Бундан 27 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу воқеа мустақил Ўзбекистонимизнинг ўз тараққиёт йўлини бошлаб олишидаги илк қадамларидан бири бўлди. Тил миллатнинг маданияти ва маънавияти, қадим тарихи ҳамда ўша миллатга хос бўлган урф-одатлар мажмуйи ифодаси. Филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов билан ўтган суҳбатимиз айнан бугунги кунда она тилимизга берилаётган эътибор ва эътироф хусусида бўлди.
— Тил ҳар бир инсон учун худди “она” ва “Ватан” сўзларидек муқаддас тушунча. Буни бошқа соҳа вакилларидан кўра тилшунослар яхши англайдилар…
— Тил ҳақида айтилган таърифлар бисёр. Тил энг аввало, инсоннинг ички дунёси, оламни идрок қилиши, тафаккур тарзи ва камолотини белгилайдиган восита. Тилга кўпинча алоқа воситаси сифатида қарашади. Аслида бу тилнинг моҳиятини тўғри англамаслик натижасида пайдо бўлган нотўғри қараш. Тил фақат алоқа воситасигина эмас, у инсоннинг тафаккур тарзини тайин қиладиган, дунёни билиши, дунёни кўриши, эшитиши воситаси ҳамдир.
Одам дунёни тили билан кўради, тили билан эшитади ва тили билан идрок қилади. Мисол учун ер юзидаги итлар бир хил товуш чиқаради, лекин уни ўзбек “вов-вов” деб эшитади, инглиз бошқача, рус миллати вакилига бошқача эшитилади. Бутун дунё тиллари орасида ҳар бир товушнинг эшитилиш тарзи бир-биридан фарқ қилади. Бу дегани инсон дунёни тили билан кўради ва тили билан эшитади. Инсон бирон нарсани номласа, бу номни ўзбек ёки рус ўз тили билан атайди, улар номлаш мотивига кўра бир-биридан фарқ қилади. Масалан, “синчалак” сўзи, читтак қушининг яна бир номланиши. Рус тилида у “синица” дейилади. Яна бир мисол, “ариқ жилдираяпти” деймиз. Буни инглиз бошқача атайди. Эшитиш тилга кўра бўлгани учун тақлидий сўзлар ҳамма тилда бир хил эмас.
Барчасининг асосий мазмун-моҳияти табиатдаги мавжуд товушларга тақлид қилиш натижасида юзага келади. Табиатда мавжуд товушларни қандай эшитсак, шундай тақлидий сўз юзага келади. Тилни мана шу тарзда тасниф қиладиган бўлсак, тил бу фақатгина алоқа воситаси эмас, кўриш, эшитиш, ҳаттоки англаш воситаси эканлигини билиб оламиз. Юртимизнинг биринчи раҳбари Ислом Каримов “Тилимиздаги “андиша”, “ибо”, “ҳаё” деган сўзларни бошқа тилга таржима қилиб бўлмайди,” деган эди. Тилларда бошқасига таржима қилиб бўлмайдиган тушунчалар мавжуд. Сабаби шу тушунчалар шу миллатнинг ўзигагина хос бўлган, ўзидагина бор ва номи ҳам шу тилда мавжуд. Уларни таржима қилиш керак бўлса, фақатгина тавсифий восита ёки иборалар ҳамда тасвирлаш йўли билан таржима қилиш мумкин.
Ер юзида қор кўп ёки кам жойлар бор ёки ўт кўп бўладиган ва бўлмайдиган жойлар мавжуд. Ўзбек тилида қорнинг тўрт ёки бешта номи бордир, аммо қор кўп ёғадиган мамлакатларда унинг 200-400 тагача номи мавжуд. Биргина шотландияликлар тилида 421 та қорнинг маъносини билдирадиган сўз борлиги аниқланган. Бу давлатда қорнинг устига чанг тушадими, ёмғир тушадими, у музлаб қоладими уларнинг ҳар бири алоҳида ном билан аталади. Араб тилида қорнинг номи йўқ. Улар қорни шакарга ўхшагани учун шундай номлашади. Тилни мана шундай тарзда кенг тасаввур қилиш керак.
Тил фақатгина алоқа воситаси бўладиган бўлса, у кўча қоидаларидан фарқ қилмай қолади. Инсоннинг тили барқарор бўлса, қайси тилда тафаккур қилса, у одам ўша тил мансуб миллатга дахлдор ҳисобланади. Луғатшунос олим Владимир Далнинг отаси шотланд миллатидан, онаси олмон бўлган. Унинг шундай фикри бор: “Одамнинг қайси миллатга мансублигини белгилашда унинг насл-насаби, қони, қаерда яшагани, қариндош-уруғи ҳеч қандай рол ўйнамайди. Буни фақат қайси тилда тафаккур қилиши, қайси тилда ўйлаши белгилаб беради. Мен русча тафаккур қиламан, демак мен русман,” дейди. Аслида рус миллатига ҳеч қандай алоқаси йўқ.
— Суҳбатларингизнинг бирида: “Совет даври” дейилмиш яқин тарихда ўзбек тилининг қонуний ҳуқуқлари поймол этилди, у ҳар жиҳатдан камситилди, ўзбек тили ва ўзбек халқининг ягона ватани бўлмиш Ўзбекистонда расмий ишлар ўзбек тилида эмас, балки рус тилида олиб борилди. Шапалоқдек қоғоз ҳам ўша тилда бўлмаса, қилча қувватга эга бўлмади”, дея хотирлагансиз.
— Миллатни миллат қиладиган, уни меҳварида ушлаб турадиган қудрат, бу – тил. Инсоннинг дунёни кўриши, тушуниши унинг ҳамияти саналади. Мана шу ҳамият тирик бўлса, демак у ўзини ҳимоя қила олади. Шунинг учун ҳам истибдод эгалари тилни йўқ қилишга ҳаракат қилишган. Хитой файласуфларидан бири Конфуций шундай дейди: “Сен менга муайян бир халқнинг қўшиғи, гапирадиган сўзи ёки бошқа жиҳатларини кўрсатсанг, сенга бу халқни қандай осон идора қилиш мумкинлигини айтаман”. Истилочилар кишилар билан мулоқотда, расмий ёзишмаларда тилни йўқотишнинг уддасидан чиқишди. Лекин бадиий тилни ўз йўлига сола олмади. Чунки Алишер Навоий, Бобур, Огаҳий, Чўлпон, Қодирийлар бор эди. Ўша давр адабиётида тил тараққий қилди, лекин энг муҳими, давлатнинг халқ билан, халқнинг давлат билан бўлган муносабатларида бу ўз измидан чиқди. Халқ билан давлат ўз тилида эмас, бошқа тилда мулоқот қилишга мажбур бўлган.
Ўзбек тилининг тараққиёти учун жуда кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Охирги улкан ва тарихий тадбирлардан бири Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил қилиниши бўлди.
— Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилганлиги барча учун катта воқелик. Албатта, ушбу унивеситет тил ва адабиётимизнинг ривожига хизмат қилади. Университет ҳаёти ҳақида бироз тўхталсангиз.
— Ҳозирги глобаллашув даврида ўзбек тилининг тарихий тараққиёти ва унинг истиқболи, бугунги ҳолатини ўрганиш ҳамда ўзбек тили ва адабиётини ўқитишда етук кадрларни тайёрлаш мақсадида 2016 йил 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Унга кўра, университетда учта – ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факултетлари очилган. Ўзбек филологияси факултетида ўзбек тили ва адабиётини илмий тарафдан ўрганадиган кадрларни етиштириш мақсад қилиб қўйилган. Ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш факултетида эса олий ва ўрта махсус таълим тизимида ўзбек тили ва адабиёти йўналишида таълим берадиган педагогларни етиштириш асосий вазифалардан бири сифатида тилга олинган. Ўзбек-инглиз таржима факултетида ўзбек адабиётининг намуналарини ўзбек тилидан инглиз тилига, инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қиладиган таржимонларни тайёрлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, мазкур университет ҳузурида Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил қилинди.
— Кўпгина илмий асарларда Ҳазрат Алишер Навоий ўз она тилини асраб қолиш учун мунтазам курашган буюк тилшунос олим сифатида тилган олинади. Бу ҳақдаги фикрингиз?
— Алишер Навоийнинг улуғ мақсади туркий тилнинг ифода имкониятларини ва унинг бадиий хусусиятларини дунёга кўрсатишдан иборат бўлган. Шунинг учун ҳам жуда кўплаб арабча ва форсча сўзларни ўзиники қилиб олган. Ва бу жуда катта жасорат эканлигини таъкидлаш лозим. Навоий ўзбек тилининг асосчиси сифатида тилга олинади ва бу албатта тўғри эътироф. Ҳақиқатан ҳам, Навоийнинг асарларини ўқиганингизда ўзбек тилининг илдизи қанчалик чуқур эканлиги, бу тилнинг имкониятлари қанчалик катта эканлигини англайсиз. Унинг асарларида ўзбек тилининг синтактик, морфологик, лексик хусусиятлари худди кўргазмали қуролдек кўрсатиб қўйилган. Табиийки, Навоий даврида ҳам форс тилини туркий тилдан устун қўйиш каби ҳаракатлар бўлган. Навоий туркий тилни қанчалик билса, форсийни ҳам шу даражада билган. Ўша даврларда форс тили сарой тили ҳисобланган.
Кейинчалик Алишер Навоийнинг ҳаракатлари билан туркий тил сарой тили эканлиги ҳақида фармон чиқарилган. Навоийнинг муҳташам ва беназир ижоди, кўламли фаолияти унинг буюк мутафаккир ва улуғ шахс эканлигининг шаҳодатидир.
— Баъзи манбаларда Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асари ҳаётий зарурат туфайли дунёга келган дейилади. Бу қанчалик тўғри?
— Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асари илмий насрнинг ўзига хос гўзал бир намунаси. Баъзилар Навоий бу асарини туркий тилни форс тилидан баланд кўрсатиш мақсадида ёзган дейди. Йўқ, аслида ундай эмас. Навоий ҳеч қачон туркий тилни форсий тилга қарши қўйган эмас. Навоийдек буюк даҳо бир тилни бошқасига қарши қўйиш маъқул эмаслигини билган. Лекин туркий тилнинг форс тилидан қолишмаслигини, бу тилнинг имкониятлари қанчалик кенг эканлигини айтишни истаган. Алишер Навоий ҳақиқий тилшунос, синчи сифатида туркий тилнинг имкониятларини ўрганган, ўргатган ва намойиш қилган. Ҳозирда бу бутун дунёда эътироф қилинган ва илмий тилшуносликнинг ўзига хос намунаси сифатида тилга олинади.
— Маълумки, ҳозирда бир қатор хорижий давлатларда ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ортмоқда. Бу эса ўзбек тилининг ватани бўлмиш Ўзбекистон билан халқаро алоқаларни ривожлантиради. Ўзбек тилини ўрганиш бўйича халқаро ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган?
— Ўзбек тили қадимдан мавжуд эканлиги, унинг шаклланиш босқичлари неча минг йиллик тарихни қамраб олишини Ғарбдир, Шарқдир яхши тасаввур қилишади ва буни ўрганаётган олимлар анча-мунчани ташкил қилади. Ҳаттоки ўзбек тилини ўрганиш мақсадида бир қанча миллат вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюришмоқда. Кореялик Ким Бёнг Ил Ўзбекистонга келиб, ўзбек тилини ўрганиб, илмий тадқиқот олиб бориш билан бирга, 2001-йилда “Ўзбекча-корейсча сўзлашув китоби”ни нашр қилдирди. Ёки кореялик тадқиқотчи Инкёнг О ўзбек тилини ўрганиб, таниқли фолклоршунос, профессор М. Жўраев раҳбарлигида “Алпомиш” ва “Жумонг” қаҳрамонлик достонларининг қиёсий таҳлили” мавзусидаги докторлик диссертатсиясини ҳимоя қилиб кетди. Яқинда Америка, Япония давлатларидан вакиллар келиб ўзбек тилини ўрганиш бўйича малака ошириб кетишди. Ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш катта. Бундан 25 ёки 30 йил олдин буни тасаввур қилиш қийин эди. Бундан ташқари, дунёнинг бир қанча мамлакат университетларида ўзбек тили кафедралари очилган. 2005 йилдан буён Хитойдаги Пекин миллатлар марказий университетида ўзбек тили кафедраси фаолият юритмоқда. 2012 йилдан буён эса Пекин хорижий тиллар университетида ўзбек тили ўқитилмоқда. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ўзбек тили қадимий ва бой тил, улкан адабиёт сифатида ўзини кўрсатмоқда.
— Устоз, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Нилуфар Муродова суҳбатлашди
“Соғлом авлод учун” журнали, 2016 йил 9-сон