Геномика ва биоинформатика маркази директори, биология фанлари доктори, профессор Иброҳим Абдураҳмонов билан журналист Қулман Очилов суҳбати
Хонадаги жиҳозлар ҳам эгасининг ўзи каби жуда оддий, саксондан ортиқ ходим хизмат қиладиган замонавий илмий марказ директорининг кабинетига унчалик ўхшамайди: одми иш столи, суянчиғига оқ жилд қопланган уч-тўрт курсию китоб-журналлар териб қўйилган шкаф. Қандайдир кимёвий дорининг ҳиди анқиб турибди. Хона лабораториялар билан ёнма-ён жойлашган.
Икки соатга мўлжалланган гурунгимиз беш соатча давом этди. У ўрни келганида жўшиб, баъзан куйиниб, баъзан ўйланиб, лекин самимий гапиради. Кўп ўқигани, дунё кўргани, муқоясаю мулоҳаза қилишни ёқтириши сезилиб турибди. Шу боис мавзу қамрови кутганимиздан кенг бўлди: яратиш завқи, илм заҳмати, маданият, маърифат, таълим-тарбия, инсоний бурч, олимлик масъулияти…
Табиийки, суҳбат аввалида ўзбек олимлари яратган “Порлоқ-1”, “Порлоқ-2”, “Порлоқ-3”, “Порлоқ-4” пахта навларидан сўз очилди. Ушбу кашфиёт халқаро илмий жамоатчилик, тўқимачилик саноати ва оммавий ахборот воситаларида шов-шув бўлди. “Пошшо пахта” деган ном ва эътирофга сазовор бўлган янги навларга пахта экадиган мамлакатлар катта қизиқиш билдирди.
Пахтачилик бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси – ICACга ғўза парвариши ва пахта савдоси билан шуғулланадиган қирқдан ортиқ мамлакат, жумладан, Ўзбекистон ҳам аъзо. Мазкур ташкилот жаҳон мамлакатларида пахта селекцияси борасида олиб борилаётган йирик тадқиқотлар натижаларига бағишланган “Йил тадқиқотчиси” халқаро танловини ўтказиб келади. 2013 йилда ушбу халқаро эътирофга ғўза геномини чуқур тадқиқ этишдаги фундаментал изланишлари учун “пошшо пахта”ни яратган олим ва мутахассислар гуруҳи раҳбари Иброҳим Абдураҳмонов сазовор бўлди.
Бу – пахта илми борасида ёш ўзбек олими эришган ютуқларнинг халқаро миқёсдаги илк эътирофи эмас. У 2010 йили Жаҳон фанлар академиясининг (TWAS) қишлоқ хўжалиги бўйича мукофотини ҳам қўлга киритган.
– Домла, мамлакатимиз олимларининг пахтачилик соҳасида эришаётган ютуқлари барчамизни қувонтиради. Бундай кашфиётлар иқтисодиётимизнинг жадал ривожланишини таъминлаш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Сиз раҳбарлик қилаётган Марказ жамоаси янги пахта навларини яратиш борасида эришаётган ютуқларнинг бош омили нимада?
– Шўро даврида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида экстенсив ривожланиш устун эди. Яъни фақат миқдор кетидан қувилиб, сифат масаласи эътибордан четда қоларди. Минглаб гектар ерга сув чиқарилиб, пахта экилди, лекин ялпи ҳосил миқдори ошса-да, ўртача ҳосилдорлик муттасил камайиб борди. Қанчадан-қанча экин майдонларини шўр босиб, Оролдек улкан денгиз қурий бошлади.
Ватанимиз мустақилликка эришгач, Президентимиз Ислом Каримов бу борадаги эскича қарашларга бутунлай барҳам бериш ва қишлоқ хўжалигида, жумладан, пахтачиликда сифат кўрсаткичларига устувор эътибор қаратиш вазифасини қўйди. Ўзбекистон Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” уюшмаси қошида Геномика ва биоинформатика маркази ташкил этилгани ҳам бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда нисбатан янги соҳа – ғўза генлари инженерияси ва геномикаси йўналишида махсус илмий тадқиқотлар олиб бориш, мутахассислар тайёрлашга катта миқдорда маблағ ажратилиб, кенг имкониятлар яратилди.
Тармоққа янгича муносабат натижасида пахта майдони ҳажми қисқаргани ҳолда ўртача ҳосилдорлик ошиб, толанинг сифат кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланмоқда. Ўзбек пахтасига бўлган талаб жаҳон бозорида муттасил ортиб бораётир. Буни ҳар йили кузда Тошкентда ўтказиладиган Халқаро пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг хорижлик иштирокчилари сафи тобора кенгайиб бораётганидан ҳам билиш мумкин. Мисол учун, 2005 йили ўтказилган илк ярмаркада ўттиз мамлакатдан бир юз етмишга яқин трейдерлик ва тўқимачилик компанияси вакиллари қатнашган бўлса, 2013 йилги ярмаркада дунёнинг қирқ давлатидан пахта ва тўқимачилик соҳаси компанияларининг мингдан зиёд вакили иштирок этди. Ушбу йирик халқаро ярмаркада Ўзбекистонда етиштирилган 680 минг тоннадан ортиқ пахта толасини харид қилиш бўйича аҳдлашувларга эришилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг савдоси бўйича эса умумий қиймати бир миллиард АҚШ долларидан зиёд шартномалар имзоланди.
– 2013 йилдан “Порлоқ” туркумидаги янги навлар мамлакатимиздаги йигирмадан ортиқ фермер хўжалигига қарашли олти юз гектардан зиёд майдонда экилиб, кутилган самара бера бошлади. Янги навларнинг қандай афзалликлари бор?
– Фикримни иложи борича соддароқ тушунтиришга ҳаракат қиламан. Пахтанинг юзлаб навларни ўз ичига олган ўрта толали ва ипак толали турлари мавжуд. Биринчиси (G.hirsutum) дунё мамлакатларида кенг тарқалган, ҳар йили миллионлаб гектар майдонга экилади. Иккинчиси (G.barbadense) асосан Нил дарёси соҳилларида етиштирилгани учун “Мисрпахтаси”деган ном билан ҳам машҳур.
Гапни шунисидан бошлайлик. Толаси ўз номи билан ипакдек мулойим, силлиқ, ингичка, узун. Жаҳондаги барча енгил саноат корхоналари шундай пахтани орзу қилади.
Ўрта толали пахтанинг сифат ва микронейр кўрсаткичлари эса, боя айтганимиздек, ипак пахтага нисбатан паст. Толаси – дағалроқ, йўғонроқ, калтароқ, мўртроқ…
– Унда нега аксар мамлакатларда ўрта толали пахта экилади? Енгил саноат вакиллари ҳам, трейдерлар ҳам асосан ўрта толали пахтага талабгор…
– Ўрта толали пахтанинг таннархи нисбатан анча арзон, шунинг учун харидоргир. Ипак пахтани етиштириш эса ғоят серхаражат ва серзаҳмат иш. Ипак толали пахта пишиб етилиши учун икки юз кундан кўпроқ вақт керак. Бу олти ярим ой дегани! Мўл сув, муттасил парвариш зарур. Ҳосили эса кам. Пахтасини териб олиш ундан-да қийин. Эсласангиз, бир вақтлар ўзимизда ҳам, жумладан, Сурхондарё вилоятининг айрим туманларида ипак пахта экилган, бироқ кутилган иқтисодий самарани бермагани учун бундай ташвишдан воз кечилган эди.
Ипак пахтадан тайёрланган маҳсулотларни харид қилишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди – қиммат. Дейлик, ўрта толали пахтадан тикилган футболка тахминан ўн минг сўмга тушса, ипак пахтаники беш юз минг сўмгача етади. Бошқача айтганда, ҳеч ким етти кунлик қўзичоқни етти яшар туянинг пулига олмайди. Сайёрамизда пахта экиш йўлга қўйилганидан буён ўтган минг йиллар мобайнида деҳқону олим, мутахассису харидорни ўйлантириб келаётган ушбу муаммога ҳалигача тўлиқ ечим топилгани йўқ. Биз эришган натижалар ҳам ўрта толали пахта сифатини янада ошириш орқали уни ипак пахтага яқинлаштиришдан иборатдир.
Илмнинг табиати, кашфиёт жараёни қизиқ. Фанда кичик бир муаммони ҳал этиш учун гоҳо юзлаб олим, илмий тадқиқот институтлари, халқаро илмий марказлар йиллаб бош қотиради, баҳслашади, тажриба ўтказади ва… уддасидан чиқолмайди.
Муаммонинг ечимини тополмай боши хум бўлиб кетган алломалардан бири озгина тин олмоқ илинжида ўзини дарахт соясига олади ва иттифоқо шохдан узилиб тушган олма унинг пешонасини ғурра қилади. Айни дамда аллома шуурида гўё чақмоқ чақнайди: “Топдим! – деб ҳайқиради у. – Топдим-а!”
Шу йўсинда Ернинг тортиш кучи ҳақидаги қонун яратилади. Исаак Ньютоннинг бу кашфиёти кейинчалик инсониятнинг самолёт ясаб ҳавога кўтарилишию қитъалараро ракеталар учириш, фазои муаллақни ҳар томонлама ўрганиш, Ойга парвоз этишгача – кўплаб оламшумул янгиликларга хамиртуруш бўлди.
Кимдир бемаҳалда безовта бўлган товуқлардан хабар олай деб ярим тунда паррандачилик фермасининг чироғини ёқиб, силласи қуригунича “айбдор”ни қидиради ва… тополмайди. Лекин чошгоҳда қараса, товуқлар одатдагидек биттадан эмас, иккитадан тухум қўйганини кўради.
Шу тариқа ёруғликнинг маҳсулдорликка ижобий таъсирига оид назария амалда ўз тасдиғини топади.
– Кўсакқурти – пахтанинг ўзи каби қадимий. Деҳқонлар асрлар оша бу балога қарши не-не чора-тадбирларни ўйлаб топмаган, воситаларни қўлламаган! Аммо экинларни алмашлаб экишдан то ўнлаб турдаги кимёвий моддаларни ишлатишгача бўлган хилма-хил тавсияю воситаларнинг фойдаси оз-у, атроф-муҳитга зарари кўп бўлди. Кўсакқуртини пахта майдонларидан бутунлай “ҳайдабчиқариш” осон кечмади. Касаллик нафақат тажрибали деҳқону фермерлар, балки қилни қирқ ёрган пахташуносларнинг ҳам тинка-мадорини қуритди.
“Табиатда ҳамма жонзот ўз кушандаси билан яратилган, – деб қолди бир куни устозимиз, академик Абдусаттор Абдукаримов. – Кўсак қуртига қарши курашда энди биологик воситаларни синаб кўрсак-чи?”
Шундай қилиб, тадқиқотчилар қатори камина каби талабалар ҳам “топган-тутгани” – дарахт япроғию меваси, нўхату ловия, мошу гуручгача олиб келиб, боқиманда қуртлар оғзига тута бошладик.
Мен ўшанда Ўзбекистон Миллий университетининг биология факультетида ўқир, айни чоқда, Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида лаборант бўлиб ишлар эдим. Бир шанба тушликда қовун еб, уруғини мечкай қуртлар олдига ташладик. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, иштаҳаси очилган пайтда кўсак қурти қорамолни ҳам чангида қолдириб кетади. Пайкалга қорамол ораласа ҳайдаб чиқариш осон, кўсак қурти дориган майдондан эса жудо бўлдим деяверинг – ғўзага қирон келтиради газанда… Хуллас, қуртларга қовун уруғи бериб, уй-уйимизга кетдик. Эртаси куни қарасак, ҳаммасининг оёғи осмонда – ўлиб ётибди. “Дарвоқе!” деб пешонамизга урдик: халқ табобатида ошқовоқ уруғи гижжа касаллигига даво сифатида қўлланади-ку! Кўсак қуртининг кушандаси дунёдаги энг тотли неъматлардан бири – қовун уруғи экани хаёлимизга келмаганини қаранг! Шундай қилиб, қовун уруғидан кўсак қуртига қарши курашда қўл келадиган биологик модда ажратиб олдик ва бу илм соҳасидаги илк муваффақиятларимдан бири бўлди.
Янги толали пахтанинг яратилиши ҳам, бир қарашда, ана шундай оддий. Дейлик, ипак толали ва ўрта толали пахта уруғини чатиштириш, генларини клонлаш ёки ғўзасини пайвандлаш орқали мақсадга осонгина эришиш мумкиндек. Шундай қилинган ҳам. Бундай усуллар жаҳон селекциясида бир эмас, юз, минг марталаб синаб кўрилган десам, муболағага йўйманг. Дастлабки натижалар ҳам ёмон бўлмаган. Аммо вақт ўтиши билан янги навлар панд берган – ғўзанинг кейинги авлодлари “бузилиб кетган”, ё ипак толали ғўзанинг (кечпишар ва камҳосил), ё ўрта толали ғўзанинг (толаси дағал) хоссасию ҳиссаси оша бошлаган. Уриниш, изланишлар қумга сингган сувдай бесамар кетган.
– Энди-чи, “пошшо пахта” ғўзаси ҳам панд бермасмикан, ишқилиб?
– Йўқ. Лекин, шоир айтганидек, “ғишт устига ғишт қўйиш учун ҳам фурсат керак”. Биз бу борадаги узоқ йиллик тажриба ва синовлар жараёнида бошқачароқ йўлни танладик. Марказимиз жамоаси АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти ҳамда Техас университети мутахассислари билан ҳамкорликда ген-нокаут технологиясини яратди. Батафсилроқ айтганда, ғўза геномидаги авлоддан авлодга ўтадиган генлар аниқланиб, замонавий тезкор ассоциатив хариталаш усули кашф этилди. Натижада ғўзадаги генлардан фойдаланишнинг янги имкониятлари очилиб, замонавий ген-нокаут ва маркерларга асосланган селекция усуллари ишлаб чиқилди. Бу буткул янгича хусусиятларга эга “Порлоқ” ва “Равнақ” ғўза навлари туркумини яратиш сари йўл очди.
Ген-нокаут (инглизча gene knockout), илмий тилда айтганда, РНК интерференцияси – молекуляр генетика усули организмдаги муайян генлар фаоллигини тўхтатиб қўйиш имконини беради. Қишлоқ хўжалиги экинларининг биологик кўрсаткичлари – ҳосилдорлик, эртапишарлик, зараркунанда ва ҳашаротларга чидамлиликнинг намоён бўлишида иштирок этувчи генларнинг таркиби ҳамда функцияси аниқлангандан сўнг муайян ген фаолиятини кучайтириш ёки, аксинча, сусайтириш, ҳатто тўхтатиш мумкин. Масалан, ўсимликнинг етилиш жараёнини секинлаштирувчи генлар фаолиятини сусайтириб ёки бутунлай тўхтатиб, эртапишарликка эришиш имконияти мавжуд.
Бир вақтлар матбуотда ўқиганим бор: адибларимиздан бири ҳозир халқаро истилоҳда бўлган юнонча “ген” атамасини туркийча “қон” сўзининг ўзгарган шакли, деб изоҳлаган эди. Бу тахминда ҳам асос йўқ эмас. Ҳарҳолда “қон суради”, “суяк суради” деган ўзбекона иборалар мавжуд-ку. Зеро, ген ирсиятга бориб тақалади. Организмдаги ҳар бир геннинг ўз вазифаси бор. Ген-нокаут технологиясида ана шу вазифаларга қараб иш тутилади. Бизнинг инновацион ғоямиз ҳам шунга асосланган. Баъзи ўсимликлар сояда тезроқ ўсади, барвақт етилади, эртароқ гуллайди ва кўпроқ ҳосил беради. Фанда “соялаш синдроми” деб аталган ушбу механизм замирида молекуляр соатларни (вақтни) бошқарувчи асосан қизил ва тўққизил нурларга мойиллиги баланд рецептор генлар фаоллиги мужассам. Сояда ўсаётган ўсимлик вегетация даври охирлаб, куз келаётганидан “хавотирга тушади”. Бутун ички имкониятларини ишга солиб, гуллашга ва ўзидан тезроқ авлод қолдиришга ошиқади. Масалан, ривожланаётган ғўза қоронғи жойга қўйилса, пояси ҳам, толаси ҳам тез ўса бошлайди.
Боя айтганимиз – товуқларни эсланг: тунда чироқ ёқилгач, улар тонг отиб қолганидан “ташвишга тушиб”, шоша-пиша тухум қўйган. Чироқ ўчирилгач, эрталабгача дам олиб, тонгда яна тухумлаган.
Булар, таъкидланганидек, ёруғликнинг ҳосилдорликка ва маҳсулдорликка ижобий таъсирига мисоллардир.
Ушбу назарияни технологияга айлантириш учун Геномика ва биоинформатика марказида 2009-13 йиллар мобайнида бир неча халқаро ва маҳаллий фундаментал лойиҳалар амалга оширилди. Вазифаси қизил, оч қизил ёруғлик нурларини “ютиш”дан иборат ғўза генлари оиласи жаҳонда биринчи бўлиб Ўзбекистонда клонланди ва тавсифланди. Кейинги босқичларда эса ғўза генлари фаоллигини сусайтириб, (боксдаги каби нокаут қилиб) қўйишга оид инновациявий ғоя лабораторияда муваффақиятли синовдан ўтказилди.
– Ген-нокаут технологияси ҳақида батафсилроқ гапириб берсангиз.
– Аввал лаборатория, кейин дала шароитида ўтказилган синовлар ген-нокаут технологияси ёрдамида олинган ғўзаларнинг ривожланиши бир хил шароитда ўстирилган ғўзаларга нисбатан жадаллашгани, илдизи икки-уч баробар узайганини кўрсатди. Мазкур технология асосида етиштирилган ғўзалар ўн кунгача эрта гуллади, шоналади, ҳосил тугди, одатдагидан 10 миллиметргача узун тола берди. Толасининг сифат кўрсаткичлари яхшиланиб, ҳосилдорлиги 20 фоиз ошди. Ушбу технология асосида олинган ғўзанинг қурғоқчилик, шўрланиш ва совуққа чидамлилиги ҳам амалдаги навларга нисбатан юқори экани таъкидланмоқда. Бу ҳам бежиз эмас. Биз тавсифлаб берган ёруғлик рецептори генлари ўсимликларнинг (фақат ғўзанинг эмас) қурғоқчилик ва шўрхокликка чидамлилигини оширади.
Айни чоқда, ғўзанинг ривожланиш (сенесенс) жараёни тезлашгани боис ҳосили жадал етилади, чаноғи тез очилади, барглари ҳам дувва тўкилади.
Шундай қилиб, ўзбек олимлари яратган ушбу янги туркум навлар деярли барча кўрсаткичлар бўйича Миср пахтасига яқинлашиб, “янги толали пахта” деб аталди. Янги технологияга халқаро патент олинди. Жаҳоннинг энг нуфузли илмий нашрларидан бири – “Nature Communications” журналида олимларимиз кашф этган ген-нокаут технологияси ҳақида батафсил мақола чоп этилди. Мутахассисларнинг фикрича, ген-нокаут технологияси жаҳон пахта саноатига миллионлаб доллар фойда келтириши ва халқаро бозорни тобора кенг эгаллаётган сунъий тола ишлаб чиқарувчилар билан рақобатда пахтакор фермерларга жуда асқатиши мумкин.
– Айбга буюрмайсиз, домла, гени ўзгартирилган маҳсулотлар ҳақида гап кетганда, одатда, саломатлик ва экологияга оид хавотирли саволлар пайдо бўлади. Бу ҳақда нима дея оласиз?
– Гапингизда жон бор. Лекин ген-нокаут технологияси ва “пошшо пахта” ҳақида сўз юритилганда бундай ташвишларга асло ўрин йўқ. Ушбу технология ҳам, “Порлоқ” туркумидаги янги навлар ҳам экологик жиҳатдан хавфсиз. Негаки, “Порлоқ”да жаҳоннинг айрим мамлакатларида яратилган биотехнологик (трансген) ғўзалардан фарқли ўлароқ, ҳеч қандай “бегона” ген ишлатилмаган. Ғўзанинг ўзидаги айрим генлар сусайтирилган, холос. Халқона айтганда, сопи пичоқнинг ўзидан чиқарилган.
– Лекин ҳар қандай кашфиётнинг ҳам ўзига хос камчилиги бўлади-да…
– Тўғри. “Порлоқ” туркумидаги навлар ҳам камчиликдан холи эмас. Уларнинг чигити йирик, серёғ, толаси 5-10 миллиметр узун. Таъбир жоиз бўлса, чигитининг “сочи” узун, лекин сал сийракроқ. Бу ҳам табиий. Сабаби – пахта илмида тола узунлиги билан вазни ўртасида ўзаро тескари боғланиш мавжуд. Масалан, ипак толали пахтада толанинг умумий миқдори жуда паст. Зеро, ипак тола ўрта толага нисбатан енгил бўлади.
– Мазкур лойиҳа америкалик мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилгани ҳақида гапирдингиз…
– Бундай йирик, серзаҳмат ва серхаражат лойиҳа кенг кўламли халқаро ҳамкорликни тақозо этиши табиий. Америкалик ҳамкорларимиз ажратган грантлар асосида бир қатор лойиҳалар амалга оширилди, жумладан, ўн нафар ёш олим Техас университети, АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти лабораторияларида малака оширди. Халқаро нашрларда пахтачилик бўйича ўнлаб илмий мақолалар эълон қилинди. Бундай самарали ҳамкорлик Хитой, Ҳиндистон каби мамлакатлар билан ҳам йўлга қўйилган.
– Ген-нокаут технологияси бошқа ўсимликларда ҳам синаб кўрилса керак?
– Албатта. Марказимиз олимлари ген-нокаут технологиясини бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, картошка етиштиришда ҳам қўллаш борасида тадқиқотларни давом эттираётир. Изланишларимиз кутилган самара бериб, картошка илдизи икки-уч баробар узайса, ҳосилдорлик кескин ошади.
– Ушбу кашфиётнинг иқтисодий самарадорлигини хомчўт қилиш имкони борми?
– Майли, айрим рақамларни келтириб ўтай. Масалан, пахта толасининг 5 миллиметр узайиши жаҳон бозорида ҳар килоси нархини 22-25 центга, ингичкалик кўрсаткичининг уч-тўрт фоиз яхшиланиши эса яна 46 центгача оширади. Тола қанча узун, қанча ингичка, қанча силлиқ бўлса, ундан тайёрланадиган маҳсулот сифати ҳам, нархи ҳам ортиб бораверади. Энди ушбу рақамларни миллионлаб тонна “оқолтин”га кўпайтири болаверинг!
Буларга чигит экиш, парвариш қилиш, иқлим ва табиий шароит билан боғлиқ ноқулайликлар, ҳосилни йиғиб олиш учун кетадиган бошқа кўплаб ташвишу харажатларнинг камайишини ҳам қўшинг!
Дунё бўйича 34 миллион гектар ерга пахта экилади ва унинг толасидан олинадиган йиллик фойда ўрта ҳисобда 27 миллиард АҚШ долларидан ошади. Демак, олимларимиз яратган мазкур технологияга халқаро миқёсда лицензия олиниши мамлакатимиз иқтисодиётига яхшигина даромад келтириши шубҳасиз.
– Гап генларга бориб тақалган экан, яна бир савол туғилади. Халқаро илмий доираларда сайёрамизда Одам Ато ва Момо Ҳаво авлодларининг пайдо бўлиши ҳақида баҳс кетса, одатда, аввал Африка, Жануби-Ғарбий Осиё, Европа ва шундан кейингина Марказий Осиё минтақаси зикр этилади. Эмишки, одамзод даставвал Африкада пайдо бўлгану кейин айтилган тартибда бутун дунёга ёйилган. Сўнгги йилларда баъзи мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонда ўтказилаётган илмий тадқиқотларнинг натижалари бундай қарашни шубҳа остига қўймоқда…
– Ўрта Осиёда одамзоднинг пайдо бўлиши масаласида фанда уч хил қараш мавжуд. Дастлабки қарашга (“melting point” – етилиш нуқтасига) кўра, Африкадан Шарққа – Ҳиндикуш тоғлари ва Хитойга йўл олган Homo sapiens (Одам Ато ва Момо Ҳаво авлодлари – аждодларимиз) Марказий Осиё ҳудудига келиб қолган ва узоқ муддат шу ерда турғун яшаган. Бошқача қилиб айтганда генлар “етилган”. Кейин уларнинг бир қисми Шарққа, бир қисми Ғарбга йўл олган. Натижада, Ғарб ва Шарқ одам генофонди шаклланган.
Иккинчи фараз – “аралашиш” ёки “admixture” назариясига мувофиқ, Африкадан чиққан дастлабки одамларнинг бир қисми Марказий Осиё ҳудудини четлаб ўтиб, Шарқий Осиёда қўним топган. Бу қарашга кўра, Марказий Осиё халқлари цивилизация натижасида Ғарбдан Шарққа ҳамда Шарқдан Ғарбга кўчиш даврида элатларнинг аралашувидан шаклланган. Учинчи тахмин – “дурагайлашиш зонаси” (“hybrid zone”) назариясига кўра, Марказий Осиё ҳудудида энг қадим замонда европоид ирқи яшаган, Ғарб ва Шарқ миграцияси даврида улар ўзаро чатишиб кетган. Ушбу уч назариядан фанда кўпроқ тан олинадигани – иккинчиси. Лекин бу фаразга қўшилиш қийин.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг илмий текшириш институтларида, жумладан, марказимизда ҳам бу йўналишда баъзи тадқиқотлар олиб борилган ва изланишлар ҳозир ҳам давом эттирилмоқда.
Тадқиқотларда биз Ўзбекистоннинг 12 вилоятида яшаётган, камида уч авлоди ўзбек миллатига мансуб бўлган 100 кишининг генларини таҳлил қилдик ва қуйидаги хулосага келдик: 1) ўзбеклар генофонди ғоят хилма-хил; 2) ўрганилган индивидларнинг 53 фоизи – европоид, 47 фоизи – осиё генига эга; 3) ўзбекларда ўрганилган генларнинг умумий ёши 50700 йилдан ошади; 4) ўзбекларнинг генетик жиҳатдан қадимийлик тарихи Ғарб ва Шарқ аҳолиси ўртасида – марказий ўринда туради.
Мамлакатимиз аҳолисининг келиб чиқишига оид энг тўғри қараш, назаримизда, “hybrid zone” назарияси бўлиб, бугунги Ўзбекистон ҳудудида Ғарб ва Шарқ миграциясидан олдин европоидлар яшаган ва миграция даврида улар ўзаро чатишиб, дурагайлашиб кетган. Тадқиқотларимиз натижасида, айниқса, Сурхондарё вилоятидан олинган намуналардан топилган инсон цивилизациясидаги энг қадимий генлар Марказий Осиёдаги “hybrid zone” назариясига ишончни янада оширади. Бунга кўра, худудимизга Ғарб ва Шарқ миграциясидан олдин бизнинг худудимизда тарихий шаклланган Европоид ирқига мансуб аждодларимиз яшаган.
Бу борадаги илмий изланишларимиз натижалари халқимиз генофонди таркибини янада чуқурроқ ўрганиш, геном тарихи ва эволюциясини, жадал ўзгариб бораётган геном “минтақалар”ни ва унинг тадрижий йўналишларини кенгроқ аниқлаш зарурлигини кўрсатди. Зеро, илмий маълумотлардан тиббиёт ва молекуляр фармакологияда оқилона фойдаланиш халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
– Халқаро илмий анжуманларда маърузаларингизни тинглаганлар бир ҳолни мамнуният билан эътироф этишади: ўзбек тилида ҳам, инглизу рус забонида ҳам қоғозга қарамай, барчага тушунарли расо тилда, бенуқсон гапирар экансиз. “Қишлоқдан чиққан бала” бунча нарсани қачон ўрганишга улгурди экан, деб кўпчиликнинг ҳаваси келади…
– Гапим баландпарвозроқ туюлса-да, айтай: истиқлолимизнинг шарофати, юртимизда ёшлар камолотига кўрсатилаётган доимий эътибор самарасидир бу! Ана шундай улкан ғамхўрлик бўлмаганида мен каби минглаб йигит-қизлар, айниқса, чекка қишлоқлардан чиққан ёшлар хориждаги нуфузли олий таълим ва илмий даргоҳларда ўқиш, тажриба ва малака ошириш имконига эга бўлармиди? Йўқ, албатта. Дарахт қуриб-қақшаган чўлда эмас, саховатли заминда барқ уриб ўсади, мева беради.
Иброҳим Абдураҳмонов 1975 йили Наманган вилоятининг Чуст туманидаги Ғова қишлоғида туғилган. Оилада улғайган беш фарзанднинг бари биолог. Бу – оила бошлиғи, биология ўқитувчиси Йўлчи Абдураҳмонов тарбиясининг самараси. 1992 йили Қарши шаҳрида мактаб ўқувчиларининг республика олимпиадасида машҳур олим, академик Абдусаттор Абдукаримов билан танишув Иброҳим Абдураҳмоновнинг ҳаётида муҳим аҳамият касб этди. Ўшанда олимпиадада биринчи ўринни эгаллаган йигитчани академик лабораториясига ишга таклиф қилган эди. Мактабни олтин медаль билан тугатиб, Ўзбекистон Миллий университетининг биология факультетига ўқишга кирган талаба ўша йили лабораторияда иш бошлади ва ҳозиргача у ердан қадамини узгани йўқ.
– Тақдир мени устозлардан сийлаган, – дейди Иброҳим Абдураҳмонов. -Абдусаттор ака раҳбарлигида лабораторияда муттасил тажриба орттирган бўлсам, таниқли биолог ва кимёгар олим Ғафуржон Мавлоновдан молекуляр биология сирларини ўргандим.
1997 йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг Иқтидорли ёшларнинг чет элда таълим олишини қўллаб-қувватлаш “Умид” жамғармаси йўлланмаси билан Техас Аграр-механика университети (АҚШ) аспирантурасида таҳсил олдим. Буни қарангки, Америкада ҳам атоқли генетик олим, доктор Алан Пеппер ва ҳақли равишда “АҚШ пахтачилигининг отаси” деган юксак эътирофга сазовор бўлган профессор Камол Элзик раҳбарлигида илм ўргандим, тажриба оширдим. Ана шундай нуфузли университетларда ўқиш ва жаҳон фани дарғалари қўлида сабоқ олиш олим ва инсон сифатида шаклланишимда жуда муҳим омил бўлди.
Иброҳим Абдураҳмонов – АҚШда чоп этиладиган “International Journal of Plant Genomics”, “American Journal of Plant Sciences and Molecular breeding”, Испанияда чиқадиган “Journal of Integrated OMICs”, Буюк Британияда нашр қилинадиган “International Journal of Plant Genomics” каби нуфузли халқаро илмий журналларнинг тахрияти аъзоси, Халқаро ғўза тадқиқотчилари уюшмаси бошқаруви аппаратининг аъзоси. Бундай шараф ҳам камдан-кам олимга насиб этади.
– Ҳозирги замонда умрини илмга бағишлашга аҳд қилган, олимлик унвонига даъвогар одам қандай бўлиши керак?
– Бу саволингизга катта ҳаётий тажриба, бой илмий салоҳиятга эга устозлар жавоб берса тўғри бўларди. Маъзур тутинг-у, мен ўзимни ҳатто олимман деб айтишга тортинаман. Олимлик ҳамма замонларда ҳам юксак ном, буюк шараф, улкан масъулият ҳисобланган. Киши профессор, академик унвонига эришиши, юзлаб китобу рисолалар чоп эттириши, халқаро танловларда ғолибу музаффар бўлиши, ўнлаб шогирдлар тайёрлаши, лекин чинакам олимлик мақомига етолмаслиги мумкин.
Фикримни шунчаки, йўлига айтилаётган сохта камтарлик ё гапдонликка йўйманг. Яратганнинг гўзал исмларидан бири Олим эмасми?! Бу сўзнинг замирида ғоят залворли юк мужассам: олим нафақат кенг билим, юксак инсоний фазилатларга эга, эл-юртининг энг илғор фарзанди ҳам бўлиши шарт!
Табиийки, инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, дилига туккан эзгу мақсадларига эришишининг ягона йўли – меҳнатдир. Илм ўрганиш игна билан қудуқ қазишдек заҳматни талаб этади. Болалигимизда отам – ўрта мактабнинг биология ўқитувчиси бот-бот айтар эдики, қадимда Шарқда уч кучга – қилич, бойлик ва кўзгуга ишонганлар. Шуларнинг ичида энг афзали, инсон ўзлигини англаб етишининг тимсоли кўзгудир. Одамдан қиличу бойликни тортиб олиш мумкин, лекин уни эгаллаган билимидан жудо қилишнинг иложи йўқ.
Ҳаётда оқ-қорани таний бошлагач келган хулосам шуки, қобилиятсиз одамнинг ўзи йўқ. Ҳар бир одамда оздир-кўпдир Худо ато қилган иқтидор бор. Мамлакатимизда ёшлар салоҳиятини ҳар томонлама намоён этиши, жамиятда муносиб ўрин топиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Лекин бу имкониятлардан, афсуски, ҳамма ҳам самарали фойдалана олмаётир. Сабаби оддий – ўз кучию иқтидорига ишонмаслик, ғайрат-шижоатнинг етишмаслиги, мақсаднинг майдалиги. “Дипломни олдим, муродимга етдим” қабилида иш тутиш. Бошқача айтганда, бизга шуниси ҳам бўлаверади, деган даққиюнусдан қолган ақидага амал қилиб, замондан ортда қолиш. Ўқиб-ўрганишга қўл силташ.
“Ҳаётда ўз ўрнимни топишим учун нималар қилишим керак?” деган саволни ўзига қайта-қайта берган Лев Толстой шундай хулосага келади: инсон ўз олдига буюк мақсад қўйиб, унга эришиш учун кун сайин, соат сайин тинимсиз ҳаракат қилиши, ўқиб-ўрганиши, тиришиб-тирмашиши, агар бу йўлда хатога йўл қўйиб, пешонаси қашқа бўлса, аввалгидан ҳам кучли иштиёқ билан олға интилиши лозим.
Шу ўринда Марказимизда шижоатли ёшлар кўплигини алоҳида таъкидлагим келади. Аслида, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Зеро, илм, ижод, яратиш завқи кўпроқ ёшликка хос. Швейцарияни яхши биласиз. Табиий ресурслари кўп эмас. Ҳудудининг асосий қисми тоғу тош, сувликдан иборат. Лекин жуда бой мамлакат, аҳолиси фаровонликда дунёнинг олди. Банк иши, соату шоколад деганда жаҳон аҳли аввало шу мамлакатни кўз олдига келтиради. Масалан, бунда кашф этилган шоколад қайси мамлакат, қайси корхонада ишлаб чиқарилмасин, олинган даромаддан Швейцарияга улуш тўлайди. Мамлакат халқини дунёга танитган, бойитган ва бойитаётган оламшумул кашфиётлардан бири ана шу ширинликдир.
Орзум – бизнинг ҳам ўткир интеллектга асосланган шундай миллий брендларимиз кўпайиб, бутун жаҳонни забт этса!
– Балки, янги миллий брендларимиздан бирининг номи ген-нокаут технологияси, “пошшо пахта” деб нисбат берилаётган “Порлоқ” туркумидаги янги навлар бўлар?
– Шояд!
“Тафаккур” журнали, 2014 йил 3-сон.