Шу йил энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг фан-техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасида 2007 йилги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида»ги» Фармони билан мамлакатимиз илм-фани ва санъатини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, халқаро миқёсда эътироф этилган фундаментал тадқиқотлари, мазмунан долзарб ижодий ишлари учун бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар. Жумладан, Ватанимиз тарихи ва маданиятининг билимдон олимларидан бири, академик Эдвард Василевич Ртвеладзе «Марказий Осиё тарихи ва маданият тарихи» мавзусидаги ишлар туркуми учун иккинчи даражали Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Биз у кишини юксак мукофот билан қутлаш баробарида айни кунлардаги илмий ишлари ҳақида ҳам сўрадик.
— Президентимиз 1998 йил тарихчи олимларни йиғиб, бир қатор долзарб саволларни ўртага ташлаган эди, — дейди суҳбатдошимиз. — Ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганиш, унинг шаклланиш босқичларини аниқлаш лозимлигини таъкидлаганди. Шу мақсадда махсус илмий гуруҳ тузилиб, зиммамизга мазкур масалаларни мукаммал ва ҳаққоний ёритиш вазифаси юклатилди.
Юртбошимиз билан ўша учрашув ва суҳбат биз — олимлар фаолиятида, умуман, фанда янги даврни бошлаб берди. Чунки бутун дунё тарихчилари ўтмишни ибтидоий даврлардан бошлаб ўрганишга одатланишган. Давлатчилик тарихи мавзуси эса тамомила янги мавзу бўлгани боис янгича нуқтаи назар ва янгича ёндашувни талаб этди.
Бу ўзига яраша осон иш бўлмаса-да, Президентимизнинг аниқ-равшан кўрсатмалари ва шу асосда ташкил этилган илмий база ишимиз муваффақиятини таъминлади. Бу жараёнда Ўзбекистон Фанлар академияси, республика Археология ҳамда Санъатшунослик институтлари, Давлат ва жамият қурилиши академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази олимларидан иборат улкан жамоа иш олиб борди.
Аввалига тўпланажак материаллар ҳажми ва асрларнинг тақсимланишига қараб, мажмуанинг 4 ёки 3 жилддан иборат бўлишини мўлжаллаган эдик. Тадқиқотларимиз натижасида аён бўлдики, бундай буюк давлатчилик тарихини уч жилдга сиғдириб бўлмас экан.
Ишларимиз бироз чўзилиб кетгани ҳам бор гап. Лекин бошқа жиҳатдан қараганда, шундай бўлиши керак эди. Чунки бу китоб нафақат давлатчилигимиз тарихи ва фани, балки бугун илгари сурилаётган миллий ғояларимизга ҳам тааллуқли. Ахир, ушбу монографиялар жаҳон тамаддунидаги муносиб ўрнимизни бутун дунёга кўрсатади. Шу билан бирга, ўзлигимизни англашимизда муҳим аҳамият касб этади.
— Бу китобларни ўқишга қачон муяссар бўламиз?
— Биринчи жилдда юртимизда давлатчилик пайдо бўла бошлаган милоддан аввалги иккинчи минг йиллик охиридан эрамизнинг ИИИ-ИВ асрларигача бўлган жуда мураккаб давр ўрганилди. Мураккаблиги шундаки, ижтимоий форматсиялар тез-тез алмашган, моддий ва маданий ҳаёт ўзгарган бу муҳим асрлар ҳақида манбалар етарли эмасди. Аслида, ўша пайтда Гретсия ва Римда бўлгани каби бизда ҳам манбашунослик анча ривожланган, ҳар бир давлат ўз ёзувига эга эди. Бу жуда катта гап. Айниқса, Хоразм ва Сўғд давлатида муҳим воқеаларнинг қайд этиб борилгани, бунинг учун махсус хизматлар ташкил қилингани кўп нарсани англатади. Лекин афсуски, улар бизгача деярли етиб келмаган.
Шу боис, археологик қазилма бойликларидан кенгроқ фойдаландик. Қадимий тангалардаги ёзувлар ва рамзлар маъносини ўргандик. Ҳатто хорижий манбалардаги юртимиз тарихига оид маълумотларни тўпладик. Қисқача айтганда, миллий давлатчилигимизни изоҳлайдиган барча далилларни ўргангачгина хулоса ясадик.
Фурсатдан фойдаланиб, бир хушхабарни маълум қилмоқчи эдим. “Ўзбекистоннинг давлатчилик тарихи” деб номланувчи ушбу улкан асарнинг биринчи томини нашрга тайёрлаш ишлари якунланди. Уни Мустақиллигимизнинг 16 йиллигига туҳфа этдик.
— Иккинчи ва учинчи томлар қайси даврларни ўз ичига олади?
— Эрамизнинг ИИИ-ИВ асрлари қадимийликдан ўрта асрларга ўтиш даври ҳисобланади. Шу боис, иккинчи том ўша пайтдаги давлатлар тарихидан бошланади. Маълумки, бу вақтга келиб, ўзбек давлатчилиги янада юқори босқичга кўтарилган. Самарқанд, Термиз, Урганч шаҳарлари атрофида марказлашган давлатлар вужудга келган. Айниқса, Хоразм ўтмиши жуда эътиборли. Бу ерда Хоразмшоҳлар 800 йил мобайнида ҳукмронлик қилган. Дунёда бошқа ҳеч бир сулола бундай узоқ давом этмагани ҳам ўзбек давлатчилигининг ўзига хослигини кўрсатади.
Кези келганда яна бир нарсани айтиб ўтай. ИВ-В асрларда Марказий Осиё шимолида пайдо бўлган Хунлар давлати кейинчалик Европани ишғол қилади. Уларнинг лашкарбошиси Атиллага Ғарбда бир томонлама баҳо беришади — тсивилизатсияни ер билан яксон қилган босқинчи сифатида эслашади. Энг ёмони, хунлар ҳам туркий қабилалардан саналгани боис европаликлар биз ўзбекларни ҳам шу босқинчиларнинг авлоди дейишаркан.
Президентимиз биз билан суҳбатда шунга алоҳида эътибор қаратганди. Атай харитани олиб қараганлигини, хунлар Ўзбекистон ҳудудида умуман бўлмаганлиги таъкидлаганди. Изланишларимиз давомида бу ўз исботини топди. Атилланинг Европага юриши юртимиз ҳудудидан анча шимолроқдан — Дашти Қипчоқдан ўтиб кетганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, бу даврда турк ҳоқонликлари ҳукм сурди. Араблар истилосидан кейинги Сомонийлар, Қорахонийлар ва Салжуқийлар ҳукмронлиги тарихда катта из қолдирди. Юртимиз Уйғониш даврига юз тутди. Уларни ўрганишда Беруний, Форобий, Наршахий каби аждодларимиз асарларидан фойдаланганимиз ҳам эътиборга молик.
Учинчи том тўлалигича Темур ва Темурийлар давлатига бағишланди. Чунки бу даврда миллий давлатчилигимиз юксак даражага чиқди. Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари гуллаб-яшнади. Ўз замонасидаги барча мамлакатлар Темур давлати билан ҳисоблашарди. Инсоният тарихида саноқлигина бўлган шундай улкан ва қудратли салтанатдан ҳар қанча ғурурлансак арзийди.
Бу ҳақда кўп гапиришим мумкин. Лекин мустақиллик туфайли Соҳибқироннинг шаъни баланд кўтарилдики, у зот барчамизнинг шууримиздан жой олиб улгурди. Ўзим ҳам ана шу мавзудаги бир қанча китобларга муҳаррирлик қилганман. Хусусан, “Амир Темур жаҳон тарихида” деб номланган монография бобокалонимизнинг юбилейлари арафасида икки бор нашрдан чиқди.
Соҳибқирон ҳақида чет мамлакатларда ҳам кўплаб китоблар чоп этилган. Бу тарихга Гавайи оролларидан то Аргентинагача ҳамма қизиқади, десам муболаға бўлмайди. Биргина “Хориж нашриётларида Амир Темур ҳақида библиография” номли тўплам йигирма тўрт мамлакатда нашр қилингани бунинг яққол далили.
Эндиликда биз янада мукаммал асар яратиш устида ишлаяпмиз. Темур давлатининг барча томонларини қамраб олишга интиляпмиз. Бунда унинг юрт озодлиги учун кураши, сиёсати, қонунчилиги, давлатлараро алоқалари, жанглари тарихи — ҳамма-ҳаммаси батафсил ёритилади. Шахсан ўзим дунё фанида бу тўпламнинг тенги бўлмаслигини истардим. Соҳибқироннинг ватандошлари сифатида шундай қилишимиз ҳам керак.
Шу мақсадда беш йил давомида изланиш олиб борилди. Ҳам ўзимиздаги, ҳам дунёдаги манбалар диққат билан ўрганилди. Ҳозирда бунга оид барча материаллар жамлаб бўлинган. Йил охиригача ушбу томни ҳам нашрга топширишни мўлжаллаяпмиз.
Тўртинчи томда аштархонийлардан то мустақиллигимизгача бўлган даврлар ҳикоя қилинади. Истиқлол йиллари эса 8 томдан иборат “Ўзбекистоннинг янги тарихи” номли алоҳида китобга жамланади. Энди унинг мавзуси, мазмун-мундарижаси ҳам бироз бошқача бўлади. Бу тўпламда фақат давлатчилигимиздаги янгилик эмас, барча соҳалардаги ўзгаришлар қамраб олинади.
— Ҳозирги кунда ҳам юртимиз археологиясида янги иншоотлар топиляптими?
— Албатта. Ҳар қаричи тарих бўлган юртимизда бундай ишлар ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. Хусусан, Сурхондарёдаги Кампиртепа харобаларида қазишмалардан ташқари реставратсия ишларини ҳам олиб боряпмиз. Бутун шаҳарнинг тарихий қиёфасини тиклаяпмиз.
Одатда, археологлар топилмаларни қўлга киритгач, ўз ишини якунлайди. Биз эса Ҳамдўстлик давлатлари орасида биринчи бўлиб шундай оламшумул тадбирга киришдик. Икки йилдирки, у ерда қурувчи ва тарихчилардан иборат каттагина гуруҳ ишламоқда. Хароба деворлар ва миноралар худди қадимгидек ҳолатга келтирилмоқда. Яқин кунларда бу маскан “жонли” музейга айланади.
Анвар САМАДОВ суҳбатлашди.
“Ҳуррият” газетасидан олинди.