Навоийни англаш (давра суҳбати, 1999)

Ушбу суҳбатимиз устоз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маҳмуд Саъдий ташаббуси билан бўлган эди.

Неча юз йиллардан буён Алишер Навоий бадиий-илмий мероси инсоният маънавияти йўлида хизмат қилиб келмоқда. Унинг “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам” каби ҳикматли сатрлари эл орасида машҳур бўлиб кетган. Ҳақиқатан ҳам, ЎЗЛИКни – Аллоҳ ва пайғамбаримиз олдидаги, оила ва яқинларимиз, ватанимиз ва миллатимиз, инсоният олдидаги вавзифаларимизни англашда Алишер Навоий ҳамиша бизга мададкор, Алишер Навоий руҳий-маънавий дунёмизнинг бир қисмига, шахсимизга, жисмимизга айланиб кетиши керак. Ҳакимларимиз мустақил фикрлаш – катта бойлик, деб алоҳида таъкидлаганлар. Бугунги кунда мустақил фикрлайдиган ҳар бир одам Алишер Навоийни теран ва кенгроқ англаши зарурга ўхшайди. Шундай экан, Алишер Навоийни англаш ҳозир қандай мавқеда турибди? Биз шу мавзу атрофида республикамизнинг таниқли кишиларига мурожаат қилдик. Улардан қуйидаги жавобларни олдик.

–Муҳтарам устоз, мана, ярим асрдан бери умрингиз Алишер Навоий билан биргна кечаяпти. Улуғ шоиримиз оила, Ватан ҳақида ўз мустақил фикри, қарашига эга бўлган. Эътиқодида Халқ, Ватан, юрт манфаатлари биринчи ўринда турган. Бугунги кунда мустақиллик мафкурасини шакллантиришда Навоийнинг ўрнини қандай белгилайсиз?

Абдуқодир ҲАЙИТМЕТОВ – филология фанлари доктори, профессор, ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти Алишер Навоий бўлимининг мудири:

–“Садди Искандарий” достонида шундай байт бор:

Иёлу Ватан узра то жони бор,
Киши ҳарб этар токи имкони бор.

Бу байтда улуғ шоир: “Ҳар бир инсон, у ҳақиқий инсон бўлса, то тирик экан, ўз Ватани ва оиласи (иёлу)ни имкони борича ёвдан ҳимоя этишга ҳаракат қилади”, – демоқчи. Маълум бўладики, Алишер Навоий Ватан ва Оилани бир-бири билан чамбарчас боғлиқ тушунчалар, деб қараган.

Инсон боласида Ватанга севги туйғуси нақадар чуқур эканини Алишер Навоий илк марта ўзининг йигитлик йилларида ёзган машҳур рубоийсида хас-ҳашак, тиканлардан ясалган ўз ошёнини подшоҳларнинг олтин қафасидан ортиқ кўрган булбул тимсоли орқали ғоят ёрқин ифодалаб берган эди:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул битса
Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.

Шоир ўз асарларида, хусусан,  достонларида ватанпарварликни инсонпарварлик, одиллик, маърифатпарварлик, миллий мустақиллик ғоя ва тушунчалари билан боғлаб талқин этган. “Садди Искандарий”да у Дорони мустақил Эрон шоҳи, деб таъриф-тавсиф этади:

Жаҳон мулкида мустақил подшоҳ,
Анга топшуруб шоҳлар тошу гоҳ.

Бироқ у зулмкорликка берилиб, халқи уни қўллаб-қувватламагани учун Искандардан енгилади. Демак Алишер Навоий фикрича, ўз мамлакатининг озодлигини, мустаҳкамлигини сақлаб қолмоқчи бўлсалар, адолатли ва маърифатли бўлишлари шарт.

Алишер Навоийнинг шеърий ва насрий асарларида эрксеварлик, миллий мустақиллик, халқчиллик, ватанпарварлик масалаларига тасаввуфнинг, хусусан, Шайх Баҳоуддин Нақшбанднинг

Ватан таркини бир нафас айлама…
Мусофир бўл, аммо Ватан ичра бўл…

каби кўрсатмалари ҳам катта таъсир кўрсатган. Масалан, бунга Алишер Навоийнинг ҳаж сафарига отланиб, боролмай қолгани яққол мисол бўла олади. Маълумки, Алишер Навоий ўз даврининг давлатманд кишиларидан бири бўлган. Бинобарин, бу унинг ҳажга боришини тақозо этган. Лекин у икки бор сафарга отланганда ҳар сафар Султон Ҳусайн Бойқаро унинг мамлакатдан узоқлашишини истамаган, бунинг учун қулай шароит йўқлигини, мамлакатда ва қўшни ўлкаларда вазият мураккаблигини айтиб бу муборак ҳаж сафардан қайтарган. Ўз мамлакатини, халқини жондан ортиқ севган Навоий эса подшоҳнинг илтимосини қабул қилган ва ҳаж савобига бошқа хайрли ишларни бажариш билан  эришишга қарор қилган.

Хуллас, Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди бугун ҳам ҳаммамиз учун ибрат  бўлиб, биз уни ўқиш билан бирга яхши уқишимиз, унда ўзимизга тўғри хулосалар чиқара олмоғимиз керак.

–Домла, Сиз Навоий асарларининг танқидий матни ҳақида гапирсангиз. Ахир, улуғ шоир асарларини халқимизга аслидагидек етказиш ҳам ўзлигимизни англашга ёрдам беради. Шундай эмасми?

Баҳодир САРИМСОҚОВ – филология фанлари доктори, профессор:

Ҳақиқатан ҳам, Алишер Навоий асарларини халққа етказмай туриб, қандай ўзлик ҳақида сўзлаш мумкин. Топилмаганларини ҳам топиб ўрганиш керак. Чунки шоир асарларининг матнлари, таҳлиллари аниқ бўлсагина, улуғ шоиримизни, ўзлигимизни тўлароқ англашимиз мумкин. Алишер Навоий “Ғаройиб ус-сиғар” девонига ёзилган “Дебоча”да “Бадойиъ ул-бидоя”, “Наводир ун-ниҳоя” девонларида бўлганидек, “Хазойин ул-маоний”ни тузишда ҳам Султон Ҳусайн Бойқаронинг қимматли маслаҳатлар берганлиги ва унга тузатишлар киритилганлигини алоҳида адабиётшунослар девонлараро айни бир ғазал ёки бошқа жанрлардаги асарлардаги таҳририй тузатишларни Алишер Навоийдан кўра Ҳусайн Бойқарога нисбат бериш майлини билдирадилар. Тўғри, Алишер Навоий девонларига киритилган асарлар таҳририда Султон Ҳусайн Бойқаронинг хизматлари катта ва буни Алишер Навоийнинг ўзи ҳам қайта-қайта эътироф этади. Аммо “Дебоча”да улуғ шоир бир нарсага нозик ишора бериб ўтади, яъни “ул таълимларни ўзумга дастур қилиб, ҳамул дастур била ул забту тартибға шуруъ қилур эрдим”. “Бадойиъ ул-бидоя” ва “Наводир ун-ниҳоя” девонларидаги ғазаллар билан “Хазойин ул-маоний” таркибидаги девонларга киритилган ғазаллар матнини бирма-бир солиштириб чиқиш бизга кейинги асарлардаги асарлар матнига уч хил миқёсдаги таҳририй тузатишлар киритилганлигидан шаҳодат берди.

Бу хил тузатишларнинг биринчиси алоҳида калом – сўз миқёсидаги тузатишлардир. Масалан, “Наводир ун-ниҳоя”даги 182-ғазалнинг 3-байти қуйидагича:

Қайда бўлсун уйқуким оқизмиш хайлини,
Тинмайин афғон сиришким сайлидин су кечалар.

Мазкур байт “Фавойид ул-кибар” девонидаги 174-ғазалнинг 3-байти сифатида қуйидагича таҳрир қилинган ҳолда киритилган:

Қайда бўлсун уйқуким, оқизмиш уйқу хайлини,
Тинмайин оққан  сиришким қонидин су кечалар.

Иккинчи хил таҳрирлар сўз бирикмаси ва айрим иборалар миқёсида юз берган.

Учинчи хил таҳрирлар эса, муайян асар доирасида амалга оширилган. Бунда ҳам бир неча ҳолат кўзга ташланади: биринчиси байтлар ўрни алмаштирилади, иккинчиси – байтнинг мисралари ўрни алмаштирилади, учинчиси – айрим байтлар чиқариб ташланган, тўртинчиси – ғазалга янги байтлар киритилган, бешинчиси – бир ғазалдаги байт олиниб иккинчи бир ғазал таркибига айнан киритилган.

Хуллас, тилга олинган масала бўйича бизда катта материал тўпланиб, ҳар бир таҳририй тузатишнинг сабаблари таҳлил этилган ишимиз ниҳоясига етиб қолди. Уни яқин вақтлар ичида муҳтарам навоийхонлар ҳукмига ҳавола қилиш ниятимиз бор.

–Биз ҳозир ҳуқуқий демократик давлат қуришга азму қарор қилганмиз. Улуғ амир Алишер Навоий ҳам умри бўйи адолатли жамият, адолатли давлат қуришга интилди, шунга хизмат этди. Вазир бўлган пайтидаёқ қонун асосида давлатни бошқариб, адолат принципларига риоя қилди. Қонунни бузиб халққа жабр кўрсатганларга эса жазо берди. Устоз, Алишер Навоийнинг ҳуқуқий қарашлари ҳақидаги фикрларингизни билдирсангиз?

Ҳалимбой БОБОЕВ – Тошкент давлат юридик институти ректори, юридик фанлар доктори, профессор:

–Алишер Навоий ўз даврининг буюк сиёсатчиси сифатида давлатнинг бош вазифасини, яъни мамлакатда қонунчиликни, тартибни ўрнатишни теран тушуниб етган ва унга умрининг сўнгги кунларигача амал қилган давлат арбоби эди. Шоир сиёсат, давлат қонунларига оид махсус асарлар ёзиб Туронда сиёсий, ҳуқуқий таълимотларнинг ривожланишини янги поғонага кўтарди. Асарлари орқали темурийлар давлатини бошқа халқларга танитди. Масалан, унинг биргина “Тарихи мулуки Ажам” асари қадимги Эрон ва Турон ҳудудида давлатнинг ташкил топиши ва ривожланиига бағишланган. Алишер Навоий Ажамда Одам Атодан то ўрта асрларгача ўтган катта тарихий даврда ҳукмронлик қилган шоҳларнинг исмлари (улар 65 нафардан ортиқ), сулолалар (пешдодийлар, кайонийлар, ашконийлар, сосонийлар) ҳақида ҳикоя қилади ҳамда ҳарбий саркардаларнинг фаолиятларига баҳо беради.

Алишер Навоий мамлакатнинг бойлигини яратувчи деҳқонларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя этишни ўзининг ва давлат аппаратининг вазифаси, деб билади. У вилоятларда, шаҳар ва қишлоқларда давлат солиқларининг турлари ва миқдорининг ниҳоятда ошиб кетганлигидан норози бўлиб, исён кўтарганлар билан бевосита мулоқотда бўлиб, мамлакатни ана шундай оғир иқтисодий шароитларга олиб келган давлат мулозимларини қаттиқ жазолайди. Деҳқонлар ва ҳунармандларнинг зиммасидаги оғир солиқларни енгиллаштиради.

Алишер Навоий темурийлар давлат бошқарувида бўлган Хуросон давлатига хизмат қилар экан, мамлакатда ободончилик ишларига катта эътибор беради. Ўзининг жамғармасидан масжид ва мадрасалар, шифохоналар, боғлар, йўллар, кўприклар, карвонсаройлар қурдиради. Буюк мутафаккирнинг ободонлаштириш борасидаги фаолияти унинг номини халқимиз орасида адолатли вазир сифатида машҳур қилди. Алишер Навоий Хуросон ва Мовароуннаҳрда илм-фан тараққиётига алоҳида эътибор берди. Бу соҳа кишиларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатди; уларнинг ҳуқуқларини қўриқлади ва давлатнинг ҳимоясида бўлишини таъминлади. Алишер Навоий дунёқарашида келажакда идеал давлат қуриш орзуси катта ўрин тутади. У сиёсий қарашларида мавжуд феодал давлатларни танқид қилиб, Искандар давлатидек идеал давлат тимсолини “Садди Искандарий” достонида яратди. Унда шоир бўлажак идеал давлатни идора қилиш шакли, давлатни бошқаришда фан ва техниканинг аҳамияти, халқаро ҳуқуққа оид масалаларни таърифлайди. Энг муҳими, Алишер Навоий жамиятни давлатсиз, қонунсиз, шоҳсиз тасаввур қилолмайди. У жамиятда интизом, қонун-қоида бўлишини эътироф этади.

Ало, токи шоҳсиз чу бўлгай жаҳон,
Замон аҳилга бўлмагуси омон.

дея, марказлашган, мустаҳкам қонунга асосланган давлатни, унинг тепасида эса маърифатли шоҳ туришини орзу қилади.

–Машҳура опа, Алишер Навоийни болаларга англатиш, ўқитиш муаммолари ҳақидаги фикрларингизни биз билан баҳам кўрсангиз. Табиийки, болалар Алишер Навоийни англаш орқали ўзларини англаб боради…

Машҳура САЪДИНОВА – Тошкент шаҳар Акмал Икромов туманидаги 283-мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси:

–Бу савол кўпдан бери мени ўйлантираётган дардли савол бўлгани учун ҳам оромимни ўғирлади…

Алишер Навоий асарларини тушумоқ учун аввало Навоийнинг – Алишернинг ким эканлигини англамоқ керак. Уни англамоқ учун эса… мусулмонлик амалларидан огоҳ бўлмоқ лозим…

Дарсликларга Алишер Навоий ҳақида – ҳаққоний ҳикоя қилувчи бадиий ва тарихий асарлардан кўпроқ киритиш керак…

Мактабга бораётган Алишернинг бурро-бурро саволлари, чўлда адашиб қолганда ўзини тутиши, мумтоз муаррих Шарафиддин Яздий билан суҳбат, малик ул-калом Лутфийнинг эътирофли, меъморлар билан бирга ишлаётган устод  қиёфаси…

Ёшгина Алишернинг қўлидан отаси “Мантиқ ут-тайр” китобини олиб қўйди. Ана энди мақсадга келдик. Гап кичкина Алишернинг бутун асарни ёд олганида эмас… Гап бу асарнинг бўлажак шоир дунёқарашини ўзгартириб юборганида. “Мантиқ ут-тайр” қандай асар эди? Нима учун ота бу асарни ўқишни ўғлига таъқиқлаб қўйди? “Фаридиддин Атторнинг китоби фалсафий эди, отаси ўғлининг жинни бўлиб қолишидан чўчиб уни олиб қўйди”, деган жавоб ўқувчини қаноатлантирмайди.

Менингча, комил инсонликка интилиш туйғуси Алишер Навоийда шу асар туфайли жуда эрта, болалигидаёқ пайдо бўлди. Бугун ҳаёти, ижоди давомида бунга амал қилди. Буни ўқувчига етказиш учун Фаридиддин Аттор асарини ҳам дарсликка киритиш керак.

Ҳозир ўқувчилар масалан, 5-синф ўқувчиси тушуниб-тушунмай, тили келишиб-келишмай (русча тарбия-да) Алишер Навоий рубоийларини ёд олади.

Биз ўқитувчиларнинг кўпчилигимиз ҳам Алишер Навоийни яхши тушунмаймиз, тасаввуф қандай таълимот эканлигини билмаймиз. Шунинг учун ҳам ўқувчиларга шоир асарларининг туб маъносини етказиб беролмаймиз.  Ўқувчиларимизда мен Алишер Навоийнинг авлодиман, деган фахр туйғусини уйғотолмаяпмиз!

Алишер Навоийни комил  инсон сифатида кенг омма таниши керак. Ҳозир кўпчилик уни шоир сифатида танийди. Аммо “Хамса”нинг муаллифи сифатида, умуман, “Хамса” қандай асар эканлигини билмайди.

Агар Алишер Навоий асарлари экранга кўчсами… Алишер Навоийнинг болалиги ҳақида. Асарлари асосида мультфилмлар яратилсами..

Телевидениеда Ёқубжон Исҳоқовга ўхшаган олимлар “Мантиқ ут-тайр” ҳақида, Алишер Навоийнинг комил инсонлиги ҳақида ўқувчи ва ўқитувчилар учун ўқув кўрсатувларини олиб борсалар айни муддао бўлар эди.

Алишер Навоийни болаларимиз боғча ёшиданоқ танисин. Бунинг учун ота-оналар Навоийни таниши керак.

– Маҳмуд ака, халқимизнинг Алишер Навоийни англашида матбуотнинг ўрни катта. Сиз узоқ йиллардан буён газета-журналлар редакцияларида ҳозирги ўзбек адабиёти, ўзбек классик адабиёти, жумладан, Алишер Навоий ижоди бўйича ёзилган тадқиқотларни таҳрир этиб, эълон қилгансиз. Алишер Навоий ҳақидаги мақолаларни қабул қилаётганингизда нималарга кўпроқ эътибор берасиз?

Маҳмуд САЪДИЙ – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист:

–Алишер Навоий ҳақида, фақат ХХ асрни назарда тутганда ҳам, кўп нарса ёзилган. Улуғ бобомизнинг 525-йиллиги арафасида навоийшунослик аввалгига нисбатан анча ривожланди. Бинобарин, навоийшунослар  ҳам кўпайди. Шубҳасиз, булар орасида ҳақиқий олимлар билан бирга ҳаваскор даражасидаги адабиётшунослар ҳам кўп. Демак, матбуотда Алишер Навоий ҳақида ёзилган барча мақолаларни ҳам эълон қилиш шарт эмас. Бироқ. Афсуски, ҳамма ўз мақоласини  чиқаришни хоҳлайди. Албатта, мазмунан юпун, илмий қиммати паст қораламаларни чиқармаслик газетхоннинг қимматли вақтини тежайди, уни чалғитмайди. Мен қандай йўл тутаман? Аввало, Алишер Навоий ижоди ҳақидаги мақолада қандай янги фикр айтилганига эътибор бераман. Менимча, улуғ шоиримиз ҳақида каттами-кичикми янги фикр бўлмаса, мақола ёзиб овора бўлишнинг ҳожати йўқ. Чунки Алишер Навоий номининг ўзи муаллифларни масъулиятга чақириш керак. Ҳар бир ўзбек, айниқса, олимлик даъво қилувчи кимса улуғ устод шаънига муносиб иш қилишни доимо ёдида тутиши шарт. Мен қўлимдан келганича иш жараёнида халтуранинг йўлини тўсишга, Алишер Навоий ҳақида янги фикрларни, асосли янгича қарашларни эълон қилишга қизиқаман. Агар бирор мақолада янги фикр бўлса,  ўзим ёзгандек қувониб кетаман. Шу сабабдан ҳам янгилик топган навоийшуносларнинг кўпи мақоласини менга келтиришни  лозим топади, бундан, тўғриси, мен фахрланаман. Ўйлашимча, ҳар биримиз халқимизга, халқимизнинг Алишер Навоий сингари асл фарзандларига улуғ бир ҳурмат, маърифат ва муҳаббат билан қарашимиз ҳамда шунга яраша иш қилишимиз керак.

–Алишер Навоий ўз даври ҳаётини чуқур билган, асарларида чуқур таҳлил қилган. Иқтисоднинг жамият ҳаётида етакчи ўрин тутишини яхши билган. Бозорда ҳам иқтисодий, ҳам маъмурий усул билан назорат бўлишини қатъий  талаб қилган. Ижтимоий ишлаб чиқаришда асосан деҳқонларни назарда тутган. Сиз иқтисодчи олим сифатида улуғ шоирнинг бу фикрларини қандай изоҳлайсиз?

Қудрат ДЎСТМУҲАМЕДОВ – иқтисодчи, профессор:

–Гапни  шоирнинг Бадиуззамон Мирзога ёзган бир мактубидан бошласам. Мактубда “Муҳтасиблар ҳафтада икки қатла бозор аҳлининг нархларидан вуқуф топсалар” деган  насиҳати бор. Бу насиҳатга йўғрилган фикр ҳозир ҳам замонавий. Кўриниб турибдики, иқтисод, ишлаб чиқариш тўғрисида улуғ Алишер Навоий ўзининг аниқ қарашларига эга бўлган. Ўз қарашларини халқ ҳаётига татбиқ этишга интилган. Алишер Навоий деҳқончилик ҳақида гапирганда ишлаб чиқаришни назарда тутган. Деҳқонларни ниҳоятда улуғлайди. “Маҳбуб ул-қулуб”га ёзган сўзбошисида навоийшунос олима Суюма Ғаниева “Оддий меҳнаткаш деҳқонларни Алишер Навоийчалик ҳеч ким таърифламаган”, – деб жуда тўғри ёзади. Бу қимматли фикрга мен ҳам қўшиламан. Ахир, ҳамма деҳқон устида кун кўрган, кун кўраяпмиз ҳам. Алишер Навоий буни ҳисобга олган. Ўзининг ижтимоий ишлаб чиқариш тарафдори эканлигини ҳам, ижтимоий ишлаб чиқариш жамият тараққиётини белгилашини ҳам деҳқонлар мисолида кўрсатган. У деҳқонларнинг бозорда эркин савдо қилишлари учун ҳаракат қилган. Ҳозир ҳам бу масала долзарбдир. Бугунги кунда ҳукуматимиз ишлаб чиқаришга кўпроқ эътибор бераяпти. Бир нарсани ўйлайман. Қадимдан Ўрта Осиё халқлари асосан савдо билан шуғулланган, ижтимоий ишлаб чиқаришдан анча узоқлашиш, ҳатто, маълум даражада қочиш, чекинишни ҳам сезиш мумкин.

Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг “Тижорат аҳли закрида”, “Шаҳарда олиб сотқувчилар зикрида”, “Бозор косиблари зикрида” номли фаслларида ва  бошқа панд-насиҳатларининг асосий йўналишида бозорлар фаолиятида ҳам маъмурий, ҳам иқтисодий усул билан давлат томонидан қаттиқ назорат бўлишини истайди. Бозордаги тарозилар, нарх-наво, маҳсулотларнинг сифати текшириб берилмаса, улуғ амир шоир наздида, шаръий меъёр бузилади. Тўғри. Чунки бу фаолиятда иқтисодий усул билан назорат бўлмаса, қонундан четга чиқиш рўй беради.

–Алишер Навоийнинг армияни бошқариш борасидаги қарашларини ўрганиш, ҳозирги замон армиясини бошқаришда, ҳарбий хизматчиларнинг миллий онгини ўстиришда муҳим аҳамият касб этса керак?

ТОҲИР СОАТОВ – ИИВ Ички қўшинлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник:

–Интизомли армияси бўлмаган давлат ўз мустақиллигини сақлаб қола олмайди, халқи тинч яшай олмайди. Буюк бобомиз ҳам бутун умри давомида мамлакат яхлитлигини ўйлади, шунинг ташвишини чекди. Шунинг учун ҳам унинг бу борадаги ўйлари асарлари руҳига сингиб кетмаслиги мумкин эмас эди. Бинобарин, асарларида армия – қўшин ҳақидаги қарашлари мавжуд. Ўз миллий ғурурига эга бўлган, эл-юртнинг қувонч ва ташвиши билан яшовчи ҳар бир ҳарбий киши учун Алишер Навоий, унинг улкан мероси катта аҳамиятга эга. Шоирнинг кўплаб шеърлари бизларни Ватан, оила ва жамият олдидаги муқаддас бурчларимизни – ҳукумат қурган қўшинда хизмат қилиш ҳар бир Ватан ўғлонининг бурчи, айни пайтда бу вазифа диннинг ҳам амри эканлигини англаб етишга чақирган.

Тарихдан маълумки, Алишер Навоий дўсти Султон Ҳусайн Бойқарога давлатни, армияни бошқаришда кўмаклашган, маслаҳатлар берган. Мамлакат тинчлигини ўйлаган.

Шоир илғор навкарларга яхши эътибор бериш, иноят ва ҳурматни  жойига қўйиш, қонун-қоидани бузган навкарлар эса, жазоланиши кераклигини қуйидагича баён этади: “Мирзо навкарлариким, анда қуллуққа машғулдурлар.  Мирзо навкарлиги ҳайсиятидин иноят ва ҳурмат алар бобида кам бўлмаса, лекин беқоидалиғи биридин зоҳир бўлса, базхост ва сиёсатда маъзур тутулмаса”.

Ёки:

Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

байтида ифода этилган хислатларни ҳар бир ҳарбий киши – хоҳ у зобит, хоҳ у аскар бўлсин, – ўзида намоён қилиши керак, деб ўйлайман. Чунки Ватан ҳимоячиси ана шу хислатларга эга бўлмаса, она-юртини ҳимоя этолмайди ёки ана  шу вазифаларни бажаришга ўзини тайёрлай олмайди. Шу боис улуғ бобомиз ижодини ҳарбийлар орасида кенг кўламда тарғиб этиш олий бурчимиздир.

Мана, давра суҳбатимиз қақтнашчиларининг Алишер Навоий ижодидаги бир мавзу – ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ” мавзуи юзасидан қисқача мулоҳазалари билан танишдик. Шубҳасиз, Алишер Навоий ижоди улкан бир маънавият, маърифат денгизи. Ундан ҳар ким ўз тушунчасига кўра баҳраманд бўлади.

“Ёшлик” журнали,1999, 4-сон, 60-64-бетлар.

Суҳбатдош: Буробия РАЖАБОВА – филология фанлари номзоди.