Ёзувчи Асад Дилмурод билан суҳбат
– Тарихий мавзу масъулиятли бўлганидан ташқари ғоят сирли ҳамда у билан дўстлашиш мушкул экани яхши аёндир. Сиз эса ана шу оғир ижодий вазифа ижросини маълум даражада эплагансиз. Хўш, бунга қачон ва қандай шароитда эришгансиз?
– Табиат қонунлари тарихга муҳаббат авлоддан-авлодга қон орқали ўтишини эътироф этади ва мана шу бирламчи ҳаётий омилни ҳеч маҳал унутмаслик лозим. Мазкур омил каминага ҳам тегишли эканини ҳар қадамда чуқур ҳис этиб тураман.
Алоҳида таъкидлайманки, кўплаб ёшлар каби, отам даъвати билан Гўрўғлию Алпомиш, Авазхону Рустами Достон, Равшану Маликаи Турондот ҳақидаги достон ва эртакларни ўқиб улғайганман. Мактаб ва қишлоқ кутубхонасидаги турли китобларни тинимсиз қизиқиб мутолаа қилар ва уларда тасвирланган ғаройиб воқеалар ҳамда бадиий образлар ҳақида хаёл суриб чарчамас эдим.
Адашмасам, етти ёшимдан бирор байрам баҳона энам Норбиби Зор қизи билан етаклашиб Самарқандга қатнардик. Бозор ёки дўконга киришдан илгари Шоҳизинда обидасини зиёрат қилгани ошиқардик. Ҳар гал унга яқинлашсам Боғи Эрамдаги муҳташам кошона қаршисида қўл қовуштириб тургандек, оғзим очилиб орзиқар эдим.
Орадан бир неча йил ўтиб, олий таълим даргоҳида сиртдан таҳсил олиш баробарида, замин сайқали Самарқанд билан “Зарафшон” газетаси ходими сифатида учрашдим. Ажойиб таржимаи ҳоли бўлган мазкур нашр кўплаб таниқли сўз санъаткорлари қаламига қувват ва илҳом берганини билганимда теримга сиғмай қувонганман. Камина учун ҳам алоҳида ижодий мактаб вазифасини ўтаган газета саҳифаларида шўровий давр билан бирга қадимият нафаси ҳам ҳукм сурарди. Пешанамни силаган устозларимдан бири, бош муҳаррир Аҳмаджон Мухторов ташкил этган “Самарқандни олам билади” рубрикасини бошқариш чекимга тушди. Натижада Самарқанд тарихи миллат тарихининг узвий қисми, ўлка довруғини етти иқлимга ёйган забардаст ёдгорликлар маданиятимиз гултожи, уларни қурган муҳандис ва меъморлар гўзаллик яратган истеъдод соҳиблари эканини ёритувчи бир қатор эссе битдим.
Эндиликда аминманки, бирламчи, қодир тангри таоло мурувват қилиб берган савқи табиий ва маънавий эҳтиёж туйғуси, иккиламчи, китоб ва халқ оғзаки ижоди, учламчи, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанддек муаззам шаҳар осори-атиқалари ва улар кечмишига доир қимматли фактлар мозий билан ошно тутинишим учун замин бўлган, дилимдаги иштиёқ учқунини аланга олдирган…
– Эссе очерк жанри каби шаксиз кўпроқ реал воқеа ва ҳужжатларга суяниб иш кўради. Сиз ижодий изланиш бобида тузган ниятларингизни ушатишда у қайси даражада асқотди?
– Агар зарурий хомашё йиғиш, яъни ижтимоий ҳаёт, ҳар хил тоифага мансуб одамлар, турли зиддиятларни кузатиш, муҳим илмий манбаларни пухта ўрганиш, оқу қора моҳиятини англаш орқали дунёқарашни бойитиш сўз санъати шартларидан эканини назарда тутсак, эссе қадру қиммати янада бўртиб кўринади.
Чиндан ҳам эссе илк қадамларини ташлаётган ёзувчини зарур дамларда руҳлантириш ва тегишли далиллар билан қуроллантириш сирасида беҳад ҳозиржавоб саналади. Эссега хос шу муҳим жиҳатни ўзим тажрибада бир неча марта синадим. Масалан, илк тарихий ҳикоям бўлган ва кейинча қиссага айланган “Шердор” мазкур жанрда изланиш учун ўн еттинчи аср обидаси ҳақида тўпланган материаллар қамровида туғилди. Ўша ҳикоя издошлари “Афросиёб сукунати”, “Кошин” каби ҳикоялар тупроқ остида қолиб кетган кўҳна шаҳар қисмати, обидаларга иккинчи умр бағишлайдиган наққош ва таъмирчи усталар маҳорати ва заҳмати ҳақида ёзилган ўша тоифа асарлар шарофати туфайли дунёга келди, қолаверса, “Мулк”, “Гириҳ”, “Мезон буржи” қиссалари, “Маҳмуд Торобий” ва “Паҳлавон Муҳаммад” романлари тўғрисида ҳам шундай фикр айтиш мумкин.
Чиндан ҳам моддий ва руҳоний олам, табиат ва жамият, эзгулик ва жаҳолатга фаол фалсафий муносабатда бўлувчи эссе воситасида олисда ўзича яшаётган мозийга фаолроқ юз бурдим, айни пайтда у пинҳон тутган сиру синоат моҳиятини кашф этиш заруратини чуқурроқ англадим. Натижада тарих илми ва амалида мужассам оҳанрабо асирига айландимки, айни шу ҳолат қоғозга мук тушган, сўз саралай бошлаган ва мушоҳада берилган дамларимда қадимият бугунги ва эртанги кунга қатъий ишонч уйғотувчи муқаддас жабҳа экани ифодаловчи ҳам буюк ва ҳам оддий кишилар дунёсида нафас олишга ундаб туради.
– Фақат янгича-замонавий йўналиш эмас, тарихий асарларингизда ҳам матн тасаввуфдан тўйинган, зеро мазкур таълимот унсурларига суянган ҳолда, реал ва нореал ҳаётни ёнма-ён тасвирлайсиз. Бундан кўзда тутилган муддао нима?
– Тасаввуф руҳ-қалб ва ҳол илмидир, зотан у ажойиб фалсафий-эстетик хислатларига кўра ижод психологиясига жуда яқин: азалу абад моҳиятини ҳиссий тафаккур, бетакрор нафис бўёқлар ва хаёлий-тамсилий образлар воситасида идрок этиш ва тасвирлаш учун кўмаклашади.
Мумтоз адабиётимиз шакли, мазмуни ва бадииятига алоҳида бетакрор жозиба бағишлаган тасаввуф мени ҳам ана шу муҳим жиҳатларига кўра қизиқтиради ва хусусий услубни шакллантириш чораларини қидиришга ундайди.
Тасаввуф ҳикматлари бўйича реал ва нореал ҳаётни ёнма-ён тасвирлашдан назарда тутилган муҳим вазифа ўртага қўйилган асосий мақсад, яъни эстетик концепция ва идеални ичкаридан ёритиш, руҳий тебраниш ва тўқнашувлар шиддатини таранг торттириш, мантиқий хулосаларни бўрттириш, ниҳоят, ўз феълу атворига эга образлар галереясини яратишдан иборатдир.
– Сизнингча, тарихий романлар марказида турувчи Маҳмуд Торобий ва Паҳлавон Муҳаммад сўз санъати талабларига мос етук бадиий образлар даражасига кўтарилганми?
– Она халқимиз тарихида таҳсинга сазовор инсоний сифатлари билан чуқур из қолдирган ва беназир ҳурлик мақомига эришган Маҳмуд Торобий ҳам, Паҳлавон Муҳаммад ҳам (арвоҳлари илоё шод бўлсин!) сийратан ва сувратан бир-бирларига яқиндир. Изланиш жараёнида улар қанотларида мурид сифатида яшаганим – дилдан қувониб яйраганим, ғаму андуҳ ютиб эзилганим, ниманидир умид қилганим ва ноумидлик қошида эсанкираб тўкилганим шубҳасиз.
Дарҳақиқат, ҳар икки улуғ зот замонига қайтиш, руҳий оламлари рангларини топиш, ҳаётий маслаклари тубига етиш, оқу қора ва аччиғу чучук моҳиятига муносабатлари ва салоҳиятлари миқёсини белгилаш мутлақо осон кечган эмас. Нима бўлганда ҳам, улар камина шахсини белгиловчи тафаккур ва тасаввур, интеллектуал дунёқараш ва малака, бадиий маҳорат ва маънавий эҳтиёж доирасида тасвирланган, демак, бадиий даражалари хусусида шошилмай мулоҳаза юритишим лозим, сираси, бу борада тегишли хулоса чиқаришни адабий танқид ва ўқувчилар ихтиёрида қолдиришим мақсадга мувофиқдир.
– Миллий адабиётимизни ўзига хос йўсинда бойитган ва турли илмий-назарий мунозаралар қўзғаган “Маҳмуд Торобий” романи қайси манбаларга суяниб ёзилган?
– Дастлаб Маҳмуд Торобий қўзғолонига 750 йил тўлиши муносабати билан мозийшунос Луқмон Бойматов “Ёшлик” журналида бостирган туркум мақолалар кўнглимга чўғ ташлаганди ва тангри назар солган бу беназир сиймони ғойибона ёқтириб қолувдим.
Ростдан ҳам бадиий ният ўша баҳона туғилган, оромимни ўғирлаган ва эстетик заруратга эврилган эди. Бадиий ниятни амалга оширишда бирламчи навбатда ранг-баранг дунё хусусида ҳикоя қилувчи машҳур “Марко Поло Китоби”, Ато Малик Жувайний, Мирзо Улуғбек ва номаълум мўғул муаллифи қаламига мансуб “Жаҳонгир тарихи”, “Тўрт улус тарихи” ва “Тужа шажараси” асарларларида мавжуд қимматли тарихий маълумотлар жонимга ора кирди.
Миллий адабиётимизни беҳад юқори поғоналарга олиб чиққан “Ўткан кунлар”, Меҳробдан чаён”, “Кеча ва кундуз”, “Алишер Навоий”, “Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё”, “Юлдузли тунлар” каби дурдоналарга тегишли бадиий-эстетик хусусиятлар ҳам мен учун руҳлантирувчи ва мушкулни осон айлагувчи қимматли мўъжизавий омил бўлгани шубҳасиз.
Сўз сеҳргари сифатида ном қозонган беназир адибимиз Ойбек домла мероси айниқса қаламимни қўллади. Давр тазйиқларини дадил енгиб ўтган устоз “Алишер Навоий”дан кейин яратган “Маҳмуд Торобий” драматик достони, “Ғалвирчи” ва “Халқ қалқони” пьесаларида юксак маҳорат билан ифодалаган чуқур мазмунли ҳаётий мотивлар Маҳмуд Торобий қалби ва руҳияти, дунёқараши ва орзу-умидлари, қолаверса, мангу озодлик тимсоли саналмиш ғазавот моҳиятини англашим ва тасвирлашим жараёнида унумли хизмат қилганини қайта-қайта таъкидлашни истардим.
– Маҳмуд Торобий каби жисман ва руҳан баҳодир, муаззам Ҳирот жўмардлик мактаби раҳнамоси, диди ўта нозик талабчан шоир, садоқатли дўст ва салоҳиятли бастакор, зукко ҳаким ва мударрис сифатида ўқувчини мафтун этадиган Паҳлавон Муҳаммад ҳақида роман ёзиш фикри ҳам бирон туртки туфайли туғилган бўлса керак.
– “Соғлом авлод учун” журналида ишлардим. Филология фанлари доктори Ҳасан Қудратиллаев унда Паҳлавон Муҳаммад ҳақида мақола бостирди. Афсуски, мақолада у билан ўша даврда бутун Хуросонда мислсиз иқтидори туфайли беқиёс шуҳрат қозонган Муҳаммад Молоний шахслари чалкаштириб юборилган эди. Ҳиндистон рожасидан Султон Ҳусайн Бойқарога совға тарзида юборилган манглус зотли баҳайбат филни томоша майдонида Паҳлавони олам эмас, куч-қудратда ундан қолишмас Муҳаммад Молоний мағлуб қилган. Дастлаб бу хатони тузатиш истагида мақола битишни мўлжалладим, лекин қандайдир куч бу ниятдан қайтарди ва ниҳоят роман битишга аҳдландим.
Оромим бузилгандан кейин сира иккиланмай тегишли тарихий-бадиий асарларни синчиклаб ўқиш, илмий-назарий манбаларни титкилаш ва қиёслашга киришдим, хусусан, Алишер Навоийнинг “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” рисоласи йўлдошимга айланди. Кузатувлар натижасида кўп ўтмай Алишер Навоий, Султон Ҳусайн Бойқаро ва Паҳлавон Муҳаммад ўртасида ҳаётда жуда кам учрайдиган самимий дўстлик муқаррар бўлганини ҳамда улар бир-бирларини кўнгил маҳрами сифатида ҳурмат қилишганини аниқладим. Сўнг роман устида ишлаб, ҳаётий маслаклари, феълу атворлари ва кечинмаларини эстетик синтезлаш орқали чинакам эътиқод ва имонга асосланган дўстлик мангу тириклик пойдевори, маънавият ва маърифат оламини бойитувчи бебаҳо жавоҳир деган бадиий концепцияни илгари суришга интилдим.
– Тарихий ва бадиий ҳақиқатнинг ўзаро узвийлиги қайси ҳолатларда яққолроқ кузатилади ҳамда уларни эстетик талқин қилишда муҳим мезон нима деб ўйлайсиз?
– Сўз санъаткори, хусусан, тарихий мавзуда қалам тебратадиган ижодкор изланишлари муносиб самара бериши учун руҳий тайёргарлик муддатини ўташ баробарида етти ўлчаб бир кесиши, бирламчи, одам орқали воқеалар моҳиятини эмас, воқеалар орқали одам қалбини очиши, иккиламчи, даврлар бўҳрони ортда қолдирган хужжат, хулоса, қайд ва кузатувлар ўрамига тушиб иш тутмаслиги лозим. Ўша нарсалар хусусиятини бор кўлами ва қадру қиммати билан эстетик идеали сари оғдириши, рус адабиётшунос олими В.Г.Белинский таъбири бўйича айтсак, буткул авра-астарини ағдариб ташлаши зарур ва ана шундагина тарихий ҳақиқат негизидан бадиий ҳақиқат ўсиб чиқади.
Мазкур ижодий машаққат замону маконга хос турфа маънавий, аҳлоқий қарашлар ва фалсафий йўналишларни эстетик талқин марказига кўчиришдек ўта мураккаб эстетик жараён билан чатишиб кетади. Ҳаракат қутбларида жойлашган турли қиёфали ва турли маслакли образлар ўртасида кечадиган муросасиз тўқнашув ва зиддиятлар ифодаси ҳам бадиий ҳақиқат тантана қилишини таъминлайди.
Умуман, агар тарихий ҳақиқат асар вужуди ёки борлиғи бўлса, бадиий ҳақиқат жонию қони, ўртага қўйилган эстетик концепция ва идеалга алоҳида залвар бағишловчи романтик омилдир.
– “Паҳлавон Муҳаммад” романидаги Алишер Навоий образи илгари миллий насрда яратилган Алишер Навоий образларидан қайси жиҳатларига кўра фарқ қилади?
– Муқаддам миллий адабиётимиздан ўрин эгаллаган Алишер Навоий туғма истеъдод соҳиби, қалби ёниқ шоир, қувваи ҳофизаси кенг мутафаккир ва халқпарвар инсон сифатида кўринади. Мўътабар Ҳазрат қиёфасини чизиш учун ана шу сифатлардан мен ҳам фойдаландим ва улар мақсадимни амалга оширишда етакчи далил бўлди.
Айни пайтда мен роман марказига ўзим ғойибона тасаввур қилган ва дилдан суйиб ардоқлаган, ҳам оддий ва ҳам буюк Алишер Навоий шахсини қўйишни тиладим. Камина шууридаги улуғ бобомиз романда, бирламчи, адолат, имону эътиқод, сарой ва фуқаро, турмуш маданияти ва бадиий ижод деб муттасил куюнадиган, иккиламчи, Паҳлавон Муҳаммад ва Султон Ҳусайн Бойқаро билан ўрталарида жуда эрта туғилган дўстликни дахлсиз сақлашга интиладиган, учламчи, Ҳирот жўмардлик мактаби вакиллари каби ор талашадиган, тўртламчи, тасаввуф таълимоти рукнларини ғазалиёти воситасида тарғиб этадиган саховатпеша донишманд тарзида гавдаланади ва қайд этилган мана шу сифатларига кўра маълум даражада ажралиб кўзга ташланади.
– Тўқима образлар аҳамияти ҳақида сўзласангиз, чунончи, қаламингизга мансуб тарихий асарларда сюжет изчиллиги, архитектоника бутунлиги, мақсад аниқлигини таъминлаш ва тарихий шахслар бадиий такомилида улар ўрни қандай?
– Янги тарихий асар ёзишга киришганим ҳамоно етакчи образларга ёндош персонажлар хусусида узлуксиз қайғуришга тўғри келганини алоҳида қайд этаман. Мен учун ёндош персонажлар характерлари, дунёқарашлари ва хатти-ҳаракатларига кўра тарихий ҳикоя, қисса ва роман структурасига жонлилик ва романтик руҳ бағишлайдиган ўзига хос тамсиллар сифатида қадрли ҳисобланади. Моҳиятан улар архитектоникага эстетик сайқал бергани баробарида тарихий шахслар руҳияти ва феълу атворларини ифодалашда адабий кўзгу вазифасини бажариши лозим.
Залварли эстетик аҳамият ташувчи бу тамойиллар ирода ва малакамни мунтазам синовдан ўтказгани ва турли адабий жумбоққа дучор қилганини яширганим фойдасиз. Ҳамма ишкал шундаки, ёндош персонажлар топилиши ҳайтовур осон кечган, бироқ улар билан бош образларни қовуштириш, ўртага эстетик мувозанат ва муомала қонунларини жорий қилиш масаласида беҳад қийналганман. Мазкур масала ечими топилмаса шакл ва мазмунда сунъийлик устунлик қилишини билганим учун айниқса кўпроқ ташвишланиб, бу ҳолат олдини олиш ниятида анча уринганман ва чекилган заҳматлар қандай мева бергани мухлисларга яхшироқ равшандир.
Камина тартиб берган тўқима образлар тизимида феълу атвори ва дунёқараши хилма-хил кимсалар учрайди. Тақдир тақозосига кўра, мусбат ва манфий қутбларда жиддий йўсинда фаолият юритадиган бу бандалар хусусий маслаклари фонида бўй кўрсатишади. Ҳарқалай, улар характерида жам диққатга лойиқ одатлару қилиқларсиз тарихий асарларим эстетик концепцияси, архитектоникаси ва асосий образлари тадрижий камолини тасаввур қилиш амри маҳолдир.
Ана шу жиҳатдан қараганда, аросат дунёсида овораи абгор Оловхон Юсуф ва бода сурурини орифона маънода илоҳий ишқ нашидасига менгзайдиган Ошиқ Чоғарий эътиборлироқ, негаки, бири Маҳмуд Торобий, Маҳмуд ялавоч ва Чиғатой, иккинчиси эса Паҳлавон Муҳаммад, Дарвеш Муҳаммад, Мирқосим Туркигўй, Мавлоно Соҳибдоро ва бошқа образлар психологияси кенгроқ очилишига хатти-ҳаракатлари орқали жиддий йўсинда таъсир ўтказадилар.
– Ижодий режаларингизни билсак бўладими?
– Бир вақтлар “Пўлкан ҳақида қўшиқ” деган эссе ёзган ва ўшанда юрт довруғини дунёга ёйган тўрт буюк бахши – Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, Фозил шоир Йўлдош ўғли, умуман, жонли сўз ва бадиий тафаккур қудрати ҳақида йирик асар битишни мўлжаллаган эдим. Кўпдан буён айрим арзиган ёки арзимаган сабабларга биноан амалга ошмай қолган ўша режамни рўёбга чиқариш истагида қайғураман, аттангки, ҳолва деган билан оғиз чучимайди-да.
Охирги пайтларда негадир изланиш қийноқларига йўғрилган ва ортда қолган кунларим – таърифлаш мушкул оғир меҳнат остида босиб ўтилган ижодий йўлим борасида кўп ўйлайдиган бўлдим. Нуқул орзу-умид ва армондан иборат билдирмай кечган онларда тўпланган тажрибалар ҳақида сўйловчи бир туркум эссе ёзиш фурсати етганга ўхшайди. Агар мурувватли худо ёрлақаб, ниятим ушалса, вақтли матбуотда босилган адабий суҳбатларим ва мақолаларим қаторида, уларни китоб ҳолида мухлислар эътиборига ҳавола этмоқчиман.
Суҳбатдош: Дилноза Тўраева
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 3-сон