Ниҳоят, очиқча гаплашишнинг юқори даражаси озроқ тартибга олинди. Халқ депутатлари съезди — минбарини айтаяпман. У барча халқларнинг ошкора минбарига айланиб қолса, айниқса, бизнинг депутатларимиз (Ўрта Осиёликлар) ҳам ўзларини мустақилроқ сезиб, ўз маданиятини, руҳини кўрсата олса, менимча, маъқул бўларди.
Дунёда қайси бир мамлакатда нимаики устун бўлса, биз шуни олишга, татбиқ қилишга интилишимиз керак. Ҳамма хушхабар фақат Москва орқали ўтиб келсин деган қонун ҳеч жойда ёзилмаган. Янги, яхши гап бўлса, нега уни бевосита олиш мумкин эмас экан? Ленин, ҳар қандай идеал бирон фойдали, қизиқтириш кучига эга бўлмаса, бир тийинга қиммат, деган мазмунда гапирган эди. Ҳамма нарса Москва орқали ўтиб келадиган бўлса, кўпгина бахтсизликларимизни ҳам у ёққа тўнкасак бўларкан-да? Съездда агар эсингизда бўлса, бизнинг кўпгина бахтсизлигимизга рус халқи сабабчи, шу туфайли ўзиям бахтсиз деган гаплар айтилди-ку! Шунинг учун битта халқ ҳамма нарсани ўзининг бўйнига олиб, бошқа халқлар номидан иш тутмаслиги керак.
Афғонистонни олайлик. Бу бизнинг урушдан кейинги энг катта ва даҳшатли хатомиз. Биз четдан келиб бир халқни бош эгдириш, зуғум қилиш асло мумкин эмаслигини бутун дунё олдида исботладик. Хайрият, давлатимиз ўз хатосини бўйнига олиб ҳарбийларини чиқариб кетди, бўлмаса худо кўрсатмасин…
— Репрессия йиллари мажбуран хато қилганлар-чи, уларни энди кечирсак бўлар ахир?! Қачонгача «айбсиз айбдорлар»га маломат тошлари отаверамиз? Уларнинг беғубор руҳлари олдида қилган гуноҳларимизни ювайлик…
— Хато билан хатонинг фарқи бор. 30-йиллардаги қилгулигини олтмишинчи, етмишинчи, ҳатто саксонинчи йиллардаям у ёки бу тарзда такрорлаган кимсалар ҳалиям борга ўхшаяпти! Буни энди хатога йўйиб бўлмас! Бу ерда аниқ қотил ҳақида гапириш керак. Лекин биз қандоқ кўнгилчан миллатмиз-а! «Тавба қилдим!» деса, жаллодни ҳам кечиришга, афв этишга тайёрмиз. Нимага бефарқ бўлсак, шундан фожиа бошланишини бугун ҳам аниқ билишимиз керак.
Мана рус халқини олайлик. Даҳшатли 37-йилнинг оммавий қирғинларида репрессия қилинган одамларни оқлаб олаяпти. Бизлар эса ҳали рўйхат тузиш билан овора бўлиб ётибмиз. Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Чўлпон, Фитратлар бизнинг пешонамизга фалакнинг гардиши бир айланиб битиб қолган сўнмас юлдузлар эди. Улар тирик бўлганида, ўзбек адабиётининг олдига тушадигани бўлмасди. Ҳеч бир халқ бизнинг халқимиз сингари «тепса-тебранмас» бўлмаса кераг-ов. Бўлмаса яқин 4—5 йил олдин ҳам кимларнингдир овозига жўр бўлиб «Чўлпон миллатчи», «Қодирий жадид», «Фитрат халқ душмани» деб юрармидик? Ёки бўлмаса, Навоийнинг миллатини талашиб, Бобурни босқинчи, Темурни ашаддий золим ҳукмдор деб қоралашгача бориб етган кимсаларнинг қўшиғини жўр бўлиб куйлармидик? Эсиз, энди кўзларимиз очиляпти. Кеч, майли кеч бўлсаям, шукур қилиб, «Аждарҳо йили ўтди, илоё энди аждарҳо асри ҳам ўтсин-да!» дейлик. Энди уларга қурбонлик беришнинг тўхтагани чин бўлсин-да! Репрессия бўлиб кетган энг буюк боболаримизнинг муборак номларини ёд этиб, садоқатимизни изҳор қилайлик…
— Қодирий ҳам, Чўлпон ҳам, Фитрат ҳам қайтиб келмайди. Лекин шу ёруғ дунёда ЎЗБЕК деган халқ, миллат бор экан, уларнинг номи абадйй яшайверади…
Эндиги саволим, бугунги жараёнда содир бўлаётган жиддий ўзгаришлар ҳақида. Матбуотимизнинг қўли-қўлига тегмай қолди. Сиёсий доиралардаги ўткир баҳслар, депутатлар съездидаги ҳақиқий ошкоралик, миллий муносабатларнинг кескинлашуви, ҳуқуқий органларнинг мудҳиш хатолари. Булар охир-оқибат нималарга олиб борар экан-а? Айниқса, Фарғонадаги фожиалар…
— Мен Фарғонадаги воқеаларга ўз муносабатимни биринчилар қатори айтдим. Бу фожиа ҳамма туркий халқларнинг юрагига ғулғула солди. Бир шахснинг хатосини тузатиш мумкин, лекин шахс катта ишни бошқара туриб, хато қилса, бундан кўпчилик зарар кўради, изтироб чекади. Биз кўкларга кўтариб мақтаган Социалистик тузумимизнинг шу қадар қонунлаштирилмаган жойлари кўп эканки, маълум бир даврда йўл қўйилган хатоларнинг аччиқ меваларини ҳали анча вақт тортар эканмиз. Шунинг учун ҳозирги кунда бирдан-бир йўл — демократлаштиришни халқнинг ўзига қўйиб бериш керак.
Олис Фарғонами, Хоразмда яшайдиган деҳқонга нима учун юқоридан унинг экаётган ҳосилини планлаштириши ҳатто маҳсулотига баҳониям қўйиб, тақдирини беш йилга шакллантириши керак? Буни ерли халқ ўзи тузса бўлмайдими? Аслида планларни қишлоқ Советлари тузиб бериши керак. Бу йил нима экамиз, ўртоқлар, пахтами, йўқ, пахта бизга зарар экан, шунинг учун биз бу йил шоли экамиз, деб қишлоқ Совети қарор қабул қилиши керак. Москва ёки Тошкентда ўтирган раҳбар унга буйруқ қилиши инсофдан эмас. Мен жамият анархияга борсин деяётганим йўқ. Лекин планлаштиришда ҳам давлатнинг, ҳам халқнинг, ҳам ҳар конкрет шахснинг уйғунлашган манфаати бўлиши керак. Халқнинг уйғунлашган манфаати бўлмаса, хоҳлаган одам минг чақирим нарида баҳолаш комитетида ўтириб олиб, бизнинг помидор ёки узумимизга нарх қўйиб ўтирса, ўлиб-тирилиб ҳосил етказган одам бу ёқда қолиб кетса, унда қанақа ривожланиш бўлади? Ердан ким, қандай фойдаланиши керак, ер кимники деган саволга жавоб топиш керак. Бунгача бизда ҳеч нарса ҳал бўлмайди. Мана, масалан Хоразмда мутасадди кишилар ҳеч бўлмаса, шўлханинг эллик фоизини мол боқиш учун Хоразмда олиб қолиши мумкин-ку. Йўқ! Ҳозир Хоразмда бор йўғи 5-10 процент пахта шўлхаси қоляпти холос. Шу шароитда етиштирилган гўштнинг қайга кетаётганини ҳеч ким билмайди…
— Биласизми, сўнги вақтда матбуотимизда «ортиқча ишчи кучлари» деган ғалати бир атама ҳам пайдо бўлди. Бу ўз-ўзидан пайдо бўлдими?
Йўқ, албатта! Биз шу вақтгача жамиятимиздаги оғриқларни яшириб одамларни алдаб келаверибмиз: «Ривожланган социализм шароитида ишсизлик йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», — деб.
— Фарғона водийси ва Хоразм воҳасида ишсизлик ниҳоятда кўпайиб кетди. Буларнинг бир қисми Ноқоратупроқ зонага, Чита областига ва бошқа жойларга юборилиб, у ерларда колхоз ва совхозлар тузиляпти. Ўртоқ Е. К. Лигачёвнинг Тошкентга келиб ўтказган кенгашидаям бу ҳақда батафсил сўз юритилди.
Яхшилаб ўйлаб кўрадиган бўлсак, ҳар бир гапнинг орасида «дўстлик» сўзини ишлатавериб, бу сўзни «олди-сотди»га қўявериш ҳам инсофдан эмас! «Дўстлик», «байналмилалчилик» деган сўз билан кўпроқ савдо-сотиқ қиладиган одамларга шубҳа билан қараш керак.
«Дўстлик» деган сўзнинг асл маъносини, туб илдизини яна бир таъкидлашни истардим. Агар халқлар ўртасидаги дўстликни аввал изоҳлаб бериш керак бўлса, ёки икки киши ўртасидаги дўстликни таърифлаш зарур бўлса, улар ўртасида осмону-ерча фарқ бор. Халқлар, миллатлар орасидаги дўстлик тенг бўлиши учун унга ҳеч кимнинг шубҳаси уйғонмаслиги ва бу ерда биров олаётган фойда билан иккинчи биров олаётган фойда ўртасида фарқ бўлмаслиги керак. Хўш, кейинги пайтларда нима бўлди. Бир гуруҳ генераллар «Ўзбекистонга адолат олиб келдик» деб енг шимариб ишга тушиб, ҳар бир ўзбекда салкам порахўр, сотқинни кўриб иш бошлашди. Оқибат мана уларнинг ёрдамида «ўзбеклар иши» деган сафсата пайдо бўлди.
Адолат қаердан келади? Агар бор бўлса олиб келишади-да уни! Ҳар ким ўзи молини ўзининг жойида эркин сотса, порахўрлик пайдо бўладими? Ҳеч қачон! Агар молини эркин сотишга қўйилмаса, баҳони битта томон белгиласа, шу жойда порахўрлик ва шунга ўхшаш бемаъви иллатлар пайдо бўлади. Юқоридаги «ўзбек иши» деган ҳақорат дўстликка хизмат қилдими? Йўқ. Халқимизнинг кўпчилик қисмида норозилик кайфиятлари пайдо бўлди. Ҳатто тузумимизга ва унинг туб асосига ҳам шубҳа уйғонди. Бугунги кунда оддий одамлар тўғридан-тўғри «Нима учун Ўзбекистондан у ёққа қора меҳнат қилувчилар кетади-ю, у ёқдан эса бизга раҳбарлар келар экан? Бу ҳам дўстликка хизмат қиладими?» деб эътироз билдиришяпти.
Шунингдек, етмиш йил давомида нима сабабларга кўра, ўзбек ишчилар синфи етишиб чиқмади, бунга тегишли институтлар аллақачон сиёсий баҳони беришлари зарур эди.
Биз бетўхтов чиқиб турган қарорлар билан эмас, аксинча собит қонунлар асосида яшашимиз керак. Менимча, ўзбек халқининг юридик онги, ақли бунга етади. Ҳуқуқнинг энг олий сир-асрорлари қадимдан бизда яратилган. Ҳар ким жамиятда ўзини-ўзи ҳимоя қилиши керак. Бир одам ўзини ўзи ҳимоя қилолмаган жамиятда халқ ўзини ҳимоя қила оладими. Йўқ!
— «Келажак бугундан бошланади» деган чиройли иборамиз ҳам бор. Бугун бу бизга жуда эриш туюлаяпти. Бир хавотир дейинми ё нохуш бир безовталик дейинми, ҳаммамизни ўйга толдиряпти.
Наҳотки, янги келаётган авлодларимизга ўлиб бораётган Оролни, кимёвий заҳарларга тўйиб адо бўлаётган тупроқни, сизу биз номини санаб улгуролмаётган бедаво хасталикларни қўшқўллаб топширсак?
— Келажак бугундан бошланади, деган ибора бугун эриш туюлиш у ёқда турсин, бу умуман нотўғри. Биз тарихни даврга, босқинчиларга бўлавериб, бу фанни бичиқчилик, ямоқчилик растасига айлантирдик. Келажак бугундан бошланмайди. Келажак аллақачон кечадан бошланиб бўлган. Вақт шундай категорияки, уни ҳисобласанг бор, ҳисобламасанг йўқ. Вақт санай бошлаган ерингдан бошланиб кетади. Биз ер шарида кичкинагина шаҳарда миллион одам яшаб ўтиб кетаяпмиз, ташқаридан туриб ҳисоблаётган биров борми уни? Унинг ҳисоби бизга қизиқми ёки қизиқмасми? Шунинг учун халқ ўзининг тарихини ўзи ёзиши керак, ўзининг ҳисоб-китоби бўлиши керак. Акси бўлса, авлодлар ўртасида бўлинишлар бошланади. Йўл қўйилган хатоларни ўнглаш учун қанча вақт кетса, яна такрорламаслик учун ҳам анча вақт керак. Биргина «хуторларни тугатиш ҳақида» юқоридан қабул қилинган қарор халқимизнинг бошига сон-саноқсиз қийинчиликларни солди. «Халқ ўзининг тақдирини ўзи белгилаши керак», деган гап кулгили бўлиб қолди.
Аввалроқ, «Гаплашадиган вақт»ларда Хоразмни қутқарса, фақат қўшиқ қутқаради, деганман. Ўша пайтда нима учун бу гапни айтганимни эслай олмайман. Аламдан айтилган гап эди бу. Яъни саксонинчи йилларнинг бошида ҳам Орол билан ҳеч ким шуғулланмаётганди, болаларнинг меҳнати билан ҳеч ким қизиқмаётганди. Энгельснинг иборасича, агар жамиятнинг куни болалар меҳнатига қолган бўлса, бу жамиятда катталарнинг аҳволи баттар фожиалидир. Касалликлар, ернинг, сувнинг ҳолати, қум, туз бўронларининг бошланганлиги, захлар-фожиалар, Амударёдан қайиқда ўтаётиб, ҳовучимда сув олиб ичмоқчи бўлдим, ичолмадим, шўр. Агар ёзувчи бир нарсага эътиборини қаратдими, мутасадди кишилар ҳам «Э бунақа экан-ку» деб фикрлашлари керак. Бараварига ман қилиш йўли энди ўтди, бунақада ишлаб бўлмайди. Ҳар бир халқ ўз ерида бахтли бўлиши керак.
Миллатчилик масаласи ҳам худди шу ерда. Миллатчилик бизнинг халқимизга хос одат эмас. Умуман «миллатчилик» деган сўз қандай шароитда ва қачон пайдо бўлади? «Миллатчи» деган сўз кимга керак? Демак, миллатчилик фақат шовинизм бор жойда, маълум бошқа кучлар таъсирида пайдо бўлади. Ўзбек халқи урушқоқ халқ эмас, бировнинг ерига умидвор ҳам эмас. Ўзининг меҳнати билан кун кўриб келган. Шунинг учун ҳам зуғумларга маълум пайт чи дайди. Лекин менинг фикрим шундайки, ҳар бир халқ ўз тараққиётида кураш майдонларидан ўтади. Шунинг учун дарров унга чегара қўймай, тушунишга талабаларини тинглашга, ўрганишимиз керак. Халқнинг талабларини қондириш учун, ҳатто норозилигини босиш учун ҳам уни эшитиш, сал олдинроқ қулоқдан пахтани олиб, ташлаш керак бўлади.
— Айни шу кунларда Болтиқбўйи республикаларида содир бўлаётган жиддий ўзгаришларга қандай муносабат билдирасиз!
— Болтиқбўйи республикаларининг тараққиёти, умумий, маданий даражаси бизларга нисбатан анча илгарилаб кетганини тан олмасдан иложимиз йўқ. Улар ўз тараққиётида капиталистик босқични бир қадар босиб ўтганлар. Энди маълум бўлдики, ўз тарихида жамият керакли босқични ўтнши керак экан.
Маълум бир босқични четлаб ўтиб социализм қуриш, Афғонистон ва бизнинг мамлакатимиз учун қанчалик қимматга тушганини кўрдик-ку!
«Чириб бораётган капитализм» деб заҳарханда улишни биламизу, лекин кўзимиз уларнинг «Монтана»си ёки «Адидас»ида. Нега шундай? Аслини олганда капитализм ўзининг афзаллигини дунёга кўз-кўз қилиб бўлди. Ҳар қандай тузумнинг афзаллиги ана шу мамлакат халқининг яшаш даражаси билан белгиланади. Агар шиорлар билан белгиланса, биз аллақачон порлоқ коммунизмнинг йилида яшаётган бўлур эдик. Туз, гугурт, транспорт текин бўлиши керак эди. Модомики, бизнинг болаларимиз мактаб буфетидан бир пиёла сут олиб ичолмайди. Дэн Сяо-Пен Хитойни катта тараққиёт йўлига олиб чиққан одам. Унинг шундай гапи бор: «Хитойлик онага, аёлга ҳар куни эрталаб бир пиёла сут керак. Бу сут арзон, сифатли ва муттасил берилиши керак. Ўша сутни кооператив етказиб берадими, колхозми ёки капитализмми, социализмми, она учун не фарқи бор…» Биз ҳам шу йўлдан боришимиз шарт…
— Мана Ўзбекистон ССРнинг Тиллар тўғрисидаги қонун лойиҳаси халқимиз томонидан қаттиқ норозиликка дучор бўлди. Шунинг учун муҳокама муддати яна октябрь ойигача узайтирилди. Чунки, биз орзиқиб кутган натижа чиқмади. Нега энди шу тупроқда яшаб, шу юртда туғилиб ўз она тилимизни ойлаб, ҳатто йиллаб муҳокама қилишимиз керак. Шу ҳам инсофданми? Ахир, ер юзида Ўзбекистон ва ўзбек тили ягона-ку?
— Нима учун Октябрь революциясидан 70 йил ўтгандан кейин биз «қайси тилда гаплашишимиз керак»? деган оғир саволга дуч келдик? Ахир инқилоб ҳар бир халқни, унинг урф-одатларини, маданиятини, тилини ривожлантириш учун қилинмаганмиди? Мантиқ — революциянинг ўзиёқ ҳар бир тилни давлат тили қилди деган гап эмасмиди? Нега биз бугунга келиб «иккитиллилик», «кўптиллилик» деб ётибмиз. «Иккитиллилик» деган гапни ким чиқаряпти? Ижтимоий тараққиёт учун, халқ учун ўзининг тараққиёт босқичида қайси тил керак бўлса, ўшани олаверади. Ҳар кимнинг эрки ўз қўлида. Ўзбек тили бўлиши керак ва жумҳуриятимизда яшаётган бошқа миллатлар учун ўзбек тили восита бўлиши шарт. Рус тили эса бошқа республикалар ўртасидаги муносабатимизда бизга албатта объектив тарзда керак бўлади. Ўзбекистонда ўз ҳоҳиши билан яшаётган бошқа миллат кишилари марҳамат қилиб, ўзбек тилини ўргансинлар. Буни қонунга киритиш керак. Мен агар Бурятияда яшасам, албатта бурят тилини ҳам билишим керак-ку. Шу халққа ҳурмат юзасидан ҳам, унинг тилини ўрганиш шарт. Шу тупроқда яшаяпсанми, нонини еяпсанми тилини ўрган. Ўзини ҳурмат қил!
Тиллар тўғрисидаги қонун лойиҳасини ўқиб, ҳайратдан ёқа ушлаб қолдик. Модомики, бу нуфузли комиссия ичига ёзувчиларимиздан ҳам кирган эдилар-да. Нега улар тил масаласи бундай аҳволда бўлаётганини жамоатчиликка олдинроқ айтмайдилар? Улар нега бизнинг ҳукмимизга абгор қилинган, халқимиз, тилимизни камситувчи лойиҳани тақдим этишди?
Менимча, кузги оммавий ташвишлардан кейин биз республикада ўзбек тили байрамини ўтказишимиз керак. Халқимиз қайта тиклаган «Наврўз»ни қандай нишонлаган бўлса, тил байрамини ҳам худди шу тарзда ўтказиши керак.
Бу халқимиз кайфиятини яна бир поғона юксакликка кўтаришга хизмат қилади.
— Яқинда халқимиз севган ижодкорлардан бир гуруҳи Ҳамза номидаги жумҳурият Давлат мукофотига номзод қилиб кўрсатилди. Ана шулар орасида Сизнинг «Гаплашадиган вақтлар» шеърий қиссангиз ҳам бор. Бу асарингиз ҳақида ҳалиям кўп гаплар, мулоҳазалар билдириляпти…
— Шу муносабат билан ягона қониқишни изҳор қилишим мумкин. Мен 80—81 йилларда кўтарган Орол, тил, экология, мерос, эътиқод, болалар меҳнати масалалари бугунги умумхалқ муҳокамасига чиқди.
Мукофотга келсак, бу менинг учинчи бор қўйилишим… Қўмитанинг ҳукми қандай бўлади, қолаверса, жамоатчилик бу мукофотга кимни лойиқ кўради, бу уларнинг иши. Бу борада улуғ ҳофизимиз Шерали Жўраев қўшиқ қилиб айтган бир шеъримнинг илк байтини келтириш билан кифоялансам, менимча тўғри бўлар:
Дилимнинг рангини гул билса бўлди, Менинг кимлигимни эл билса бўлди…— Энди адабиёт ҳақида ҳам икки оғиз…
— Бизнинг адабиётимиз тарих билан чамбарчас боғланиб кетган. Проза халқимизнинг тарихини ёзса, поэзия эса унинг қўшиғидир. Ҳозир бизнинг шеъриятимизда ҳам, прозамизда ҳам жуда катта бир тўлқин мавжланиб турибди. Қилинадиган ишлар олдинда, Фарғона воқеалари ҳам ўз бадиий инъикосини топиши керак деб ўйлайман. Адабиёт бизнинг ҳақиқий, ўз тарихимизнинг ёзилишига кўмаклашса қанийди? Болаларимиз учун ҳақиқий алифбо, мактаб ва боғчаларимнз учун ягона китоблар ёзилиши керак. Тарихга, дунёвий санъатга, нафис маданиятга бўлган муносабатимиз ҳам яхлит бўлиши, ёзилган нарсалар одамлар ўқиши учун доимо очиб қўйилиши керак. Ўтмишда ёзилган нарсаларни ман қилиш, бу энг ёмон гуноҳ.
Ҳамма муқаддас китоблар ўқилиб, барча ўтган машҳур шахсларга ҳар авлод ўз муносабатини билдириши шарт. Темур ҳақидаям, Муқанна ҳақидаям, Жа-лолиддин Мангуберди ва бошқалар тўғрисидаям тўлиқ ҳақиқатни ҳамма билиши керак. Темурийлар хонадонида кўплаб номдор, оқил ва лобар аёллар ўтган. Биз ҳали улар олдида қарздормиз. Юртнинг комил шажараси яратилиши керак.
— Акмал Икромов, Файзулла Хужаев, Усмон Юсупов, Шароф Рашидов ҳақида ҳам борича ёзиш керак дейсиз-да…
— Ҳа, фақат шахсларнинг ҳаёти доим қарама-қаршиликларга бой бўлади. Шароф Рашидов ким эди? Айёр подшоми ё самарасиз давлатдан самар излаган бошлиқмиди? Нега икки дарё оралиғига ўтиб жон таслим этди?…
Мен яқинда тугатган «Нега мен?!» номли янги достонимнинг бир бобида шу масалага ҳам озроқ тўхталдим. Бу достон 1990 йил «Ёш гвардия» нашриётида чоп этилаётган «Ўртамизда бир олма» тўпламига киритилган. Бу асардан бир кичик парча келтирсам нима дейсиз?
— Бажонидил.
— Дунёга синчиклаб тутилган кўзлар, Мудҳиш бир ҳолатни пайқашга тушди. Қай томонга боқсанг бари йўлсизлар Толелар айқашу уйқашга тушди. Етмиш йил эл яшаб Қуръон, Тавротсиз Эрлар ночор қолди, аёл авратсиз. Замон дурадгори асбоб, яроқсиз, Илма тешик томни ялашга тушди. Қор қора ёғмоқда, ёмғир заъфарон, Дарёлар ўрнида оқмоқда армон. Ҳар подшоҳ ўзича чиқариб фармон, Қолганлар бир-бирин булғашга тушди. Ҳар ерда ҳоким ҳақ, арбоблар ғолиб, Қонун шуларники, шуларда қолип Энг катта айбдор бир ёқда қолиб, Гадони бошқалар ўташга тушди. Ҳайронман сен ўзбек деган миллатга, Ерингни тўлдирдинг мараз иллатга, Не жавоб айлайсан бундай кулфатга, Қара, пойдеворинг нурашга тушди. На шомда ишинг бор, на тонгда ёдинг, Ароқ, уйқу бўлди бор эътиқодинг, Жаҳон саҳнасидан ўчмоқда отинг, Номингдан бошқалар сўзлашга тушди. Кўкда йўқ Улуғбек очган юлдузлар, Кўҳна Урганчингни емоқда тузлар, Ер ости бойлигинг бегона кўзлар, Кўзлаб, кавлаб, ташиб гизлашга тушди. Нечун қоралайсан сен ўз ўтмишинг, Амир ҳам ўз кишинг, хон ҳам ўз кишинг, Кўрарманми сенинг униб-ўсишинг, Нечун парвоналар оташга тушди. Бойқаронг қотилмиш, Темуринг хунхўр, Мангубердинг зобит, хор, манглайи шўр, Не хароб миллатсан, борми бирон зўр, Устунлар тикланмай қулашга тушди. Жаннат Ўзбекистон, жаннатинг қани, Шунча меҳнат қилдинг, роҳатинг қани, Сиғинган, суянган давлатинг қани, Ҳар дайди ит сени кавлашга тушди. Ўзинг бўлсанг эдинг ўзингга қози, Ҳар оғир-енгилга бўлардинг рози, Етти ётлар қўйиб носоз тарози, Оқу қорангни кам ўлчашга тушди. Билганинг, кўрганинг пахта бўлибдир, Ақлинг, тафаккуринг калта бўлибдир, Юз сариқ, жигаринг сўхта бўлибдир, Наслинг шажараси бутрашга тушди. Ўзин, элин, тилин нақд сотган ким у, Бир танда уч сотқин яшагани шу, Буни шараф билиб нечалар, ёҳу, Даврондан мукофот тилашга тушди. Келди Махтумқули айтган бир замон, Унутди «Яхшилик» сўзини ёмон. Обрў талашмоқда қурт билан илон, Филлар пашша билан савашга тушди. Инсон бир туғилар, қайта туғилмас, Азал бунёдкори қайта уринмас, Асли рост нарсалар қайта қурилмас, Ахир, сув бошқаю, ўт бошқа тушди. Умидсиз шайтон деб такрорлаб оят, Ёлғиз умид билан яшаш жиноят. Чунки Ёлғон яна тўқиб ривоят, Ўзини янгилаш, бўяшга тушди. Шунча сабоқ етар! Ўзингга ишон! Ўз ақлинг, хулосанг, кўзингга ишон! Сўнгги бор ўз ўғил-қизингга ишон! Бугун шулар сени ўйлашга тушди!— Ёшларимизга қандай тилакларингиз бор? Катталар бизларни ортиқча ҳиссиётларга, ҳар хил гап-сўзларга берилиб кетаётганликда айблашаётгани тўғрими? Норасмий уюшмаларга бўлган муносабатингиз қандай?
— Ёшларга муносабат халқнинг ўз келажагига муносабатидир. Ёшлар ҳали жуда сусткашлик қилаяптилар деб ҳисоблайман. Ҳали дунёвий билимга, маънавий тараққиётга бўлган интилиш анча паст. Вақт кетаяпти, шошилинг! Илм олиш учун Германияга, Америкага бориб ўқинг, Бобонгиз Ал-Хоразмий кибернетика асосини кашф этганини биласиз, аммо ўзингиз мактабда оддий компьютерга ҳам эга эмассиз. Бугун ошкоралик сизнинг келажагингизни белгилаяпти. Биринчи навбатда, сиз дадил гапларни айтинг. Сиз бугун ўз келажагингиз ҳақида қайғуринг, бошқалардан мадад кутиш турғунлик йилларида қандай мева берганлигини кўрдингиз.
Ҳар бир масала ҳақида ўз фикрингиз бўлсин! Халқингизга жуда керак эканлигингизни доим сезиб туринг. Паст ишларга қўл урманг, токи одамлар сизга паст назар билан қарашмасин! Биз катталар эса боғчадан бошлабоқ самарасиз, кераксиз меҳнатни йўқотишимиз керак. Бола қоғозга гул ёпиштирса ҳам бир мақсад билан қилсин, дейлик: «Бувимга совға!»
Ҳозирги тузилаётган группаларни «Норасмий» демай, жамоат ташкилотлари дейиш тўғрироқмикан? Бундай ташкилотлар энди объектив шароит тақозоси билан кўплаб туғилади. Гап — буларга ақл ва заковат, кенг юрак билан қарашимизда. Дунё айрим шахснинг истаги билан яралган эмас, жамият ичидан янграган овозларга, жипс ҳаракатга жавоб бериш — демократик принцицли тузумнинг бош ҳислатларидан биридир. Шунинг учун бу ташкилот вакиллари билан «ўта эҳтиёткор» бўлиб эмас, балки очиқчасига гаплашиш керак.
Ёшларнинг конституцион ҳуқуқлари масаласи ҳам кўтарилсин. Марказий Комитет, Олий Совет ва Министрлар Совети ҳузурида ёшларнинг ташаббускор группаларини тузиш керак деб ўйлайман. Улар ўз сафларидан йўлбошчилар сайлаб, давлат ишларида, қайта қуришга яқиндан ёрдам берсалар бунинг нимаси ёмон?! Ахир мақсадлар муштарак бўлса, бораётган йўлимиз битта бўлса…
Суҳбатни Норқобил Жалилов ёзиб олди.
“Ёш ленинчи” газетаси, 1989 йил 13 сентябрь