Ўзбекистонда Нусрат Раҳматдан кекса блоггер бўлмаса керак. 72 ёшли Нусрат Раҳмат блоги янгиланишини шу кеча-кундузда ўқувчилар интиқлик билан кутишмоқда, чунки nusratrahmat.blogspot.com да у ўзининг Ҳиндистон таассуротлари билан ўртоқлашаяпти. «Мен кашф этган Ҳиндистон» туркумидаги саёҳатноманинг Фейсбукда ҳам ўқувчилари кўп бўлмоқда.
Нусрат Раҳмат Самарқанд Қишлоқ Хўжалик институтини 1966 йилда тугатган. Уни Самарқанд вилоятининг «Ленин йўли» рўзномасига ишлашга таклиф қилишган. 1974 йил Ўзбекистонда «Қишлоқ ҳақиқати» газетаси ташкил этилади, Нусрат Раҳматни рўзноманинг Самарқанд ва Бухоро вилоятлари бўйича мухбирлигига таклиф этишади. 1981 йили Тошкентга, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» рўзномасига ишга ўтади.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин Нусрат Раҳмат атоқли Ўзбек маърифатпарвари Маҳмудхўжа Беҳбудий ижоди ва фаолиятининг тарғиботчисига ҳам айланди. У Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Самарқандда ҳайкали очилишида бош-қош бўлганлардан.
Нусрат Раҳмат «Агар табиатни севсангиз», «Мен журналистман», «Фарзандга ўгитлар», «Буни ҳаёт дебдилар», «Калвак Махсум номалари», «Жадид» сингари йигирмадан ортиқ китоблар муаллифи. Бу китобларни nusratrahmat.blogspot.com блогида ҳам ўқиш мумкин.
2004 йилда Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган журналист унвонини олган.
Би-би-си меҳмони — ўзбекистонлик таниқли журналист, ёзувчи, Маҳмудхўжа Беҳбудий ижоди ва меросининг тарғиботчиси ва блоггер Нусрат Раҳматнинг саволларга жавоблари
Би-би-си: Сизга, ҳазрат Беҳбудий нимани истаганди, деб савол беришса, қандай жавоб берардингиз?
Нусрат Раҳмат: Мен бу саволга мана бундай жавоб бераман: Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаммаси бўлиб 44 йил умр кўрдилар. Шу 44 йилда, тасаввур қилинг, драматургияга асос солдилар, жадидлар ҳаракатига асос солдилар, Ўзбек публицистикасига асос солдилар, янги мактабларга асос солдилар, янги дарсликларга асос солдилар. 44 йилда бунчалик кўп нарсага эришиш учун инсонда катта мақсад, жуда катта талант, жуда катта ватанпарварлик бўлиши керак. У кишида мана шу нарсаларнинг ҳаммаси бор эди.
Тошкентдан Баҳодир: Сиз ён-атрофдаги тўй-маъракаларимиз, юртдошларимизнинг турмуш тарзига қараб, мана бу нарсаларни 100 йил олдин жадид маърифатпарварларимиз ёмон кўрганлар, танқид қилганлар ва бартараф этишни хоҳлаганлар, деб бугун нималарни мисол қилиб келтирардингиз?
Нусрат Раҳмат: Мен гапни яна Беҳбудий ҳазратларидан бошлайман. У киши ёзганларидан бир парча ўқиб бераман: «Астағфурилло, субҳонолло. Бизни қилатургон ақлсизлигимизни қайси миллат қилур? Никоҳ, хатна, бу икки бало шундоғ қаттиқ бир иллатки, ўлмагунча қутулуб бўлмайдур. Шаҳарларда ўртаҳол, яъни ўтурарға хона ва боғи бор бир киши никоҳ учун икки минг сўм сарф этар ва ўғул хатнаси учун ҳеч бўлмаганда минг сўм. Ҳар бир бенаво киши бу мавридларга 200 сўмдан 1000 сўмгача сарф этар. Бой ва зўраки бойлар эса беш минг, ўн минглаб сарф этар. Охири нима бўлур? Нима бўлур дейсиз? Ота-бобосидан қолган мулк ва ватанини ўз ихтиёри илан зўраки бойни ўзи ўлгандан сўнгра бир яҳудий ё бир армани ажнабийға сотиб, тўй ва таъзия қарзини берар…» У киши тўйлар-маъракалар ҳақида жуда кўп ёзганлар, бу мавзуларга жуда кўп маротаба мурожаат қилганлар. Бу ўша ёзганларидан биттагина цитата. Энди бу 100 йил олдинги гап. Мана энди ҳозирги Самарқандимиздаги тўйларга қаранг! Россияга бориб ишлаб келади, икки-уч йил мардикорлик қилиб. Келиб бир катта тўй беради, шу билан пули тамом. Одамнинг раҳми келади. Нима учун у ерга бориб мардикорлик қилиб келдинг? Наҳотки шу нарса учун? Минглаб-саккиз юзлаб одамни чақириб, «ҳақ бериш» учунми, деб афсусланамиз. Энди бу нарса 100 йилдан буён давом этаётган экан, мен ўзимча ўйлайман: Буларни қонунлар йўли билан тартибга солиш керак. Бунда инсон ҳуқуқлари бузилади, деган андишалар ҳам бор. Лекин бу тўйлар ҳам бошқаларнинг ҳуқуқларини бузади-ку. Кўчаларни тўлдириб, машиналарда юриш, ванғиллатиб радио қўйишлар ҳам бошқаларнинг ҳуқуқларини бузади-да. Тожикистонда тўйларни маъмурий йўл билан чеклашга қарор қилинган экан. Самараси яхши дейишаяпти. Қонун бўйича шунча сондаги одам келиши керак, шунча харажат бўлиши керак, деб белгиланипти. Акс ҳолда ишдан олинади, жарима солинади, деган қонун чиққан экан. Ўша ердан келганларнинг айтишича, бу қонун тўйларни анча тартибга солган.
Би-би-си: Айнан Самарқанддаги тўйлар ҳақида Тошпўлат ака Раҳматуллаев билан гаплашганимизда, Тошпўлат ака ҳам, мана 100 йилдан буён бундай дабдабали, ортиқча харажатли тўйларни йўқота олмаётган эканмиз, демак буни бир маъмурий босимлар йўли билан тартибга солишимиз керак экан, деган фикрни айтгандилар. Сиз ҳам шу фикрга қўшиласиз, шундайми?
Нусрат Раҳмат: Ҳа, Тошпўлат билан ҳам биз бу мавзуда фикрлашиб турамиз. Бу фикрлар, назаримда, тўғри.
Би-би-си: Нусрат ака, сиз ўзингиз нима деб ўйлайсиз, халқимиз тараққиётига хизмат қиладиган, қусур-камчиликларидан қутулишда ёрдам берадиган ғояларни, хусусан буюк жадид маърифатпарлари ўгитларини кўпчиликка етказиш учун нима қилиш керак?
Нусрат Раҳмат: Мен мустақилликдан кейин жадидларга катта эътибор берилади, деб кутган эдим. Ҳа, эътибор берилди-ку, лекин у даражада эмас. Нимагадир жадидлардан эҳтиётсирашми, хавфсирашми, борлигини сезаман. Биз шундай ҳолатга тушдик. Ҳазрат Беҳбудийнинг 125 йиллигини нишонламоқчи бўлдик. Жуда кўп одам келди. Улар гул кўтариб келди. Лекин гулни қаерга қўйиш керак? Қабр ҳам йўқ, ҳайкал ҳам йўқ эди. Невараларининг кўзига ёш келди. Кейин «келинглар, жамоатчилик асосида Беҳбудий ҳазратларига ҳайкал тиклайлик», деган таклиф бўлди. Ҳайкал қўйиш учун жуда кўп бюрократик тўсиқларни енгиб ўтиш керак экан. Шаҳар, вилоят, республика махсус комиссияси маъқуллаши керак экан. Биз кўпчилик бўлиб, елиб-югуриб, 1 йил давомида зарур ҳужжатларини тўғирладик. Ҳукумат қарори билан ҳайкал ўрнатилди. Мен Малака ошириш институтининг собиқ ректори Аминовдан, ҳайкалтарош дўстимиз Қаҳҳоров, у кишининг невараларидан миннатдорман. 19 январ Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг туғилган кунлари. Худога шукур, ҳозир у кишининг туғилган куни гул қўядиган жой бор. У кишининг руҳига дуо ўқиттирамиз. Мухбирларни таклиф қилаяпмиз. Бу тадбирлар ҳақида матбуотимиз ҳам хабарлар тарқатаяпти. Хуллас, жадидларни кенгроқ тарғиб қилиш керак. Бизда шу пайтгача нима учундир буюк Садриддин Айнийни жадид ҳисоблашмас эди. Жадид деган сўздан қўрқишади. Ҳозир у кишининг жадид эканлигини айтаяпмиз. У киши ҳам катта жадидлардан. Биринчи дарслик ёзган, биринчи мактаблар қурган. Беҳбудий билан бирга ишлаган. Ҳа, бу йўлдаги ишлар аста-аста изига тушаяпти.
Би-би-си: Нусрат ака, сиз бугун жамиятдаги маърифатнинг аҳволини қандай баҳолайсиз?
Нусрат Раҳмат: Ҳарқалай, маърифатпарварларимиз ҳозир ҳам бор. Улар ҳам турли йўллар билан ишлашаяпти, изланишаяпти. Мустақиллик ғоялари сингдирилаяпти. Мактабларда дарсликлар кўпайяпти. Энди биз нимани истаймиз? Ана шу йўлдаги ишлар тезроқ ва кўпроқ амалга оширилишини истаймиз. Энди бу жуда кўп нарсаларга, сиёсий-иқтисодий вазиятларга боғлиқ экан. Ҳозирча кетиши ёмон эмас.
АҚШдан Тошпўлат ака: Домла, нега Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг буюк маърифий ғояси ўзбек жамияти эътиборидан четда қолиб кетди? Нега арзигулик ғоя тополмасдан сарсон сиёсий партиялар ўз дастурларига уни асос қилиб олишмади?
Нусрат Раҳмат: Тошпўлат акага менинг номимдан раҳмат айтиб қўйинг, ҳақиқатан яхши бир савол бериптилар-да. Энди бизда жадидлардан, айниқса, Беҳбудийлардан пантуркист деб қўрқишади. Аввал уларга пантуркист деб айб қўйишарди. Ҳозир ундай айб қўйишмаяпти-ю, амалдорларимизнинг савиялари ҳаминқадар-ку, шунақа бир хавотир бор уларда. Менинг баъзан тушунтиришим ҳам қийин. Ана энди қаранг, мен айтаман: Беҳбудийнинг мақолалари бор. У киши, тўрт тилни билмоқ керакдур, дейдилар. Бугунги туркистонлик туркий, форсий, арабий ва русий тилларни билсун, деган мақолалари бор. Агар у киши пантуркист бўлса, миллатчи бўлса, шундай деярмиди? Бу оддий мисол. Бугун жамиятга ана шундай интернационализм, ҳамдўстлик, байналмилалчилик керак. Бу биз айтаётган у кишининг биттагина ғоялари. Самарқандда ўнлаб жадидлар яшаганлар. Саидризо Ализода ва бошқалар. Агар биз жадидларнинг асарларини синчиклаб ўқисак, жорий этсак, фақат тараққиётга, эзгулик, яхшиликка хизмат қилади.
Тошкентдан Ҳожиаҳмад саволи: Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали янги ўзбек тилининг имловий луғати китоби нашрдан чиқиши кўпчиликни қизиқтирди. Лекин нархини эшитиб қойил қолдим. 30 минг сўм. Давлат тилини ривожлантириш мазмунидаги китобларни пуллаш қанчалик тўғри деб ўйлайсиз?
Нусрат Раҳмат: Энди нашриётларнинг ҳам аҳволини тушуниш керак. Китобнинг таннархи ўзи қиммат. Унинг харажатлари кўп. Улар таннархидан арзон нархда сота олмайди. Бозор иқтисоди бўлгандан кейин буни тушуниш керак. Лекин бошқа бир йўли бор-ку. Ўзбекистонда мен икки кишини айтмоқчиман. Шоир Хуршид Даврон билан Давронбек Тожиалиев. Уларнинг веб-сайтлари бор. Икковлари янги китоб чиқдими, сайтларига жойлаштиришади. Ва бу сайтлардан фойдаланиш текин. Ўша сайтлардан бир хоҳлаган китобни олиб ўқишимиз керак. Энди бизнинг ёшимиздан қатъи назар Интернетга киришимиз керак, бу прогрессдан фойдаланишимиз керак. Бу бепул. Бошқа йўли йўқ. Менинг фикрим шундай.
Би-би-си: Сизга келган яна бир савол айнан сизнинг блоггерлигингиз ҳақида. Сиз нима учун блоггер бўлишга қарор қилгансиз?
Нусрат Раҳмат: Китоб чиқариш қиммат, пулли бўлган пайтда нима қилишимиз керак? Бундан кейин одамлар блогларга, Интернетга ўтишаяпти-ку. Менинг умидларим бор. Бор асарларимнинг ҳаммасини блогимга ташлаб қўймоқчиман. Келажак аста-секин ўтади шунга. Ўрганади, ўқийди. Бундан кейин китоблар ҳам бўлади. Лекин Интернет тобора тараққий этиб келаяпти-ку. Блоггерлик мен учун энг муҳим нарса. Блоггерлар ҳақиқий бўлса, яхши бўлса, яхши ниятли бўлса, уларни авж олдириш керак, ривожлантириш керак, деган фикрдаман.
Би-би-си: Интернетда блог юритиш ҳам сиз ўзингиз тарғиб қиладиган маърифатпарвар жадидларнинг илғор бўлиш керак, замон билан ҳамнафас бўлиш керак, деган ўгитларини ҳаётга татбиқ этишнинг бир йўли-да, шундайми Нусрат ака?
Нусрат Раҳмат: Ҳарқалай, биз ҳам жадидлардан дарс олдик, ўргандик. Уларнинг таржимаи ҳоллари билан танишдик. Мана ҳозир баъзан мени мактабларга, коллежларга ўқувчилар билан учрашувларга таклиф қилишади. Ана шу учрашувларда болаларга мен икки нарсани урғулаб айтаман: мана мен шу ёшга кирган бўлсам ҳам компьютерни ўргандим, Интернетни ўргандим. Сиз болаларим, невараларим ёшсизлар, шундан бошланглар! Ўрганинглар! Ҳали ёшсизлар, ўрганишларинг осон, деб биринчи бўлиб мана шу нарсага урғу бераман. Иккинчиси, инглиз тилини ўрганишга ҳам урғу бераман. Ўзим инглиз тилини билмайман. Чет мамлакатларга чиқиб қанчалар қийналганимни ўзим биламан-да. Шунинг учун мана шу икки нарсага ўрганинглар, деб урғу бераман. Чунки тараққиёт шуни тақозо этади, келажак шуни тақозо этади. Бизнинг умидимиз бўлган ёшларимизнинг келажаги шуни тақозо этади, деб ўйлайман.
Би-би-си: Мана ҳозир ўзингизнинг блогингизда ва Фейсбукдаги саҳифангизда Ҳиндистонга саёҳатингиз таассуротларини эълон қилиб бораяпсиз. Сиз ушбу сафарингиздан ўзингиз учун қандай янгиликларни кашф қилдингиз?
Нусрат Раҳмат: Мен у ерда асосий эътибор берганим, қашшоқлик, камбағалликни кўрдим. Жуда кўп оддий одамлар билан гаплашдим. Ва «бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил» деган гапни кўп эсладим. Бир киши билан гаплашдим. У «коллежда боламни бир йил ўқитиш 2500 долларга тушади», деди. Бизда, Худога шукур, бу борада анча имкониятларимиз бор. Майли, свет, газда, бошқа нарсаларда камчиликларимиз бор. Лекин тараққиёт бор. Биз унчалик камбағал эмасмиз. Шу нарсалардан шукур қилдим, гапнинг рости.
Би-би-си: Бобурийларнинг Ҳиндистондаги кўп асрлик ҳукмронлиги ҳақида ўзингиз учун қандай янгиликларни топдингиз?
Нусрат Раҳмат: Бизнинг йўлбошловчи таржимонимиз бир гапни айтди. Улар Бобурийларни мўғуллар дер экан. «Мўғуллардан бизга Тож Маҳал қолди, инглизлардан тил қолди», деб ана шу икки нарса ҳиндистонликлар учун қанчалик қимматли, арзигулик эканини айтди. Ҳақиқатан, мен ўзим Тож Маҳални томоша қилишга қанча кўп одам келаётганини кўрдим. Энди у ерда Бобурийлардан фақат Тож Маҳал қолмаган экан, ўнлаб шунақа бинолар бор экан. Эҳ, дедим, нега бу бинолар Самарқандда қурилмади? Нега бечора Бобур «бошимни олиб, оёқ етгунча кетгайман», деб кетиб қолдилар? Яна қаранг, «Ҳинд сори юзландим, юз қаролиғ бўлди», дейдилар. Ишқилиб, шу нарсалар кўнглимдан кечди.
Би-би-си: Ўқувчиларимиз, радиотингловчиларимизга қандай тилакларингиз бор?
Нусрат Раҳмат: Худога шукур, республикамизда тинчлик. Аста-аста тараққиёт ҳам бўлаяпти, демократик ўзгаришлар ҳам бўлади аста-аста. Мен ҳар замон четга кетиб қолган биродарларимизни эслайман. Худо уларнинг ҳам ишларига омадлар берсин, дейман. Мана янги йил яқинлашиб келаяпти. Сизларни ҳам, чет эллардаги биродарларимизни яқинлашиб келаётган янги йил билан муборакбод этаман. Бахт-саодатли бўлсин ҳамма!