Мустақиллик даври адабиётида тарихий мавзуда яратилган асарлар алоҳида ўрин тутади. Истиқлол шарофати билан халқимизнинг ўтмиши, шон-шавкатли аждодларимиз сиймоси ҳаққоний тасвирланган асарлар ёзилиб, чоп этилиб келинаётир. Энг муҳими, тарихга холис ёндашиб, ўтмиш воқеа-ҳодисаларини, тарихий шахсларни ҳар қандай мафкуравий тазъйиқлардан холи, эмин-эркин тасвирлаш имконияти ижодкорларнинг ушбу мавзуга қизиқишини ошираётир. Айни пайтда, тарихий асарга қўл уриш ёзувчидан жуда катта масъулиятни талаб этади.
Таниқли ёзувчи Эркин САМАНДАР билан адабиётшунос Адҳамбек Алимбековнинг суҳбатида айнан шу — тарихий мавзуга мурожаат этган ижодкор масъулияти ҳақида фикр юритилади.
Адҳамбек АЛИМБЕКОВ: — Кейинги йилларда тарихий мавзуга қизиқиш ижодкорлар ўртасида ҳам, китобхонлар ўртасида ҳам бир қадар ортиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шубҳасиз, бу ўтмишга холис муносабатда бўлиш ҳуқуқини, ёзувчига ижод эркинлигини берган истиқлолимиз шарофатидандир. Бу борадаги ҳозирги жараённи яқин ўтмишдаги шароит билан таққослаганда хаёлингиздан қандай ўйлар кечади?
Эркин САМАНДАР: — Асл моҳият таққослашда кўпроқ очилади, албатта. Шўролар даврида ҳам тарихий асарлар озмунча ёзилган эмас. Лекин “раҳмат” ўрнига аксар ҳолларда ёзувчилар таъқибга учрашганидан хабарингиз бор. “Навоий” романи учун, гарчи асарда ўша давр талаби четлаб ўтилмаган бўлса-да, устоз Ойбек қандай маломатларга қолгани маълум. “Жалолиддин Мангуберди” драмаси учун Шайхзодани қамашган. Миркарим Осим ҳам, аслида эҳтиёткорлик билан ёзган бўлса-да, тарихий асарлари учун жазога тортилган… Бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Лекин “улуғ оғаларнинг” тарихимизни бузиб кўрсатган асарлари кўкларга кўтариб мақталган, мукофотларга сазовор бўлган.
Энди, шукрки, тарихимизни ўзимиз ёзаяпмиз. Кўпда ҳаққоний асарлар яратилаётгани қувончли ҳолдир. Лекин шошқалоқлик ҳоллари ҳам кўзга ташланади. Энди ўзимиз ўзимизнинг илдизимизга билиб-билмай болта урмайлик-да. Бир улуғ қаҳрамонни мақтаймиз деб, унга замондош бўлган иккинчи бир улуғ қаҳрамонга тош отиб қўйишдан эҳтиёт бўлишимиз керак.
Буюк зотлар, дейлик, Машраб ҳақида асар ёзиш осон экан-ми?! Аввало, Машраб зоҳиран мураккаб сиймо. Ботиний дунёси эса, унча-мунча ёзувчининг тасаввур доирасига сиғиши қийин. Бу мавзуга қўл урадиган ёзувчи тасаввуф илмини чуқур билиши ва у билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларнинг мағзини чақа олиши шарт. Қалами ҳам шунга монанд бўлиши ҳақида эса гапириб ўтириш ортиқча.
Демоқчиманки, тарихий мавзуда қалам тебратишга фақат хоҳишнинг ўзи камлик қилади. Тарих масъулиятини севади. Масъулият эса, истеъдод билан эгизак.
А.АЛИМБЕКОВ: — Тарихий мавзудаги асар учун факт ва бадиий тўқима ўртасидаги мутаносиблик жуда зарур, деб ҳисоблайсизми?
Э.САМАНДАР: — Албатта, бундай мутаносибликни икки қўллаб ёқлайман, номувофиқликка эса тоқатим йўқ. Аёнки, тарихий мавзудаги асарда қаҳрамонлар икки хил бўлади: тарихий шахслар ва тўқима образлар. Ёзувчи қаҳрамонлар тақдири ва воқеалар тасвирига шундан келиб чиққан ҳолда ёндашмоғи керак, албатта. Бироқ бунга риоя этилмай ёзилган асарларни ҳам биламиз. Масалан, ўзимизда ва чет элларда яратилган айрим бадиий асарларда ўлмас миллий қаҳрамонларимиздан бири Темур Маликни бормаган мамлакатларига олиб боришади, қилмаган ишларини қилдиришади. Ёки Султон Жалолиддиннинг синглиси Хонсултон бегимни муаллифлар ўлимидан анча олдин дарёга ташлаб ғарқ эттиришади. Ваҳоланки, уларнинг бундай тарихий ҳақиқатга зид тасвиридан кейин, ҳақиқатда Хонсултон бегим фарзандлар туғиб, уларни вояга етказгани факт-ку!
Тушунаман, муаллиф мантиққа суянади, воқеалар мантиқан унинг тасаввуридагидек бўлиши мумкин. Лекин ҳар қандай мантиқ ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиқмоғи шарт.
Прототипнинг йўриғи бошқа. Бунда ёзувчи ўз фантазиясига таянади. Лекин, барибир, фантазия ҳам мантиққа зид бўлмаслиги лозим.
А.АЛИМБЕКОВ: — Олис ўтмишда муаррихлар Султон Жалолиддин ҳақида, мўғул босқини тўғрисида рисолалар ёзиб қолдиришган. Уларнинг қайсилари сизга маъқул ва нима учун? В.Ян, Г.Абашидзе, Ўрдубодий, Азиза хоним, Н.Камол, Ё.Баҳодир ўғли, Н.Ҳижозий сингари адибларнинг Султон Жалолиддин шахсига мурожаат қилишларининг сабаби нимада, деб ўйлайсиз?
Э.САМАНДАР: — Чингизхон босқини ва унга қарши олиб борилган жанг-жадалларни ўз кўзи билан кўрган уч тарихчи борки, уларнинг асарлари кейинги муаллифларнинг битикларига қараганда ишончлироқдир. Булар Ан-Насавий (“Сирот ул-султон”), Ал-Асир (“Тарих ал-комил”) ва Ал-Жузжоний (“Носир жадваллари”). Улардан кейин ўтган тарихчиларнинг аксарияти мўғуллар саройларида хизматда бўлишган, табиийки, кўпроқ Чингизхон юришларини мадҳ этиш йўлидан боришган. Буни тушунса бўлади.
Юқорида тилга олинган уч муаллиф орасида эса мен Ан-Насавийни алоҳида ажратиб кўрсатган бўлардим. Нега? Чунки у Султон Жалолиддиннинг элчиси сифатида кўп мамлакатлар подшоҳлари билан музокаралар олиб борган, сиёсий, халқаро алоқаларда фаол иштирок этган, Султон Жалолиддин билан сафарларда, жангоҳларда бирга бўлган, уни яхши билган ва энг муҳими, воқеаларни холис баён этган. Бу унинг асарида ярқ этиб кўриниб турибди. Ортиқча мақтов ҳам, ноўрин танқид ҳам йўқ.
Эътиборга молик яна бир факт шуки, бу асар Султон Жалолиддин вафотидан кейин орадан ўн йил ўтиб, қонли воқеалар атрофидаги туманлар тарқаб, борлиқ бир қадар тиниқлашганидан сўнг ёзилган.
Кези келганида академик Зиё Бунёдовнинг Ан-Насавий асарини таржима этиб, нашр эттирганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шўролар сиёсати авжига чиққан бир даврда бу ишга қўл уришнинг ўзи жасорат эди. Асарни чоп эттириш йўлидаги тўсиқлардан ҳимояланиши мақсадида китоб аввалига “Ўзбек халқининг буюк саркардаси Собир Раҳимовга бағишланади”, деган сўзлари ёзилган.
Бу китоб истиқлол шарофати билан ўзбек тилига таржима қилиниб, (таржимон Камол Матёқубов) чиройли муқовада нашр этилди. Буни табриклаш керак. Фақат бир нарсага — нашрдаги З.Бунёдов шарҳларига, ёзилган даврни ҳисобга олган ҳолда, танқидий кўз билан қаралса, фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлайман.
Албатта, бошқа халқлар ёзувчиларининг тарихимизга мурожаат этиб, бадиий асарлар ёзишгани қувонарли ҳол, аслида. Лекин шўролар даври тақозоси биланми ёки муаллифларнинг ўз қарашлари туфайлими, баъзи асарларда, хусусан, гуржи адибининг “Ялдо кечаси” номли романидаги айрим ўринларда Султон Жалолиддиннинг юришларига салбий муносабат яққол кўриниб туради. Бироқ ушбу мавзудаги озар адиблари асарлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Уларда Султон образи холис тасвирланган, Кавказ халқларини мўғул босқинчиларига қарши бирлаштирувчи буюк халоскор саркарда ва шоҳ сифатида гавдалантирилган.
Юқорида сиз тилга олган айрим ёзувчилар, мавзуга эркин ёндошиш истагидан бўлса керакки, баъзи тарихий фактларни кўрсатишда ҳаққонийлик принципига риоя этишмаган, улар тасвирлаган бош қаҳрамоннинг ўлими билан боғлиқ воқеалар ҳақиқатга тўғри келмайди. Темур Малик ва мўғул элчиси, асли хоразмлик Маҳмуд Ялавоч образлари ҳам тарихий фактлардан узоқлашган ҳолатда яратилган… Нима ҳам дердик, ҳар қайси ёзувчининг ўз мақсади ва услуби бор, эркни фикрлашга ҳақи ҳам йўқ эмас. Буни ижод дейдилар.
А.АЛИМБЕКОВ: — Тарихчилар ҳам (ҳозирги айрим олимларимиз бундан мустасно), ёзувчилар ҳам мағлубиятнинг бош айбдори сифатида Алоуддин Хоразмшоҳни кўрсатишган. Уни иродасиз, қўрқоқ киши сифатида таърифлашган. Кўрган бўлсангиз, хитойлик киночилар суратга олган “Чингизхон” номли сериалда ҳам айни шундай талқин мавжуд…
Э.САМАНДАР: — “Султон Жалолиддин” номли романимни ёзишга тайёргарлик кўраётиб, қаҳрамонларимнинг ҳар бири ҳақида мулоҳаза юритган, фикрларимни дафтарга (уни “Жараён дафтари” деб атаганман ўзимча, туширган эдим. Алоуддин Хоразмшоҳ ҳақида ёзганларимдан бир шингил ўқиб берсам:
“Мабодо Хоразмшоҳ қўшин тизгинини (ярим миллионли лашкар-а!) Жалолиддин Мангубердига берганида у Чингизнинг пайини қирқмасмиди? Шундай бўлишига шубҳа йўқ эди-ку.
Буни Хоразмшоҳ билмасмиди? Умри жанг-жадалларда ўтган, кўп таҳликали савашлардан омон чиқиб, ўз ғолибона юришлари билан салтанат ҳудудларини мисли кўрилмаган даражада кенгайтиришга, довруғини дунёга ёйишга қодир бўлган сиймо юқоридаги оддий ҳақиқатни билмаслиги мумкин эмас.
Хўш, нега у шундай қилмади? Бунинг сабаблари кўп. Қисқача бундай дейиш мумкин: Хоразмшоҳ ўз кучига ортиқча ишониб, ўз қудратини етарли баҳолай олмади ва Чингизхоннинг ўта усталик билан қурилган тузоғига тушиб қолди. Қолаверса, мамлакат ичкарисидаги сиёсий аҳвол ҳам қалтис бўлиб, шоҳ ўз онаси раъйига (ҳар бир қалъа ўзини ўзи ҳимоя этсин) қарши чиққудай бўлса, салтанат парокандаликка юз тутиши, ўзаро ички урушлар бошланиб кетиши эҳтимолдан узоқ эмасди.
Бундай нохуш ҳолатнинг юзага келишига ҳам шоҳнинг ўзи сабабчи экани аён. Сўнг, мушкул дамларда ҳам у кўпгина саҳв-хатоларга йўл қўйдики, бу инқирозга олиб келиши муқаррар эди. Буларнинг ҳаммасидан Чингизхон моҳирона фойдаланди, саройда асосий ўринларни эгаллаб ўтирган аъёнлар номидан сохта хат тайёрлатиб (улар гўё Хоразмшоҳдан юз ўгирган тарзда), уни шоҳга етказдирган ва шу тариқа юрагига ғулғула уруғини сепган эди.
Булар бари ҳақиқат. Лекин уни қўрқоқ деган гапларга қўшилиб бўлмайди. Йўқ, у қўрқоқ эмас, у адашган шоҳ! Ғайрли кимсаларнинг сўзларига кириб, кўп нотўғри қадамлар қўйган, алал-оқибат қарғишига қолган шоҳ! Одамга (гарчи у шоҳ бўлса ҳам) бир қарғиш тегмасин экан…”.
Энди сиз юқорида тилга олган “Чингизхон” сериали ҳақида. Тан бериш керак, филм кўп қиррали, Чингизхон юришларини (қирғинларини) кўрсатиш учун маблағни аяшмагани кўриниб турибди. Фотиҳ образи ихлос билан яратилган.
Лекин гап Туронзамин ҳақида кетганида бошқача манзараларга дуч келамиз. Ажабланарли жойи шундаки, буюк ўтимишимиз ғариб (мен аждодларимизнинг руҳий дунёсини назарда тутаяпман) қилиб кўрсатилган. Масалан, Алоуддин Хоразмшоҳ саҳнасини олайлик. Чингизхон мамлактни вайронага айлантираяпти-ю Хоразмшоҳ саройда шароб устига шароб ичиб, ярим яланғоч гўзаллар рақсини томоша қилиб ўлтирибди. Энди бундоқ эмас-да.
Ўрни келди, айтай, биз буюк аждодларимиз Амир Темур, Султон Жалолиддинлар ҳақида кўп серияли филмлар яратишга астойдил киришмоғимиз, ўз тарихимизни бизни яхши билмайдиганлар ёки билиб ўзларини билмасликка олаётганларга тўғри, ҳаққоний кўрсатиб бермоғимиз керак.
А.АЛИМБЕКОВ: — Тарихий мавзудаги асарларнинг бадиий жиҳатларига, аниқроғи, тил хусусиятларига эътиборни қаратмоқчи эдим. Тарихий асарларда архаик сўзларни кўп ишлатиш китобхонга қийинчилик туғдирмайдими?
Э.САМАНДАР: — Сўзни асарнинг жони дейишади. Қаҳрамонларнинг нутқи, муаллиф нутқи — ҳар бири ўзига хос, ҳар бир ибора ўз ўрнида бўлиши — китобхонни жалб этадиган асосий омиллар. Воқеа бўлиб ўтадиган макон ва замоннинг муҳити орқали яратилади. Бошқача айтганда, сўз қаҳрамонлар яшаб турган замоннинг нафасидир.
Бироқ бу, масалан, минг йил олдин яшаб ўтган қаҳрамонлар нуқул ўша замон тилида гапириши лозим, дегани эмас. Айни пайтда, улар ҳозирги замон тилида гапирсалар ҳам ғайритабиий чиқади, албатта. Муаллиф нутқи ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Демакки, тарихий мавзудаги асар китобхон бемалол тушуна оладиган, таъбир жоиз бўлса, қоришма тилда ёзилиши керак, деб биламан. Бу — асар қаҳрамонининг нутқи унинг ўзи яшаган замон тилидан узоқлашмаслиги зарурлигини билдиради. Масалан, ҳозир биз шаҳар деб атайдиган макон аввал қалъа ёки кент деб аталган бўлса, ўша давр одами (қаҳрамон) шунга монанд гапиради-да. Бироқ қадимий давр руҳини бераман деб, тилни мураккаблаштириб юбориш ножоиз.
Шу ўринда ўз тажрибамдан келиб чиқиб айрим мулоҳазаларни айтиб ўтсам. Шўролар даврида “султон” сўзи хушланмагани, хон, султон, шоҳларга золим ва қонхўр, тараққиёт душманлари сифатида қора чалпаб келингани маълум. Лекин собиқ “марказ”дагилар ўз тарихида ўтган ҳукмдорлар номларини, улар қанчалик зулмкор бўлишган бўлмасин, ҳамиша ҳимоя қилишни унутмаганликлари ҳам рост.
Эндиликда биз бошқалар “шоҳ” ва “султон” сўзига қандай қарашаркин, деган андишадан, шукрки, қутилганмиз. Оддий одамларнинг яхши-ёмони бўлганидек, шоҳларнинг-да донишманди ҳам, қабиҳи ҳам ўтган. Гап қайси тоифани кўрсатишни мақсад қилиб олинганига боғлиқ, албатта.
Асаримда Жалолиддин Манубердининг султон мақомига урғу берилганига келсак, айтиш жоизки, унинг султонлиги ҳақиқат. Отаси Алоуддин Хоразмшоҳ оламдан ўтаётиб султонлик камарини унга бергани, Жалолиддин Мангуберди Ануштегин Хоразмшоҳларнинг сўнгги вакили экани ҳеч кимга сир эмас. Ахир, оз сонли аскар билан ёвга қарши мардона кураш бошлаб, лак-лак қўшин тўплаган, чингизийларга қирон солган, Ҳиндистоннинг бир қисмини, Хуросон ва Эрон, Ироқ ва Озарбойжон, Гуржистонни ягона байроқ остида жамул-жам айлаб, ўн бир йил давомида тожу тахт соҳиби сифатида донг таратган қудратли ва заковатли зот султон бўлмай ким?!
А.АЛИМБЕКОВ: — Дарвоқе, романингизда Султон Жалолиддиннинг шоирлигига ишора қилгансиз. Бу ҳам тарихий фактми ёки бадиий тўқимами?
Э.САМАНДАР: — Султон Жалолиддиннинг шоирлиги бор гап. Мана, бунинг далили. Эронлик шоир, муаррих ва давлат арбоби Ризоқулихон Ҳидоят (1800 — 1871) элчи сифатида 1851 йили Хоразмда бўлганида ўтган буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижоди билан ҳам яқиндан танишади. У кўплаб қўлёзмалар қатори “Мажма ал-фусаҳо” тазкирасини кўздан кечираркан, “Шеър битган ҳукмдорлар” қисмида Султон Жалолиддиннинг қуйидаги рубоийсини учратганлигини айтади ва ўзининг “Сафоратномайи Хоразм” асарида шу рубоийни келтиради:
Дар разм оҳаним ва дар базм чу мум,
Бар дўст муборакиму бар душман шум,
Аз ҳазрати мо баранд инсоф ба Шом,
Ва-зи ҳайбати мо баранд зуннор ба Рум.
Мазмуни: Курашда темирдек қаттиқ, базмда мумдек мулойиммиз, Дўстга шарофатлимиз, душманга бермасмиз омонлик. Улуғворлигимиздан набийлар юрти Шомга диёнат намунасини элтурлар. Қаҳримиз салобатидан кофирлар эли Румга шафқатсизлигимиз хабарини олиб кетурлар.
Мазкур рубоийнинг ҳам бадиий, ҳам мазмун жиҳатдан юқори даражадаги Султон Жалолиддиннинг бошқа асарлар ҳам ёзганига ишонч туғдиради.
Ан-Насавий асарида келтирилган бир муҳим маълумотдан Султоннинг чуқур исломий илм соҳиби ҳам бўлганлигини билиб олиш қийин эмас. Султон Исфахонда ва Табриздалик пайтларида жомеъ масжидларида бўлиб, тасаввуф намояндалари билан узоқ суҳбатлар қуради (рамазони шариф кунларида учрашувлар узлуксиз давом этади), Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар бобида қимматли фикрлар билдириб, аҳли уламони ҳикматлардан баҳраманд ҳам этадики, бу унинг серқирра истеъдодидан ёрқин нишонадир.
А.АЛИМБЕКОВ: — Султон Жалолиддининг тулпори Қорабайир ҳақида сўрамоқчи эдим. Ўзбек фолклорида ҳам, ёзма адабиётимизда ҳам, хусусан, Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат”ида Хонўғлон, Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом”ида Тарлон каби ажойиб от тимсоллари яратилган. Сиз асарингизда Қорабайирга қандай бадиий юкни юклагансиз?
Э.САМАНДАР: — Лев Толстойнинг “Холстомер” қиссасини ўқигансиз. Унда гап кучи танасига сиғмай айқириб турган учқур отнинг ахта қилиниши, жониворнинг шундан кейинги аянчли қисмати ҳақида кетади. Бу асар ўз вақтида буюк режиссёрлардан бири Товстногов томонидан саҳналаштириб, Ленинград (ўша пайтдаги номи) театрида ўйналган, сўнгра телевидение орқали намойиш ҳам қилинган. Бу асарни бизда таниқли режиссёр Наби Абдураҳмонов ёшлар театрида саҳналаштирди.
Асарни ўқиганда ҳам, спектаклларни томоша қилганда ҳам гап ахта қилинган от ҳақида кетаётганини унутади киши, жонивор кўз олдингизда қисмати фожиали одамдай гавдаланади.
Хоразмда Амударёнинг туя бўйнига ўхшаб кетадиган жойи бор. Қадимдан бу масканни Туямўмин, деб аташади. Айни шу қирғоқда тошларга отнинг туёқ излари муҳрланиб қолган — ҳазрати Алини бериги соҳилдан наригисига учиб олиб ўтган дулдул излари. Султон Жалолиддиннинг Қорабайири менга ўша афсонавий дулдул бўлиб кўринган. Бошқача бўлганида у Султонни дарёдан олиб ўтолармиди? Гарчи оддий отлардан бўлганида одамга ўхшаб гоҳ қувонса, гоҳ ўкиниб, фақат одам боласигагина хос ички эврилишларни бошдан кечирармиди?!
Қорабайир кўрсатган бу жасорат-мўъжизадан кейин Султон уни сийламоқчи — минбад устига эгар урдирмай, фароғатда яшатмоқчи бўлганида ҳамма нарсага тушунган от ўзининг сафдан чиқарилишини тушунишни истамай исён кўтарадики, бу энди қора ғазаб белгиси эмас, балки бир умрлик садоқат нишонасидир. Сиз айтмоқчи, бу образга юкланган бадиий юк мана шунда бўлса керак.
А.АЛИМБЕКОВ: — Тарихий мавзуда асар ёзишга ҳавасманд ёшларга қандай истак-тилакларингиз бор?
Э.САМАНДАР: — Максим Горький бир вақтлар “бир фоиз талант, 99 фоиз меҳнат” шиорини ўртага ташлагач, бир фоиз талантга эга қаламкашлар енг шимариб ишга киришиб кетган ва ўртамиёна, ундан ҳам пастроқ асарлар урчигандан урчиган эди. Ахир, бир фоизгина талант билан нима ҳам қила олиш мумкин, гарчи 99 фоиз меҳнат қилинса-да.
Аслида талант ҳам, меҳнат ҳам юз фоиз бўлгандагина нурли асарлар дунёга келиши қадим-қадимдан маълум.
Ёш ижодокрларга ҳам истак, ҳам тилак сифатида дердимки, ёзувчи ўқишни бир қадар эса-да канда қилишга ҳақсиз, агар у ўз адабиёти, ўз сафдошлари асарларини, қадимги ва бугунги дунё адабиётини ўқимаса, уни ҳам ўқишмайди ёки тўғрироғи, ўқишга арзигулик китоб яратиши амримаҳолдир.
Энг муҳими, ёзувчи ўзи айтган, ёзган ибратли гапларга ўзи амал қилиши лозим. Зеро, ижод ҳалол иш. Ҳалолликни талаб этади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 28-сонидан олинди.