— Эркин ака, ушбу нуфузли турнирнинг юртимизда ўтказилиши халқаро майдонда мамлакатимизнинг обрўси ошиб бораётганидан далолат беради, шундай эмасми?
— Истиқлол йилларида халқимиз, мамлакатимиз тарих учун қисқа, лекин мазмунан катта бир даврни босиб ўтди. Ўзининг буюк инсонлари номини тиклади. Дунёда обрў-эътибор топди. Маънавият, маданият юксалди. Спорт кенг қанот ёзди. Бир кун келиб футболимиз бугунгидек дунё даражасига кўтарилади, деб ким ўйлабди дейсиз. Ногирон спортчиларимиз жаҳон чемпиони бўлиши кимнинг хаёлига келибди. Биздан шахмат бўйича жаҳон чемпиони чиқади, деб ҳеч ўйлаганмидик. Буларнинг ҳаммаси юртимизнинг келажаги тўғрисида қайғуриб, ҳам ақлан, ҳам руҳан, ҳам жисман соғлом авлодни тарбиялаш учун қилинаётган ҳаракатларнинг натижаси. Биринчи навбатда, Президентимиз эътибори, жонкуярлигининг меваси.
Ўзбекистонда катта шахмат анжумани ўтказилаётганлиги, бу–юртимизнинг шахмат ватани сифатида тан олинишидир. Ундан ташқари, жаҳон чемпиони етишиб чиққан тупроғимизда дунё тан олган жуда кўп гроссмейстерлар камолга етганининг эътирофидир.
Бугун Ўзбекистон фарзандлари ҳар бир соҳада ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этаяпти. Мен, айниқса, шахмат ишқибози сифатида бу гўзал ўйин билан боғлиқ воқеликларни мунтазам кузатиб бораман. Эсимда, истиқлолнинг иккинчи йилидаёқ шахматчиларимиз Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида иккинчи ўринни олган эди. Ўшанда шундай қувонганмизки… Шўро замонида, рости, ҳеч ким эмас эдик. Ўзбекистоннинг на футболи, на кураши, на шахматини биров биларди. «Кураш» деган сўз дунё халқлари оғзига тушиб, ўзбекнинг миллий спорт тури сифатида эъзоз топгани, дунёга чиққани — бу ҳам жуда катта фахримиз, ифтихоримиз. Юртимизда шахмат бўйича шундай нуфузли мусобақанинг ўтказилаётгани ҳам нафақат спортимиз, умуман, жамиятимиз ҳаётида катта бир воқеа ҳисобланади. Чунки шахмат — интеллектуал ўйин, шахматда эришилган даража халқнинг интеллектуал қудратини кўрсатиб беради.
— Биз шахмат оламида етакчи мавқега эга халқлардан биримиз. Соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқандда, Алишер Навоий даврида Ҳиротда шатранж мусобақалари тез-тез ўтказилиб турилгани манбалардан маълум…
— Шахмат Шарқда дунёга келган. Унинг ватани Ҳиндистон эканлиги тўғрисида Фирдавсий ҳам,бошқа тарихчилар ҳам ёзган. Лекин япон археологлари 1972 йили Сурхондарёдаги Далварзинтепадан топилган буюмларга асосланиб, шахматнинг асл ватани шу жойлар экан, деган хулосага келишди… Албатта, бу билан биз «шахмат ватани» деган номни Ҳиндистондан тортиб олиш ниятимиз йўғ-у, лекин шу фактнинг ўзи ҳам шахматнинг юртимизда қадим-қадимдан севиб ўйнаб келинганини англатади.
Тарихга боқасизми, бугунги кунни олиб кўрасизми, истеъдодли одамларнинг кўпчилиги шахматни севишига иқрор бўласиз. Масалан, ўзингиз тилга олган Амир Темур шахматга фақатгина вақтини хуш ўтказиш воситаси эмас, бугунги тилимиз билан айтганда, тактик назарий билим олиш воситаси сифатида ҳам қараган. Ўзи ҳам ўйнаган, атрофидагиларни ҳам бунга рағбатлантирган. Темурийлар саройидаги бу анъана йиллар ўтиб Алишер Навоий ҳазратлари даврида ҳам давом этган. Бу ҳақда Мирзо Бобур ҳам ёзганлар. Унинг гувоҳлик беришича, Навоийнинг уйида ўз даврининг машҳур шоирлари, санъаткорлари тез-тез йиғилиб турган. Унда табиийки, мушоиралар бўлган, хонандаю созандалар ўз санъатларини кўрсатган. Шу билан бирга шахмат мусобақалари ҳам ўтказилган. Бу ажойиб муҳитнинг раҳнамоси шубҳасиз Навоий бобомиз бўлган. У зот шахматни яхши кўрганига, нозик тушунганига ишонаман. Масалан, мана бу байтни шахматга муҳаббати бўлмаган, уни ҳаётнинг ўзидек тасаввур этмаган шахс айтиши мумкин эмас, деб ўйлайман. Мана, қаранг:
Шаҳ ёнин фарзин киби кажравлар этмишлар мақом, Ростравлар арсадин рухдек тутар ҳар дам қироқ.Яқин тарихимизда ҳам яхши шахматчилар ўтган. Бизнинг биринчи гроссмейстеримиз Георгий Аъзамов эди. Унинг оиласи, отасини яхши танирдим. У кишининг уч фарзанди бўлиб, учаласи ҳам кучли шахматчилар эди. Яна бири шахмат бўйича устозимиз Мамажон ака Муҳиддинов нафақат кучли шахматчи, балки шахматнинг ҳақиқий фидойиси, жонкуяр инсон ҳам эди. Улар хотирасига бағишланган турнирлар ҳали ҳамон давом этмоқда. Айтмоқчиманки, аслида, юртимиз жуда қадимдан шахмат ватани. Бугун бўлаётган йиғин мана шунинг эътирофи.
— Юқорида Мамажон Муҳиддинов ва Георгий Аъзамовни эсга олдингиз. Сиз уларнинг иккаласи билан ҳам ҳамсуҳбат бўлгансиз, дона суришгансиз ҳам…
— Мамажон ака бизга ҳам шахмат устаси сифатида, ҳам ёзувчи сифатида яқин эди. У шахмат ҳақида қўлланмалар ёзган, шахмат билан боғлиқ бир қанча ҳикоя, қиссаларни ва А. Котовнинг Алёхин ҳақидаги «Оқлар ва қоралар» романини таржима қилган. Шахматнинг жуда катта фидоийси ва жуда катта тарғиботчиси бўлиши билан бирга бу киши Ўзбекистоннинг биринчи шахмат устаси ҳамдир.
Бир сафар матбуот кунига бағишлаб журналистлар ўртасида турнир ўтказилган. Георгий Аъзамов шу турнирда ижодкорларга сеанс берган. Ўша вақтда Георгий Аъзамов оиласи тўғрисида Мамажон ака китоб ёзганди. Шу китобни соврин сифатида қўйган. Ким биринчи ижобий натижага эришса: ё ютса ёки дуранг қилса, шу совринга эга бўлиши керак эди. Георгий Аъзамов билан дуранг ўйнаб, совринни мен қўлга киритганман. Лекин ўйинимиз жуда чиройли бўлган. Мамажон ака кейинчалик ўша учрашув тўғрисида ёзганларида бизнинг ўйинимизга алоҳида тўхталиб ўтган. Мамажон ака тоби бўлмаса-да, республика шахмат клубининг, шахмат муҳитининг ғамини еб, шахмат муҳитидаги айрим мураккабликларга, қийинчиликларга юраги ачишиб юрадиган инсон эди. Спортчини мусобақа тоблайди. Ҳозир ҳам давом этаётган жуда кўп мусобақаларнинг ташкил этилишида Мамажон Муҳиддиновнинг хизматлари бор. Шундай инсонлар борлиги учун Рустамлар етишиб чиқди. Мамажон ака унинг биринчи тарбиячиларидан. Рустамни ҳеч мақтамасди. Жуда қобилиятли бола, лекин ўзининг саломатлигини ўйламайди, дея баъзан хафа бўларди. Шунга ҳам қайғуриб, Рустам спорт билан шуғулланиши, шахматчи биринчи навбатда жисмоний қудратли бўлиши керак, дея куйиб-ёниб юрардилар.
— Албатта, Истиқлолга эришганимиздан сўнг барча соҳалар қатори юртимизда шахмат ҳам янгидан, шиддат билан ривожлана бошлади. Рустам Қосимжоновнинг жаҳон чемпиони бўлиши тасодифий эмас эди, шундай эмасми? Рустам чемпион деб эълон қилинганида кўпчилик зиёли юртдошларимиз кўзларига ёш қуйилиб келганига гувоҳ бўлганман…
— Ҳақиқатдан ҳам, Рустамнинг бу ғалабаси улкан воқеа бўлди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, рақибларидан бири, масалан, Веселин Топалов — Болгариянинг фахри-ифтихори эди. Ватанида ҳамма уни эъзозлайди. Болгарияга борганимда у ерда Топаловни танимайдиган, унинг муваффақиятлари ҳақида билмайдиган одам йўқ эканига гувоҳ бўлдим.
Қосимжонов жаҳонни титратиб турган буюк шахматчилар билан яккама- якка учрашувда кетма-кет ғолиб чиқди. Бу энди кичкина гап бўлгани йўқ. Биласизми, ғолиблик қонида бўлган халқ ичидан ғолиблар чиқаверади. Мана, яқиндагина саккиз ёшли Нодирбек Абдусатторов тенгдошлари орасида жаҳон чемпиони бўлди. Бу ёшда чемпион бўлиш учун иқтидорли бўлишнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун жуда катта база бўлиши керак. Бу — руҳий жиҳатдан тайёр, етарли билимга эга бўлиш дегани. Қолаверса, чемпионнинг қонида чемпионлик яшаши керак. Бунингсиз уринишлар самара бериши қийин.
Буларнинг ҳаммаси истиқлол туфайли. Тарих учун 21 йил нима деган гап. Лекин шу даврда эришганларимиз асрга татигуликдир. Илгари бошқа одам эдик, бошқа халқ эдик, бошқа жамият эдик, руҳиятимиз бошқача эди. Айниқса, мустақиллик арафасидаги «пахта иши» деган туҳмат гаплардан бошимиз эгилиб, қолганди. Ўша пайтдаги аҳвол билан бугунги кунимизни солиштирган киши ким эдигу ким бўлдик, деган саволга жавоб топади.
— Раҳматли Озод Шарафиддинов ва сиз ижодкорлар ўртасидаги шахмат мусобақаларида бир неча бор ғолиб бўлгансизлар. Ўша шахмат анжуманларидан эсда қолган бирор қизиқарли воқеани айтиб берсангиз.
— Озод ака шахмат фидойиси эди. У кишининг хонадонида бир уй тўла шахмат ҳақидаги китоб бор. Шогирдлари ҳам, дўстлари ҳам қаердан бўлса-да шахмат тўғрисида китоб олиб келиб совға қилардик. Ўйинлари ҳам бошқаларга ўхшамайдиган, чиройли юришларга бой бўларди. Бир гал ёзувчиларнинг Хўжакентдаги боғида ўзлари раҳбарлигида мусобақа ўтказганмиз. Озод аканинг ҳурмати учун Тошкент вилоятининг раҳбарлари ҳам келишиб, тўн-дўппи кийдиришди. Дўппи кийдириш пайти озгина аския бўлди. У киши дўппи кия туриб «Сочимиз ҳам сизларга хизмат қилиб тамом бўлди», деганларида, шогирдларидан бири: «Озод ака, вилоят аҳли сизнинг бу йўқотган сочингизни, олтин бошингизни қадрлайди, вилоятнинг энг сўлим бир гўшасига Озодбош деб ном қўйишган», деди. Роса кулишдик. Озод ака ижодкорлар муҳитида шахмат турнирлари ташкилотчиси, илҳомчиси эди…
Табиатан содда, оддий одам эди. Талабалик давримиз пахтага чиққанимизда, жуда катта олим бўлса-да, бизнинг баракка келиб эрталабгача биз билан шахмат ўйнарди. Жуда катта арбоб, йирик шеършунос, жасоратли, ўз вақтида ҳақиқатни айта олган, адабиётимиз виждони бўлган кишига шахмат кўрк бағишларди. Умуман, улуғ инсонларнинг кўпчилиги шахматни яхши кўрган: академик Саъди Сирожиддинов, Ёлқин Тўрақулов…
— Шахмат ва адабиёт, шахмат ва ижод. Шахмат жангидаги хаёлингизга келган кутилмаган юришни, чиройли комбинацияни бетакрор ташбеҳга ёки образга ўхшатиш мумкин. Улардан олинадиган завқ ҳам жуда ўхшаш. Шахмат ва адабиёт ўртасидаги боғлиқликни яна нималарда кўрасиз?
— Мен шахматни фақатгина спорт ёки илм, ё санъат деб эмас, балки жуда катта тарбиячи деб ҳисоблайман. Шахмат, биринчи навбатда, инсондаги курашчанлик ва ғалабага ишонч руҳини тарбиялайди. Ундан кейин бу ақл гимнастикаси хатони кечирмайди. Бир жойда янглишсанг, мана ғалабага етдим деб турганингда ҳам озгина бепарволик мағлубиятга олиб келади. Шунинг учун шахмат жудаям адолатли ўйин. Аниқроғи, адолатнинг ўзи.
Мутахассисларнинг айримлари унинг спорт томонини, бировлари санъат томонини, бошқалари илм томонини бўрттиради. Шахматда буларнинг бари мужассам. Фикрларни умумлаштириб мен шахматни инсон тафаккури яратган мўъжиза, деб биламан. Биринчи навбатда, Шарқ донишмандлиги яратган мўъжиза бу.
Шахмат менга кўп нарса берган. Аввало ижодий ишда. Каттароқ бир нарса ёзганда, таржима қилганда мия худди тоққа чиққан машинанинг моторидай қизиб кетади. Шунда на дам олиб бўлади, на кўзга бир уйқу келади. Мия беихтиёр ўзи ишлайверади. Ана шунақа вақтда бошни чалғитиш керак. Шунда менга шахмат ёрдам берарди. Бирор позицияни, масалан, шахмат масаласи ёки этюдни олиб шунга берилсам, миям дам олади. Ижодкор ҳаётида муваффақиятли пайтлари бўлади, четга сурилиб қолган вақтлари ҳам. Шунда шахмат – тенгсиз «дафъи хумор»дир. Шу сабаб шахматдан миннатдорман. Шахматни яхши кўрган ўртоқларим даврасига кирганимда бутун дарду ғамимни унутардим. Шахмат шундай нарсаки, унда ғалабага ишонч, қатъий мақсад бўлиши керак. Шахмат ўйнаган одам билан шахмат ўйнамаган одамнинг фарқини ажратиш қийин эмас. Шахмат ўйнаган одам бир нарсани гапиришдан олдин ўйлаб, мулоҳаза қилиб кейин гапиради. Шахмат ўйнамаган одам баъзан оқибатини ўйламай гапириб юборади. Шахмат инсонни мана шу жиҳатдан ҳам тарбиялайди.
Ҳақиқатан ҳам, шеър ва шахмат бир-бирига уйқаш. Ҳазрат Навоий даҳосини ўйлаганимда гоҳида ақлим бовар қилмайди. Инсон боласи ёзиши мумкинми шундай байтларни! Ўйлайманки, бу улуғ зот ўйнаган шатранж юришлари ҳам гўзал бўлган. Бу энди алоҳида илҳом талаб қилади. Шахматда ҳам илҳом бор, худди шеърда бўлганидек.
Агар шахмат ўйнаганимда Ўйлагандек ўйлаганимда, Етти ўлчаб бир сурсайдим от, Бўлмас эдим ҳар қадамда мот.— Тошкентлик Аъзамовлар, фарғоналик Мўминовалар, андижонлик Каримовлар… Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Улар энди шахмат билан профессионал даражада шуғулланиб, муайян муваффақиятга эришган оилалар вакиллари. Умуман, шахматнинг оилавий тарбиядаги роли ҳақида тўхталсангиз.
— Мен шундай оилалардан Ғафуровлар оиласини биламан. Уларнинг оталари шахматчи бўлган. Ўғиллари Искандар жуда яхши шахматчи эди. Шукур Ғафуров физик олим эди. Оламдан ўтмасдан олдин шундай васият қилган экан: қабрим тошига шахмат тахтасини ўйиб, ўзим яхши кўрган дона — отни териб қўйинглар… Ўғиллари Искандар, Элдор, Адҳамжон ҳам яхши шахматчилар. Искандар дунёдан ўтиб кетди. Икки ака-ука билан кўришиб турамиз. Оилавий шахматчилар кўп ва жуда яхши анъана бу. Болалар катта бўлгандан кейин ҳаммаси ўзининг ташвиши билан бўлиб қолади. Ҳамма замонларда шундай бўлган, айниқса ҳозирги техника ривожланган даврда. Шунақа пайтда оилани бирлаштирадиган нарса бўлиши керак. Баъзи оилалар биргаликда тадбиркорлик қилишади, бу ҳам яхши. Лекин шахматнинг ўрни бўлак. Йиғилишиб шахмат ўйнайдиган оилаларга ҳавасим келади.
— Шахмат мавзуси ижодингизда алоҳида ўринга эга. Муштарийларга шахмат ҳақидаги шеърларингиздан бирини тақдим этсангиз.
— Бу мавзуда бир қанча шеърларим бор. Мана, шулардан бири:
Мен эркак ўрнида туришим керак, Ё хотин измига юришим керак. Хотиннинг тўй, лозим, омадаси кўп, Ҳа деса лаббай деб туришим керак. Ҳа деса лаббай деб туришим учун Уйимда пул завод қуришим керак. Уйимда пул завод қура олмасам, Энг катта бонкани уришим керак. Энг катта бонка ҳам қўлдан келмаса, Ҳа деса шалвираб туришим керак. Шалвираб турувчи эркак бўлгандан Дунёдан йўқ бўлиб қуришим керак. Дунёдан йўқ бўлиб кетмаслик учун Мен эркак ўрнида туришим керак. Яъни эркакларнинг ишини қилиб Маза қилиб шахмат суришим керак.Бу шахмат устида айтилган ҳазил шеър эди. Энди шахмат билан боғлиқ кўп қизиқ воқеалар ҳам бор. Бу ажойиб ўйиннинг шинавандаси бўлган дўстларимга туғилган кунида шахмат совға қиламан. Шулардан бири Раҳматилла Иноғомов эди. Унга берган бир совғамга шундай ёзиб қўйгандим:
Шахматни билган Раҳматга шахмат, Бизни дўст қилган шахматга раҳмат.Иброҳим Ғафуровга ҳам шахмат совға қилганман. Яхши шахмат ўйнайди, «Эски гаплар жонга тегди, янги гаплардан гапир» деб қўярди. Шахмат тахтаси ичига:
Эски гаплар жонга тегди, янги гаплардан гапур, Шеърда ким — Ғафур Ғулом, шахматда Иброҳим Ғафур,деб ёзиб бергандим.
Шахмат инсонни гўзалликни севишга ўргатади. Бу туйғу барчамизни асло тарк этмасин.
Ҳусан Карвонли суҳбатлашди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 47-сон