Дунёга машҳур актёр, том маънодаги кинематограф Чарли Чаплин шахсига бугунги давр нигоҳи билан назар солинса, кичик жуссали йирик сиймо, хоссаси ноёблик билан белгиланувчи, вақт ҳукми заҳа етказолмас бир бебаҳо даҳо намоён бўлади. У яратган образлар замон силсиласида нафақат санъатдаги янгиланиш, бетакрорлик тимсоли, шунингдек, мумтозлик мақомига муносиблигича қолмоқда.
1966 йилда америкалик журналист Ричард Мэрименнинг Чарли Чаплин билан қилган суҳбатида бу буюк санъаткорнинг ижодий қарашлари, илҳом манбаи нима эканлигини чаплинча лўндалик ва оддийлик билан ошкор этилган. Мазкур суҳбат турли сабабларга кўра, ўттиз йил мобайнида оммага эълон қилинмаган. Суҳбатни ўқиб, ўз даҳолигидан бехабар даҳонинг содда ва самимий оламига яна бир бор ташриф буюрасиз, деган умиддамиз.
Ричард Мэримен: Суҳбатимиз фақат ва фақат ижодий фаолиятингизга бағишланади. Иш жараёнларингиз қандай кечишини бироз ёритсам дегандим…
Чарли Чаплин: Буни икки оғиз сўз билан шундай таърифлаш мумкин: мен ишимга бефарқ эмасман. Нима биланки шуғуллансам, ҳеч бирига лоқайд қаролмайман. Мабодо қўлимдан кўпроқ бошқа иш қилиш келганида, ўша иш билан шуғулланар эдим. Лекин бошқа иш қўлимдан келмайди.
РМ: Суҳбатимиз аввалида дайди образининг қандай қилиб дунёга келганини сўзлаб берсангиз.
ЧЧ: Ҳаммаси кутилмаганда содир бўлди. Оператор мендан қандайдир кулгили грим ўйлаб топишимни сўради, хаёлимга эса бирон-бир жўяли нарса келмасди. Шунда кийимхонага йўл олиб, ўйлай бошладим: тасаввуримиздагидан бироз бошқачароқ, қандайдир тескари образ яратилсачи, дейлик, қопдайин шим, тор пальто, катта бошига кичиккина шляпа қўндирган одам. Қийналган, аммо шунга қарамай, жентльмен. Ўшанда бу образнинг юзи қандай қиёфада бўлиши кераклигини ҳали билмасдим, лекин у, албатта, қайғули ва жиддий бўлиши зарур эди. Ундаги комизмни беркитиш истагида калта мўйловни ўйлаб топдим. У персонаж характерини кўрсатиш учун эмас, бор-йўғи айрим тентакликларини билдириб туришга мўлжалланганди. Калта мўйлов юз ифодамни очиқ кўрсатишга халақит бермасди.
РМ: Ўзингизни бу қиёфада илк бор кўриб, қандай фикрга келгансиз?
ЧЧ: Фикрим ёмон эмасди. Фавқулодда ҳаяжон бўлмаган, токи камера қаршисига чиқмагунимча. Кадрга кираётиб, шунга мос кийимда бўлганим учун бу менга яхши туртки берган. Ўзимни жуда яхши ҳис қилганман, шунданми, қаҳрамон ўз-ўзидан жонлана бошлаган. “Мейблнинг ғаройиб вазиятдаги аҳволи” фильмидаги саҳна меҳмонхона фойесида кечади, ўткинчи дайди у ерда баҳузур ўтириб, бироз дам олиш имконига эга бўлиш учун ўзини меҳмонлардан бири қилиб кўрсатишга уринади. Атрофдагиларнинг барчаси уни шубҳа билан кузатишарди, мен эса одатда айнан меҳмонхонадагилар бажарадиган ишларни қилишга интилардим: қайдлар дафтарини кўздан кечирардим, тамаки тутатиб, ёнимдан ўтиб кетаётган одамларга разм солардим. Кейин бирдан тупдонга қоқилиб кетаман. Бу мен ижро этган биринчи кулгили эпизод эди. Шу тариқа персонаж дунёга келган. Назаримда, ёмон чиқмади. Бироқ кейинчалик ижро этган персонажларим ҳар доим ҳам комедик эпизодларда айни шу усулдан фойдаланишмаган.
Ўзгаришсиз сақлаб қолишни истаган ягона нарсам – бу дайдининг кийиниши ҳам эмас, балки унинг хаста оёқлари эди. У ҳарчанд тиниб-тинчимас ва серғалва бўлмасин, оёқлари мудом толиқиб, шишиб юрарди. Товонларим ўлчами кулгили даражада кичкина бўлгани боис, эскирган бир жуфт катта пойабзал сўрадим ва ўша оёқ кийими юришимга кулгили тус бағишлади.
РМ: Сизнингча, дайди образини бугунги кунда ҳам яратиш мумкинми?
ЧЧ: Замонамизда дайдининг ўз ўрнини топиб кетиши амримаҳол, менимча. У даврлардан буён бизнинг дунё анчайин тартибга келиб қолди. Аммо бахтлироқ жойга айланди, деб сира ўйламайман. Соч ўстириб, калта кийимларда юрган йигитларни учратганим бор, фикримча, уларнинг аксарияти дайди бўлишни хоҳлаган бўларди. Энди эса бурунги камтарликдан асар ҳам йўқ. Улар камтарлик нималигини тасаввур ҳам қилишолмайди, бу тушунча ўзига хос сарқитга айланди. Камтарлик, соддалик ўзга даврники. Мана шунинг учун ҳам бугун дайдига ўхшаш образни ярата олмаган бўлардим. Бунга яна бир сабаб, шубҳасиз, овоздир. Очиғи, дайдининг овози қандай бўлиши кераклигини тасаввур ҳам қилолмайман. Шу боис, экрандан кетишига тўғри келди.
РМ: Уни бунчалик кўзга яқин қилган жиҳат нимада?
ЧЧ: Дайдида олижаноб қашшоқлик бор эди. Ваҳоланки, ҳар қандай сув сотувчиси ҳам башанг кийинишни хоҳлайди. Персонажимнинг менга маъқул томони – унинг ҳар ишда синчковлиги ва нозик дидга эгалигидир. Кўзга яқинлигига келсак, бу мени кўп ҳам қизиқтирмаган. Дайди – ботинимдаги мен ифодалашни истаган қиёфа эди. Томошабинларнинг унга муносабати мен учун муҳим бўлса-да, ҳеч қачон уларга бевосита суянмаганман. Чунки аудитория фильм суратга олинаётган пайтда эмас, у якунлагандан сўнг пайдо бўлади. Мен баъзан руҳиятимнинг ўзида кузатиладиган маълум кулги услубига ҳар доим мурожаат қилганман. Бу чиндан ҳам ажойиб.
РМ: Кулгили ҳолатларнинг изчиллик касб этиши-чи? Бу ўз-ўзидан содир бўладими ёки маълум жараёнлар натижасими?
ЧЧ: Бунда ҳеч қандай жараён йўқ. Энг қизиқарли ғоялар бевосита вазиятдан келиб чиқади. Агар яхши бир кулгили вазият туғилиб қолса, у янгидан-янги тўлдиришлар билан бойиб бориши мумкин. Худди “Муз майдони” фильмидаги эпизодлар кетма-кетлиги каби. Мен шунчаки бир пой конкини оёққа илдириб, учиб кўрдим, ҳолбуки, бутун аудиториянинг йиқилиб тушишимга ишончи комил эди. Мен эса қойилмақом тарзда бир оёқлаб конки учишда давом этардим. Томошабинлар дайдидан сира ҳам бунақасини кутишмаганди. Ёки “Осойишта кўча”даги фонарли устун билан боғлиқ эпизодни олайлик. У менинг полициячи бўлиб, безорини бирёқлик қилишга уринаётган вазиятимдан келиб чиққан. Унинг бошига тўқмоқ билан тўхтовсиз туширардим. Гўёки қўрқинчли тушга ўхшайди. Безори ҳеч нарса бўлмагандай, енгини шимариб, мен томон яқинлашиб келарди. Кейин даст кўтариб, қайта ерга қўяди. Шунда хаёлимга бир фикр келди: агар у шунчалик баҳодирона кучга эга экан, демак, фонарли устунни ҳам ағдара олади. Мен эса ўша пайт ортидан сакраб чиқиб, газланган фонарни тўғри унинг бошига кийдиришим мумкин.
Бироқ ҳаракатларим замирида жон талвасаси, деган тушунча ҳам бор эди. Шундай ғамнок кунлар ҳам бўлардики, қанча уринмайлик, ҳеч вақо чиқмасди ва бу ҳол кишини баттар эзиб ташларди. Одамлар юзига табассум улаша оладиган нимадир ўйлаб топишим керак эди. Бунга эса фақатгина кулгили вазиятлар орқали эришилади. Дейлик, масхарабозликка хос қандайдир нарса яратиш ёки кутилмаган ҳолатга учраш мумкин, бироқ, аввало, вазиятнинг ўзи кулгили бўлиши шарт.
РМ: Бу эпизодлар ортида реал шахслар яширинганми ёки уларнинг барчаси хаёлотингиз маҳсулими?
ЧЧ: Йўқ, биз ўз дунёмизни яратганмиз. Менинг дунём – бу Калифорниядаги студия. Хаёлимга бирор ғоя ёки шунчаки сюжет лавҳаси келиб қолиб, бариси ўз-ўзидан юришиб кетган лаҳзалар ҳаётимдаги энг бахтиёр онлар бўлган, ажойиб туйғу эди у. Менга шунинг ўзи етарли эди. Калифорния оқшомлари анчайин кимсасиз, айниқса, Голливудда. Шунга қарамай, ўз кулги оламингни яратиш ғаройиб эди. Бу олам бутунлай ўзгача, одатдагидан тамоман фарқли. Бунинг устига, қизиқарли. Мана, сен ўтирибсан, ярим кун тайёргарлик кўрдинг, энди эса суратга олишга киришасан – вассалом.
РМ: Реализм комедиянинг таркибий қисми ҳисобланадими?
ЧЧ: Шубҳасиз. Ўйлашимча, ҳақиқийлик абсурд вазиятларга ҳам мутлақо реал ёндашишга мажбур қилади. Томошабинлар ҳам буни билади, шу руҳиятни ҳис этади. У шунчалар ҳақиқий ва бир вақтнинг ўзида шунчалар абсурдки, томошабинни қувонтирмай қўймайди.
РМ: Унинг бир учи фильмларингизда кўп учрайдиган шафқатсизликка бориб тақалади.
ЧЧ: Шафқатсизлик – комедиянинг муҳим мезонларидан бири. Бизга тўғридек кўринувчи нарсалар аслида тентакликдир, агар шуни етарлича таъсирли намойиш этолсангиз, томошабинларга манзур келиши керак. Чунки улар бу нарсаларда ҳаётнинг устидан қаҳ-қаҳ отилганини кўради ва ғамдан куйиниб ўлмаслик ва кўзёши тўкмаслик учун ўзлари ҳам унга қўшилиб ҳаётнинг устидан кулишга тушадилар. Бир қария банан пўстлоғига тойиниб, йиқилиб тушса, кулгимиз келмайди. Лекин агар бу ҳол яхшигина кийинган, ғурури баланд туппа-тузук жентльмен билан содир бўлса, кулгимиз қистайди. Уялиш ва хижолат тортиш билан боғлиқ вазиятлар, айниқса, уларга юмор билан ёндашилса, қизиқарли чиқади. Масалан, масхарабоз билан ниҳоятда ғаройиб воқеалар юз беришини бемалол кутишимиз мумкин. Бироқ бир кимса ресторанга минг бир хаёл билан кириб келса-ю, унинг шимида каттагина йиртиқ шундоқ кўриниб турса – бу энди кулгили бўлиши аниқ.
РМ: Комедияларингиз қисман ҳолат комедияси ҳисобланади. Улар ақлни чархламайди, кулги эса айни экранда кечаётган жараёнлардан туғилади.
ЧЧ: Мен ҳамиша ўзаро боғлиқ ҳодисалар маълум воқеликни юзага келтиради, деб билганман. Бу бильярд столидаги соққалар жойлашувини ёдга солади. Ҳар бир соққа – ўзича ҳодисот. Бунда энг муҳими уларнинг бир-бирига дахлдорлигидир. Бирлашибгина улар учбурчакни ҳосил қилади. Мазкур образ фаолиятимда жуда муҳим ўринга эга.
РМ: Ҳодисаларни жадал тарзда бир-бирига боғлаб, воқеалар суръатини кучайтиришни ёқтирасиз. Бу ҳол Сиз учун қанчалик хос деб ўйлайсиз?
ЧЧ: Тўғриси, қанчалик хослигини ўзим ҳам аниқ билмайман. Гоҳида суръатни тушириб юборадиган комикларни кўрганман. Мен эса вазмин қадамлар билан давом этувчи воқеалардан кўра, юқори суръатга эга жараёнларда яхшироқ ижро қиламан. Оҳисталик билан кечадиган ҳаракатларда қилаётган ишимга нисбатан менда ишонч бўлмайди.
Аммо ҳар доим ҳам воқеликнинг ўзи етарли эмас. Экранда кечаётган ҳамма нарса муштарак юксалиб бориши керак, акс ҳолда, реалликни ҳис этиш йўқолади. Қўлингиздаги мавзуни янада пишиқроқ қилишга тиришасиз, бироқ атайдан шунга урғу бериш шарт эмас. Сиз қандай йўл тутиш кераклиги, саъй-ҳаракатларнинг табиий натижаси қандай бўлишини сўрарсиз. Реалликка таяниб, ишонтиришга асосланмоқчи бўлсангиз, бу сўроқлар тобора мураккаблашиб бораверади. Муҳими, суянишни истаган ана шу сифатларингиз мантиқий бўлсин, йўқса, ҳаминқадар комедия чиқади-ю, ҳеч кимни завқлантира олмайди.
РМ: Ортиқча ҳиссиётга берилиш ёки сийқаси чиққан кўринишлар Сизни ташвишлантирадими?
ЧЧ: Айнан пантомима нуқтаи назаридан – йўқ. Бу нарса ташвишга солмайди, шунчаки, уни четлаб ўтишга ҳаракат қиласиз. Сийқаси чиққан кўринишлардан қўрқмайман – ахир бутун ҳаётимизнинг ўзи шулардан иборат. Масалан, қандайдир бошқача тарзда уйқудан туролмаймиз-ку. Яшаш ва омонатни топшириш ҳаммамизга хос, кунига уч маҳал овқатланамиз, кимгадир кўнгил қўямиз ва кимдандир ҳафсаламиз пир бўлади. Сийқаси чиққан энг кўп қолиплар севги воқеаларида учрайди ва токи уларга нисбатан қизиқиш сўнмагунча бу андозалар давом этаверади.
РМ: “Олтин талвасаси”да пойафзални ейиш билан боғлиқ эпизод учун қанча вақт сарфланган?
ЧЧ: Бу эпизодни тахминан икки кун суратга олганмиз ва шу икки кун давомида шўрлик кекса актёр Макк Суэйннинг кўнгли беҳузур бўлиб юрган. Қизилмиядан ишланган пойафзаллардан у ниҳоятда кўп еб қўйганди. Ўшанда актёр: “Жин ургур бу пойабзалларга ортиқ тоқат қилолмайман” деганди. Эпизод ғояси Доннер гуруҳи (1846 йил Сьерра-Невадада қор кўчкисига учраган карвон) ҳақида эшитиб қолганимдан сўнг туғилган. Улар коннибализмга чалиниб, оёқ кийимларини ейишган экан. Шунда ўйланиб қолдим: димланган ботинкалар? Бундан қандайдир қизиқарли нарса чиқиши мумкин.
Мен токи очликдай оддий вазиятга тўхталмагунимча, ўша воқеага сабаб қидиравериб, ўзимни қўярга жой тополмаганман. Вазият мантиғига жавоб топишинг, унинг юзага чиқишини, ҳақиқийлигини ва рўй бериш эҳтимолини кўришинг билан эса ғоялар бирин-кетин ёғила бошлайди. Пойафзал фильмдаги энг ажойиб нарсалардан бири бўлди.
РМ: Овозга ўтиш жараёнида сизни қандайдир ҳадик ёки гумонсирашлар қуршаганми?
ЧЧ: Бўлмасам-чи. Биринчи галда, менда тажриба бор эди, бироқ академик мактаб кўрмаганман, буларнинг ўртасида катта тафовут мавжуд. Истеъдод ва табиат томонидан инъом этилган актёрлик маҳоратига эгалигимни ҳис қилардим. Гапиришдан кўра пантомимани тасвирлаш мен учун анча осонроқ. Артист бўлганим учун суҳбат жараёнида кўп нарсалар ҳавога кўтарилишини яхши биламан. Муваффақиятнинг ярмини таъминлайдиган беназир дикция ва овозга эга бошқа кишилардан ўтиб кетишим амримаҳол эди.
РМ: Овозсиз кинематография кўримлиликка шикаст етказиши мумкин бўлган овоз масаласи реалликка нисбатан қўшимча талабларни тақозо этмадими?
ЧЧ: Шубҳасиз. Мен ҳар доим пантомиманинг анчайин жозибалироқ ва ҳаммага тушунарли (яхши постановка бўлган тақдирда) универсал мазмунга эгалигини таъкидлаб келганман. Сўздан фойдаланишинг билан бариси ортиқ даражада силлиқ бўлиб қолади. Овознинг ўзиёқ ажойиб, у ҳаддан зиёд ошкора, мен эса санъатда у қадар очиқ бўлишни истамайман, акс ҳолда, маълум чегара юзага келиши мумкин. Ҳаракат худди қуш парвозидек табиий бўлган бир пайтда, чуқур иллюзия яратиш ёки унга эришиш имконини берувчи овозга эга одамлар бармоқ билан санарлидир. Кўз қарашларида ҳеч қандай сўз мавжуд эмас. Одамлар умидсизликка тушганда соф юз ифодасини яшира олмайдилар. Кинода гапира бошлаганимдан сўнг, шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олишим керак эди. Сўзамоллик борасида жуда кўп нарсаларни йўқотганимни биламан. Лекин у барибир овозсиз даврдаги намойишлар каби ажойиб бўла олмайди.
РМ: Фильмларингиз орасида қайси бирини кўпроқ ёқтирасиз?
ЧЧ: Менимча, “Катта шаҳар чироқлари” бўлса керак. Фильм анчайин яхлит, зўр ишланган. Ҳақиқий комедия.
РМ: Ҳақиқатан фильм жуда ҳам кучли. Картинада комедия ва трагедиянинг бир-бирига ғоят яқинлиги менда чуқур таассурот қолдирган.
ЧЧ: Бу жиҳат мени унчалик қизиқтирмаган. Фикримча, фильмнинг дилимга яқинлиги, ундаги шахсият билан уйғун қандайдир сезгилардир. Бу туйғу ҳамиша менга ҳамроҳ бўлган, маълум маънода, у иккинчи “мен”имга айланди. Эҳтимол, бу мени қуршаб турган муҳит билан боғлиқдир. Менимча, одамларга нисбатан ҳамдардлик ва муҳаббат ҳисси туйилмаса, юмор ҳам яшай олмайди.
РМ: Балки гап азоб-уқубатларимизни енгиллатишга интилишимиздадир?
ЧЧ: Йўқ, ўйлашимча, ҳаёт – анчайин юксак тушунча. Агар гап сиз айтган нарсада бўлганда, ўз жонига қасд қилишлар анчайин кўпроқ кузатиларди. Одамлар яшашдан кўра ўлимни афзал биларди. Мен эса ҳаётни ажойиб нарса деб тушунаман ва ҳар қандай ҳолатда, ҳатто қайғуда ҳам, уни муносиб яшаб ўтиш керак. Шахсан мен умргузаронликни танлаган бўлардим. Бекор ўтмаслик учун тажриба тўплардим. Назаримда, юмор соғлом фикрни сақлаб қолишимизга ёрдам беради. Ортиқча фожиавийлик сабр-косамизни тўлдириши мумкин. Трагедия, шубҳасиз, ҳаётнинг бир қисми, аммо бизга ҳар қандай нарсани енгиб ўтиш ва ўзимизни ҳимоя қилиш учун ёрдам берадиган воситалар ато этилган. Трагедия ҳаётимизда катта ўрин тутади, юмор эса таъкидланган ҳимояни топишимиз учун бизга етказилган. Юмор универсалдир, у маълум маънода, ҳамдардликдан келиб чиқади.
РМ: Нима деб ўйлайсиз, даҳолик деган тушунча мавжудми?
ЧЧ: Мен ҳеч қачон даҳо ўзи кимлигини билмаганман. Фикримча, даҳо – бу истеъдоди бор ва буни қалбан ҳис этадиган, лекин шу билан бирга, ўз ишининг устаси бўла оладиган инсондир. Ҳар биримиз қайсидир маънода қобилиятлимиз. Оддий одам ўзига яраша иш танлаши керак, даҳода эса бундай танлов йўқ. У бошқаларга хос бўлмаган ўзгача ишлар билан шуғулланади, бироқ ўша ишни қойилмақом қилиб бажаради. Қўлидан кўп иш келадиган кўплаб маҳорат эгаларини янглиш тарзда даҳо деб қабул қилишган.
Рус тилидан Азиз Матёқубов таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 10-сон