Ёзувчи Асад Дилмурод билан мунаққид Дилноза Тўраева суҳбати
Дилноза Тўраева: – Илк ҳикоянгиз “Осмон бир парча” 1970 йилда “Ёшлик” адабий альманахида босилган. Оғир карвон саналган наср жабҳасида ҳануз тинмай захмат чекасиз ва охир-оқибат ижодий такомил учун биринчи навбатда нималар муҳим эканини англагандирсиз?
Асад Дилмурод: – Ишониш қийин: ижод оламига илк қадам қўйганимдан буён қарийб ярим аср вақт ўтибди ва бу муддатни бемалол иккиланишу шубҳаланишлар, қатъияту ҳайиқишлар, изланишу адашувлар, мағлубияту ютуқлар даври дейиш мумкин.
Янглишмасам ижодий такомил, аввало, тафаккур ва тасаввур, истеъдод ва эътиқод аталмиш илоҳий тўртлик тотувлиги, қолаверса, моддий ва руҳоний борлиққа муҳаббат, букилмас сабру бардош, муносиб тажриба ва билим шарофати туфайли қарор топади. Шунга биноан изланиш умр бўйи чексиз уқубат оғушида тобланиш, яъни сўз сеҳрини пухта ўрганиш, сўз қалбини эринмай тинглаш, турфа бўёқларини илғаш ва улар назокатидан илҳомланишни тақозо этади.
Холис ниятда узоқни мўлжаллаган носир ёки нозим муттасил жисму жонини аёвсиз қийнаши, ақлу идроки ва кўнгли билан басма-бас олишмоғи, аввалию адоғи йўқ бу мислсиз савашда ихтиёрсиз тарзда енгилмоғи, енгилиш баробарида ниҳоят ғалаба қозонмоғи ва навбатдаги муросасиз жангу жадалга ҳозирланмоғи лозим.
– Ижодий муддао сизнингча қандай ушалади?
– Ижодий муддао ҳақиқий илҳомга суянган ва дил тўлғоқларини туйган ҳолда кечани кундузга улаб тер тўкилган, тан ва руҳ ўзаро пайванд қилинган тақдирда рўёбга чиқади. Шаксиз, бу ҳолат шунчаки қоғоз қоралаш ёки қалам тебратиш эмас, балки турфа адабий омиллардан иш кўзини билиб унумли фойдаланиш жараёнидир ва улар билан ишончли битим тузмаган ижодкор қатра ёғду тушмас ва ҳаво етишмас тор дарада чорасиз адашган йўловчи аҳволига тушади.
Ростдан ҳам сўз санъати мудом истеъдод ва кўнгил, қалам ва малака кучларини ягона манзилда жипслаштирадиган адабий омиллар ҳомийлигига муҳтождир. Назаримда у ҳар жиҳатдан афсунгар, оҳанраболи ва серҳиммат мажозий тилдан кўпроқ мадад кутади. Айрича эстетик сеҳрига кўра яққол ажралиб турадиган мажозий тил анъанавий ва ноанаъанавий йўналишларни бирдек қўллайди ва кўп нарса унинг замирида жам кўп тармоқли унсурларни қайси даражада ўзлаштириш масаласи билан ўлчанади.
Нафаси ўткир таниқли мутахассислар бу борада ғоят салмоқли назарий фикрларни илгари суришганидан хабардормиз, жумладан, таниқли немис файласуфи Эрих Фромм фалсафа, социология ва адабиёт назариясига доир “Инсон қалби” китобида юксак бадиий миқёс ва чуқур фалсафий таҳлилга эришишда мажоз тили ишончли кўмакдош экани устида муфассал тўхталади. Олим эътирофича, мажоз тили ички мураккаб ҳолатимизни, ҳаёт жабҳаларида нимага асосандир қилган ва қиладиган юмушларимиз билан ҳар ёқлама қиёслаган ҳолда, сезги аъзолари орқали теран туйиш учун ғоят салмоқли самара беради.
Янада муҳими, мажозий тил ҳиссий тафаккур матнда эстетик синтезни изчил кучайтириш бобида амалиётга киришмоғи учун йўл очади, қаламга афсунли қувват бағишлаб, эстетик мантиқни ботинан нурлантиради, ҳар бир жумла ва иборани теран фалсафий маъно ёрдамида сайқаллаб, ҳаракатчан тимсоллар гуруҳини етаклаб келади ва натижада сирлиликка мойил чигал ҳамда унумли илҳом онлари қўрланади.
– Айтмоқчисизки, мажозий тил билан тимсоллар учун хос фалсафий кўркамлик ўзаро туташганда бадиий матн сайқал топади ҳамда эстетик структура вояга етади.
– Шундай деса ҳам бўлади ва бу ўринда мажозий тилга эргашиб келадиган тимсоллар жозибаси ўша туташув қудратини белгиловчи сирли восита эканини алоҳида таъкидлаш керак. Назаримда мажозий тилни қону қардош фаҳмлаб, илҳомга қаноту қаламга рағбат берадиган тимсоллар ичра энг гўзали, манзури ва беткарори инсон қалбидир. Агар бадиий ижоднинг етакчи қуроли жонли сўз ва эзгу фикр бўлса, бирламчи тадқиқот объекти қалб саналади.
Ижодкор мажозий тил билан қалб иштирокида изланишга уринса ва қаламини эмин-эркин қўйса ҳаётий ва бадиий ҳақиқат мезонларини қўлловчи руҳий иқлим талотумлари билан бемалол юзлашади, равон бадиий фикр юритади, чўзиқ тафсилот баёнига жадал чап бериб, реал ва нореал воқеликни ҳиссий тафаккур таҳлилидан ўтказишга киришади. Натижада чексиз хаёлот дунёсига юкуниб роҳатланиш, яъни ўз қалби билан бадиий образлари қалби иқлимида туғилган нозик ҳолатларни чоғиштириш ва ўзаро уйғунлаштириш кўникмасини ҳосил қилади.
– Демак, бир қанча тарихий асарлардан кейин туғилган “Хаёл чўғланиши”, “Қўнғироқ”, “Нарвон”, “Оқбадан париваш”, “Масофа” каби қатор ҳикоялар, “Оқ аждар сайёраси” қиссаси, “Фано даштидаги қуш”, “Ранг ва меҳвар” ҳамда “Заррадаги олам” романлари ўша омиллар бўйича кечган изланишлар маҳсулидир. Мазкур асарларда хаёлий воқелик реал воқелик тарзида тасвирланади, кўринмас нарсалар билан моддий нарсалар муайян доирада яхлит романтик манзара бўлиб бирлашади. Илгари миллий адабиётимизда кам кузатилган бундай тасвирий усулда мужассам назарий ва амалий сифатларни шарҳласангиз.
– Реал ва нореал ҳаёт тасвирини ягона ўзанда туташтириш, зеро хаёлий воқеликни реал воқелик йўсинида тасвирлашга интилиш кўплаб ноанъанавий мактабларни бирлаштирган модернистик йўналиш табиатига дахлдор эстетик заруратдир. Мазкур йўналиш, менимча, Ғарбда мистика деб аталадиган тасаввуфни ишончли иттифоқчи ҳисоблайди. Чиндан ҳам тасаввуф оҳорли фалсафий ҳикматлар, рамзлар ва истиоралар манбаидир. Айни шу жиҳатдан моддий ва руҳоний гўзаллик, гуманистик концепция ва идеал жозибасига ташналик ифодаси тарзида қадрланади.
Тасаввуф сарчашмасидан озиқланиб изланадиган модернчи ижодкор зуҳурот жилваларидан чекиниб, онг-шуурнинг оний ҳолатларида яраладиган ва фақат ҳис этиладиган тутқич бермас саркаш таассуротларни ҳақиқат ўрнида тушунади ва объектив воқелик ўрнига унинг тасаввуридаги бадиий моделини яратишга интилади. Айни пайтда аслиятга ўхшатиш лозим деган мажбуриятни хушламай, топталиб улгурмаган фалсафий фикр кенгликлари бўйлаб одимлайди; ҳеч қачон рўй бермаган, рўй бериши мумкин эмаслиги билиниб турган воқеалар сийратини чизади, ўзлигидан хорижда муқаррар турмуш тарзидан чуқур таъсирланса-да, изланиш жараёнида ундан нусха кўчирмайди, борлиқ манзараларини бошқа санъаткорлар каби кузатишга қизиқмай, барисини дил нигоҳи билан кўриш ва айнан кўрган нарсаларини тасвирлашни истайди.
– Айрим олимлар модерн йўналишидаги тасаввуфий фалсафа, мажозий тил, рамзий образ ва воқеага асосланган насрий асарлар “тоши” ғоят оғир келишидан нолишади, хўш, бунга нима дейсиз?
– Ҳиссий тафаккур, мажозий тил, асотир ва тимсоллар воситасида кечадиган изланиш жараёнида моҳиятан қулфу калит қилинган ва эшигию туйнуги йўқ гумбазни эслатадиган муайян даражада пардали асар туғилиши тайиндир. Бироқ ўша асар моҳиятини, у ҳар қанча сертугуну серқатлам бўлмасин, туйиш орқали тушуниш ва тушуниш орқали туйиш малакасига биноан бемалол ўзлаштириш мумкин. Аниқроғи, чуқур адабий тайёргарлик мактабини ўтаган кўнгил кўзи тийран олим ёки оддий ўқувчи мураккаблик қошида эсанкираб бош қашламайди, аксинча, риёзат ила тинмай мутолаа ва мушоҳада қилиш орқали матнда пинҳон бадиият товланишлари шукуҳидан завқланишга эришади.
– Таниқли адабиётшунос олим, профессор Санжар Содиқ “Ижоднинг ўттиз лаҳзаси” китобидан ўрин эгаллаган “Тақлидчилик оқибати” мақоласида “Фано даштидаги қуш” романини мураккаб асарлар тоифасига киритар экан, уни ёзишга ёзиб қўйиб, ўзингиз ҳам тушунишингиз амримаҳол эканини орага қистиради. Сиз келгусида яна шундай таъналар отилишидан чўчимай, янгича усулда изланишни тўхтатмадингиз ва бундай журъат учун кучни қайдан топдингиз?
– Ижодкор изланаётган пайтда, олдига довруқ, мақтов ва ҳой-ҳавасни бирламчи мақсад қилиб қўймагани каби, бошида синиш эҳтимоли бўлган танқид калтагини хаёлига йўлатмайди. Камина ҳам шу қоидага риоя қилганим шубҳасиз.
Янглишмасам, иккиламчи, модернистик оқимнинг фалсафий синтез сари элтувчи кўп қиррали жозибаси ва шу жозиба баҳона дилимни қамраган ҳайрат охир-оқибат эстетик заруратга айланган, буткул оромимни ўғирлаган ҳамда қизиқишимга қизиқиш қўшган ва журъат этагидан тутишга ундаган бўлса ажаб эмас.
– Профессор Санжар Содиқ “Фано даштидаги қуш”да мавжуд айрича мураккабликни, аввало, асарда қаҳрамонлар яшаётган даврнинг руҳи деярли сезилмаслиги ҳамда ғоявий мақсад ноаниқлиги билан чегаралайди. Етакчи қаҳрамон Саидбек Умар ва бошқа персонажлар атрофларида кечган қайта қуриш, пахта иши, афғон уруши, шўро парчаланиши сингари ижтимоий ҳодисалардан бехабар қолишганидан афсусланади.
– Агар Санжар Содиқ “Фано даштидаги қуш” ноанъанавий йўлдаги мистик-хаёлий асар экани, матнда тамсилий образлар, мажоз тили устунлик қилишига аҳамият берса, роман олдига аллақачон қадру қийматини йўқотган соцреализм талабини қўймас эди. Асарда ҳалиги тарихий ҳодисаларни ёритиш умуман назарда тутилмаган, қолаверса, уларни мистик-хаёлий унсурлар тизимига асосланган эстетик талқинлар замирига сингдириш мушкул ёхуд сингдириш учун шаклан ва мазмунан бутунлай бошқа нарса ёзиш лозим.
– Мунаққид бадиий асар ва айниқса роман ҳаётнинг айнан ўзи ёхуд нусхаси эмаслиги, санъаткор онгида қайта яратилган, ўзига хос модели ёки образи сифатида майдонга келишини айтади. Айни пайтда романга алоҳида бадиий-эстетик жозиба бағишлаган топинч (тотем) – бўри образи, ҳаддан ташқари йиртқич, шафқатсиз ва қонхўр ҳайвон, шоирона тасвир йўсинида идеаллаштирилгани хато эканини таъкидлайди.
– Табиатда, ёвуз ва шафқатсиз махлуқ тарзида кўринадиган бўри маданий ҳаётимиз тармоқлари бўлган бадиий адабиёт, тасвирий санъат, кино санъати ва фольклорда бошқача эстетик моҳият ташийди, аниқроғи, асосан эркину қўрқмас, марду довюрак, серҳиммату мустақил персонаж сифатида кўринади.
Мана шу жиҳатдан олганда Италия пойтахти Рим шаҳрига она бўри ҳалокатдан қутқариб ўстирган Ромул ва Рем исмли ака-ука баҳодирлар асос солгани ҳақидаги ривоят айниқса ибратлидир ва реаллик касб этиши боис ҳайрат уйғотади. Ромул биринчи подшоҳ сифатида халоскорини Рим онаси деб атайди ва пойтахтда унинг шарафига бронза ҳайкал ўрнатади. Норасида болаларни эмизаётган ва ҳукмдор Сикст IV фармойиши бўйича 1473 йилдан буён Римнинг Капитолия майдонидаги Плаццо-дей консерваторияси залида сақланаётган мазкур ҳайкалда чинакам сурурий нафосат ва оптимистик руҳ ҳукмрондир.
Менинг назаримда мазкур мўъжизавий санъат асари бўри тимсолини поэтиклаштириш ва идеаллаштириш йўлида амалга оширилган ижодий ишларнинг юксак намуналаридан биридир ва шу боис у жуда бой қадим тарих соҳиби бўлган Италия халқи учун муқаддас рамзий хилқат ҳисобланади.
Ғарбдаги сингари Шарқда ҳам бўри ўзида юқорида таъкидлаб ўтилган хислатларни мужассам қилган олижаноб, ҳимматли ҳамроҳ, содиқ кўмакдош ҳамда ҳомий қабилида эъзозланади ва эпосда бениҳоя улуғланади. Кўҳна ёдгорлик саналган “Ўғузнома”даги бир афсона гувоҳлик беришича, урғочи Кўкбўри тақдир ҳукмига биноан оғир аҳволга тушган ногирон бола ҳаётини асраб қолади. Вақти-соати етиб бола улғайгач, у билан турмуш қуриб, ўн нафар дуркун фарзанд кўради: кейинча улар ҳар бири алоҳида туркий уруғга асос солади.
Шубҳасиз, ана шулар сирасига ўғузлар ҳам киради ва бу далил умр бўйи адолат тарафида турган улуғ саркарда Ўғузхон Кўкбўридан туғилгани ва уни эмиб ўсганини ифодалайди. Рисолада Ўғузхон туркий қавмларни бирлаштириш, ёвларга қақшатқич зарба бериш ва жангда ғолиб чиқишида Кўкбўри мудом ёрдамлашгани, қолаверса, ҳамиша қудратли қўшин олдида йўл бошлагани тасвирланади.
Мана шу қизиқарли ривоят “Фано даштидаги қуш” бадиий матни ва эстетик концепциясига асос қилиб олинган. Изланиш жараёнида хаёлот парвози туфайли эртакдан романга кўчган Эна Кўкбўри қайсидир жиҳатдан Ромул билан Ремни эмизиш орқали разолатни тиз чўктирган нажоткорга ўхшайди. Таъбир жоиз бўлса, у бутун фаолиятида шўровий хатар ва таҳлика жамланган ёвуз Сариоёғлар хуружидан озодликка ташна Кўкбўрилар қавми қисматини ҳимоялашга қатъий аҳдланган ва икки ўртада беҳад оғир асоратлар қолдириб аёвсиз кечадиган кураш моҳиятини ёритадиган эстетик воситадир.
– “Фано даштидаги қуш” сингари, “Ранг ва мевҳар” ҳамда “Заррадаги олам” романларида ҳам, турли фалсафий талқин, рамзий манзара, дарҳол илғанмас пардаланган мантиқ, нозик имо-ишора, қочириму кесатиқ ва истиоралар билан бирга, хилма-хил ривоятларни учратамиз ва улар матн эстетик салмоғини ошириш учун қўлланган десак кифоями?
– Бадиий матнда ўзига хос эстетик сирлилик пайдо қилиш истагида ана шу муддаони ҳам эътиборда тутганман. Агар сўз санъати тамойиллари бўйича масала моҳиятига кенгроқ ёндашсак, бошқа муҳим эстетик манзара кўзга ташланади: ҳар учала роман учун хос архитектоника, эстетик концепциялар ва идеаллар, турли дунёқараш, маслак ва қиёфа соҳиби бўлган рамзий образлар, хилма-хил маънавий-маърифий ва ахлоқий муаммолар талқини ўша омиллар иштироки туфайли теранроқ англанади ва жиддий мушоҳада уйғотувчи бу ҳолат драматизм таранглиги билан узвий боғлиқдир.
Ривоят илҳом, ҳиссий тафаккур, истиора ва услубнинг фаол ҳамкори эканини “Фано даштидаги қуш” устида тер тўкишга киришган дамлардаёқ пайқаган эдим. Мазкур роман бадиий муҳитида Ўғузхон, Эна Кўкбўри ва Чақалоқ тақдирига доир ягона миф амал қилади ва асар аввалидан охирига қадар қатнашади. Кейинги икки романда эса бошқача: матн бўйлаб адолатни ёқловчи ва хиёнатни фош этувчи, аниқроғи, умрини хайру савоб ва ихлосга бағишлаган қария, нафс ўрасига қулаган, ўзлари ҳуда-беҳуда намоён қилган зўравонлик қурбонига айланган, хиёнат ва разолатга берилган ҳавойи табиатли махлуқлар, адолатни назарга илмайдиган ва ўзгалар ғамидан қувонадиган худписанд каслар ҳақидаги бир неча чўпчагу масал ҳаракатда бўлади ва улар бадиий матн руҳига мос равишда эстетик мантиққа йўғрилиб бўй кўрсатади.
– “Ранг ва меҳвар” билан “Заррадаги олам”да, фақат ривояту масаллар эмас, айни пайтда, бир қатор романтик тушлар моҳиятан ўзаро фалсафий алоқага киришгани, эстетик идеал ва концепцияларни ботинан нурлантиргани ҳамда чуқур ҳаётий хулосалар ташувчи рамзийлик салмоғини оширгани кузатилади.
– Аслида ҳалига қадар тўла англанмаган эстетик ҳодиса бўлган тушлар уйқудаги миямиз фаолияти бедорликдаги онгимизга нисбатан онг ости оқимига айланиши оқибати бўлиб (Эрих Фромм), худди ана шу хусусиятига кўра, бадиий ижоднинг турли мактаблари, хусусан, модернистик йўналишни озиқлантирувчи манбадир. Тушлар уйқуда бехосдан беихтиёр қўзғаладиган субъектив психологик ҳодиса, таъбирлаш қийин жараён, турфа образ ва нарсалар мажмуига ўхшайди ва ҳайратга молик бу мажмуани бадиий тасвир моҳиятига кўчириш осонликча кечмайди.
Фоний ва боқий дунё, моддий ва руҳоний ҳаёт бирдамлиги, жон-руҳ мангу тириклиги, эзгулик ва ёвузлик, бахтиёрлик ва бадбахтлик ёнма-ён яшашидан кароматлар берадиган тушлар кўпинча ажабтовур йўсинда ҳушга уланиб кетади. Айни шу ғалати ҳодиса жуда кўп марта тинчлигимни бузгани ва ҳар учала романимда ҳам ўша сирлиликни жорий қилишга уринганимни яширмайман.
Наздимда тушлар “Ранг ва меҳвар” сюжетида фаолроқ, аниқроғи, реал ва нореал воқеалар билан қоришиб қатнашади. Роман етакчи қаҳрамони Комрон Вали, қалбини ҳасраткаш дўстим дегувчи рассом йигит тушлари, руҳий тебранишларга ишора бериш орқали, асар қурилиши ва драматизми ўртасида муайян мантиқий бирлик яратади. Турлича вазиятда кечган тушлардаги қабрлардан униб чиққан, ўзаро ёндош реал ва нореал ҳаётга кўчган напормон лола, сариқ атиргул, алвон бинафша нафосати, ниҳоят, олма ва нок дарахтлари солган мевалар латифлиги, таъмию таровати аслида ҳаётий нотинчлигу зиддиятлар баҳона урчиган хунрезлик ва хиёнат, баднафслик ва ҳасадгўйлик, аниқроғи, беҳуда тўкилган дарё-дарё қонлар ва кўзёшлардан тўйинганини уқтирувчи рамзлар бўлиб, улар ташиётган фалсафий маънолар кўҳна дунё аччиғу чучугини ҳиссий тафаккур воситасида туйишга интилиш ҳосиласидир.
– Суҳбатимиз давомида шарҳланган ва муҳим эстетик аҳамияти яққол сезилиб турган турфа адабий омиллар қаторига яна қайси омилларни қўшасиз?
– Адабий омиллар миқёси поён билмаслиги ва мунтазам кенгайиб бориши билан характерлидир. Менимча, сўз санъати тарихи ва назариясига қатъий ихлос боғлаш, турли адабий мактаб вакилларини ғойибона мулоқотга тортиш, замондош адиблар ютуқларини кузатиш, макон ва замон кун тартибига олиб чиқаётган талабларга қизиқиш, ниҳоят, босиб ўтилган йўлга танқидий кўз орқали қараш одатлари ҳам ижодий сезгирликни оширишда асқотиши шубҳасиз.
Айни пайтда кўпинча назардан четда қоладиган туйғу хислати ҳақида сўзлашни истардим. Қайсидир жиҳатдан руҳга уйғун, камина юқорида энг гўзал тимсол деб атаган, қалбда булоқдай тошадиган, ҳужайра ва сезимларга ҳарорат улашадиган туйғу ижодкор мақсадига етишмоқ йўлида истаганича сафарбар этиши мумкин бўлган туғёнлар заҳирасидир. Туйғу онг-шуур ва дилда безовталик қўзғаб, ижодкорни тўлғоқли илҳом онларига ҳозирлайди ҳамда узоқ соғинтирган орзу-умид манзилига элтувчи изланиш довонларидан олиб ўтади.
Бемалол изоҳлаш мумкин: ҳар қандай жанрдаги туйғудан маҳрум асар ширасиз мева ёки ифорсиз гулга ўхшайди. Қачонки у ҳаракатга келса, бошқа омиллар моҳиятан янада фаоллашиб қовушади-да, муайян санъат янгилиги туғилади. Ижод психологиясига тегишли ана шу тамойилни назарда тутган буюк ҳинд адиби Робиндранат Тагор ишончли йўсинда бадиий адабиёт учун ягона тенденция туйғу деган эди ва бу фикр нақадар ҳақ экани аллақачон амалиётда исботланган…
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 5-сон
Дилноза Тўраева – 1983 йилда туғилган. Гулистон давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини битирган. Унинг республика ва халқаро миқёсдаги нуфузли журналларда 20 га яқин илмий мақолалари эълон қилинган.