– Чинакам шеърнинг ёзилиши – ўзига хос сирли, фавқулодда ҳодиса. Тўртта қофияни жуфтлаган билан шеър пайдо бўлмаслигини салгина адабий диди бор киши, албатта, тушунади. Шу боис мутахассислар шеър ёзилмайди, балки рўй беради, дейишади. Хўш, шундай бўлса, у қандай рўй беради? Айтайлик, сизда…
– ХХ аср донишмандларидан бири Асқад Мухтор: “Бир донишманд, мен вақтнинг нима эканини тушунаман, лекин “Вақт нима деб сўрасалар?” жавоб беролмайман, деганидек, мен ҳам шеър нима эканини биламан, лекин унинг қандай ҳодиса эканини аниқ тушунтириб беролмайман”, деган.
Шеър, албатта, қалбга, руҳга хос ҳодиса. Демак, руҳингизда нимадир рўй бермаса, шеър пайдо бўлмайди. Аввало руҳда нимадир рўёбга чиқиши керак.
Инсон доимо ўз қалбига йўл излайди. Азалдан шундай бўлган. Бу гўё худони излаш каби улуғ ҳодиса. Ўз қалбига йўл тополган одам худони ҳам топади. Бу йўл турлича бўлиши аниқ. Аслида шеърият ҳам инсоннинг ўз қалбига йўл излаши, ўзини кашф этиши билан боғлиқ ҳодиса. Жаҳон мумтоз шеъриятини кузатсангиз, бу жараён турлича содир бўлганига гувоҳ бўласиз.
Шарқда инсон ишқ орқали ўз қалбига йўл излаган. Ишқи мажозий, ишқи илоҳий деган тушунчалар шундан пайдо бўлган. Одам ўз қалби сари қанчалик кириб бораверса, у шунчалик улғайиб боради ёки, аксинча, қалбидан қанча чекиниб борса, шунчалик майдалашиб қолади. Шарқ шеъриятининг ҳамма сара гуллари ишқ тупроғида ўсган.
Ғарбда кўпроқ тафаккур орқали бу йўлни излашган. Лекин бу дегани мазкур жараёнда туйғунинг иштирокини инкор этиш дегани эмас. Унда лидер шох – тафаккурга туйғу пайванд қилинган ва бу пайванд жаҳон хазинасига ўзининг олтин меваларини берган.
Япон шеъриятида бу йўлни табиат орқали излаганлар. Улар инсон қалбининг табиат билан туташган нуқталарига урғу берганлар, айни шу нуқтада моҳиятни кўрганлар. Инсон ўз қалбига табиат орқали боради. Буни япон мумтоз шоирлари ўзларининг ғаройиб ҳайкуларида исботлашган.
Ишқ… Тафаккур… Табиат… Буларнинг учтаси ҳам муҳим. Шу уч жиҳат бирлашганда жаҳон шеъриятининг мумтоз тимсоли кўриниш беради.
– Ижодда илҳом деган тушунча бор. Шоирларнинг аксарияти илҳом келмаса, ёзолмайман, дейишади. Лекин “Илҳомни кутиб ўтириш шарт эмас, керак бўлса, уни авраб келтириш лозим”, дейдиган сўз усталари ҳам йўқ эмас. Сиз қандай фикрдасиз?
– Кутиб ўтирсангиз, келмайди. Илҳом қалб меҳнатини, изтиробни талаб қилади. Изтиробнинг иштирокисиз қилинган ҳар қандай ижод сохтадир. Бундай илҳомнинг боласи ўлик туғилади. Ижодий изтироб деганда зинҳор кўкракни ерга бериб, олти ойлаб дустаман тушиб ётишни тушунмаслик керак. Бу ҳол дунёни идрок этиш, моҳиятни англашга бўлган интилишдир. Бу ҳақда аввал ҳам ёзган эдим. Бунинг завқини фикрлаётган одам яхши билади. Лев Толстой гурунгларидан бирида Чеховга айтади-ку: “Шу дамда қаттиқ изтироб чекким келаяпти”, деб. Биз юқорида қалбга йўл ҳақида гаплашдик. Қайғу ҳам қалб эшикларини очади. Лорканинг “Энг қайғули шодлик” ибораси шунга ишора бўлса керак.
Илҳом ажойиб ҳодиса. Одамни баландларга кўтаради. Майда-чуйдалардан ажратиб олади. Буни боболаримиз ҳол деб аташган. Лекин бу ҳолни алмойи-жалмойи эстрада шовқин-суронига ликонглаётган кимсанинг кўпчиган “илҳом”и билан солиштириб бўлмайди.
– Ижодингизга қарайдиган бўлсак, чанқовуз, кўпкари, ўтов каби халқона образлардан унумли фойдаланасиз. Бу сиз туғилиб ўсган жой, муҳит билан боғлиқ бўлса керак…
– Бундан уч йил муқаддам Жанубий Кореяда бўлиб ўтган халқаро адабиёт симпозиумида қатнашдим. Симпозиумда дунёнинг 26 та давлатидан борган адибларнинг ҳаммаси “Мен туғилиб ўсган қишлоқ” мавзусида маъруза қилишлари керак эди. Дастлаб бу мавзу менга жуда майда, тор кўринган эди. Кейин билсам, ижодкорнинг бори шу экан. Мен Боботоғ ўнгирларида, Сурхондарё соҳилларида катта бўлганман. Боботоғ, Оймомо десам, анжуман қатнашчилари “Тоғни бобо дейиш, ойни момо дейиш сизларда қачон пайдо бўлган?” дейишди ва бу образли талқинлар адабиётнинг ибтидоси эканини айтишди. Дейлик, тоғни бобо тимсолида кўриш ё дарёни она тимсолида, ойни момо тимсолида кўриш мурғак юракда шеъриятнинг илдиз отиши, Ватанни англашнинг бошланиши эмасми? Гоҳо мени, кун бўйи компьютерга осилиб ётган болакай тоғни бобо, ойни момо, дарёни она сифатида қабул қила олармикин, деган ўй қийнайди.
Мен туғилиб ўсган қишлоқнинг атрофида 60 километрлик кўламда қадимги зурдуштийлик, буддизм, ислом билан боғлиқ ёдгорликлар кўп. Кейинроқ мен бир нарсани англадимки, бу тарихлар қайсидир маънода менинг руҳимда яшаб келаяпти экан. Аждод ва авлод дегани шунчаки гап эмас, бу тушунчада қондан қонга ўтиб келаётган тафаккур ва туйғу мужассам. Биз азиз инсонларнинг давомимиз.
Шунинг учун мен минг йиллар олдин Болаликтепада ё Куёвқўрғонда кезганман десам, қайсидир маънода бу ҳам рост.
Халқ қўшиқлари, афсоналар, ривоятлар, маталлар, иборалар қанчалар қадрли. Чунки уларда боболаримиз ва момоларимизнинг руҳи ва сўзи бор. Шунинг учун оддий ибора ҳам авлиё ҳассасининг четидан унган куртакдай таассурот беради.
– Айрим шеърларингиз остидан бахши боболарнинг мастона овози келаётгандай туюлади. Айниқса, “Ҳоййо-ҳуйт, ҳоййо ҳуйт”, “Аҳай-аҳа-ҳай, аҳай-аҳа-ҳай…”, “Ҳўўўш-ҳўўўш… Ҳўўш…”, “Сочала сочингиз, сочала”, “Чўжалари чўлда қолган бой бола…” сингари халқона айтимлар, оҳанглар асосидаги шеърларингизда фольклор таъсири яққол сезилади…
– Халқ оғзаки ижодининг кучи нимада? Ҳар қандай ғоя дастлаб информация шаклида айтилган, лекин бадиий йўл билан одамларга сингдирилган. Биз эртаклар ичида яшаганмиз. Эртаклар, афсоналар, достонларда халқ ўзининг эзгу ғояларини бадиий йўл билан ифода қилган. Шундай қилинса, сингдириш қулай бўлади, деган. Аслида динларда ҳам шу. Осмон китоблари – Қуръон, Инжил нақадар улуғ бадиият билан йўғрилган. Халқ оғзаки ижодида бирор бир образ ё деталнинг мажбурлаб тиқиштирилганини кўрмайсиз. Ҳаммаси самимий ва табиий. Мен ўзимни фольклоримизнинг билимдони деб айтолмайман, мен унинг мухлисиман.
– Шеъриятда, айниқса, Шарқ шеъриятида Ой образига мурожаат қилмаган шоир йўқ бўлса керак. Сизнинг шеърларингизда ҳам ой образига кўп дуч келамиз. Энг қизиғи, сиз Ойнинг ўзи билан чекланмасдан, янги иборалар ҳам ясайсиз. Масалан: Ойўчоғ, Ойбулут, Ойботар, Ойбодом ва ҳакозо. Бу ҳақда ўзингиз ҳам ўйлаб кўрганмисиз?
– Бундан икки минг йил олдин ҳам одамлар Ойга қараб ўйга толганлар, Ойда ўз қадрдони тимсолини кўрганлар. Бундан икки минг йил кейин ҳам шундай бўлади. Ой нафақат Она Еримизнинг йўлдоши, у инсоннинг ҳам мангу йўлдошидир. Ойга қараб ўй суриб ўтирган одамнинг кўнглида туйғулари уйғонади, у бошқача бўлиб қолади, муҳими, ўзига яқинлашади. Ҳатто бўри ҳам ойга қараб увлайди. Нега шундай? Бунда бир сир бор. Қуёшга қараганда бундай бўлмайди-ку. Хуршид Даврон бир гурунгимизда айтганди: “Одамзот аждодлари олдин Ойда яшаганмикан, кейин бир сабаб билан Ерга кўчиб келганмикан, деб ўйлаб қоламан. Йўқса, инсон Ойни бунчалар яхши кўрмасди”. Мен ҳам бундан тўрт йил бурун газетага бу ҳақда шундай ёзгандим” Қайсидир замонларда Ойни кимдир биринчи бўлиб “Оймомо” деб айтган. Ана шу одам ҳақиқий шоир!”. Ҳамма гап шунда! Қандай яхши образ бу! Шу образ сабаб одамлар Ойни тирик бир тимсолда кўрадиган бўлганлар ва асрлар мобайнида унга сирларини айтиб келганлар. Ҳатто тили чиқаётган гўдаклар кўп сўзлардан олдин “оймомо”ни айтадилар. Бу образнинг неча минг йиллик йўлни юриб келаётганини тасавввур қилиб кўринг. Қарангки, шунда ҳам у қариб қолмаган.
– Ҳар битта шеър, аввало, шоирнинг ўзига, ички “мен”ига қаратилган хитоби, дейиш мумкин. Шу боисми, исмингиз қайд этилган шеърларингиз ҳам талайгина. “Ў, яна ўшами… Ўша… Эшқобил”; “Қушдан илдиз олдим, қанотни гулдан – Эшқобил эмасман энди мен…”; “Қайтингиз, қарғалган гумроҳ аёллар – Эшқобил ерда йўқ…”; “Бу кеча бағрида ёлғиз қолишган – Муҳаббати билан Эшқобил Шукур”; “Че Гевара қайтди, Робин Гуд қайтди – Эшқобил қайтмади ҳамон урушдан…” – булар шеърларингиздан келтирилган айрим мисоллар. Шоир ўзини, ўз исмини яхши кўргани учунгина шеърга киритмайди, албатта. Тўғрими?
– Мактабни битириб, университетда ўқиб юрган кезларимизда Дўрмонда бўлган ёш ижодкорлар семинарида қатнашганман. Ўшанда 19 ёшда эдим. Шунда баъзи адабиётшунослар сиз исмингизни ўзгартириб, тахаллус билан ёзсангиз бўлар экан, исмингиз адабий доираларга мос эмас, дейишган. Лекин мен исмимни ўзгартирмадим. Ота-онам шу исмни маъқул кўришган экан, отадан ўзиб, энадан тўзиб нима қиламан, дедим. Сиз келтирган мисраларга исмимни яхши кўрганимдан киритган эмасман. Ўз-ўзини тафтиш қилиш, таҳлил қилиш жараёнларида шундай бўлган бўлса керак. Ижодкор ўзи билан ўзи кўпроқ ёлғиз қолиши керак. У аввало ўзини ўрганиши, ўзини тафтиш қилиб туриши шарт. Рауф ака ёзган-ку: “Ўйчан кеча тун ичра танҳо, Рауф Парфи қолдик икковлон…”
– Адабиётшуносларнинг мақолаларида, таҳлилларида кўпинча сизнинг исмингиз Абдували Қутбиддин, Азиз Саид каби шоирларнинг исми-шарифи билан бирга саналади. Бунга, чамамда, ўзларингиз ҳам кўникиб кетган бўлсангиз керак. Хўш, бу уч шоир ижодидаги умумийлик нималарда кўринади-ю, ҳар бирининг ўзига хос қиёфасини қайси жиҳатлар белгилайди?
– Биз бирга катта бўлганмиз. Ёшлигимиз бирга ўтган. Талабалар шаҳарчасида ҳайқириб шеър ўқиб юрган кезларимизни ҳозир ҳам соғиниб эслайман. Шеърдан бошқа гурунгимиз ҳам, ташвишимиз ҳам йўқ эди. Бу уч шоир ижодидаги умумийлик ҳақида гапирсам, биз битта авлод вакилларимиз. Бизни озодлик ғоялари бирлаштирган. Ўтган асрнинг 80-йилларида Мирзо Кенжабек бизга бағишлаб “Авлод” деган шеър ёзган эди. “Шукр, сиз келдингиз, ғам йўқ камимдан”, деб бошланадиган бу шеърда шундай сатрлар бор:
Боқсам,
Сўзингизда руҳ ўйинлари,
Иймон ранг кўргузар янгилик билан.
Ўлим-ла довлашар қалб қуюнлари,
Ажал ўйнашади мангулик билан.
Кураш биздан бўлса,
Умид – худойдан!
Кунчиқар юртини кўрингиз озод,
Эй, салаф овози етмаган жойдан
Ватан туркусини бошлаган авлод!
Ўзига хос жиҳатлар ҳақида гапирадиган бўлсам, Абдували ҳақиқий маънодаги оригинал шоир, у тасаввуф шеърияти билан замонавий шеъриятни синтез қилиб, шеъриятимизга янги йўналиш олиб кирди. Тасаввуф унинг қонида бор. Азиз шеърларида ўзига хос образлар, ғаройиб метафоралар тўлқини билан кириб келди. Унинг шеърлари ўқувчидан жиддий интеллектуал тайёргарликни талаб этади. Мен халқ оғзаки ижодини таянч тутдим.
– Шеърият тарихида символизим, футуризм, имажинизм, акмаизим ва ҳакозо …измлар ўзаро “тахт” талашгани бизга маълум. Бугун, мана, модернизм, постмодернизм ҳақида гап бўляпти. Умуман, бунақа “…изм”ларга мойил ва бефарқ бўлган ижодкорлар ҳамма даврда бўлган. Сиз ўз ижодингизга четдан қараркансиз, ёзганларингиз кўпроқ қайси “…изм”га хос деб ўйлайсиз?
– Мен бу “изм”лар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман. Мен учун муҳими – “Инсонизм” деган оқим. Адабиёт инсон туйғуларини ўрганади ва уларни тасвирлайди. Бир нарса аниқ, инсоннинг туйғулари билан ҳазиллашиб бўлмайди, чунки улар одамни худо билан боғлайди. “Чин юракдан” деган иборани “рост туйғулар билан” деса ҳам бўлади. Тўғри, юқорида сиз санаб ўтган “изм”ларга тааллуқли бўлган зўр шоирлар бор. Лекин мен “изм”ларни эмас, шоир ва шеърни кўришни истайман. Тагор айтган: “Мен шундай мўъжизаманки, ҳар куни бу мўъжизага қараб ҳайратланаман”. Мана бу бошқа гап! Адабиёт бу мўъжизанинг моҳиятини англашга хизмат қилиб келади.
– Шеър, ундаги образ кўп қиррали олмосга ўхшайди. Ҳар бир товланишида у янги жилосини намоён қилади. Битта шеърни ўнта одам ўн хил тушунишининг сабаби ҳам шунда. Шундай бўлса ҳам, баъзи мисраларни ўқирканмиз, муаллифнинг изоҳини эшитгимиз келади. Масалан, сизнинг “Қадимги битиктошларга ёзувлар” туркумингиздаги тўртинчи шеър “Битиктошлар ҳомиласи” деб аталади ва унда “Оғироёқ тошларнинг ҳомиласи – шоирлар…” деган мисра бор. Балки, бу мисрани тушунтириб беринг, дейишимиз ноўриндир, лекин шундай бўлса ҳам, изоҳ берсангиз мамнун бўлардик…
– Шеърни тушунтириш қийин. Шунинг учун ҳам, шеърни тушунтириш уни ўлдириш билан баробар, деган гап бор. Шеър ҳис этилади. Шеър фикрдан ҳам аввал туйғу билан англанади. Унинг энг муҳим сири ҳам шунда. Дейлик, ҳозир бир атиргулга қараб турибсиз, уни қандай тушунтириш мумкин. Атиргулнинг гўзаллиги ҳис этилади. “Оғироёқ тошларнинг ҳомиласи – шоирлар” мисрасига келсак, шоирлар қайсидир маънода мингйилликлар фарзанди, улар ўз руҳларида мингйилликлар руҳини ва овозини жамлайдилар.
Шеърда образ жуда муҳим. Тўғри айтдингиз, образ кўп қиррали олмосга ўхшайди. Ҳар ким ҳар хил қиррасини кўради. Гётенинг машҳур гапи бор: Аёлни биринчи марта гулга ўхшатган шоир ҳақиқий шоирдир, иккинчи марта гулга ўхшатгани эса оддий маҳмаданадир.
– “Шеъриятда ижтимоийлик” деган масалада турли қарашлар бор. Айримлар: “Шеър – кўнгил иши, унга ижтимой масалаларни юклаш нотўғри”, деса, бошқа бировлар: “Шоир ўз даврининг фарзанди, шундай экан, унинг ижодида ижтимоий масалалар албатта бадиий талқин этилиши шарт”, дейишади. Бу ҳақда сиз нима дейсиз?
– Азалда Худо билан Шайтон ўртасида инсон қалби учун қандай кураш кетган бўлса, ҳозирда инсон қалби учун мафкуралар ўртасида ундан ҳам қаттиқроқ урушлар кетаяпти. Бир пайтлар янграган “Шарқни эгалла” (“Владивосток”), “Дунёни эгалла” (“Владимир”) каби чақириқлар энди “Инсонни эгалла” шаклида пайдо бўлди. Бунинг учун дунёдаги аҳли фитналар нималар қилишмаяпти. Тўғри, шеър “кўнгил иши”, лекин шоир ҳар қандай ижтимоий ҳодисага кўнгил билан ёндашади, кўнглининг иши деб қарайди. Менимча, кўнгил ҳам руҳоний, ҳам ижтимоий ҳодиса. Инсонга қарши, виждонга қарши ҳар қандай фитнага шоир кўнглининг жавоби муқаррар бўлиши керак.
Ҳар бир одамнинг ичида худонинг вакили бор. Ана шу вакил одамни хавф-хатарлардан, фитналардан огоҳ этади, сақлайди ҳам. Ҳақиқий адабиёт бизни ана шу вакил сари яқинлаштиради, у билан суҳбат ва мулоқотга ўргатади. Гап шундаки, ҳар биримиз худодан нимани хоҳлаётганимизни айтиб, ҳар куни унга юз марталаб тавалло қиламиз, лекин Унинг биздан нимани хоҳлаётгани ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Одам учун энг завқли машғулот ўз қалбини тозалаб боришдир. Шунинг учун ҳам, “Сўнгги пушаймон – ўзингга душман” деган иборани нисбий маънода тушуниш керак. Масаланинг иккинчи жиҳати ҳам бор: пушаймонлик ҳисси қалбни даволайди. Пушаймонлик – виждондан белгидир.
– Сўнгги йилларда сизнинг она тилимиз сандиғидан олинган бетакрор иборалар, сўзларнинг илдизини аниқлаш, асл ва кўчма маъноларини қиёслаш борасида қилаётган ишларингиздан воқифмиз. Бу катта изланишни талаб этадиган, заҳматли иш. Изланишларингиз самараси адабий жамоатчиликка маълум. Лекин бизни бошқа нарса қизиқтиради: тил соҳасидаги бу изланишлар шоир Эшқобил Шукурга нима берди?
– Йилларни яшаб ўтганинг сайин бир нарсага амин бўлар экансан. Она Тилингнинг қанчалар азиз ва муқаддас эканини англаб борар экансан. Умр бўйи у сен билан бирга, фикрларингда, туйғуларингда, меҳру муҳаббатингда, хуллас, сени одам сифатида тутиб турган ҳамма устунларга таянч эканини илғар экансан. Қўлингдан келса, шу азиз она учун нимадир қилишинг керак.
Оламни ҳижжалаб ўргатган сенсан,
Дилларга туйғулар олиб кирган Сен.
Бутун бир миллатнинг манглайин силаб,
Мангу Она каби кулиб турган Сен.
Осмонлар, оламлар, тошлар, гиёҳлар…
Неки бор азал ва абад йўлида.
Неки бор сўйлаган менга, муқаррар,
Сирларини фақат ўзбек тилида…
Нодир Жонузоқ суҳбатлашди.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 10-сон