—Эркин ака, аввало Ўзбекистон ССР халқ депутати, Олий Кенгашимиз Ошкоралик қўмитасининг раиси сифатида, ошкораликнинг жумҳуриятимиздаги бугунги аҳволи тўғрисида гапириб берсангиз.
— Ўзбекистонда ошкоралик, сўз эркинлиги бобида маълум қадамлар илгари қўйилди. Масалан, Олий Кенгашимиз сессияларининг ойнаи жаҳон орқали тўлиқ намойиш этилиши ҳам ошкораликнинг бир кўриниши. Аммо ўзимизни Россия, Болтиқбўйи, Украина, Белоруссия, Гуржистон ва бошқа регионларга солиштириб кўрсак, бизда ошкоралик йўқ даражада. Бу кўпчиликка маълум.
Шунинг учун, менинг биринчи эътирозим оммавий-ахборот воситаларимизга бўлади. Улар эркин фикрга бағрини кенг очмаяптилар. Тўғри, бир-икки рўзнома-жаридаларимизда бағрикенгликнинг ишоралари сезилиб туради, баъзан. Масалан, Ўзбекистон адабиёти ва санъати, Ёш ленинчи, Фан ва турмуш, Шарқ юлдузида. Аммо асосий матбуот органлари — партия рўзнома-жаридаларида деярли ўзгариш бўлгани йўқ. Айниқса, отахон нашрларимиз — Совет Ўзбекистони, Правда Востока рўзномаларидан кишининг кўнгли тобора совумоқда. Яқинда Совет Ўзбекистонининг собиқ муҳаррири Мақсуд Қориевга: Ўқиб қувонсангиз керак, Мақсуд ака! Совет Ўзбекистони сизнинг даврингизда қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай — зерикарли. Қайта қуриш ҳам, муҳаррирининг уч, марта алмашгани ҳам, уни ўзгартиролмади, деб ҳазиллашдим. Бу гаплардан у киши хафа бўлиб: Бизнинг даврда у жасоратли газеталардан бири эди, дедилар. Бу гапда озми-кўпми жон бор.
— Матбуотда ошкораликнинг сустлигига, менингча, нуқул муҳаррирларни айблайвериш ҳам унчалик тўғри эмас. Сабаби: матбуотда ҳали компартия яккаҳокимлиги сақланиб турибди. Партия сафларида эса консерватив кучлар бор.
— Бу яккаҳокимлик энди тугатилади. Бу борада КПСС XXVIII съездида маълум қарорлар қабул қилинади ва партия ўз ихтиёри билан яккахўжайинликдан воз кечади, деган умиддаман. Қолаверса, мамлакатимизда Матбуот тўғрисида қонун қабул қилинди. Энди биз жумҳуриятимизда ҳам шундай қонун қабул қилишимиз ва унинг биринчи сатрлари: Оммавий ахборот воситаларига нисбатан ҳеч бир ташкилотнинг шахснинг яккаҳокимлигига йўл қўйилмайди, деган эътирофдан иборат бўлмоғи керак.
Оммавий ахборот воситаларида берилаётган хабарларнинг, материалларнинг савиясини, мазмунини тубдан ўзгартириш керак. Уларда ҳали-ҳамон, ҳеч кимни қизиқтирмайдиган хабарларни берамиз. Масалан, Ахборотни қаранг. Фалон колхозда чигит экиш тугалланганлигининг миллион-миллион одамга нима қизиғи бор? Фалон фабрикадаги қайсидир цех ишчилари ярим йиллик планини бажарганлигининг-чи? Бажарибдими, раҳмат, ишлайверсин. Лекин магазин пештахталари ҳувиллаб ётган кезларда бундай сийқа хабарларни айтиб, миллионлаб одамлардан суюнчи олишимиз шартми?..
Оламда, мамлакатимизда фикр шунчалик тез ўсмоқдаки, янги гап бир кунда эмас, бир соатда эскириб қолмоқда. Шундай замонда кутилмаганроқ фикр айтсангиз, бундай гаплар ҳали Москвада ҳам йўқ-ку, деб қалтирашади. Қачонгача бировларнинг эски ковушини кийиб қадам ташлаймиз?!
Матбуот халқимизнинг кўзини очадиган, ўзлигини танишига хизмат қиладиган, қизиқарли материалларни беришга ўрганиши керак.
— Бу айтишга осон, Эркин ака, сал дадилроқ мақола берса, муҳаррир бечора айрим идораларга суҳбатга қатнайвериб чарчайди. Ўзингизга маълум…
— Гапингиз тўғри. Аммо бир гапни унутмаслигимиз керак: Жон куйдирмасанг, жонона қайда. Ошкоралик нисбатан ривожланган региондаги газета-журналларнинг муҳаррирларига, умуман, ижодкорларига ҳам осон бўлмаётир. Аргументы и факты, Огонёк, Московские новости нашрлари таҳрир ҳайъатларининг баёнотларини ўқигансиз.
Қайта қуриш — кураш. Халқининг, миллатининг мустақиллигини, умуман, келажагини ўзи ўтирган курсидан устун қўя олган муҳаррирларгина дадил ишлар қилиб, элининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиши керак.
Барча кулфат шундаки, бизда баландроқ курси, мўмай мукофот ёхуд депутатлик нишони ваъда қилинса, миллат, халқ, Ватан тақдирини унутиб қўядиган элдошларимиз кўп.
Иккинчидан, неча йиллардан, балки асрлардан буён қон-қонимизга сингиб кетган жуда ёмон ақида бор. Мен сизни ёки тасарруфингиздаги соҳани танқид қилсам, камчиликларингизни кўрсатсам, хафа бўласиз. Бу одамга нима ёмонлик қилдим экан, деб ўйлай бошлайсиз. Биз ана шу қолоқ психологиядан қутулишимиз керак. Ҳеч бир одам хато ва камчиликлардан холи эмас — табиатан шундай яралган. Демак, уни дўстона танқид қилиш, камчиликларини кўрсатиш мумкин ва зарур. Бу фалсафани ҳамма, аввало, турли тоифадаги раҳбарлар, айниқса, партия ходимлари тан олиши ва унга кўникиши керак. Бу кўникиш энди раҳбарларнинг обрўсини туширмайди, аксинча уни безайди, бағрикенг, танқидга тоқатли сардор сифатида халқ орасида ҳурматини оширади.
— Эркин ака, шу ўринда бир мисол ёдимга тушиб кетди. АҚШ президенти Рональд Рейгандан, ўн йил мобайнида мамлакатга муваффақиятли раҳбарлик қилишингизга ким сизга кўпроқ ёрдам берди, деб сўрашганида у Мени аёвсиз танқид қилиб турган журналистлар. Улар айтган фикрлардан ўзимнинг хато-камчиликларимни кўриб-билиб, ишларимни тўғрилаб бордим, деб жавоб берган экан.
— Албатта. Бугун ҳар биримиз ўзимизда шакллантиришимиз лозим бўлган бош фазилатлардан бири — танқидни ёрдамчи деб билиш ва унга кенг йўл очиш.
Мана, иккаламиз суҳбатлашиб ўтирибмиз. Сиз менинг фикримга қўшилмаслигингиз мумкин, яъни ҳар бир онгли инсон маълум воқеа-ҳодиса ёки нарса ҳақида ўз фикрига эга бўлиши мумкин. Биз ҳаётнинг ана шу оддий қонунини тан олишни истамаяпмиз. Дейлик, кимдир, компартия фаолияти менга ёқмаяпти деса бу ўша одамнинг шахсий фикри, аммо компартия ҳақида ҳамма ёмон фикрда дегани эмас-ку?! Аксинча, мен уни кўкларга кўтариб мақтасам, яхши ҳам бўлиб қолмайди. Турли фикрларнинг тўқнашувидан ҳақиқат юзага чиқади.
Қадимги Юнонистоннинг олам тарихида нақадар улуғ ва бой из қолдирганлиги маълум. Қисқа давр ичида ул замин тенгсиз ривожланиш палласига кириб, оламга қанчадан-қанча даҳоларни берганлигининг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Ёзишларича, Юнонистоннинг ҳар бир фуқароси мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсати, ҳаётидаги воқеа-ҳодисалар ҳақида ўз шахсий фикрига эга бўлиши лозимлиги қонун томонидан белгилаб қўйилган экан. Шахсий фикрга эга бўлмаган фуқарога, ҳатто жазо берилган… Биз эса етмиш-саксон йилдан буён шахсий фикрга эга бўлган ватандошларимизни қувғину қирғинларга гирифтор этиб келяпмиз.
Аммо шахсий фикрим ниқоби остида, сўнгги пайтда айрим акжуманларда гувоҳ бўлаётганимиз каби, жумҳуриятимиз раҳбарлари шаънига мақтовлар, ҳамду санолар ўқиш, ялтоқланишлар (буларни ўзининг бурчи деб юрганлар ҳамма замонларда топилади), бошланса ва ҳеч ким бу синалган иллатнинг олдини олмаса, шўримизнинг қуригани! Аминманки, буни эшитган олам аҳли устимиздан майна қилиб кулади.
Ҳеч кўз олдимдан кетмайди. СССР халқ депутатларининг ўтган съездида залдан туриб, кимдир, Горбачёвга қараганча, қўлларини силтаб-силтаб, кескин-кескин гапирди. Афтидан, шахсига тегадиган гап айтди. Нима деганини аниқ эшитолмадим, — микрофон уланмаган эди. Михаил Сергеевич, хафа бўлгандек, бироз жим қолди-да: Афсуски, шунақа гапларни ҳам эшитишга тўғри келади, деди ва ишини давом эттираверди. Ҳавасим келди. Раҳбаримизда, танқид қилган ёки бироз қалтисроқ фикр билдирган одамга нисбатан, шошмай тур, ҳали сенга кўрсатиб қўяман, деган жоҳил, қолоқ одамга хос тушунча, кек сақлаш йўқ экан!
Бугун биз, журъати етиб, ўз фикрини очиқ айтган кишини рағбатлантиришга ўрганмоғимиз керак. Агар бу ишни раҳбар қилса, ўша дадил кишига раҳмат айтса, сизнинг фикрингизни ҳам инобатга оламан деса, унинг обрўси халқнинг назарида минг баробар ўсади. Катта-кичик йиғинларда кўпинча нотиқлар раҳбарларнинг фикрини маъқуллаб гапираверадилар. йўқ, уларда ҳам бошлиқларнинг фикрига нисбатан қандайдир эътирозлар бор, бўлмаслиги мумкин эмас; ҳурматли Фалончи Фалончиевич, сиз айтган иш мундайроқ бўлиши керак, сабаби фалон-фалон, дегиси келиб туради. Аммо қўрқади. Уни танқид қилсам ёки эътироз билдирсам, мақсадимни тўғри тушунмайди, орамиз бузилиб, кейин мени бир умр қувғинга олади деб ўйлайди.
Жамиятни орқага тортадиган, бузадиган энг катта душман мана шу қўрқув. Бундай қўрқув ҳукмрон юртга танкалару ракеталар билан бостириб кириш шарт эмас. Шусиз ҳам одамлар бир-бирининг этини еб, мамлакатни ғорат қилади. Агар кўнгилдаги гапни раҳбарнинг юзига шартта айтадиган замонлар бўлганида, Сталин қирғинларини қўя турайлик, қўшинларимиз Афғонистонга бостириб кирмас, БАМ деган сарсон қурилишга миллиард-миллиард пулларимиз сочилмас, Орол қуриб, пахта якказироатчилиги келиб чиқмас, Агропром ташкил этилмас эди…
Буларнинг ҳаммаси янги тафаккурга кўникишимиз қийин, азобли кечаётганлигидан далолат. Эски психология — каттанинг фикрига мослаштириб гапириш ҳамон давом этаяпти. Ўтган хатоларимизни, ўз вақтида нодонлиги туфайли, англамай, жим юрганларни кечирса бўлар. Аммо фожиаларни олдиндан кўра-била туриб, ўз тинчини, зиғирдеккина жонини ўйлаб, халқининг, миллатининг бошига тушажак кулфатларга бефарқ қараб турганларни асло кечириш мумкин эмас.
Бир киши, дейлик, раҳбар, донишмандларнинг донишманди бўлганида ҳам, барча соҳани қамраб ололмайди, — ҳаёт шу даражада мураккаб. Аввало, раҳбарликнинг иқтидори шундаки, у ўз атрофига ақлли, доно, жасоратли, ҳақгўй, ҳатто ноқулай одамларни йиғади. Нодон раҳбар ялтоқи, нотўғри фикрни ҳам доим қўллаб-қувватлайдиган, манфаатпараст, сувоқчи шахслар билан давра қуради. Ўйлашимча, ҳозирги раҳбариятимиз ўз атрофига дадил ва ақлли одамларни торта бошлаганга ўхшайди.
— Ўзбекистон ССР халқ депутатлари раҳбарларимизнинг ўзига хос маслаҳатчиларига, кўмакдошларига айланиб бормоқдалар. Аммо улар орасида ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, сиёсатшунослар, файласуфларнинг камлиги сессиялар ишига таъсир этмоқда. Бу сайловлардан имкон қадар фойдалана олмаганлигимиздан далолат. Ўтган сайловлар сизга бугун, узоқ масофадан туриб қандай кўринади?
— Қўмитамизга келаётган кўп сонли мактублардан кўриниб турибдики, сайловлар пайтида аппарат, халқ номзодини кўрсатган кишиларни депутатликка ўтказмаслик учун, талай ўйинлар қилган. Халқ номзодларига, фаол, элпарвар сайловчиларга ҳар томонлама тазйиқлар ўтказилган. Бугунги депутатлар орасида партия, совет аппарати ходимлари, турли тоифадаги раҳбарларнинг ниҳоятда кўплиги ҳам фикримизни исботлайди. Турғунлик йилларида ҳам улар бунчалик кўп сайланишмаган. Баъзан Олий Кенгашимиз сессиясида ўтирибсанми ёки партия-хўжалик фаоллари йиғилишидами — бирдан англаб олишинг қийин. Буни қарангки, демократия йўллари очила бошлагач, партия ходимлари, ҳар хил раҳбарлар ўзларини депутатлик мандати томон уришди.
— Аппарат эса уларнинг бу ташаббусини, имкони борича, рағбатлантириб турди…
— Албатта, бунинг сабаби бор. Чунки, ҳокимият Советларга ўтяпти ва буни партия аппарати сезяпти. Шунинг учун партияни ғорат қилган, обрўсини тўккан олғирлар ҳам энди ўз вақтида этакларини ёпишиб, Советлар томон чопмоқдалар ва кўп жойларда ниятларига осонгина етмоқдалар ҳам.
Ҳаётга реал қарайдиган бўлсак, ҳозир ҳам ҳокимият партаппарат қўлида. Матбуот, раҳбарлик, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш партиянинг тасарруфида. Ҳали эски қолиплар синдирилгани йўқ.
Қолипларни синдиришнинг ягона йўли кўппартиявийлик. Бу жиҳатдан КПСС XXVIII съездидан сўнг бошқа партиялар фаолиятига ҳам кенг ва тенг йўл очилади, деган умиддаман. Тенгҳуқуқли бу партиялар Советларда ўзаро келишув асосида коалицион бошқарувни вужудга келтирадилар. Бошқача айтганда, дунёдаги барча ривожланган мамлакатларда бўлгани каби, йирик сиёсий кучлар бир марказга жамланади. Мамлакатни бошқариш осонлашади, ўзаро рақобат асосига қурилган баҳс-мунозаралар боис ички ва ташқи сиёсатимизда хатолар камроқ бўлади. Ўйлайманки, бундай кунлар яқин ва Ўзбекистонда ҳам шундай имкониятлар очилади.
— Фикрингиздан шуни уқдимки, кўппартиявийликка ҳам компартиянинг ўзи рухсат бериши керак!
— Ҳа, ҳозирча вазият. шуни талаб қилади. Компартиямиз ҳам, агар қайта қуришнинг, халқнинг тақдирини ўз манфаатларидан устун қўйса, шунга жасорат топиши керак. Ўйлашимча, ҳозирги раҳбарларимиз, президентимиз, у кишининг ёнида турган маслаҳатчилари аста-секин айнан шу йўлдан кетишяпти.
— Секин-аста!..
— Ҳа, айнан шундай. Чунки, бу қалтис қадамларни озгина тезлатиш кўнгилсиз ҳодисаларга олиб бориши мумкин. Барча томонни ҳисобга олиш, пишиқ-пухта ўйлаш керак. Инсон бир куни эрталаб туриб, бутунлай бошқача тузумда яшаб кетиши қийин. Янгича муносабатларга секин-аста кўникиб боришимиз учун маълум вақт керак бўлади. Узоқ давр қоронғу ертўлада ўтирган одам бирдан қуёшга қараса, кўзлари бутунлай ожизланиб қолади.
Биз уйимизнинг ичида яшаб турган ҳолда, уни қайта қуряпмиз, бутунлай ўзгартиряпмиз. Ўзга бошпанамиз йўқ. Бу истайсизми-йўқми, маълум қийинчиликлар, ҳатто бесаранжомликлар туғдиради. Дим ҳаволи, хоналари кўп ва ниҳоятда сумбатли эски уйимизни бирданига бузиб ташлаб, янгисини қурмоқчи бўлсак, вайронада қорнинг совуқнинг, жазираманинг гирдобида қолиб, қирилиб кетамиз. Шунинг учун биз, қирқига чидаган жафокаш халқ, энг сўнгги қирқ биринчи синовга ҳам бардош беришимиз керак. Негаки, шу халқ, шу Ватан, шу раҳбарлар — ўзимизники. Бошқа заминга, юртга чиқиб кетолмаймиз. Ўзга юртлардан, дейлик, Япония ёхуд АҚШдан раҳбар олиб келолмаймизки, у ўн кунда ҳаммаёқни тартибга солиб, бизни ўз мамлакатидаги каби фаровон ҳаётга ошно этса. Шунинг учун уйимизни, фикру онгимизни секин-аста ўзгартириб боришимизга тўғри келади. Шу маънода раҳбариятимизнинг тутаётган йўли тўғри, деб ўйлайман.
Ўзбеклардек меҳнаткаш, қўлигул, уддабурон, хокисор миллат кам топилади. Қани энди бугун ғўза ўсиб ётган ерларнинг, ҳеч бўлмаганда, ярмини бу халққа бўлиб беролсанг. У нафақат Ўзбекистонни, ярим дунёни озиқ-овқат билан таъминлашга қодир бўларди. Шундай бой заминга, имкониятга эга халқ шунчалар хор-зорки, охири йўқ. Унинг ҳуқуқлари торайиб, талончининг ўлжасига айланиб қолган.
Ўзбек ҳам, ўрис ҳам, бошқалар ҳам таланган бўлса, Москванинг аҳволи яхшидир, бойлигимиз умумдавлат хазинасида йиғилиб ётгандир, деб умидвор бўласан. Йўқ, Москвада ҳам ўша хўроз қичқирган, давлат хазинаси ҳам бўшаб ётибди. Шунда, зўр билан қурилган иморат вайрон бўлади, деган нақл ёдга тушади. Бутун дунё йўқсиллари умид боғлаган тузумимиз зўрлаш асосига қурилган эдики, бугун бундай аянчли ҳолга тушиб ўтирибмиз. Инсоний меҳр-оқибат, диёнат, эркинлик, имон-эътиқод, ҳурмат-иззат, қадр-қиммат топталган юртдагина шундай бўлади. Олам кезиб шунга ишонч ҳосил қилдимки, дунёнинг барча тараққий этган мамлакатларида биздаги каби миллионлаб одамлар ҳар куни эрталаб, турмага боргандек, ишхонасига кириши билан темир дафтарга қўл қўйиб, кечқурун яна унга имзо чекиб қайтмайди. Бизнинг колхоз ва совхозларимиздаги каби меҳнаткашлар тепасида бошлиқлар дағдаға қилиб турмайди. Одамларимиз тонгдан шомгача уринишади, аммо бу мажбурий уринишдан на ишида, на оладиган даромадида унум бор. Шунинг учун улар ниҳоятда асабий. Қилган меҳнатининг натижасига яраша ҳақ олмаса, қадр топмаса, яйрамаса, — у инсон бахтсиздир. Мамлакатимиз бахтсизлар мамлакатига айланиб қолган. Шунинг учун одамлар дарғазаб, кўкси дунёга, одамларга нисбатан нафрат ўти билан тўла. Меҳнатдаги, ҳаётдаги адолатсизликлар йиллар давомида уларда нафрат, норозилик ҳиссини йиғиб келди. Улар бир-бирларига нисбатан шафқатсиз бўлиб қолдилар. Бу нафратни тўкиб солиш учун эса имкон бермади.
— Суҳбатларингиздан бирида, кутилмаганда, футбол ишқибози бўлиб қолган дўстингиз ҳақида эслаган эдингиз.
— Ҳа, у ҳам дарди дунёси қоронғу бўлиб юрганлардан экан, Стадионга футбол томоша қилгани эмас, бақириб-чақиргани, ҳумордан чиқиб, сўкингани бораман, — дерди. — Уйимда дардимни ёзолмасам, кўчада дардимни айтолмасам, ишхонада биров, аҳволинг қалай, демаса. Стадионда эса дунёни, ёмон одамларни, ёмон раҳбарларни кўз олдимга келтириб сўкинавераман… Дардим енгиллашиб қайтаман.
Жамият учун энг хавфли шахс — дарди ичига ҳайдалган одам. Шундай ақлли, уддабурон одамларимиз борки, улар ўзларини ҳам, жамиятни ҳам бойитиш имкониятига эга. Афсуски, уларнинг ҳаммаси бўғилиб, қисилиб, оёқ-қўли боғлаб ташланган. Бизнинг жамиятимизда бойларга ўрин йўқ, бойишинг мумкин эмас. Оч қолсак ҳам, ҳаммамиз тенг бўлайлик. Завод-фабрикага, 3—4 гектар ерга эгалик қилишни, уларда 20—30 кишини ишлатишни-ку, хаёлингга ҳам келтирма!.. Ана, биз саксон йил ишониб келган ақида! Ахир, беш қўл баробар эмас-ку? Табиат кимгадир фақат кимнингдир қўли остида, йўл-йўриғи билангина ишлаш қобилиятини, яна бировга эса ишни ташкил этиш, уюштириш — раҳбарлик иқтидорини берган. Ана шундай тадбиркор одамларга эрк, имконият берилса, жамиятда ҳамма нарса, ҳамма одам ўз-ўзидан ўрнини топиб кетади.
Йўқ, биз руҳан қул бўлган одамларни бошлиқ қилиб, уларнинг қўлига ташкилотчи, уддабурон кишиларни боғлаб берамиз. Руҳан қул бўлган одамнинг тасарруфида дарё бўлганида ҳам, сизга бир коса сув бермайди, беролмайди. Чунки, ўша дарёдан юқорининг рухсатисиз ўзи ҳам сув ичгани қўрқади! Жамиятмизнинг барча кулфатлари одамлардан мол-мулк, завод-фабрикалар тортиб олинган кундан бошланган. Мол-мулкдан жудо қилинган инсон эркидан жудо қилинган билан тенг. Бизда ҳамма нарсани, вазифани давлат ўз қўлига йиғиб олган. Отамиз давлатдир, онамиз давлат— бизлар инкубатор жўжаларимиз, дегандек, ҳамма—бутун халқ давлатдан илтимосчи, тиланчи бўлиб қолди. Сайлов арафасида, учрашувларда ҳамма ёзғиради: Давлатимиз уй-жой, касалхона, мактаб, боғча, клуб қуриб берса… Сув келтирса, газ келтирса, чироқ келтирса, йўл солса… Тиланишларнинг адоғи йўқ, ҳаммасини давлат қилиб бериши керак. Кўряпсизми, давлат ҳамма нарсани ўз қўлига тортиб олганки, уддалаб бўлмас ҳолга келган. Дунёнинг ривожланган мамлакатларига назар солсак, бунинг аксини кўрамиз, уларда иқтисодиётнинг (экономиканинг) ўз эгалари бор. Касалхона қуриш — шифохона эгасининг иши, газ келтириш — газ билан савдо қилувчи компаниянинг иши ва ҳоказо.
Биз инсонни инсон эксплуатация қилмайдиган тузум қурамиз деб, шундай ҳолга тушдикки, давлатнинг ўзи шафқатсиз эксплуататорга айланиб қолди. Ҳисоблаб кўринг, бизда ватандошларимиз ўз меҳнати натижасининг 25 фоизини ҳам ололмас экан. Бошқача айтганда, юз сўмлик иш қилсангиз, давлат сиздан 75—80 сўмини тортиб олади. Илғор капиталистик мамлакатларда эса, аксинча, фуқаро қилган меҳнатининг 75—80 фоизигача қўлига олади.
Биздаги бу шафқатсизлик, эксплуатация одамларни оламдаги энг улуғ неъмат, энг яхши тарбия воситаси — меҳнатдан бездирди. Одамгарчиликдан чиқарди. Давлат фуқароларни ҳалолликка, покизаликка, одилликка тинимсиз чақириб, иккинчи томондан уларни талайверди… Давлатимиз биздан, меҳнатимиздан қувониб яшаш саодатини олиб қўйган. Ҳалол пул топиш — азоб, жасорат. Топсанг, оладиган нарсанинг ўзи йўқ…
— Бундай дамларда яқиндагина қабул қилинган Мулкчилик, Ер тўғрисидаги қонунларимиз дилимизда умид туғдиради.
— Ҳа. Энди бизда ҳам хусусий мулкдиликка, ёлланма меҳнатга йўл очилади. Мулкчилик тўғрисидаги қонунни муҳокама қилиш чоғида депутатлардан бири, яна Мирзакаримбою Йўлчиларнинг замонига қайтиб, инсонни инсон, эксплуатация қилишига йўл очиб берамиз, деди. Шундай шубҳаларнинг туғилиши табиий: хусусий мулкчилик, ёлланма меҳнат, эксплуатация тўғрисидаги етмиш йиллик ёлғон ташвиқот одамларимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Инқилобдан аввалги даврни идеаллаштириш нотўғри. Аммо Мирзакаримбойларимиз тирик қолишганида, бизнинг Рокфеллерларимиз, Ҳаммерларимизга айланган бўлишарди. Балки бугунги Йўлчиларни ҳам бу даражада ғариб кўрмасдик.
— Хусусий мулкчиликка, ёлланма меҳнатга йўл очилгани яхши. Аммо энди мулкдор билан ёлланма ишчи ўртасидаги муносабатлар қандай кечади? Бунинг устига, жумҳуриятда бир миллион ишсиз бор…
— Эксплуатация, ёлланма меҳнат бор жойда истайсизми-йўқми, адолат ҳамиша ҳам тўкис бўлавермайди. Аммо ҳозирги замон демократия институтлари шунчалик ривожланганки, эксплуатация қилинувчи ҳам унчалик ютқазаётгани йўқ. Масалан, АҚШ да энг кам маош — соатига 5 доллар, ёлловчи ўз ишчисига, ёшидан, миллатидан, маълумотидан қатъи назар, бундан кам ҳақ тўлаши мумкин эмас. Давлат томонидан қатъий белгиланган. Энг кам маош тўлайдиган ишга кирсангиз ҳам, соатига камида 5 доллар оласиз. Саккиз соатдан 20 кун ишласангиз — 800 доллар энг кам маош. Ўртача иш ҳақи эса уч минг доллар. Ўша кезларда бизда бу кўрсатгич 150 сўм эди. Долларнинг қудратини ҳисоб-китоб қилиб, ўзимча шундай хулосага келдим: Амриқоликлар биздан 400 баравар яхшироқ яшашар экан!
—Унда биз устидан сакраб ўтган капитализм қаерда қолди?
— Амин бўлдимки, социализмнинг биз илгари сурган барча ғояларини капитализм ўзига олган, номини социализм деб атамаган, холос! Биз эса аксинча, А. Сахаров айтганидек, давлат капитализми ўпқонига тушиб қолганмиз. Бизда асосий капиталист — давлат. Социализм нима? Инсон фаровонлиги. Улар аллақачон бундай фаровонликка эришганлар. Социализм инсоннинг ижтимоий муҳофазаси. Улар бунга ҳам эришганлар. Фуқаро ишсиз, қаровчисиз қолса, кексайса, давлат нафақа билан таъминлайди. Социализмнинг бош ғояларидан яна бири — инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш. Инсон ҳуқуқлари — озодлиги, эрки, қалбининг ифодаси — ҳамма нарсадан муқаддас. Буни қарангки, инсоннинг фаровонлиги, озодлиги, эрки, қалбининг шодлиги, бахти куйланган юртда бундай неъматлар бўлмаган, улар эса шунга эришганлар.
Энди тафаккуримизда қотиб қолган тушунчалардан қутулишимиз керак. Давлатимиз ўзи эплай олмай қолган нарсалардан, соҳалардан қутулиши, уларни одамларга бўлиб бериши, сотиши керак. Минглаб-миллионлаб на халққа, на давлатга фойдаси тегмайдиган даргоҳларни тугатиш керак. Ахир, қанчадан-қанча даргоҳлар борки, одамлар эрталаб ишга келиб, кун бўйи салқингина хоналарда чой ичиб ўтирганликлари учунгина маош олишади. Масалан, Госстандарт деган ном билан аталувчи идорани олайлик. Унда мингдан ортиқ одам ишлайди ва улар маҳсулот сифатини назорат қилишлари керак. Корхоналарда, хўжаликларда, ҳатто ошхоналарда ҳам сифат комиссиялари, техник назорат бўлимлари (ОТК) бор. Бундан ташқари, икки-уч йил бурун ҳарбий саноатдан ибрат олиб, давлат қабулини (госприёмка) амалга оширувчи назоратчиларнинг янги гуруҳи пайдо бўлди. Уларга берилган ҳақ-ҳуқуқлар, имтиёзлар, маош корхона раҳбарлариникидан ҳам юқори. Аммо инсоф билан тан олайлик — маҳсулотлар сифати яхшиланиб қолдими? Йўқ! Сифат учун ҳақ тўланадиган ёки бозор рақобатига ўтилмас экан, ҳар бир ишчи-хизматчининг тепасида ўнтадан назоратчи турса ҳам, кўнгилдаги натижага эришолмаймиз.
Госстандартга ўхшаш яна бир система борки, тўхтамасдан , ўтолмайман. Биласиз, мамлакатимизда социалистик мулк деган тушунча бор. У ўртадаги дастурхонга сузиб қўйилган, аммо ейиш мумкин бўлмаган ош. Бу ошдан ўзингга ажратиб берилганига тўймайсан киши. Ўртадаги лагандан эса ололмайсан, қошиғингни узатсанг, қўлга тушасан — хонумонинг куйиб, қамаласан. Аммо уддасидан чиққан лаганни ғорат қилиб ётибди. Шунинг учун бу мулкни ҳимоя қилиш, қўриқлаш учун ўнлаб забардаст ташкилотлар, миллионлаб одамлар сафарбар этилган. Лекин улар ишининг самараси суст.
Маъмурий буйруқбозлик силсиласининг фарзанди бўлган бу ташкилотларнинг ҳаммасини бозор иқтисодиёти тартибга солади, деган умиддаман. Менга қолса, уларнинг ваколатларини чеклаб, халқ сайлаб қўядиган судларга кенгроқ имкониятлар берган бўлардим. Юқорида саналган органлардан юқори туриши керак бўлган судлар эса бизнинг замонамизда энг обрўсиз, ҳуқуқсиз муассасага айланиб қолган. Ноҳия халқ судининг раиси райком котибига муте бўлиб қолганлиги оддий ҳол саналади.
— Бундай дамларда хаёлингга мозийдан мисоллар келаверади. Илгари бутун бир даҳага битта қози булган.
— Тўғри. Тарихнинг гувоҳлик беришича, халифалар замонида, тўрт юз йил мобайнида, бор-йўғи олти кишининг ўғрилиги исботланиб, қўли кесилган экан. Айримлар таклиф қилаётганидек, бизнинг замонларда ҳам ўғрилик қилганнинг бармоғи кесилса, билмадим, қанча одам соғ қоларди.
Яна бир мисол, Ануширвони Одил замонида бир киши йигирма йил қозилик қилиб, бирорта ҳам ариза-шикоят, жиноий ишга дуч келмаган. Натижада, у ҳокимнинг олдига бориб, меҳнат қилмасдан мояна олаверсам, гуноҳга қоламан, деб қозиликни топшириб кетган экан! Одамларда инсоф, имон-эътиқод, мулкка эгалик ҳуқуқи бўлса, жиноятга ўрин қолмайди. Шундай ҳолни мен Ҳиндистонда кўрдим: Одамлар оч-яланғоч, тиланчилар бир бурдагина нон беринг, деб зор йиғлайди. Аммо жомадонингни кўчага ташлаб кетсанг, биров кўз олайтирмайди.
Миллион-миллион қўриқчимиз бўлишига қарамай, кечалари кўчада ёлғиз юриш, эшикни қулфламасдан ётиш тобора хавфли бўлиб бормоқда. Ўғрилик эса айб саналмай қолди.
Ҳозир бу сўз аввалги бўёғини йўқотиб, кўпчиликнинг назарида уддабурон тушунчаси билан тенглашган!
Инсон зотини ана шундай кўйга солиб қўйгани учун, аввало, тузум айбдор. Бизда ишловчи ҳар беш-олти кишига биттадан раҳбар тўғри келади. Бунга суд, прокуратура, милиция, ДХҚ, армия ва бошқа қўриқчи ташкилотларнинг посбонлари кирмайди. Қонунларимиз тобора кескинлашиб, ўғрилик, суиистеъмолчилик, порахўрлик каби қилмишлари учун бериладиган жазолар оғирлашмоқда. Орган ходимлари сони кўпаймоқда. Аммо мулкка, эркка, умуман, инсонга бўлган муносабатимиз ўзгармас экан, ҳар бир фуқаро қошида ўнтадан қўриқчи турса-да, ўғрилик-жиноят камаймайди…
Биз неча асрларга чўзилган уйқудан уйғонишимиз керак!
— Ҳузурингизга келаётиб, Олий Кенгашимиз Ҳайъати биноси йўлакларидаги, эшиклардаги ёзувларга эътибор бердим. Деярли барча ёзувлар ҳалигача рус тилида эканлигидан ҳайратландим. Давлат тили ҳақидаги қонунни ишлаб чиққан шундай обрўли ташкилот ўзи унга риоя қилмаса!
— Биз эса ҳайратланмай қўйдик. Эътибор беринг. Жумҳуриятимизнинг Олий идорасида Давлат тили тўғрисидаги қонун қабул қилингунча, бирорта ҳам ўзбекча машинка бўлмаган. Ҳозир ҳам кам. Ҳужжатлар, иш юритиш илгари қандай бўлса, ҳозир ҳам деярли шундай, — рус тилида юритилади. Фарқи — таржимонлар бор — кейин ўзбек тилига ўгирилади. Олий Кенгашимиз Ҳайъати ўз ишларини яқин ўртада ўзбек тилига ўтказа олмайди. Сабаби — аппаратнинг масъул ходимлари орасида ўзбекзабонлар, нари борса, 30 фоизни ташкил этади. Улар ҳам ҳужжатларни она тилимизда олиб боришга кўникишмаган. Афсуски, бундай идоралар кам эмас. Ўзбекистон Компартияси Марказқўми, жумҳурият Вазирлар Кенгаши ва бошқа қатор идораларддги масъул ходимлар сафида ўзбеклар, беозор қилиб айтганда, нисбатан, жуда камчиликни ташкил этади. Ўзбекистон ССЖ Физкультура ва спорт қўмитасида ишловчи 56 кишидан яқин-яқингача бор-йўғи олтитасигина ўзбек эди.
Йўқ, мен барча идора ходимлари ўзбеклардан бўлсин, демоқчи эмасман. Аммо ерлик халқ жумҳурият аҳолисининг 85 фоизини ташкил этаркан, идора ва муассасаларда ишловчи ходимлар орасида ҳам ўзбеклар камида шунча бўлмоғи керак!
Буларнинг ҳаммаси, миллий кадрларга эътибор берилмаганидан. Раҳбарлар Москванинг қовоғига қараб ўрганиб қолишганидан. Раҳбар пойтахтдан ишора бўлса, ҳаракат қилган, йўқса, жим. Кечқурун Москвадан рухсат олиб уйига кетган: Бугунги ишимни тугатдим, уйимга кетаверсам, майлими? Эрталаб келгач, яна марказга сим қоққан: Жойимга келиб ўтирдим. Шаттабиз! Иплар ҳаммаси Москвага боғланган, биров тортмаса, дунёни ўт олиб кетса ҳам, мустақил бирор қарор қабул қилолмаган. Ёрқин мисол: 1966 йили Тошкентда зилзила бўлганида, аввал Москвадан хабар қилинган. Фарғона фожиасининг тафсилотини ҳам Москвадан билдик.
Аслида миллий кадрларнинг ютуқлари ҳамиша эслатиб турилган: Мана ўзбекдан академик чиқди, композитор чиқди, балетчи чиқди, деб тўхтовсиз жар солинган, гўё ўзбек деганлари ақлан паст халқу орасидан илгари бундай одамлар чиқмаган. Битта балетчининг чиқиши совет замонасининг улуғ шарофати қилиб кўрсатилаверган.
Мен халқимизнинг миллий ифтихор туйғуси баланд бўлишини истардим. Бундай халқ, аввало, фарзанд тарбиясига эътибор беради. Бу борада ўтган етмиш йил ичида қилолмаган ишларимизни яқин беш-ўн йил ичида уддаламасак, тараққиёт бизни тарих саҳнасидан суриб ташлайди. Ичимиздаги қўрқувни, ҳаддан ташқари камсуқумликни ҳайдашамиз, дадилроқ бўлишимиз керак.
— Тошкентда Эркин Воҳидов КПСС сафидан ўз ихтиёри билан чиққан эмиш, деган миш-мишлар юрибди…
— Йўқ, ҳозирча партия билетимни топширганимча йўқ. КПСС XXVIII съездининг якуний ҳужжатларини кутяпман. Партиядан аввалроқ ҳам ўчишим мумкин эди, аммо кўпчиликнинг диққатини ўзимга қаратиб, ўрис дўстларимиз айтганидек, олақарға бўлиб юргим келмади. КПССнинг шу кеча-кундузда қабул қилинажак янги Уставида партия сафидан эркин чиқиш ҳуқуқи сақланиб қолади, деган умиддаман.
— Партиядан кетишга нима сабаб бўлиши мумкин?
— Мен партиямизнинг идеали бўлган коммунизм қуриш ғоясига чин юракдан ишонганим боис, КПСС сафига ўтган, бу ғояни баъзан баландпарвоз оҳангларда бўлса-да, аммо беғубор ишонч-эътиқод билан куйлаган эдим. Энди кўзим очилиб, билсамки, коммунизм деган жамият — эртак. Инсон қобилиятига яраша ишлаб, эҳтиёжига яраша истеъмол қилиши мумкин эмас. Чунки, эҳтиёжнинг чегараси йўқ. Бугун оддий велосипедга қаноат қилиб юрган одамларда эртага Марсга учиш эҳтиёжи туғилиши мумкин.
Компартиянинг номи, идеаллари эскилигича қолса, унинг сафида бўлолмайман, эътиқодимга қарши боролмайман.
Истагим: Жамиятимиз демократия сари йўналиб, кўпчиликнинг тўғри-нотўғри фикрларини сабр-тоқат билан эшитиб, зарур хулосалар чиқариш мумкин бўлган бир пайтда, ҳаммамиз ўзимиздаги жамики демократик фазилатларни камолотга етказиб боришимиз мақбул.
Қулман ОЧИЛ суҳбатлашди.
«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.