Гоҳида бир эътирозга дуч келамиз: “Киноижодкорлар ўзбек адабиётидан, шарқ фалсафасидан мутлақ узоқ. Шу боис, улар миллатга хос нозик хусусиятларни у қадар илғамайди”. Ўйлашимча, бу таърифни кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимовга нисбатан қўллаш инсофдан бўлмас… Чунки киночилар орасидан ўзбек адабиётига кўпроқ мурожаат қиладиган ҳам ва қалам аҳли билан тез-тез мулоқотда бўлиб турадиган ҳам айнан шу ижодкор.
Унинг санъатда босиб ўтаётган йўлларига кўз ташлаганингизда, албатта, Асқад Мухтор, Хайриддин Султон, Эркин Аъзам, Тоҳир Малик, Мурод Муҳаммад Дўст ва Фахриёр номини учратасиз. Режиссёр билан суҳбатда бўлган одам Мавлоно Жалолиддин Румий асарлари унга ҳамроҳ эканига амин бўлади. Сиз у билан рассомлар ижоди ҳақида ҳам бемалол суҳбатлашишингиз мумкин. Ҳозирча бизнинг мақсадимиз бу эмас… Қолаверса, кино соҳасидаги масъул шахслардан бири бўлган бу санъаткорни ортиқча саволлар билан чалғитгимиз йўқ. Мен кино арбоб ҳузурига бордим. Айни дамда менга санъаткор шахсини очиб берадиган ўй фикрлар муҳим…
– Кино санъатми ё саноатми? Ҳамиша дунёни мана шу савол ўйлантиради, – деб гап бошлади у. – Кино Францияда коммерция учун туғилган. Одамлар шарманка орқали намойиш этиладиган турли манзараларни кўриш учун пул тўлаб, ҳордиқ чиқарган. Яъни у кўча томошаси сифатида кириб келди. Бироқ Дэвид Гриффит(1875-1948), Чарли Чаплин(1889-1977), Федерико Феллини(1920-93), Андрей Тарковский(1932-86), Ингмар Бергман(1918-2007) каби санъаткорлар кинони санъат даражасига кўтарди. Бугун бу – аксиома. У қайси мақсадда суратга олинишидан қатъи назар, инсонларни эзгуликка чорлаши керак. Аслида “Титаник”(реж.Жеймс Кэмерон) ёки “Индиана Жонс”(реж. Стивен Спилберг) каби филмлар ҳам тижоратни кўзлаб олинган, лекин улардаги бадиий талқин кинони санъат эканини яна бир карра эътироф этди. Бироқ биз тижорат атамасини ҳақоратомуз сўзга айлантириб юбордик.
Эллигинчи йиллар Америка филмларига назар ташланг. Уларда ўпишиш саҳнасини кўрмайсиз. Бу ҳол олтмишинчи йилларда кириб келганда, Американинг бир қанча сиёсатчиларию сенаторлари “бунга асло йўл қўйиб бўлмайди, биз халқимизни бузамиз. Эртага бизда қадрият деган нарса қолмайди. Энг ёмони оила яхлитлигига путур етказамиз”, деб роса эътироз билдирган. Уларнинг қай даражада ҳақ эканини бугун кўриб турибсиз. Аста-секинлик билан 1970–80-90 йилларга келиб, бу манзаранинг бошқача қопқалари очилиб борди. Эртага бизда ҳам айнан шу ҳолат рўй берса, сира ажабланмайман. Одамзот ўзи учун номаълум бўлган чиркинликлардан бохабар бўляпти. Марк Аврелийдан “Мана биз шунча қонунлар қабул қиляпмиз, лекин нега отасини ўлдирган болага ҳеч қандай жазо чиқармаяпмиз?” – деб сўрашганида, у: ‘’Мен бу қонунни қабул қилмаётганим боиси, шу тушунчанинг ўзи одамда бўлмасин’’, деган экан.
– Лекин цивилизиацияда қадриятларни қай даражададир бой бериш эҳтимоли ҳам йўқ эмас-да! Барибир қурама маданият – замонавий дунёнинг шовқини ўз ҳукмини ўтказмасдан қўймайди…
– XVIII аср охирида фотография пайдо бўлганда, энди рассомларнинг куни битди, деб ўйлашган. Кино вужудга келганда театрга, телевидение эса кинога хавф солади, дейишди. Шукрки, ҳар бир санъат бир-бирига дахл қилмай ўз йўлида давом этяпти. Агар одамда ички мувозанат кучли бўлса, унга ҳеч қанақанги мегаполислару оммавий маданият таъсир қилолмайди. Инглиз адиби Даниэл Дефонинг “Робинзон Крузо” асарини эсланг. Қаранг, Робинзон кимсасиз оролда ёввойилашиб кетмасдан, аксинча, одам ейдиган қабиладан чиққан Жумавойнинг қалбига иймонни олиб кириб, Тангрини танитди. Мана сизга – қадрият!
Бола учун энг яхши ибрат амалий тарбиядир. Болалар шоири Сергей Михалков болаларини койиб, бирор марта насиҳат қилмаган экан. Кончаловский: “Айримлар отам менга эртаклар ўқиб берарди, дейишса, ҳавасим келади. Шунақа оталар ҳам бўлган экан-да! Фақат бир гапни эшитардик:“ҳой, халақит берма, даданг ишлаяпти”. Ҳамиша уни иш устида кўрардик. Бизга отамнинг ҳаёт тарзи тарбия вазифасини ўтаган”, деганди. Яқин ўтмишдаги турмушимизни кўз олдингизга келтиринг: ичкари ва ташқари ҳовли. Ичкари ҳовли аёллар билан бирга балоғатга етмаган болаларники, ташқари ҳовлида эса меҳмонлар аскиябозлигу маишат қилишган. Бу билан фақат номаҳрам нигоҳидан аёлларни ҳимоя қилиш эмас, ёт сўзлардан болаларни асраб қолиш ҳам кўзланган. Бундай гурунг-ларга болаларни яқинлаштиришмаган.
Агар дунёдаги жами урф-одатлар бозорга олиб чиқилган тақдирда ҳам, ҳар бир миллат вакили айланиб-айланиб, барибир, ўзининг урф-одатларини сотиб оларди, деган фикрга қўшиламан. Нега? Биринчидан, танглайи шу урф-одатлар билан кўтарилган, бошқасига кўниколмайди. Иккинчидан, географик жиҳатдан мана шу жойга айнан ўзингни урф-одатларинг асқотади. Чунки бу тушунчалар асрлар давомида йиғилган. Бу йўллардан кимлар ўтмаган… Александр Македонский… араб истилочилари… мўғуллар – биз билган-билмаган… қанча-қанча тўнтаришлар. Ҳар бири ўзи билан нималарнидир олиб келган. Ва ҳар бири цивилизацияга ўз улушини қўшиб борган. Шулардан сараланганларигина халқ хотирасида яшаб келяпти.
– Бир ҳақиқат борки, ўзгалар танқидига учрамасдан олдин, ўзингдаги камчиликларни кўра бил…
– Бизда катта маънодаги бағрикенглик бор, шу билан бирга биқиқлигимиз ҳам йўқ эмас. Ҳар бир муаммони шахсиятга бориб тақаймиз. Мен кимнингдир ишини танқид қилдимми бас, унинг душманига айланаман-қоламан. Мутенамо ҳозиржавоблигу лаббайчиликни айтмай қўя қолай…
Ҳамма фойдали маслаҳатни табиатнинг ўзи беради. Дарахт гуллаши керакми, у баҳорни кутади. Агар худо кўрсатмасин, бўладиган ишни тезроқ бўлгани яхши-да, деб қишда гуллагудек бўлса, уни совуқ уриб қовжираб қолади. Ҳозиржавобу лаббайчи ижодкорлар ишини ҳеч нарсага ярамай қолган совуқ урган дарахтга ўхшатаман. Улар “қалбимдан чиқяпти” деб даъво қилишади. Агар ҳақиқатанам, қалбда бўлганда эди, уларнинг муҳаббати дард билан чиқарди.
– Жаҳонгир ака, бир суҳбатингизда “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” телевизион кўрсатувини қабул қилишимизнинг сабаби, биз фақат унга насиҳатомуз дастур сифатида қараймиз, холос. Агар санъат асарига даъво қилгудек бўлса, бу ўша кўрсатувнинг фожиаси”, деб айтгандингиз. Мен бу фикрингизга қўшимча қилиб “Иблис девори” филмини ҳам айтган бўлардим.
– Сиз “Иблис девори”ни айтяпсиз, катта экранлардан тушмаётган “хонтахта”ларнинг бари очиқдан очиқ қип-қизил дидактика. Шўрлик томошабинга ўйлаб кўришга ҳам имкон қолдирилмайди. Оқибатда одамлар учун ҳатто ўй суриш ҳам машаққатли меҳнатга айланиб боряпти. Ёшларнинг маълум бир қисми “хаёл” нималигини унутиб қўйган. Баъзан қулоққа чалинади: ”ушбу филмнинг тарбиявий аҳамияти мана бунақа‘’ ёки ”тарбиявий жиҳатлари бор”. Жуда кулгили. Демак, шўрликнинг бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Яна бир сўз урчиб кетган: “янги чеҳралар”. У менга “сип-силлиқ қиёфалар, бўм-бўш кўзлар…” бўлиб эшитилади. Бу “кашфиётга” қадар қаерларда бекиниб ётаркан бу “ноёб чеҳра”лар?
– Радиодаги суҳбатларнинг бирида “орзу-хаёллар инсонни гўзаллаштиради”, дедингиз. Армон-чи?
– Тарозининг бир палласида орзу-ҳавас турса, иккинчисида армон туради. Вазни биринчисиникидан сира кам эмас. Зеро, армон ҳаётга мантиқ киритади. Ҳар бир нарсанинг баҳоси аслида қанча туришини англатади. Қадрнинг қимматини биласиз. Дард армоннинг иккинчи номи. Ижодкор ҳам инсониятга дарди-армони билан керак.
Эртага… Биргина мана шу сўз бизнинг бутун умримизга ўт қўйиб юборади…
Бутун эркаликларимни онам эмас, бувим Умирхон ая кўтарардилар. Дутор чалардилар, иссиққина қўйниларига кириб олиб тинглаб ўтирардим… Ҳатто дутор симларини бир неча марта узганман ҳам. Индамасдилар… У кишига нима керак эди ўзи? Пулим, мансабим, совғаларим-ми? Йўқ, асло!.. Фақат олдиларида ўтирсанг бўлди эди. “Кел, ўтир, мунча телевизор кўрасан, китоб ўқийсан, гаплашайлик”, дердилар. Ўзимча, бувим билан нимани гаплашишим мумкин, деб ўйлардим. Борсам ҳам шоша-пиша “Яхшимисиз, ойи, мен яхши, келиниз яхши”, шу холос. Отамга нисбатан меҳрим ҳам армонга айланган. Ҳеч эркалатмасди. Чучмал филмлардагидек “қалайсан, болажоним, вой ундоқ-вой мундоқ” деб, ўтириб олиб насиҳат қилмасдилар. Лекин меҳрнинг кучини ҳамиша сезиб турардим. Бир-икки гап билан кўп нарсаларни ўргатарди. Тушкунликка тушган пайтларим “аввал бир ишни бошламагин, бошладингми, сидқидилдан қил, раҳмат эшитишни ўрган,” дердилар. Ўзи дунёда энг буюк муҳаббат ота-онанинг болага бўлган беғараз муҳаббати экан. Қолган бари – “Сен мени яхши кўрсанг, мен ҳам сени яхши кўраман”. Ҳайвонот дунёсини ҳам кузатсангиз бола онага овқат олиб келмайди. Бу эсигаям келмайди. Худога шукр, онам ҳаётлар. Улар учун нимадир қилмоқчи бўлсам, “керак эмас, болаларингни ўйла” деб туриб оладилар. Вақт ўтган сари армонлар ҳам келавераркан. Бу минг йиллик муаммо. Ягона таскин шуки, армоннинг армон эканлигини сезиб, афсус чекаётганимизда… “Ҳа энди, ўтди-кетди-да” демаётганимизга шукр. “Сув ёқалаб”да ҳам Болта Мардоннинг армони мени ўзига тортган. У на ўзининг қалбини, на болаларининг қалбини ўз вақтида тинглай олди. У хатосини даврдан излади. Яна ичида “Яхши ишларим ҳам бор-ку, беайб парвардигор”, деган таскин ҳам яшайди. Аммо…
– Ўзингиз режалар асосида иш кўрасизми, ёки орзу-хаёллар ортидан қувиб яшайсизми?
– Орзу – ўз номи билан орзу. Карьерани орзуга айлантириб олиб, олдин ундай қиламан, кейин бундай қиламан, дея режа тузиб яшашни ҳазм қилолмайман. Лекин ижодий имкониятларингни кўрсатиш учун, албатта, маълум бир режа асосида иш кўрасан. Мисол учун, институтга киришинг, китоб ўқишинг, миллий ва жаҳон киносанъатидан хабардор бўлиб боришинг шарт. Бу жараён босқичма-босқич амалга ошади. Осмонга қараганча “ҳаҳ, бир кино олсам эди, боплаб ташлардим-да”, дейиш билан иш битмайди…
– “Енгил-елпи муҳаббат темалари” деган жумлани кўп ишлатасиз. Янглишмасам, “енгил-елпи” сифатини айнан муҳаббатга – бу туйғунинг ўзига нисбатан ишлатмасангиз керак?..
– Муҳаббат – дард билан ёзиладиган, дард билан тасвирланадиган мавзу. Йиғлаш керак, деб айтмаяпман. “Мен сени севаман, қаердасан”, қабилидаги тўхтовсиз телефонлару учрашувлар, шунинг ўзи эмас-да! Бу бошқа нарса…
Ердан бир қарич баландда юрган ошиқ ҳаётни бошқача кўради, унга ёмонликлар кўринмайди… Гўё унинг душмани йўқ – ҳамма яхши. Ўзича ҳаётни фалсафий қабул қилади. Ана шундай инсонларгина Оллоҳ учун хизмат қила олади. Бунга ишонаман. Ўнг юзига урсанг, чап юзини тутиб берадиганлар ҳам айнан шулар… Ромео ва Жульеттани қаранг, оилалар ўртасида аёвсиз душманлик бор: “Ҳей қиз, у сенинг яккаю ягона акангни ўлдирди!” “Ахир, мен уни севаман!”. Ўлимдан-да кучли! Ҳавас қиламан. Бундаги юксак гуманизм фожиасини қарангки, йиллар давомида бир-бирига душман Монтекки ва Капульеттилар кўнглидаги адоватни ювиб, қалбини очиши учун энг гўзал норасидалар қурбонлиги керак бўлди.
Кейин истеъдодли инсонларнинг эҳтироси кучли, ўзгача бўлади, дейишади. Лекин мен бундай ўйламайман. Фақат истеъдод ўз туйғусини чиройли, таъсирчанроқ акс эттира олади. Уларда кўрсатиб бера олиш имконияти бор, холос. Серано де Бержерак балкон остида шундай куйларканки, аёллар эс-ҳушини йўқотиб қўяркан, унинг изҳорини тонгда сайраган булбул навосига ўхшатишган. Кечирасиз, ўша дард зоғчадаям бор, фақат у айтолмайди. Сиз кўрмайсиз уни. Маъшуқасига машина совға қилган бойваччаникидан, гул ҳам туҳфа этолмаётган камбағалнинг ишқи кучли бўлиши мумкин. Масалан муҳаббат ҳақидаги китобларни ўқиб олиб, туни билан севаманми-севмайманми, у-чи, телефон қилдим, олмади, деб эрталабгача ухламасдан чиқиш “телбалик”-да! Афсус ҳаммаям бу касалга чалинавермайди. Ўзим ҳам қаерда бўлмасин Сайёрани ёнимда олиб юргим келарди, эркаклар чойхонасига ҳам олиб кираверардим. У бечора ҳам мен қаёққа етакласам кетаверган. Усиз саккизта эркакнинг гурунги татимаган… Мана сизга савдойилик!
– Баъзи режиссёрлар кинога адабиётдан кўра, тасвирий санъат яқин, дейишади.
– Кинодаги воқеани айнан олиб қоғозга туширсангиз, тасвирдан кам бўлмайди, таъсирли чиқади. Лекин қоғозга тушган ҳар бир сўзни экранга олиб чиқиб бўлмайди-да. Кинематографиянинг адабиётга етишишига бир қанча қовун пишиғи бор. Кинони кино қиладиган адабиёт. Агар ҳар бир персонаж диалогида бир фикр ётмаса, сиз уни кўрмайсиз. Биласиз, русларда умуман ижодкорга нисбатан “художник” атамаси ишлатилади. Бу сўз санъатнинг ҳамма турини ўз ичига олади. Шу маънода на кинони, на мусиқа, на тасвирий санъат ва на театрни драматургиясиз тасаввур қила оласиз. Бироқ шуларнинг орасидан адабиётга – сўзга яқини, бу – кино ва театр!
– Маълумки, санъатнинг асосий вазифаларидан бири – гўзаллик дунёни қутқара олишига одамларни ишонтириш. XIX асрда юзага чиққан “телба” Мишкиннинг бу ишончи, ҳақиқатанам, эртаклар тарк этаётган бугунги ДУНЁни қутқара олишига Сиз ишонасизми?
– Агар бевафо дунёни нимадир қутқара олса, нажот фақат – гўзалликдан! Барибир, бу қанақангидир идеал. Реал олиб қараганда, афсуски, бу орзу бўлиб қолиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Агар бу эзгу хаёл ҳақиқий ҳаётда том маънода ўз тасдиғини топганида, биз яшаётган сайёра “ер” деб аталмасди. Мавҳумроқ бўлса-да, ўша нимагадир ишонганимиз учун ҳам нималардир қиламиз. Кўнгилда милт-милт ёниб турган мана шу ишонч дунёнинг мувозанатини бир амаллаб ушлаб турибди, деб ўйлайман. Тан олиш керак, “Санъат – одамзотни ваҳшийликдан асрайди” деган фикр сира муболаға эмас. Шунинг учун, биз муҳаббат – санъат қаршисида қанчалик қарздор эканимизни унутмасдан, УНГА миннатдорлик изҳор қилиб туришимиз зарур.
– Сиз қайси режиссёрни ўзингиз учун санъатдаги “идол”деб биласиз?
– Кино санъатнинг тез қарийдиган тури. Уни янги-янги “урф”лар қаритади. Толстой, Чехов, Абдулла Қодирийнинг асарлари ҳар қандай даврдаям ўзининг замонавийлигини йўқотмаслиги мумкин, лекин киноасар… ўн минглаб кинолардан саноқлисигина классикага айланади. Шу маънода мени доимо ҳайратга соладиган санъаткор, бу – Чарли Чаплин даҳоси! Чап-линни юз йиллардан кейин ҳам томошабин кўради. Мени кўпроқ унинг монтажи ё суратга олиш услуби эмас, характерларни топиши, микроскоп каби инсон қалбининг жами тебранишларини кўриб, ҳис қилиб, кичик бир одам фожиасини очиб бериши, унинг жамиятдаги ўрнини тасвирлаши қойил қолдиради. Ғирромликларсиз яшаш учун курашаётган одамнинг уддабуронлигини ўзгача юмор билан ифодалаган. Шу билан бирга сентиментал ва романтик. Санъаткорнинг ўзи ҳам қаҳрамонлари устидан кулган, ҳам уларга қўшилиб йиғлаган. Бундан ташқари Феллини, Антониони, Бергман, Спилберг, Орсен Уэллс, Франсуа Трюффо каби режиссёрлар ижодини ҳам кузатаман, бироқ, барибир, Чаплиннинг ўрни бўлакча.
– Ҳақиқатанам, У: “Мен учун санъатда энг муҳими – инсонни тасвирлаш!” деб айтган. Чарли Чаплиннинг қизи Жеральдинага ёзган мактубларининг ўзиёқ унинг тилсимли қалб соҳиби эканини айтиб турибди. Шу маънода, шамолнинг ҳар бир эпкинида ижодкор позициясини ўзгартириб боришини қандай изоҳлайсиз?
– Биласизми, америкалик кинорежиссёр Орсен Уэллс одамларни икки турга бўлади: характер ва қурбақа. Ҳатто қурбақа ҳам ўзича “мен характерман” деб даъво қилади… Агарда энг оғир, синовли, қалтис паллада “вақ-вақ” қилиб юбормаса, ҳақиқатанам у характер, яъни шахс – охиригача ўзининг ҳаётий-ижодий позициясига эга бўлган одам!
– Баъзида ижодкор ўз замонаси руҳига хирож тўлашдан озод бўлолмайди. Айниқса, оммавий санъат – кинода…
– Албатта, ҳар бир давр ижодкорга ўзининг эҳтиёжларини юклайди. Биз демократик жамиятда яшаймиз. Телевидение ва интернет орқали бостириб келаётган оммавий маданият хуружини куч билан тўсолмаймиз. Бу акс таъсир қилиши ҳеч гап эмас. Чекимизга эса мана шу ўтиш даврида яшаш тушган. Бизнинг авлодни бирдан бир вазифаси кинони вақт ўтказиш учун керак бўлган шунчаки эрмак томоша эмаслигини исботлаш ва оммавий маданиятдан холи бир санъат борлигини кўрсатишдир. Бунинг учун филмларимиз мавзуси қанчалик миллийлик касб этса, ғоявий жиҳатдан ҳам шу қадар умуминсоний бўлиши зарур. Фақат дардгина барча миллатга бирдек тушунарли бўлади. Индира Гандининг “Ватан остонадан бошланади, лекин унинг айнан шу ерда тугаши ёмон”, деган гапи мени кўп безовта қилади. Филмларни ҳам халқимиз учун қиламиз, лекин энг қийнайдигани, қилаётган ишларингни бари икки дарё оралиғида қолиб кетса…
Суҳбатдошимнинг бу фикрлари бир мақолани ёдга солди. Гарчи ўринсиз бўлса-да, келтираман: “Феллинини Феллини қилган унинг асарларида акс этган итальян миллатининг ғурури, шаън-шавкатидир. Шу боис у мамлакати довруғини дунёга чиқарди! Бизнинг киноижодкорларимизда эса ана шундай ифтихор ҳисси етишмайди” Имоним комилки, ҳамкасбимиз агар Феллинининг биргина фильмини кўриб, одамнинг ожизликларидан озорланган санъаткор ҳақиқатини туйганда эди, ҳеч қачон бундай демаган, унинг фильмларида кўтарилган мавзулар эмас, Феллини шахсининг ўзи қай тариқа итальян миллатининг ғурурига айланганлигини тушунган бўларди. “Ифтихор!”– ҳарқанча чиройли, оҳанробо сўз бўлмасин, у Санъаткор орзулари учун манзил бўлолмас экан.
Иқбол ҚЎШШАЕВА суҳбатлашди.
“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 7 (236)-сон.