Эрнест Хемингуэй. Ёшлар билан суҳбат (1958)

 

Савол: Мистер Хемингуэй, Сиз китоб ёзишни қандай қилиб ўргангансиз?

Жавоб: Мен ёшлигимданоқ ёзувчи бўлишни орзу қилардим. Ҳамма иш ёшлар газетасига кичик-кичик хабарлар ёзишимдан бошлангани аниқ эсимда. Илк мустақил қадамим ҳам журналистика билан боғлиқ – ўрта мактабни тугатгандан сўнг Канзас-Ситига бориб, у ерда «Стар» газетасига хизматга кирдим. Редакцияда оддий шарҳловчи эдим: «Кимни ким отиб қўйди? Ким нимани ўмариб кетди ва айнан қаерда? Қачон? Қандай қилиб? Қаерда?» каби олди-қочдилар тўғрисида ёзардик. Ҳодисаларнинг асл сабаби («Нима учун?») ҳақида эса лом-мим демас эдик.Хемингуэй

Савол: «Қўнғироқ кимни чорлаяпти?» китобингизга тааллуқли бўлган бир нарсани сўрамоқчиман. Испаниядаги гражданлар уруши даврида у ерга борганингизни кўпчилик билади. Айтинг-чи, Сиз у ерда нима иш қилган эдингиз?

Жавоб: Мен Шимолий Америка Матбуот бирлашмасининг мухбири сифатида сафарга чиққан эдим. Биз ўзимиз билан бирга республикачилар Испанияси учун бир неча тиббий ёрдам машиналари ҳам олиб борган эдик.

Савол: Китоб ёзиш нияти одамда қаёқдан пайдо бўлади? Айтайлик, «Чол ва денгиз»ни ёзиш учун қачон иш столига ўтиргансиз?

Жавоб: Менга бир балиқчининг бошидан кечган ҳодиса ҳақида, қайиғу денгизда нималар бўлганидан тортиб унинг балиқ билан кескин олишганларигача оқизмай-томизмай ҳикоя қилиб беришган эди. Шундан кейин мен ўзим йилдан бери яхши биладиган балиқчи оғайнимни кўз олдимга келтирдим-да, ўзимни унинг ўрнида, худди ўшандай шароитда тасаввур қилиб кўрдим. Шу, холос.

Савол: Шахсий услубингизни қандай қилиб яратгансиз? Услуб яратишдан аввал, харидорлар талабини ёки жамоатчилик эҳтиёжини ҳисобга олганмисиз?

Жавоб: Мен ҳаёт ҳақиқатини баҳоли қудрат рўй-рост акс эттиришга ҳаракат қилсам-да, баъзан ўзим истагандек тўғри ёзишга кучим етмай қолар эди. Яъни, эгри-бугри ёзиб юборар эдим-да, қисқаси. Менинг ана ўша ғадир-будир ифода йўсинимга «шахсий услуб» ёрлиғини ёпиштиришди. Мен йўл қўйган хатою ғализликларни излаб олиш унчалик қийин эмас, лекин, буни қарангки, улар менинг «услубим» эмиш!

Савол: Бир китобни ёзиб тугатиш учун қанча вақт керак?

Жавоб: Бу, ёзилаётган китобгаю иш унумига боғлиқ. Яхши китоб тахминан бир-бир ярим йилда ёзилади.

Савол: Бир кунда неча соат ишлайсиз?

Жавоб: Мен эрталаб соат олтида ўрнимдан туриб, ўн иккигача ҳамма ишларимни саранжомлашга ҳаракат қиламан.

Савол: Кечаси ўн иккигачами?

Жавоб: Йўғ-э, тушги ўн иккигача.

Савол: Бошингизга ҳеч кулфат тушганми?

Жавоб: Мабодо иш юришмаса, ҳар куни кулфат. Фақат ёзишни энди бошлаган қаламкашгина ғурбатдан йироқ бўлади. Чунки у нимани ёзмасин, ҳаммаси кўзига бағоят ажойибдек кўринаверади-да! Бундай пайтда ўзингни арши аълода ҳис қиласан киши. Ёзивчилик ҳам осонгина ишдек туюлади, маза қилиб тўхтовсиз ёзаверасан. Лекин фақат ўзинг учун ёзасан, холос, асарингни ўқийдиган китобхон эса етти ухлаб тушингга ҳам кирмайди. Китобхонни назардан қочирмай ёзиш кераклигини тушунгандан сўнг ёзувчилик нақадар машаққатли ҳунар эканлигига ишонч ҳосил қиласан. Шу даражада қаттиқ ишонч ҳосил қиласанки, ҳатто қўлёзма устидаги иш ниҳоясига етгандан кейин ҳам туну кун чеккан азобларинг бир умр ёдингда қолади.

Савол: Ёзишни эндигина ўрганган пайтларингиз танқиддан қўрқармидингиз?

Жавоб: У пайтларда мен нимадан қўрқишни ҳам билмас эдим. Чунки машқларим деярли ҳеч қандай даромад келтирмасди. Шунчаки, қўлимдан келганча ёзардиму қўярдим, холос. Лекин тўғри ёзаётганимга ишончим комил эди. Мободо асарларим кимнингдир ғашига тегаётган бўлса, менда нима айб, бошимни деворга уриб ёришим керакми, деб ўйлардим. Умуман, китобларим қачондир ҳақиқий баҳосини олажагига ишонар эдим. Қолаверса, танқид билан деярли жиддий тўқнашмаганман, у бошқа ишларга кўмилиб ётарди. Одатда, адабиётдаги илк қадамларингни ҳеч ким пайқамай қолади. Бу ҳам ёш ёзувчининг бахти.

Савол: Бирор марта ишингиз бароридан келмаслигини олдиндан сезганмисиз?

Жавоб: Агар машъум ҳодиса рўй беришини кўнглинг сезса, албатта бошингга кулфат тушади. Бундай дамларда кўзанинг қачон синишини кутиб ўтирмай, дарҳол эҳтиёт чоралари излаш лозим. Ақли расо киши худди шундай қилади. Бироқ баланд дорга осилган одам оёқнинг ерга тегиш-тегмаслигини ўйлаб ўтирмайди.

Савол: Сиз китоб ёзишдан аввал қатъий иш плани тузиб оласизми ёки хомаки режа асосида ишлайверасизми?

Жавоб: Унисини ҳам, бунисини ҳам қилмайман. Бадиий асар – ёзувчидаги мавжуд билимлар заминида моддийлашадиган хаёлдир. Агар бафуржа ўйлаб ичингдан тўқиб чиқарсанг, хотирангдаги ўлик фактлардан ҳам ишонарлироқ, жонлироқ манзаралар яратиш мумкин. Фалакнинг гардиши чаппа айланиб, машҳур адиблар бадиий адабиёт билан шуғулланмаганларида борми, улар учига чиққан лофчи бўлиб етишардилар.

Савол: «Фалон» нарсани ёзганингиз ёки ёзмоқчи бўлганингиз учун Сизга дўқ-пўписа қилишмаганми?

Жавоб: Нега дўқ қилишмас экан, қилишган. Ҳатто, китобларим чоп этилгач, гумдон қилиб кетамиз, деб ҳам қўрқитишган эди.

Савол: Сиз нечта китоб ёзгансиз?

Жавоб: Унчалик кўп эмас, ўн учта, шекилли. Лекин мен қўлёзма устида жуда кўп тер тўкаман. Устига-устак, тез-тез ишни тўхтатиб, кўнгилхушликлар билан шуғулланиб тураман. Бундан ташқари, менинг ижодий режаларимни чиппакка чиқарган уришлар ҳаддан зиёд кўп бўлди.

Савол: «Алвидо, қурол!» китобингизни қанча вақт мобайнида ёзгансиз?

Жавоб. У китобни қишда, Парижда бошалаганман. Эрта баҳорда Куба ва Ки-Уэстда (Флорида штати), кейин хотинимнинг ота-онаси яшайдиган Пигот (Арканзас штати) шаҳарларида ишни давом эттирдим. Сўнгра биз Канзас-Ситига кўчиб ўтдик, у ерда бир ўғлим туғилди. Ниҳоят, сўнгги нуқтани кузда, Багхори (Вайоминг штати) шаҳрида қўйдим. Биринчи вариантини саккиз ойда ёзиб тугатган бўлсам-да, қайта ишлашга яна беш ой кетди, ҳаммаси бўлиб – ўн уч ой.

Савол: Айтинг-чи, бошлаган ишингиздан кўнглингиз совиб, китобни чала қолдирган пайтларингиз ҳам бўлганми?

Жавоб: Тўғри, баъзан ёзиш ҳам жонимга тегиб кетар эди. Лекин ҳеч қачон ишни чала-чулпа қолдирган эмасман. Ишга чап бериб юриш мумкин, бироқ ундан қочиб қутулиб бўлармиди!

Савол: Асарларингиз қаҳрамонларини тез-тез мушкул аҳволга дучор қилиб турасизми?

Жавоб: Унчалик эмас. Акс ҳолда, ўзимга ҳам қийин бўлиши мумкин.

Савол: Африка тўғрисида бир талай ҳикояларингиз бор. Айтинг-чи, бу қитъани нега бунчалик яхши кўрасиз?

Жавоб: Дунёда шунақанги ғаройиб ўлкалар борки, беихтиёр яхши кўриб қоласан киши. Баъзи жойларни эса кўргани кўзинг, отгани ўқинг бўлмайди. Нега шундай экан – ҳеч тушунмайман. Менга кўпроқ Африка ёқади, вассалом. Сизнинг Айдахо штатингизда ҳам Африка ёки Испанияни эслатадиган бир жой бор. Бу жойга кўплаб басклар (Испаниянинг шимоли-ғарби ва Франциянинг жануби-ғарбида истиқомат қиладиган халқ) кўчиб келганига сабаб ҳам шу бўлса керак.

Савол: Кўп китоб ўқийсизми?

Жавоб: Ҳа, кўп ўқийман. Ишдан чарчаган пайтларимда бирорта китоб ўқиб ҳордиқ чиқараман.

Савол: Бўлажак китобингизга персанаж сифатида асқотиб қолишини ўйлаб дуч келган одамни ўрганаверасизми?

Жавоб: Менинг прототип қидириб изғийдиган одатим йўқ. Ризқим қаёққа сочилган бўлса, ўша ерга беравераман. Дунёдаги баъзи ишларни ўз хоҳишинг билан бажарсанг, бошқаларини истасанг-истамасанг, бажаришга бурчлисан. Табиийки, ҳар икки ҳолатда ҳам бўлажак қаҳромонларинг билан учрашасан.

Савол: Китобларингиз асосида суратга олинган филмлар ўзингизга ёқадими?

Жавоб: Минг афсуски, улар бир пулга қиммат. Голливуд кинокампаниясининг маҳсулотлари ичида биттаси – «Қотиллар» менга сал-пал маъқул тушган, холос. Айтмоқчи, «Чол ва денгиз» ҳам. Чунки бу филъм бевосита назоратим остида суратга олинган эди. Қолганларининг биронтасини ҳам охиригача томоша қилишга тоқатим етмаган.

Савол: «Алвидо, қурол!»ни ёзишга Сизни нима мажбур қилган?

Жавоб: Мен ўсмирлик чоғимда Италияга адашиб бориб қолдим, у ердаги уруш эса кўзимни мошдек очиб қўйди.

Савол: Кинотеатрга тез-тез бориб турасизми?

Жавоб: Ҳа. Менимча, «Квай дарёсининг кўприги», «Дунё бўйлаб саксон кун» филмлари кейинги пайтда яратилган энг яхши картиналардир. «Дунё бўйлаб…» филми анча зерикарли бошланади-ю, кейин бирдан ўзининг сеҳрли комига тортиб кетганини сезмай ҳам қоласан киши. У гўё гўзал орзуга ўхшаб кетади. Фақат яхши филмгина инсон қалбида ана шундай беғубор туйғулар уйғотиши мумкин.

Савол: «Адвидо, қурол!» филмини кўрдингизми?

Жавоб: Кейингисиними?

Савол: Ҳа, кейингисини. Ҳалиги, Рок Хадсон суратга тушгани бор-ку…

Жавоб: Бахтимдан бўлиб, кўрганим йўқ. Бироқ, менга маълум бўлишича, лаънати киночилар романимни булғашибди.

Савол: Сиз уларга китобингизни экранлаштириш учун рухсат берганмисиз?

Жавоб: Қаёқда! Бирор кимса мендан лоақfл рухсат сўрагани йўқ-ку! Менга ҳатто бир чақа ҳам беришмади…

Савол: Қўлёзмани битирганингиздан кейин устидан яна бир бор ўқийсизми?

Жавоб: Албатта. Масалан, мен бугун қўлёзмани қайта ўқиб чиқсам, камида тўрт бобни бошқатдан ёзаман. Чунки биринчи вариантни худди баҳс пайтида қизишиб кетган одамдек пала-партиш ёзаверасан. Ҳовуринг босилгач, зарурий тузатишлар киритиш мумкин.

Савол: Сиз одатда кунига неча соат ишлайсиз?

Жавоб: Олти соатдан кўп эмас. Шундан ошиб кетса, толиқаман ва ёмон ёза бошлайман. Лекин мунтазам ишлайман. Фақат якшанба кунигина дам оламан, холос. Негадир дам олиш куни ишим унмайди. Бир неча марта якшанба куни ҳам ишлашга уриниб кўрдим-у, барибир, кўнгилдагидек ҳеч нарса ёза олмадим.

Набижон Боқий таржимаси

Ёшлик» журналининг 1985 йил 3-сонидан олинди