Ижтимоий-сиёсий соҳалардаги туб бурилишлар, жамият маънавий ҳаётидаги янгиланишлар, аввало, бадиий адабиётда акс этади. Шу боис, бугунги кунда яратилаётган асарларда инсон тафаккур тарзида юз берган ва бераётган эврилишлар бор бўйича кўзга ташланаётир. Ўзбек шеърияти, хусусан, достон жанридаги изланишлар ҳақида сўз кетганда, таъкидлаш жоизки, Маҳмуд Тоир, Тўлан Низом, Сирожиддин Саййид, Икром Отамурод сингари шоирларнинг бу жанрда яратган асарлари мавзу кўламдорлиги ва услубий ўзига хосликлари билан ажралиб туради.
Истиқлол даври адабиётига хос бу жиҳатларнинг тадқиқи ва таҳлилига диққат қаратиш адабиётшунослигимиз олдида турган муҳим вазифалар сирасидан. Таниқли шоир Икром Отамурод билан суҳбатимизда бугунги достончилик масалалари, адабий жараёнда мазкур жанрнинг ўрни ва, албатта, ижодкор кўнглидан кечаётган ўйлар, ижодий режалари ҳақида сўз юритилди.
— Икром ака, сиз анча йиллардан бери ижодий фаолият билан бирга ёш қаламкашларга ҳам хайрихоҳлик қилиб, илк китобларига сўзбоши ёзиб, уларни қўллаб-қувватлаб келасиз. Айтинг-чи, бу саъй-ҳаракатларингиз ўз самарасини бераяптими?
— “Шарқ юлдузи” журналида ишлаганим боис ҳам шундай имкониятга эгаман. Чунки бу журнал адабиётнинг ўзига хос майдони. Ёзув ҳаваси, ижод умиди билан келаётган ёшларнинг шу ерда орзу-ҳаваслари рўёбга чиқиб вояга етишини истайман. Шунинг учун, уларнинг машқларига, гарчи ҳали ҳавас даражасида бўлса ҳам, эътибор билан қарайман. Мен қўллаб-қувватлаган, оқ йўл тилаган ёшларнинг аксарияти ҳозир шеърият майдонида фаол, сўзнинг масъулиятини ҳис қилган ҳолда, собитлик билан ижод қилишаяпти. Бир гап бор: ижодда кимдан сўз олиш эмас, собитлик ва сўз масъулияти муҳим. Қадим алломалардан бири деган экан: “Ўзинг қилган яхшиликни унут, лекин сенга қилинган яхшиликни доим ёдда тут”. Ёшларнинг йўли доим омадли бўлсин.
— Ёш ижодкорнинг адабиётга кириб келишида биров раҳнамолик қилиши керакми ёки у ўзининг иқтидорига таянса ҳам бўлаверадими?
— Адабиётни истеъдодлар яратади, деган ибора бор. Мазкур иборанинг ёнида адабиётни хайрихоҳлик вояга етказади, деган ибора ҳам ёнма-ён юради. Демак, истеъдод Оллоҳдан берилган неъмат бўлса, хайрихоҳлик қалбни руҳлантирадиган мададдир. Ана шу иккаласи кангул тупроғида илдиз отиб бўй тортса, сўз дарахти мустаҳкам бўлади.
— Сизнинг “Ёбондаги ёлғиз дарахт”, “Ичкари… Ташқари …”, “Тағаззул” каби достонларингиз адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. Сизнингча, бугунги кун достончилигига хос етакчи тенденциялар нималарда кўринади?
— Бу савол, аслида, адабиётшуносларга берилса, маъқул бўларди. Чунки шоир ёзаётганда «тенденциялар»га нуқтани қаратмайди. У қалбидагини айтади, унда униб-ўсган борлиғини айтади. Саволингизга келсак, англашимча, бугунги кун достонларида туйғулар тили, «ишоралар тили», рамзлар тили, руҳият тили сўзлаяпти. Ботин сўзлаяпти. Моҳият сўзлаяпти.
— Достонларингизда қандайдир руҳий азоб, дард бор. Буни қандай изоҳлайсиз ёки бу кўнгил ишими?
— Қандайдир «руҳий азоб» эмас. Руҳиятда агар сиз айтган сиралар бўлмаса, ёзув бўлмайди. Дард, азоб ўзингники бўлиши керак. Йўқса, у юқмайди бошқа бировга. Дард тўқилган жойда ясамалик, ёлғон, сохталик кўриниш беради. Гап бор-ку, ахир: «Дилда дардинг бўлмаса, дил дафтаримни ковлама», деган. Мен дардимни ёзаман, бу балки, кангул ишидир.
— Ижодингизни, хусусан, достонларингизни ўқиш асносида бир нарсага амин бўлдимки, уларда ўзингиз айтмоқчи бўлган «кангул асрорлари» яширин. Айтинг-чи, шоир китобхонга қандай таъсир ўтказиши мумкин?
— Қизиқ савол. Шоир китобхонга қандай таъсир ўтказишни аввалдан мўлжал қилиб ёзса, унда асарнинг замирига сингдирилган «сир» қолмайди. Асар «сир»лиги билан муҳим, шекилли. Назаримда, китобхон асардаги «сир»ни англашга ихлос ҳосил этса, унда мулоҳаза, кузатув, фикр пайдо бўлади. Таъсир шунда жўяли бўлар.
— Кейинги давр достончилигида рамзий образларга эътибор кучайганлигини кузатамиз. Хусусан, сизнинг асарларингизда “қўзигул”, “тўрғай”, “дашт”, “йўл”, “ёбон”, “кенглик” каби сўз ва атамаларни кўп учратамиз. Агар сир бўлмаса, уларга китобхонга маълум бўлмаган яна қандай маъноларни юклагансиз?
— Бу саволингизга испан шоири Антонио Мачадонинг фикри билан жавоб берақолай. У айтган экан: «Қалбим борлиқ билан қўшилиб кетган пайтда, ҳис, туйғу пайдо бўлади. Уйғонади. Ҳис-туйғу уйғонган заҳоти, мен уларни сўзлар шаклига солиб, ўзимнинг яқинларимга етказаман. Қалбим борлиқни, сукунатни суйиб тинглайди». Аслидаям, шундай. Борлиққа яқин бориш. Борлиқни яқин олиш. Ижод — ўзинг ҳақингда борлиққа сўйлаш.
— Китобхонлар сизни «кангул шоири» сифатида яхши билишади. Сиз ёзишдан аввал, кўнгилга монанд нимани топасиз? Асар бошламасида охири қандай тугашини ҳис қилиб турасизми?
— Ёзишдан аввал, кангулга монанд сўзни қидираман. Сўзнинг маъно йўсинларини, шакл тарзларини қидираман. Тилимизда ҳар бир сўзнинг турфа маънолари, турфа шакллари мавжуд. Халқ оғзаки ижоди, мумтоз адабиётимиз, шева жиҳатларимиздан тортиб, бугунги сўз сираларига бир назар солиб кўринг-а? Омоним сўзларга қаранг. Синоним сўзларга қаранг. Бу тилимиз майдонида ўсиб келаётган маъно дарахтлари-ку. Ана шу дарахтларни ўзига муқобил номи билан аталса, дарахтлар, яъни сўзлар яшайди. Энди иккинчи саволингизга келсак. Асарим бошламасида охирини белгилай олмайман. Фақат фикримда, канглумда нималардир айланади. Ёзувда фавқулоддаликка суянаман. Ёзувим охирини фавқулоддаликдан топаман, фавқулоддаликдан ҳис қиламан.
— “Сопол синиқлари” достонингиздаги Ранг ва Ҳолат тасвирлари орқали китобхонга нималарни англатмоқчи бўлгансиз?
— Тафаккур йўсинида таг қатлам, ич қатлам, таш қатлам деган маънолар ҳаракат қилади. Сиз эслатган Ранг ва Ҳолат тасвирларида қурбим етганча, шуларга ишора айламоқчи бўлганман. Қолган тасаввур китобхонга ҳавола.
— …Муҳими кангул,
кангулни қидириш,
муҳими кангулдир,
кангулни топиш –
мисраларида таъкидланганидек, кўнгилни қаердан излаш керак ёки у ҳар қайси “мен”нинг ўзлигида мужассамми ?
— Ботиндан излаш керак. Қанийди сиз айтган, “ҳар қайси “мен”нинг ўзлигида кангул мужассам” бўлса? Афсус, ундай эмас. Кангулни тилда хоҳлаганча такрорлаш мумкин. Лекин бу унинг борлигини билдирмайди, у ботинда яшайди.
— Инсон — сирлар макони. Инсон руҳиятидаги товланишлар эса камалак нурларидан сержилороқдир. Биламизки, кўнгул образи ҳар бир достонингизда алоҳида кўриниш беради. Кўнгил – харитага тушмаган макон. Мазкур маконнинг қаровсиз қолишидан хавотирингиз асарларингизда сезилади. Нима учун? Буни қандай изоҳлайсиз?
— Тўғрисини айтганда, одамзод канглудан бегоналашиб, йироқлашиб бораяпти. Одамзотнинг бир-бирига нисбатан меҳри қочиб, дахлдорлиги сийрак тортиб, нафс муносабати, нафс илинжи ортмоқда. Бу бора-бора одамзотни бир-биридан узоқлаштиради, бир-биридан бездиради. Шу ўйловлар билан канглум изтиробларини айтганман. Зотан, улуғ немис шоири Ҳанриҳ Ҳайне шундай бир фикрни қайд этган экан: «Дунёнинг ҳар қандай дарзи, энг аввало, шоир қалбидан ўтади”.
— Одамзот ўз-ўзини қанчалик кўп сўроққа тутса, у шунчалик кўнглига яқинлашади, ҳаётнинг, яшашнинг моҳияти нимадалигини англайди. Тириклик фалсафасини уқиш учун киши ўзини қандай саволлар билан сўроқ қилиши мумкин?
— Ўзи бундоқ қараганда, одамзот сўроқ қаршисидаги жавоб, шунингдек, ўз навбатида, жавоб рўпарасидаги сўроқ. Энди, одамзот “ўзини қандай саволлар билан сўроқ қилиши лозим”, деган фикрингизга келсак, бу ҳар бир кишининг имкон қурбидан, тасаввур йўсинидан, фаолият сирасидан, яшаш тарзидан келиб чиқадиган жиҳат. Одамзот ҳеч маҳал имкон доирасидан юқори чиқа олмайди. Шундай ҳолат бўлган кезда ёлғон урчийди, мажбурият пайдо бўлади, зўриқиш юзага келади. Натижада одамзотнинг ношуд, нодон феъллари ўсади. Бу эса, жавобсиз сўроқни томир орттиради. Мен ҳамиша кангул сўроқлари қаршисида тураман ва уларга жавоб излайман.
— Сукут ҳолатига муносабатингиз бўлакча. Сукут руҳда қандай пайдо бўлади?
— Сукут — сукут ичидаги нигоҳда намоён бўлади. Сукут ичидаги нигоҳ… Балки ҳисдир, балки соғинчдир, балки умиддир, тафаккур, балки туйғу, дард ёки армондир, балки буларнинг барини вояга етказган кангулдир. Билмадим. Билганим шу — сукут ичидаги нигоҳга қарайвераман.
— Айни кунлардаги ёзувларингиз хусусида тўхталсангиз.
— Бу борада, узр. Олдиндан ваъда беришни, яъни уни ёзаяпман, буни ўйлаяпман, дейишни ёқтирмайман.
— Китобхонларга тилакларингиз…
— Нимаям дердим. Кангулларига яқинроқ боришсин.
Суҳбатдош: Нафосат Ўроқова
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 47-сонидан олинди.