Ўзбекистон санъат арбоби, машҳур кинорежиссёр Мелс Абзаловни танимайдиган кино мухлиси бўлмаса керак. Унинг “Чимилдиқ”, “Чинор остидаги дуэл”, “Армон”, “Майсаранинг иши”, “Ўткан кунлар”, “Мешполвон”, “Сирли сиртмоқ” ва бошқа йигирмага яқин филмлари турли кинофестивалларда совринли ўринларни эгаллаган. Актёр сифатида ҳам бир неча филмларда суратга тушган.
— Мелс ака, илк филмингиз “Чинор остидаги дуэл” ҳали-ҳамон кино шинавандаларининг севимли асарларидан ҳисобланади. Айни кунда шогирдларингиз, яъни ўша филмда рол ўйнаганлар бугунрежиссёрлик қиляпти. Яқинда улар “Чинор остидаги дуэл” филмига қайтиб, яна бир картинани суратга олмоқчи эканларини айтишди.
— Бу филм диплом ишим ҳисобланади. Орадан шунча вақт ўтса-да, уни телеэкранларда тез-тез намойиш этиб туришади. Энди филмнинг бугунги янгича талқинига тўхталадиган бўлсак, бу ҳақда ўзимга ҳам кўп марта айтишганди. Лекин, назаримда, бу филмга қайтиш ўзини оқламайди. Ўша, ўттиз йил илгари яратилган филм ҳамон мавқеини ушлаб турган экан, демак, янги талқини ундан ҳам муваффақиятли бўлиши керак…
— Бугун таниқли режиссёрсиз. Эшитишимизча, дадангиз санъаткор бўлишингизга қарши турган экан?
— Ҳа, отам санъаткор бўлишимни умуман истамаган, ҳатто Санъат институтига киришимга қаршилик кўрсатган. Институтни битириб Ёш томошабинлар театрида ишлаётганимда бир дўстига: “Буни қаранг, одамларнинг болалари илмий ишлар қилиб, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшаётган бир пайтда менинг ўғлим мушук-сичқон ўйнаб юрибди”, деб ачиниш билан гапирган. Театрдаги биронта ролимни ҳам бориб кўрмаган. Чунки отам ўзининг йўлидан кетишимни истарди. Лекин мақсадимдан қайтмадим. Кейинчаликтанлаган касбимдан ҳурсанд бўлган.
— Бу дунёда армонингиз борми?
— Менинг энг севган филмим — “Армон”. Беҳудага бу асарни ишламаган бўлсам керак. Айтмоқчиманки, армонсиз инсон бўлмайди. Ушалмаган армонимни достон қилмай қўя қолайин, хафа бўлмайсизми? Аммо тақдиримдан, ижодимдан нолийдиган жойим йўқ. “Келинлар қўзғолони” филмим шўро даврида Америкада намойиш этилган. Шунда Шарқҳаётига қизиққан томошабинлар чипта учун навбатга туришган экан.
Истиқлол туфайли дунёга кенг йўл очилди. Ўғлим, қизларим Европада ўқишди, Ватанимизга фойдаси тегадиган фарзандлар бўлиб камолга етишди. Ижодимни ҳурмат қилишиб иш беришаяпти, кино олаяпман, шогирдларимга кўмаклашаман. Филм олмаганимда бошқа режиссёрларнинг асарларида суратга тушаман. Ўшим саксонга қараб кетаяпти, лекин ҳали ижоддан чарчаганим йўқ. Бундай шароитда армон ҳақида гапиришга ҳам ўрин йўқ, деб ўйлайман. Бу дунёда дўст орттирдим. Тан олиш керак, одам баъзида бетобланади, ёлғизлик эзади. Ана шундай пайтларда дўстларим ёнимда пайдо бўлишади.
— Сиз жуда кўп чет мамлакатларда бўлгансиз…
— Ҳеч бири Ўзбекистонга ўхшамайди. Бир сафар Америкада таниб қолишиб, ўзбеклар жамиятига таклиф қилишди. Уммон ортида ҳам танишганидан қувониб кетдим. Мени халқимиз машҳур қилди, шунинг учун ҳам ўз юртимни севаман. Дунё кездим, аммо бундай юртни учратмаганман. Суратга олиш учун чет элга борсам ёки саёҳатга отлансам, тезда болалигим ўтган Тошкентни соғиниб қоламан, кўз ўнгимга келаверади. Бу шаҳарнинг ҳар бир кўчаси мен учун азиз.
— Сиз табиатан жуда соддасиз, одамлардан алданган пайтларингиз бўлганми?
— Менимча бу дунёда бирон марта алданмаганман, деган одам ёлғон гапиради. Мен ишонувчанлигимдан кўп панд еганман.
Бир танишим фирибгарга берган пулини ололмаётганини айтиб қолди. “Сиз ҳурматли одамсиз, унга тушунтиринг, насиҳат қилинг, балки шунда бериши мумкиндир”, деди. Мен ҳам мақтовлардан қувониб, нотаниш фирибгарнинг уйига қўнғироққилдим. “Фалон куни бирга келинг, пулни тайёрлаб қўяман, олиб кетасиз, сиз эл суйган инсонсиз”, деб айтди. Бордик. “Мелс Абзалов фирибгарлик билан шуғулланади. Мендан пул талаб қиляпти, мана бу одамни рўбарўқилиб, туҳмат билан пул олишмоқчи”, деб ўша устасифаранг милицияга ариза топшириб, махсус гуруҳни чақиртириб қўйган экан. Маълум муддат тергов ҳибсхонасида ётганман. Лекин у исбот қилолмади, аммо барибир ҳибсхонада ётиб, тергов беришгача етиб борганим ҳамон алам қилади.
Яна бир нарсани айтмоқчиман. Бозорларимиз тўкин-сочин, ҳамма нарса бор. Лекин бозорда менга бир нарса маъқул эмас.Пештахта олдида турганлар билан савдолашсангиз: “Ўзим мунча пулга олганман, устига тирикчилик учун озгина қўшиб сотаяпман”, деб тан олишдан уялишмайди. Деҳқоннинг ризқини яримта қилаётганларни унчалик ёқтирмайман. Савдогарчиликнинг ўзига хос шарқона одоб-ахлоққоидалари, муносабатлари бор, ахир. Буни унутмаслинимиз керак.
— Айни дамда қандай ишлар билан бандсиз?
— Нима билан банд бўлишим мумкин, албатта, янги филм устидаги ишлар билан бандман. Лекин қандай филмлигини айтмайман, бу ҳозирча сир бўла қолсин.
— Янги асарингиз ҳам аввалгиларидай элга манзур бўлишини тилаб қоламиз.
Суҳбатдош: Салоҳиддин Сирожиддинов
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 42-сонидан олинди.