Ҳар гал Тошкентнинг Юнусобод туманидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига зиёратга борар эканман, кўз ёшларимни тиёлмайман… Қишин-ёзин ям-яшил либосга бурканиб, гуллаб-гуркираб турган бу хиёбонга боқиб, унинг кеча-ю кундуз порлаб турган чироқлари ёғдусини кўриб, кўнглим фараҳ топгандай бўлса-да, кўз олдимга шаҳидлар келаверади… Зинапояма-зинапоя пастга тушиб, ҳар бир дарахт олдида туриб зиёрат қиламан ва шаҳидлар руҳига тиловат этаман.
Бугунги озод ва обод истиқлолимиз учун курашган ота-боболаримиз руҳи покларига таъзим бажо келтираман.
Ўзбек халқи маънавиятининг устунлари қони тўкилган шу “бахтсиз жарлик”ни чаманга айлантирган Юртбошимиз Ислом Каримовнинг хайрли ишларини кўриб фахрланаман. Бу фахр-ифтихордан илҳомланиб, улуғ боболаримиз ҳақида ёзиш бахтига муяссар бўлганимдан севинаман.
Қўлимда 1938 йили қамоқхонада вафот этган шоир, хаттот, муҳркан Комилжон Девоний ва қариган чоғида узоқ ўлкадаги турмаларда умри хазон бўлган шоир ва бастакор Сафо Муғаннийларнинг суратлари… Кўнглимда эса, шаҳид кетган бу шоирлар хотирасини музейларда абадийлаштириш, бугунги бахтли ёшлар қалбига улар навосини етказиш истаги бор. Шу боис, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейининг жонкуярларидан бири, таниқли адиб, профессор Наим Каримовга учрашиб, устозга бу суратларни тақдим этдим ва айрим саволлар билан мурожаат қилдим.
— Ҳурматли домла, узр, саволимни бироз узоқроқдан бошламоқчиман. Ўзингизга маълум, Комилжон Девоний Хоразм тарихида машҳур бўлган муҳрканлар оиласида 1887 йилда Хиванинг Сангар қишлоғида туғилган. У Исмоил девоннинг ўғли бўлган. Исмоил девоннинг акаси Худойберган муҳркан Муҳаммад Раҳимхон II Феруз саройида юқори мартабали девонлардан саналган. Чунки Худойберган муҳрканнинг ўзи, ота-боболари қурол-аслаҳа ясашган. Шу билан бирга, подшоҳ, қушбеги, девонбегилар, қозикалонлар, муфтийлар, қалъа ҳокимларининг муҳрларини ясаганлар. Қолаверса, Хива мадраса ва масжидлари, миноралар, дарвозалар тепасига тарихлар, турли ёзувлар, ғазалларни мармарга ўйиб, нақш билан сайқал бериб ёзганлар. Хонликдаги олтин, кумуш, мисдан ясалган тангалар эскизини ҳам зарбхонага улар тайёрлаб берганлар. Наққошлик санъатини пухта эгаллагани туфайли дутор, самтур, танбур, ғижжак, скрипка сингари чолғу асбобларини ясаганлар ҳамда Хоразм олти ярим мақомини ёддан билганлар. Шоир ва котибликда шуҳрат қозонганлар. Айтишларича, Комилжон Девонийнинг ўн бармоғи ўн ҳунарга эга экан. Дарҳақиқат, Шарқшунослик институтида унинг ўнга яқин биз аниқлаган қўлёзма баёзлари ҳам борки, уларнинг баъзиларида Комилжон Девонийнинг хаттотлик санъати намоён бўлса, аксариятида ғазаллари, мухаммаслари жамланган. У ўз дастхати билан девон тартиб берган. Атиги 51 йил умр кўрган, мустабид шўролар даврида 18 йил яшаган ва 1938 йил 10 февралда отувга ҳукм этилган. Комилжон Девонийнинг “дело”си, ундаги маълумотлар ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Аввалги асрларда ҳам, кейинги асрда ҳам Хоразм ҳудудидан кўплаб истеъдодли шоир ва бастакорлар, хонанда ва созандалар, наққош ва маҳрканлар етишиб чиққан. Аммо ХХ асрнинг бошларида туғилиб, таниқли адабиёт ва санъат намояндалари бўлиб улғайган кишиларнинг тақдири, афсуски, фожиали кечди. Совет давлатининг “қалқон ва қилич”и бўлган идоралар халқнинг кўзга кўринган, миллий маданиятимизнинг етакчилари бўлган кишиларни йўқ қилди.
Камина мамлакатимиз тарихининг шу мудҳиш даврини озми-кўпми ўрганганман. Ўтган асрнинг 30 — 50-йилларида ким “халқ душмани” сифатида айбланиб ҳибсга олинган бўлса, тергов пайтида ундан шу айбни тасдиқлаши мумкин бўлган маълумотлар олинган. Маҳбус бирор аксилинқилобий ташкилотнинг аъзоси бўлганми ё йўқми, бундан қатъи назар, у қийноқ остида терговчи тузган ҳар қандай туҳматли баённомага қўл қўйишга мажбур этилган. Бечора маҳбуслар ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам беихтиёр туҳмат қилганлар. У ёғини сўрасангиз, қатағон тўлқини авж олган 1937 — 1938-йилларда мамлакатимизда бирорта аксилинқилобий ташкилот бўлмаган. Туркистон Мухторияти емирилгандан кейин тузилган ташкилотлар (улар ГПУнинг доимий назорати остида бўлган) 20-йилларнинг ўрталаридаёқ бирор иш қила олмаганлиги туфайли тарқалиб кетган.
Айтмоқчиманки, аксар маҳбусларнинг “дело”лари билан танишган киши бу “дело”лардан бирор ишонарли маълумот ола билмайди. Улардан ҳатто бирор маҳбуснинг ҳаётига доир аниқ биографик маълумотларни ҳам топиш маҳол. Шунинг учун тарихчи ва журналистлар оддий кишиларнинг ва кўплаб фан ҳамда маданият ходимларининг фожиали тақдирларини шу вақтга қадар ёритмай келмоқдалар.
Комилжон Девонийнинг “дело”сида эса унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятининг муҳим саҳифаларини ёритадиган маълумотлар йўқ эмас. Шу маълумотларга қараганда, у 1887 йили Хивада туғилган. Хон девонида мирзо бўлиб ишлаган. Қамоққа олинган вақтда Тошкентнинг 1-Қоратош маҳалласидаги 8-уйда яшаб, ўймакорлик билан машғул бўлган. Унинг 1928 йили ёзган шеъри 1937 йилда қамоққа олинишига асос бўлган. Бу шеър, НКВД ходимлари назарида, совет давлати сиёсатидан норозилик кайфияти билан суғорилган экан.
Хуллас, Комилжон Девоний шунга ўхшаш айблар билан 1938 йил 10 февралда ўлим жазосига ҳукм қилинган. Аммо ҳукм чиққандан кейин, кўп ўтмай, 5 май куни кундуз соат 1 да Тошкент қамоқхонасида вафот этган. 1958 йил 19 сентябрда оқланган.
Кейинчалик Комилжон Девонийнинг ижодий фаолияти билан танишар эканман, бу жабрдийданинг улкан шоир, хаттот, созанда, ўймакор, хуллас, ҳар томонлама истеъдодли инсон бўлганини билиб, совет давлати шундай ажойиб кишиларнинг ёстиғини онгли равишда атай қуритганига ҳали ҳам ақлим бовар қилмайди.
— Наим ака, тарихдан бизга маълумки, 1920 йилда пайдо бўлган Хоразм халқ шўролар жумҳурияти “Ёш хиваликлар” ташкилоти ичидан етишиб чиққан энг саводхон, талантли ёшлардан ўзларининг мақсадларини амалга оширишда фойдаланган. 1922 йилда Хоразм халқ шўролар жумҳурияти ўлканинг ўз орденини тайёрлаб, у билан Ленинни мукофотлаган. Ана шу орденни Комилжон Девоний тайёрлаган эди. Шоирга совет ҳукуматининг душмани деб айбнома қўйганлар бу тарихий фактдан бехабар бўлганларми?
— Ўша йиллари аллақаерлардан келган НКВДнинг зомбилашган ходимлари учун Комилжон Девонийдек кишилар одам ҳисобланмаган. Умуман, улар ўзларидан бошқаларни, айниқса, ўртаосиёликларни одам ўрнида кўришмаган. Милтиқ ушлаш ва отишдан бошқа нарсани билмаган бундай кимсалар халқнинг юксак маданиятли, билимдон кишиларини қанчалик уриб, ҳақорат қилиб, қийнаб ўлдирган бўлсалар, бу ишлардан шунчалик мамнун бўлишган. Император Николай оиласини хаста фарзандларигача шафқатсизлик билан отишганини эсласангиз, бундай кимсаларнинг разил қиёфаси кўз олдингизга яққол келади.
— Домла, Комилжон Девонийни болаликдан яхши билган, у билан битта ҳужрада яшаб, битта мадрасада ўқиган, Муҳаммад Раҳимхон иккинчи Феруз саройида бирга хизмат қилган шоир, хаттот Бобожон Таррох Ходим “Хоразм навозандалари” хотира китобида Комилжон Девоний ва Сафо Муғаннийнинг қамалиш фожиаларига тўхталган.
Ўша кезлари, 1928 — 1929-йиллар Хоразмга Акмал Икромов келармиш, деб қизғин тайёргарлик кўрила бошланган ва шу муносабат билан “Акмал Икромов келур” номли қўшиқ пайдо бўлган. Ғазал матнини Комилжон Девоний ёзган, қўшиқни куйлаган Шерозий олқишга сазовор бўлган. Айни ўша кезларда яна бир устоз санъаткор Сафо Муғанний ҳам Йўлдош Охунбобоев, Файзулла Хўжаевлар ҳақида қўшиқлар куйлаб юрган. Биз Сафо Муғанний деганда шоир, бастакор, қидимий Хоразм халқ қўшиқларининг билимдони бўлган машҳур ҳофизни тушунамиз. Шунингдек, жаҳон саҳналари маликаси Тамарахонимнинг устозини биламиз. Тамарахоним репертуаридаги ўнлаб халқ қўшиқлари Сафо Муғаннийникидир.
Гап шундаки, соддадил, ҳамма нарсадан яхшилик изловчи бу санъаткорлар совет тузуми халқни бахтли қилади, деб умид қилганлар. Қолаверса, меҳмонни иззат қилишган. Мана шу битта ғазал, битта қўшиқ улар бошига кулфат келтирган. Бобожон Таррох Ходимнинг ёзишича, ҳасадгуй айғоқчилар Сталинга хат ёзиб: “Ўзбекистонда Акмал Икромов билан Файзулла Хўжаевнинг номи оламга кетди… Сизнинг номингиз Ўзбекистонда айтилмасдан қолди”, деб гап етказганлар. Текшир-текширлар, терговлар бегуноҳ соддадил инсонларнинг тақдирини чилпарчин этган. Йиллар ўтиб, қатағон дарёсининг тўлқинлари, уларни ҳам, яъни шоир Комилжон Девоний ва ҳофиз Сафо Муғаннийни ўз қаърига тортган. Шундай экан, бу ижодкорларни “Бир ғазал қурбонлари”, деб ёзсак жоиз бўлмайдими?
— Шубҳасиз, агар Комилжон Девоний тўғрисида мақола ёзсангиз, уни “Бир ғазал қурбони” деб номлашингиз мумкин. Аммо Девоний ўша ғазалини ёзмаган тақдирида ҳам қатағон этилган бўларди. Нафақат Девоний, балки бошқа шоиру ҳофизлар ҳам фалакдан шикоят мазмунида шеър ёзмаганлари ёки айтмаганларида ҳам қатағон дарёсига ташланган бўлардилар. Негаки, улар халқнинг ҳушёр кўзлари, бийрон тиллари, зукко қулоқлари ва уйғоқ виждонлари эдилар. Шўро давлати раҳбарларига: “Бахтли ёшлигимиз учун ўртоқ Сталинга раҳмат” дейдиган, партиянинг ҳамма даъватига “Лаббай” деб оёққа турадиган авлодгина керак эди.
— Шу ўринда Сафо Муғанний “дело”си билан таништирсангиз.
— Сафо Муғанний 1937 йил 28 август куни қамоққа олинган. Мен унинг “дело”си билан танишиб, фақат 1882 йили Хивада туғилгани ва исм-шарифи Сафо Оллоберганов бўлганинигина билдим. Яна Урганч театрининг созандаси бўлганлиги айтилган. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига ойдинлик киритадиган бошқа бирор маълумот йўқ. Сафо Муғанний ўша йилнинг 28 ноябрида 10 йилга ҳукм қилинган. Жазо муддатини ўташ учун қаерга юборилгани ва кейинги тақдири қоронғи… У 1858 йил 19 апрелда оқланган.
— Ўзбек адабиёти ва санъати тараққиётида маълум из қолдирган шоир ва хаттот Комилжон Девоний ва созанда, бастакор Сафо Муғанний ҳаёти ва ижодини “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида кўришни истаймиз. Сиз бунга нима дейсиз?
— “Қатағон қурбонлари хотираси” музей экспозицияси устидан иш олиб борганимизда ўша даврда жабр-жафо чеккан жуда кўп ватандошларимизнинг фотосуратларини топа олмадик. 1937 — 1938-йилларда эса, асосан, Тошкентда ҳибсга олинган кишилар суратга туширилган. Уларнинг тинтув пайтида олиб кетилган сурат ва қўлёзмалари эса йўқ қилиб юборилган. Шунинг учун, музей экспозициясида нафақат оддий меҳнат аҳли, балки машҳур кишиларнинг ҳам суратларини қўйиш имконияти бўлмади.
— Комилжон Девоний ғазаллари битилган девонларни, муҳркан оталарнинг Хива мадраса ва масжидлари, минораларига битилган мармар тошлардаги ғазалларини, унинг наққошлик санъатини бугунги мустақил Ватанимиз ёшлари ўргансалар, бу йўналишда илмий ишлар, тадқиқотлар олиб борилса муддао бўлур эди.
— Бу истакларингизни тўла қўллаб-қувватлайман. Зотан, қатағон даври қурбони бўлган аксар кишилар учун шахсий манфаат тушунчаси бутунлай бегона бўлган. Улар ўз ҳузур-ҳаловатларини ўйлаб, нафақат авлодлари, балки ўзлари учун ҳам тўкин ва фаровон турмуш асосларини яратмаганлар. Агар улар ҳаёт бўлганларида Мустақил Ватанимиз равнақи йўлида бизга қараганда ҳам фидойиларча ишлаган бўлардилар.
Ҳозирги ёшлар улардан ибрат олишлари, уларнинг ватанпарварлик, халқпарварлик, тараққийпарварлик, фидойилик анъаналари ва васиятларига садоқат руҳида тарбияланишлари айни муддаодир.
Анбара ОТАМУРОДОВА суҳбатлашди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 18-сонидан олинди.