Томошабин муҳаббатини қозониш осон эмас. Ҳар бир санъаткор бу орзуга машаққатли изланишлар орқали эришади. Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ана шундай фидойи санъаткорлардан. Санъаткор билан улуғ айём арафасидаги суҳбатимиз истиқлолнинг саҳна санъати, ижодкор учун яратган кенг имкониятлари хусусида.
— Санъат оламига, хусусан, театр даргоҳига келганингизга ҳам, мана, қирқ йилдан ошди. Ўтган йиллар санъаткорнинг кенг маънода шаклланиши, ўзидан қониқиши учун етарлими?..
— Йўқ! Менимча, ҳеч қачон ижодкор бу сўзни тилга олмаслиги керак. Қолаверса, ўзидан, ижодидан тугал даражада қониқиш учун фақат босиб ўтилган йилларнинг ўзи кифоя эмас, назаримда. Аксарият касбдошларим каби мен ҳам кўзлаган манзилим ҳали олдинда, деб ўйлайман. Тўғри, актёр сифатида кўпгина ниятларимга эришдим. Анча йиллардан бери кинода психологик характердаги рол ижро этишни кўнглимга тугиб юрардим ва ниҳоят бу орзум ҳам амалга ошди. Жаҳонгир Қосимовнинг “Сув ёқалаб” филмидаги Болта Мардон образи ҳар жиҳатдан кўнглимдаги рол бўлди, деб айтсам бўлади. Театр масаласига келадиган бўлсак, ўзим орзу қилган деярли барча ролларни ўйнадим. Турли характердаги ҳам комик, ҳам трагик кўламдаги қаҳрамонларни ижро этишга муваффақ бўлдим. Умуман, ҳар бир театр актёри эришиши мумкин бўлган асосий мақсадларга эришдим, бироқҳали энг яхши образларим олдинда, деб ўйлайман.
— Юртимизнинг истиқлолга эришиши театр актёрлари учун қандай имкониятлар очди?
— Албатта, истиқлол йилларида юз берган ўзгаришлар миқёсини бир неча сўз билан тасвирлаб бериш мушкул. Бир пайтлар Чўлпон, Абдулла Қодирий, Фитрат асарларини театр саҳнасида кўриш фақат орзу эди. Айнан истиқлол даврида Президентимизнинг маданиятга, санъат аҳлига эътибори ва ғамхўрлиги туфайли театримиз қайтадан таъмирдан чиқарилиб, жаҳон талабларига жавоб берадиган замонавий қиёфага эга бўлди. Бугун театримизда актёрлар учун ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан барча шароитлар яратилган. Телевизор, музлатгич каби оддий анжомлардан тортиб энг замонавий саҳна ускуналаригача, барча-барчаси муҳайё. Эндиликда актёрларимиз олдида биргина вазифа бор — халқ орзу-истакларига жавоб бера оладиган асарлар яратиш.
— Бугун Миллий театрнинг етакчи актёрлари ҳақида гап борганда, шубҳасиз, Эркин Комилов номини тилга олишади…
— Ўзинг ҳақингда фикр билдириш жуда қийин. Ўйлаб кўрсам, бутун ҳаётим мана шу театрда ўтибди. Эҳтимол, шунинг учун сиз айтаётган таърифда жон бордир. Яна ким билади, дейсиз. Бу энди мутахассис ва мухлислар ҳукмига ҳавола.
— Халқ эътиборида бўлиш актёр учун бахтми ёки масъулият?
— Шубҳасиз, бу — масъулият. Халқ эътиборига тушганингиздан сўнг унинг кўнглидан жой олишни ҳам билиш керак. Халқ хотирасида мангуга қолиб, миллат тимсолига айланиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бундай бахт миллионлаб одамлар орасидан камдан-кам кишига насиб қилса керак. Шахсан мен учун халқ эътиборида бўлиш жуда улкан масъулият. Шунинг ўзиёқ санъаткор олдига жуда катта вазифаларни қўяди. Тинимсиз равишда изланишга, янги образ ва характерлар яратишга ҳаракат қиласиз. Бахтни қачон ҳис қиламан? Қачонки бирор-бир одам ижро этган ролим ҳақида илиқ фикр билдирса, мен унинг самимий эканлигига ишонсам, чинакам завқни ҳис этаман.
Афсуски, бугун ёшларимиз орасида машҳурлик касалига чалиниб қолаётганлари ҳам бор. Томошабинлар эътирофини қозонмай туриб, ўзини юлдуз деб ҳисоблаш халқ эътиборини суиистеъмол қилишни англатади. “Қандай рол ўйнасам ҳам томошабинлар қабул қилаверар экан-да”, деб ўйлаш нотўғри. Шукрки, ҳақиқий санъатнинг фарқига борадиган одамлар кам эмас.
— Охирги пайтларда сизни театр саҳнасидан кўра, кўпроқ кинода учратяпмиз.
— Кейинги вақтларда асосан комедиялар қўйилгани учунми, бундай асарларда ўйнашни ёшимга эп кўрмаяпман. Ўзимда жиддий психологик ролларни ижро этиш учун эҳтиёж кучли бўлгани сабабли баъзи таклифларни рад этишга тўғри келди. Шу кунгача саҳнада икки юзга яқин ролларни ижро этдим. Балки ёшларга йўл очиш вақти келгандир… лекин умуман фаолият юритмаяпман, десам нотўғри бўлади. Айни кунларда Қўчқор Норқобил пиесаси асосида Нодира Маҳмудова саҳналаштираётган “Биз ҳам одаммиз” спектаклидаги Жайрон бобо исмли чўпон роли устида ишлаяпман. Ижро этишим керак бўлган қаҳрамонимнинг фикрлари, дунёқараши менга жуда яқин.
— Сир эмаски, мустақиллик йилларида тарихимизни тиклаш борасида кўп хайрли ишлар амалга оширилди. Жумладан, театр саҳнасида Амир Темур, Алишер Навоий, Спитамен, Чўлпон, Усмон Носир каби тарихий сиймоларнинг ҳаётини ёритишга алоҳида эътибор қаратилди. Шахсан ўзингиз қайси тарихий қаҳрамон қиёфасини яратишни хоҳлардингиз?
— Очиғини айтсам, Мирзо Улуғбекни орзу қилардим. Бироқҳозир ўйлаб қарасам, илгари театримизда тарихий мавзуда бир қанча бебаҳо спектакллар саҳналаштирилган экан. Бугун биз саҳналаштирмоқчи бўлган тарихий асар, агар ўшалар даражасида бўлмаса, менимча, бу асарларга қўл уришнинг ҳожати йўқ. Чунки томошабин бу спектаклларни кўргач: “Олим Хўжаев бошқача ўйнаган эди, Шукур Бурҳонов эса бундай ижро қилган” деб ўзича баҳолаши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам томошабин ҳақ. Тарихий мавзудаги асарларни саҳналаштириш ижодий жамоадан алоҳида сафарбарликни талаб қилади. Бундан ташқари, ўзим ҳам юқоридаги талабларга тўлиқ жавоб бера оламанми? Масаланинг бу жиҳати ҳам бор. Сабаби, тарихий персонажларни, айниқса, Мирзо Улуғбек каби мураккаб тақдирли қаҳрамонларни ижро этиш учун катта жисмоний қувват керак.
— Улуғ байрам арафасидаги тилакларингиз…
— Аввало, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ҳақида икки оғиз сўз айтиб ўтмоқчиман. Кўп йиллик фаолияти давомида бу газета бутун бир ўзбек зиёлиларининг авлодини тарбиялаб келяпти, десам муболаға бўлмас.
Газетанинг ҳар бир сонини мунтазам кузатиб борадиган барча мухлисларни асрий орзуларимизни ўзида жо этган қутлуғ байрам билан чин кўнгилдан табриклайман. Илоҳим, истиқлолимиз абадий бўлсин!
Азиз Имомов,
Санъат институтиталабаси
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 35-сонидан олинди.