Замонавий ўзбек насри ўзининг бой анъаналари ва бу адабий турдаги дунё бадиий тафаккури намуналари билан бўйлашадиган асарларига эга. Истиқлол йилларидаги ижод эркинлиги насримиз имкониятларини кенгайтирди. Адибларимиз катта журъат билан тарихий мавзуда муҳташам асарлар яратдилар, насрнинг барча жанрларида ҳам анъанавий, ҳам янгича услубларда эмин-эркин ижод қилдилар. Қарийб чорак аср мобайнида яратилган икки юздан зиёд роман, минглаб қисса ва ҳикоялар мустақиллик даври ўзбек насрининг салоҳиятидан далолатдир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ташаббуси билан йўлга қўйилган ижодий мулоқотларнинг бу галгиси — “Наср: бугун ва эртага” деб номланган давра суҳбатида адабиётшунослар, ёзувчилар, мунаққид ва тадқиқотчилар қизғин гурунглашиб, талайгина масалаларга ойдинлик киритишди, баҳс-мунозара қилишди. Хусусан, насримизнинг бугунги адабий жараёндаги ўрни, юзага келаётган адабий-эстетик тенденциялар, умуминсоний муаммоларнинг бадиий талқинлари, кўнгилочар “бозор адабиёти”га муносабат, ёш носирларнинг ижодий тажрибалари каби кўплаб мавзулар ушбу давра суҳбатининг мазмун-мундарижасидан ўрин олди. Глобаллашув жараёнида ёзувчининг позицияси, замондошларимиз ҳаётида, онгу тафаккурида рўй бераётган ўсиш-ўзгаришлар насрдаги бугунги изланишларда қай даражада акс этаётгани ҳам мулоқот чоғида сўзга чиққанларнинг диққат-эътиборида бўлди.
Албатта, бир давра суҳбатида қизғин кечаётган ижодий жараёнга, хусусан, насрдаги ютуқларни тўла-тўкис шарҳлаб бериб бўлмаганидек, бу борадаги камчиликларнинг сабабларига ҳам батафсил аниқлик киритишнинг иложи йўқ. Бироқ “Наср: бугун ва эртага” мавзусидаги мулоқот бундай тадбирларнинг адабий жараёнга, насримиздаги янгиланиш, ўсиш, ёзувчиларимизнинг янада фаоллашишига самарали таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Давра суҳбатини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср ижодий кенгаши раиси, таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев олиб борди.
Абдуқаюм Йўлдошев:
— Миллий адабиётнинг бўй-бастини, залворини айнан наср белгилаши бор гап. Шу сабабли ҳам барча замонларда бу адабий турга эътибор алоҳида бўлган.
Кўпчилигимиз яхши биламиз, тарихнинг бурилиш нуқталари жаҳон адабиётига гўзал, ҳайратомуз, бемисл дурдона асарларни берган. Қисқа вақт ичида бир тизимдан мутлақо бошқа бир янги тизимга ўтган, янгича онг-шуурга, дунёқарашга, маънавиятга эга бўлган халқимиз ҳам носирларимиздан шундай асарлар кутишга ҳақли, албатта.
Афсуски, адабиётимизда миқдор жиҳатидан ўсиш сифат ўсишига олиб келмаяпти. Адабиётимиз ҳамон юртимизда жуда қисқа фурсатда оламшумул ислоҳотларни, янгиланишларни амалга оширган замон қаҳрамонлари образларини, Тирик Инсонларни етарли даражада ифодалаб бера олмаяпти. Ҳамон кўплаб ёзувчиларимиз даққиюнусдан қолган қайнона-келин можароси ёки эҳтимолки, қўшни овулда рўй берган, бироқ на маънавиятимизга, на ахлоқимизга тўғри келадиган воқеа-ҳодисаларни кўпиртириб-шишириб ёзиш билан овора.
Қаранг, ёшларимиз тил ўрганишди. Энди дунё адабиёти дурдоналари бевосита аслиятдан она тилимизга ўгирилмоқда. “Жаҳон адабиёти” журналида биз бир пайтлар ойлаб қидириб излаб тополмаган асарлар пешма-пеш чоп этилмоқда. Аммо биз энтикиб кутган ўзимизнинг шоҳ асарлар негадир кўринмаяпти.
Мустақиллик даври ўзбек насрида қандай янги тенденциялар пайдо бўлди ёки пайдо бўляпти; миллий ўзига хослигимиз асарларимизда қай тариқа акс эттирилмоқда; жаҳон миқёсида юз бераётган глобаллашув жараёнлари насрий машқларимизда қай тариқа ифодаланмоқда; яратилаётган имкониятлар туфайли адабиётимизга кириб келаётган ёш носирларимиз машқларида бизнинг эътиборимизни тортадиган жиҳатлар борми…
Бугунги давра суҳбатида мана шу мавзуларда баҳс юритсак мақсадга мувофиқ бўлади назаримда.
Насримиз кейинги йилларда жуда катта адабий ҳосилга эга бўлди. Жилд-жилд романлар, қиссалар, сон-саноқсиз ҳикоялар чоп этиляпти, уларнинг катта қисми китоб бўлиб чиқяпти ҳам. Истиқлол йилларида янги даврнинг янги адабиёти пайдо бўлди. Ўтган деярли чорак аср мобайнида адабиётимизда икки юздан ошиқ роман, минглаб қиссалар, сон-саноқсиз ҳикоялар чоп этилди. Эътиборли томони шундаки, бу асарлар ғоявий зуғумлардан, якка партия манфаатини кўзлайдиган шиор-чақириқлардан холи, эркинлик шароитида яратилди. Ўтган давр ичида қаламкашларнинг тўлақонли ижод қилишлари, дунё адабиётининг энг сара намуналари билан бўйлаша оладиган асарлар ёзишлари учун барча шарт-шароитлар шаклланди.
Буни ҳеч ким инкор этмайди, албатта. Аммо афсуски, адабий ҳосилнинг каттагина қисмини адабий макулатура ташкил этиши ҳам бор гап. Зеро, “оломон маданияти” деган бало аллақачон китоб дунёсига ҳам кириб келдики, уни ҳар қадамда кўриб-билиб турибмиз. “Сариқ матбуот” кўнгилочар, бозор адабиётини юзага келтирди. Бизнинг вазифамиз чин истеъдодлар ва ҳақиқий адабиётни ҳимоя қилиш, авайлаб асраш, ривожланишига шарт-шароит яратиб беришдан иборат деб ўйлайман.
Нўъмон Раҳимжонов, филология фанлари доктори:
— Ғарбда “онг оқими” деб ном олган адабий тушунча дастлаб профессор Уилям Жеймс томонидан 1890 йили “Психология асослари” асарида илк бор илмга олиб кирилган эди. 1922 йили Ж.Жойснинг “Уллис” романи нашр этилгач, адабий танқидчиликда бу атама кенг қўллана бошланди. У бадиий фикр структураси, яъни адабий қаҳрамоннинг ички дунёсини очишга қаратилган монологи, кечинмалари, ўй-мушоҳадалари, изтиробу аламлари тизими сифатида намоён бўлаётир.
Мазкур адабий тушунчанинг бадиий метод сифатида шаклланиши, тараққиёт хусусиятлари тўғрисида муайян тасаввурга эга бўлиш учун уч муаммо — онг оқими ва сюжет, онг оқими ва тасвирийлик принциплари, ички монолог ва бадиий характер масаласи билан чекланиш мумкин.
Ҳозирги адабий жараён тарихини яратаётган бир неча бўғинга мансуб ўзбек носирларининг ижодий принциплари, услубий изланишлари “онг оқими” деб аталаётган адабий йўналиш принциплари асосида таҳлил ва тадқиқ этишга, ижодий тажрибаларда кўринаётган реализм, романтизм, натурализм, символизм, модернизм, сюрреализм, экзистенциализм каби бадиий методларнинг етакчи хусусиятлари, эстетик табиати ҳақида фикр юритишга асос беради.
Қисқа бир адабий давр ҳаётида бу тахлит бадиий методлар хусусиятларининг зоҳир бўлиши омиллари нималарга боғлиқ? Уларнинг илдизи қаерда?
Ижобий тажрибалардаги бу хил ранг-барангликлар адибларимизнинг дунёқараши, турли хил анъаналар этагидан тушиши, бадиий-эстетик, фалсафий тафаккур маданияти билан алоқадорликда кўриниш бермоқда. Хусусан, табиат ва жамият ҳодисаларини, ижтимоий воқеликни, инсоннинг янгича идрок ва ифода талқинлари, табиийки, бадиий умумлашмалар мазмунининг хилма-хиллигини таъминлаётир. Ҳозирги ўзбек насри, жумладан, Муҳаммад Алининг дилогияси (“Сарбадорлар”), тетралогияси (“Улуғ салтанат”), Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романи, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Бозор” романи, “Сўроқ”, “Оромкурси”, қиссалари, Асад Дилмуроднинг “Ранг ва меҳвар” романи, “Хаёл чўлғаниши”, “Хуфтон”, “Кунсулув” ҳикоялари, Отаули, Қамчибек Кенжа, Наби Жалолиддин, Собир Ўнар, Қўчқор Норқобил, Нормурод Норқобил сингари бир неча авлодга мансуб носирлар ижоди истиқлол даври ўзбек прозаси тарихини яратиш баробарида адабиётимиз ижодий методи табиатини, адабий йўналишлар эстетикасини тадқиқ этишни долзарб вазифалардан бири сифатида кўндаланг қўймоқда.
Биргина Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Қичқириқ” ҳикояси мисолида кузатадиган бўлсак, келиннинг анҳор сувига чўкиб, ғарқ бўлиши ҳодисасидан туртки олган бадиий фикр тадрижи — бу лирик персонажнинг мушоҳада кечинмалари тизимини ташкил қилади. Чунончи, Султоннинг анҳор билан боғлиқ болалик хотираларини, айни пайтдаги ҳолати, кайфияти, ҳис-туйғулари, ҳаётий тажрибасини қамраб олади. Бадиий фикр теран, серқирра фалсафий маънони ёритишга қаратилган. Султоннинг келинчак жасадини топишга жазм қилиши, анҳор тўлқинлари билан олишуви, оқимни енгишга сафарбарлиги — барча-барчаси рамзли маънолар силсиласидир. “Қичқириқ”нинг шиддатли тўлқинлари — бу ҳаёт, тирикчилик масъулияти ва синовлари; ана шу издиҳомда одамнинг ўзини ўзи англаб етиши, руҳан покланишга, маънан тозаришга йўналтирилган майлларидек англашилади. Демак, ҳаёт — тириклик издиҳоми ўзини излаб ўзлигини топганларни қадрлар экан.
Демак, психологик тасвир теранлигининг салоҳияти, жозибаси шундаки, ҳаётий фактдан туртки олган, қувватланган идрок ифода жараёнида янги бадиий ҳақиқатни, яъни реалликни юзага келтирмоқда. Султон характерининг намоён бўлишидаги рамзли маънолар тизими ёзувчининг воқеликни тушуниш ҳамда тушунтиришдаги ижодий йўсинини англашимизда муҳим аҳамият касб этмоқда. Рамзларга асосланган объектив воқеликнинг мазмун-моҳияти, унинг субъектив талқини ҳамда бадиий-эстетик умумлашма Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ўзига хос тасвир ва талқин маданиятини юзага келтирмоқда.
Воқеликдан туғилган, кечинмалар шаклини олган мушоҳада-муҳокамалар қаҳрамон руҳий дунёсини белгилаб бераётир.
Ана шу жараёнда бадиий методнинг муҳим хусусияти намоён бўлмоқда. Англашиладики, бадиий метод воқеликнинг у ёки бу қатламини бадиий-эстетик, ижтимоий-фалсафий, публицистик-ахлоқий ўрганиш тарзи сифатида зуҳур топаркан. Бу борада бадиий онг фалсафий-лирик, романтик кўтаринки, фантастик, истеҳзо-кулгили — сатирик, реалистик ва ҳоказо ранг-баранг кўринишларда ҳам ифодаланади.
Қозоқбой Йўлдош, филология фанлари доктори:
— Бугунги асл насрий асарлар олдин шакллантирилган қолипларга тушмаслиги билан ажралиб туради. Миллий насрда ҳар бири алоҳида изоҳланиши керак бўлган бир қатор асарлар юзага келди. Чоғдош насрда тарихга, одамга ёндашув, тарих ва одам муносабатини кўриш ва бадиий акс эттириш тамойиллари тамомила ўзгарди.
Бугунги насрий асарларда адабий қаҳрамонга ҳам ўзгача ёндашилмоқда. Насрий асарки бор, албатта, унда ижобийдир-салбийдир қаҳрамон, яъни эл қатори одамлардан бироз ўзгача образлар тасвирланишига кўникилган эди. Оқсоқол ёзувчи Муҳаммад Саломнинг “Катта хонадон” романида эса кундалик турмушнинг адоқсиз икир-чикирларига ўралашиб яшаётган оддий одамлар тасвирланган. Улар деярли ҳеч бир жиҳати билан бошқалардан ўзгача эмас. Ва айнан шундай тасвирлангани билан эътиборга лойиқ. Миллий наср қаҳрамон бўлмаган қаҳрамонларни тасвирлаш босқичига кирди.
Ҳозирги ўзбек насрида жиддий шаклий изланишлар ҳам бораётир. Омон Мухторнинг қатор ихчам романларидан сўнг Улуғбек Ҳамдамнинг олти бетлик “Наъматак” романи ёзилиши роман борасидаги мавжуд тушунчаларни ўзгартириб, дунё адабиётида кечаётган жанрий синкретизм бизга ҳам хослигини кўрсатди. Тўхтамурод Рустамнинг “Капалаклар ўйини”, Назар Эшонқулнинг “Гўрўғли”, “Баҳовиддиннинг ити”, “Қултой”, Абдуқаюм Йўлдошнинг “В.б. ва бошқалар” асарлари воқеликка ёндашувнинг ўзига хослиги, бадиий ҳақиқатнинг ҳаёт ҳақиқатидан устувор мартабага қўйилгани, ифоданинг бетакрорлигига интилингани билан диққатга лойиқдир.
Айрим насрий асарларда персонажлар воқеликка илова эмас, балки ўз ўйлари, хатти-ҳаракатлари билан реал борлиқдан муҳимроқ воқелик сифатида тасвирланмоқда. Ифоданинг ўзгачалиги билангина эмас, балки ҳаёт ва одамга янгича қараш, уларни бошқача тасвирлай билиш маҳсули ўлароқ дунёга келган насрий битиклар бугунги насримизнинг қиёфасига алоҳидалик бахш этади. Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар”, Луқмон Бўрихоннинг “Қуёш ҳали ботмаган”, “Йигит изтироби” сингари асарлари шу жиҳатдан эътиборни тортади. Бу асарларда тасвирланган тимсоллар бировга ибрат бўладиган, ўқирманга йўл кўрсатадиган шахслар эмас. Улар ўзларини англаб етиб, одамлар орасидаги ўринларини топиб олишга интилаётган кишилардир. Бундай битикларда кўпинча воқеалардан кўра, персонажларнинг ўй-хаёллари ифодаси етакчилик қилади. Чунки одам ўйлаётгандагина ўзидай бўлади.
Бугунги ўзбек насри шиддат билан бораётган глобаллашув шароитида ўз қиёфасидан айрилиб қолмасликка интилаётган миллат аҳлининг руҳий-интеллектуал олами, туйғулар дунёсини кўрсатишга қаратилган.
Ҳозирги насрда одамга ҳаёт орқали эмас, балки ҳаётга одам тасвири орқали ёндашилаётгани кўзга ташланади. Бундай бадиий асарда муаллиф ҳаётни ўрганиш ва акс эттиришни мақсад қилмайди, балки буларни тасвирланаётган шахснинг табиатини тушуниш ва изоҳлашга восита ҳисоблайди. Одам руҳиятининг тасвири ҳаёт ҳодисалари ва уларнинг манбасини тўғри тушуниш ҳамда изоҳлашга очқич бўлади. Шу сабаб бугунги ўзбек насрида инсон руҳияти товланишларини акс эттириш устуворлик қилмоқда.
Шартли равишда умумлаштириб, бугунги ўзбек насрининг биринчи белгиси сифатида унинг ижодкор кўнгил изҳори ва руҳий эҳтиёжи ифодасига айланганини кўрсатиш мумкин. Ҳозир чин насрий битиклар муаллифнинг ички эҳтиёжи туфайли, унинг руҳини безовта қилиб, хаёлотига ором бермаган ҳолатларнинг инъикоси ўлароқ дунёга келмоқда. Миллий насрнинг асл намуналарида бадиий тасвир фокуси ўзгариб, эстетик ёндашув соғломлашгани кузатилади.
Ифода йўсинининг бетакрор ва жозибали бўлишига эътибор қаратилгани бугунги илғор насрнинг иккинчи хусусиятидир. Ҳозирги насрий яратиқларда ёзувчини тўлқинлантирган, унинг хаёлотини безовта қилган инсоний тақдирлар тасвирланиши қоидага айланиб бормоқда. Илгарилари насрий асарларда улкан ижтимоий воқеаларни тасвирлаш муҳим саналган бўлса, энди истеъдодли ёзувчилар инсон шахсига ҳар қандай воқеа-ҳодисанинг сабабчиси ва ҳаракатлантирувчи кучи сифатида ёндашмоқда. Бугунги ўзбек насрида одамга сабаб, унинг атрофида кечадиган воқеа-ҳодисаларга эса оқибат тарзида қараш қарор топиб, яъни одамнинг руҳиятини тасвирлаш олд планга чиқди.
Ҳозирги ўзбек насрига хос учинчи белги ҳар бир асарнинг ўзига хос бетакрор шахсий қиёфага эга бўлиб бораётганлигидир. Шу сабаб эндиликда наср намуналарини синчиклаб ўқимай туриб, у ҳақда фикр айтиб бўлмайди. Чинакам насрий битикларнинг тамомила ўзига хос тасвир йўсинига эга эстетик ҳодисага айланиб бораётгани шундай ҳолатни юзага келтиради.
Сувон Мели, филология фанлари номзоди:
— Давра суҳбатини олиб бораётган ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг бир фикри айнан менинг кўнглимдаги гап бўлди: “Катта адабиётни ҳимоя қилишимиз керак. Агар биз ҳимоя қилмасак, бошқа ким ҳимоя қилади”. Бу аччиқ, аммо ҳаққоний фикр. Озод инсонни, унинг юксак маънавиятини ҳимоя қилишга йўналтирилган адабиётнинг ўзини бугун “оммавий маданият”дан ҳимоя қилмоқ керак. “Адабиёт ўладими?” деган савол йўқ жойдан пайдо бўлган эмас. Мен бунга ҳамиша “йўқ, ўлмайди”, деб жавоб берганман. Лекин… Агар адабиёт ўзига юкланган илоҳий миссия — эзгулик ва эзгу ҳислар тараннумидан юз буриб, банданинг (инсоннинг эмас) тубан, пастарин майлларини кўз-кўз қилиб, инсонийликка эмас, ёвузликка, гўзалликка эмас, хунукликка хизмат қила бошласа, адабиётнинг ўлгани шу бўлади. Иблиси лаин қуролига айланган адабиёт ўлик адабиёт ёки аксил адабиётдир. Фойда эмас, кони зарардир. Чунки уни илоҳий нур, мунаққар руҳ тарк этган бўлади. Бундай кўргиликдан Яратганнинг ўзи асрасин.
Бу — Президентимиз қайта-қайта огоҳлантирган маънавий таҳдиднинг энг ёвуз ва пинҳоний кўринишидир. Бу хавф миқёсини кўпчилик адибларимиз, айрим адабий нашр раҳнамолари ҳам тўлиқ англаб етган эмас.
Мен катта карвон бўлган насримиздан, адибларимиздан ялпи равишда миллий заминга қайтишларини, бадиий асар учун ҳаётий материални ўз халқимиз турмушидан танлашларини сўраган бўлардим. Ўзбекдай турфа қиёфа, ранг-баранг феъл-атворга эга миллат дунёда бўлмаса керак. Бир пайтлар санъатшунос дўстим Элдор Бобоев айтиб берганди. Устоз мусаввир Чингиз Аҳмаров Болтиқбўйи республикаларида ижодий сафарда бўлиб қайтгач, айтган экан: “Биласиз, мусаввир хос қиёфа, ёрқин талъат излайди, у ерда бир хилликдан зерикиб кетдим, ҳамма ёппасига бир хил қиёфа. Тошкентга қайтиб сал ўзимга келдим, эркин нафас олдим…”.
Бизда ҳар бир қишлоқ, шаҳар, туман, вилоят ўзига хос, такрорланмас. Қани бу ўзига хосликни тасвир этадиган, теша тегмаган жонли характерларни образларда муҳрлайдиган азамат? Барча вилоятларимизда, пойтахт Тошкентда ҳам шундай одамлар, ёрқин характерлар борки, улар ҳаёт саҳнидан адабиёт саҳнасига кўчиб ўтган эмас. Шоир ёзганидек, улар номаълум одамлигича дунёдан ўтиб кетишмасин. Бундай ёрқин характерлар миллатнинг, қолаверса, инсониятнинг мулкидир.
Бир ҳақиқатни унутмаслик лозим: биз дунё учун фақат ўзлигимиз, ўзбеклигимиз билан қадрлимиз, қизиқарлимиз. Ушбу ўзликни кўрсатиш, тасвир этиш, жаҳонга кўз-кўз қилиш пайти келди.
Ўзбек насрининг келгусидаги тараққиёт йўлларини тасаввур қиладиган бўлсак, айнан Истиқлол билан боғлиқ бир фикрни ўртага ташламоқчиман. Масалани Истиқлолга боғлашимга сабаб, олдинги тузумда бу ишни амалга ошириб бўлмасди, халқ, миллат ҳаёти ҳақида эркин фикрлашга йўл берилмасди. Гап шундаки, ҳанузгача адабиётимизда олис тарихий ўтмишга эга халқимизнинг бадиий-эпик тарихи яратилган эмас. Бу осон юмуш эмаслиги кундай равшан, лекин бу гап, керак бўлса, талаб бот-бот айтиб турилиши лозим. Ҳатто нисбатан кичик халқлар ўз бадиий тарихини яратишган. Масалан, эстон адиби Антон Таммсааре 1926—1933 йиллар давомида “Ҳақиқат ва адолат” номли беш жилддан иборат эпопея ёзган, унда эстон халқининг XIX асрнинг 70-йилларидан ХХ асрнинг 30-йилларига қадар кечган ҳаётининг кенг манзаралари тасвир этилган. Бизда ҳатто Мухтор Авезовнинг “Абай йўли” эпопеяси даражасидаги асар ҳам йўқ.
Мен бу ўринда тарихий прозамизнинг улкан ютуқларидан кўз юммоқчи эмасман. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур каби буюк даҳоларимиз ҳақида жиддий ва йирик асарлар яратилганини қайд этган ҳолда, ўзбек халқининг яхлит бадиий сиймоси, тарихий-ҳаётий воқеа ва образлар силсиласида ёрқин кўрсатилган бадиий юксак асарлар яратиш Истиқлол даври насримиз зиммасидаги улуғ вазифа, деб ўйлайман.
Рисолат Ҳайдарова:
— Ижодкорлар, одатда, аёлларни осмондаги ойга қиёслашади. Ой каби гўзал, сирли, ой каби йироқ ва ҳоказо. Биламизки, ой одамларга фақат бир, яъни ерга қараб турган томони билан кўринади. Ойнинг иккинчи томони ҳамиша кўздан йироқ, қоронғи, у ерда нима сирлар борлигини мутахассислар қудратли телескоплар ёрдамидагина кўриб, билиб олишади. Мен бу мажозни бежиз келтирмадим. Носираларимизнинг замонавий адабий жараёндаги иштирокини ҳам қайсидир маънода шунга ўхшатиш мумкин.
Насрда аёл ёзувчиларнинг улуши катта эмас. Авваллари ҳам носиралар кўп бўлмаган. Аслида гап сонда ҳам эмас, балки салмоқда. Лекин салмоқ деганда нимани тушуниш ҳам катта гап.
Носираларимизнинг сони кам бўлса ҳам, кўзлаган мақсадлари баланд. Бугун тарихий мавзуга қўл ураётган адибалар сони анча, авангард усулида ёзаётганлар орасида ҳам уларнинг улуши чаккимас, ҳозир ҳатто беллетристикада ҳам аёллар сафнинг олдига ўтиб олишяпти. Кечагина “Шарқ зиёкори” китоб дўконини кўздан кечирганда Фарида Усмонованинг “Ҳижрон” номли қисса ва ҳикоялар тўплами, Ҳафиза Эгамбердиеванинг “Нахшона” номли тарихий асари, шунингдек, Лола Ўроқова, Шаҳодат Исахонованинг янги китобларини кўрдим. Беллетрист аёллардан Жамила Эргашева, Ҳамрохон Мусурмонова, Лобар Рустамова, Шаҳло Ҳошимова, Зулайҳо Машарипова сингари ижодкор аёлларимиз фантастика, детектив, маиший мавзулардаги қисса ва романлари, ҳикоялари билан тез-тез кўриниб туришибди.
Демак, носираларимиз анча фаол. Лекин булар масаланинг ўқувчига кўриниб турган жиҳатлари ёки ойнинг ерга қараган томони. Оддий назарга кўринмаган томонларда эса…
“Шарқ юлдузи” журналининг янги, 4-сонида Дилфуза Ўрол қизининг иккита ҳикояси босилди. Булар авангард усулида ёзилган ҳикоялар. У анча пайтдан бери асарлари билан кўринмаётган эди. Мана, бугун Дилфуза ҳикоялари билан қатнаша бошлаганидан хурсандман. Шунингдек, бугунги кунда Гулчеҳра Асронова, Сайёра Жабборзода ҳам матбуотда кўриниб туришибди, Омина Тожибоева тарихий романини Наср кенгашига муҳокамага олиб келди, шоира Энахон Сиддиқова ўзини насрда синаб кўриб, журналимизга бир қанча яхши ҳикоялар йўллади… Шуларни кўриб таскин топгандек бўлади киши.
Аёлларимиз ишни жуда яхши бошлашади, энг юқори уфқларни кўзлашади. Лекин кейин… Адиба, аввало, аёл, буни инкор қилиб бўлмайди. Аммо адабиёт майдонига кирдингми, назарга тушдингми, демак, ўрнинг бор, чиқиб кетсанг дарров билиниб қолади. Ижодкор ўз ўрнини совутмаслиги керак, деб ўйлайман.
Беллетристикани (ҳатто шу чоққача жиддий адиба деб билганларимизнинг баъзи “асар”ларини) кўздан кечириш асносида айрим бир жиҳатлар кўриняптики, айтмай иложим йўқ. Бу детектив баҳона зўравонлик ва қотиллик (Зулайҳо Машарипованинг баъзи бир қисса ва ҳикоялари), реалликни кўрсатиш баҳонасида эса фаҳш ва бузуқликнинг очиқчасига, кўнгилни айнитар даражада мўл-кўл ва бепарда тасвирланишидир. Бунда ҳам аёлларимиз олдинги сафда. Шуларни кўрганда, носираларимизга нима бўляпти ўзи, деб ўйлаб қоламан. Насрдаги аёлларнинг бугунги улуши баракали, унда ойнинг ойдин томони каби ёруғлик ҳам, ерга тескари томонидаги каби қоронғилик ҳам бор.
Жиддий равишда ижод қилаётган адибаларимиздан умидимиз катта. Ҳозирги кун насрида, хусусан, ёшларда кўзга ташланаётган ўзига хосликлар, шаклий изланишлар, янгича мазмун ва қарашлар, рамз ва мажозлар тили — бариси эртанги кун ҳосилидан дарак. Бунда аёлларимизнинг ҳам иштироки бўлади, деб ишонгим келади.
Абдуқаюм Йўлдошев:
— Насримизнинг бугуни ва эртасига бағишланган суҳбатимиз ҳали узоқ давом этиши тайин. Мазкур ҳолат ҳам мавзунинг нақадар кенг ва кўламли, долзарб эканлигини кўрсатиб турибди. Юқорида айтилган мухтасар мулоҳазаларни эса денгиздан томчилар ўрнида қабул қиламиз. Биз учун муҳими, бу зарраларда адабиётимизнинг, хусусан, насримизнинг ютуқ ва камчиликлари акс этаётгани.
Айни пайтда тилга олинган жиддий мулоҳазалар, фикрларнинг ўзиданоқ муайян хулосаларга келишимиз мумкин. Бу ҳам бўлса адабиётимиз бир жойда депсиниб қолмаётгани, олға интилаётганидир. Ҳаракат эса ҳамиша яхшилик аломати бўлиб келган. Айнан олдинга интилиш, изланишгина тараққиёт ва яратилажак мўъжизаларга асос бўлиб хизмат қилади.
Зеро, Юртбошимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида ҳақли равишда таъкидлаб ўтилганидек, “Агар биз Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этмоқчи, унинг қадимий тарихи ва ёруғ келажагини улуғламоқчи, уни авлодлар хотирасида боқий сақламоқчи бўлсак, авваламбор, буюк ёзувчиларни, буюк шоирларни, буюк ижодкорларни тарбиялашимиз керак”.
Бугунги гурунг иштирокчиларининг ҳаммаси касби ёки хизмати тақозосига кўра қўлёзма, китоб ўқийди. Аммо кейинги пайтлари бу машғулот анчайин машаққатга айланаётгани ҳам бор гап. Нашриёт, газета-журналларни айтмай турган тақдиримизда ҳам, баъзан Уюшмамизнинг Наср кенгашига муҳокама учун олиб келинган “асар”ларни ўқиб, ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Беихтиёр кўнгилдан “Қани муаллифнинг ҳеч бўлмаганда ўз-ўзига ҳурмати?” деган изтиробли ўй ўтади. Таассуфки, айнан шундай савиядаги қаламкашлар даҳолик даъво қилиб чарчашмайди, ёинки хом-хатала, “танқиддан тубан” машқларини “модерн” ёки “постмодерн” атамалари билан ниқобланган ҳолда улкан эътирофларни кутишади, ёқа бўғишиб талаб қилишади…
Бу гапни айтишдан муддао ҳамма замонлар учун оддий аксиома бўлган ҳақиқатни яна бир такрорлаш, холос. Яъни истеъдодсизлар тезроқ топишишади, тезроқ бирлашишади. Бугун “оломон маданияти”дан маънавий, “сариқ матбуот”дан моддий рағбат олаётган кўча адабиёти аталмиш издиҳом ўз шовқини, йўлга қўйилган тарғибот-ташвиқоти, сафларимиздаги ҳайбаракаллачилари ва нашр адади билан асл Адабиётимизга, унинг ҳам бугуни, ҳам эртанги кунига нисбатан хавотир унсурларини уйғотмоқда. Бугун биз дил сўзларини тинглаш асносида мазкур ҳақиқатга яна бир бор иқрор бўлдик. Умид шулки, бугунги давра суҳбатида айтилган фикр-мулоҳазалар, хулосалар келгуси фаолиятимизда, адабий аъмолимизда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Таҳририятдан: Дарҳақиқат, А.Йўлдошев умид билдирганидек, “Наср: бугун ва эртага” деб номланган давра суҳбатининг адабий жараёндаги аҳамияти сезиларли бўлиши тайин. Сиз танишиб чиққан ушбу саҳифадан мазкур ижодий мулоқотда қатнашиб, мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этган барча ижодкорларнинг чиқишлари ўрин олгани йўқ. Газетамизнинг келгуси сонларида саҳифага сиғмаган гапларни, шунингдек, мазкур мавзу, хусусан, давра суҳбатида айтилган фикрларга билдирилган муносабатларни ҳам эълон қилиб боришни мўлжаллаганмиз.
Саҳифани А.Отабоев тайёрлади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 45-сон