Ёзувчи Исажон Султоннинг «Генетик» романи адабиёт мухисларида ўзига хос фикру мулоҳазалар, мушоҳадалар уйғотди. «Генетик» романининг ёзилиш тарихини ёритиш, асардаги бадиий тилсимларга калит топиш мақсадида роман муаллифи, ёзувчи Исажон Султон ҳамда Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, биология фанлари доктори Иброҳимжон Абдураҳмоновнинг суҳбатини эътиборингизга ҳавола этяпмиз.
Исажон Султон: – Иброҳимжон Йўлчиевич, мана, узоқ суҳбату мунозараларимиздан сўнг “Генетик” деб номланган роман дунё юзини кўрди. Энди китобхонларимизга ушбу асар ёзилиши давомидаги воқеалар ҳамда ундаги баъзи қўшимча шарҳталаб ўринларга ҳам тўхталсак бўлади, менимча. Келинг, суҳбатимизни асарга туртки бўлган учрашувимиздан бошлай қолайлик. Сизнинг изланишларингиз ҳақида илк бор менга Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ҳаяжон билан сўзлаб берган эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, юзлашиш, танишиш насиб қилди.
Иброҳимжон Абдураҳмонов: – Ҳа, Иқбол ака ва бир гуруҳ ижодкорлар билан биргаликда Самарқандда “Биз – буюк юрт фарзандларимиз” фестивали тадбирларида қатнашган эдик. Мен бир учрашувда ёшларга генетикадаги ҳар доим гапириб юрадиганим – “Тоғ олмаси шаҳарга кўчирилганида қандай ўзгаргани” ҳикоясини айтиб бердим. Ўша маҳал Иқбол ака “Болаларнинг ўз тилларидаги ҳаётий мисолни келтирганингиз жуда тушунарли бўлди”, деб қолдилар. Яқинроқ суҳбатдан сўнг: “Ўзбек адабиётида ҳам генетика мавзуси бор”, дея, сизнинг “Боқий дарбадар” романингиздаги мангулик сирини топган профессор Зиё образини мисол қилиб келтирдилар. Кейинроқ билсам, севимли шоиримиз бу мавзуда янги асар яратишни таклиф қилган ва сиз билан мени, яъни ёзувчи билан олимни учраштиришни режалаштирган экан.
Ҳақиқатан ҳам, фестивалнинг кейинги босқичида – дунёда шоир номига қўйилган ягона ва ноёб Навоий шаҳри бағридаги тадбирлар вақтида бир гуруҳ ижодкорлар қатори сиз билан юзлашдик. Айтиш мумкинки, у учрашувлар нафақат билимга, янгиликка чанқоқ ёшларни, балки илм ва санъат кишиларини ҳам яқинлаштирди, ижодий ҳамкорликларга йўл очди. Қолаверса, Қизилқум бўйлаб саёҳатлар мобайнида неча бор чўл бағрига кириб, унинг флора ва фаунасини кузатишга имкон топган олимнинг иштиёқини ҳам тушунсангиз керак.
Исажон Султон: – Қизилқумда эканимизда менинг диққатимни тортган нарса – чиғаноқлар бўлди. Денгиз чиғаноқлари… Шунингдек, саҳро тузилиши, барханлару пасттоғлар, ҳар ерда тўсатдан қоятошлар учраши – буларнинг ҳаммаси у ҳудудда бир маҳаллар уммон тўлқин урганидан дарак бериб тургандай таассурот уйғотди. Қолаверса, муаззам тарихий ёдгорлик – Жарақудуқдаги Тош ўрмонни ҳам ёдингизга солмоқчиман. Дунёда бундай ноёб тарихий ёдгорликлар бармоқ билан санарли. Тош ўрмон ҳақида гап кетганида, бундан тўққиз миллион йил аввал Қизилқум ўрнида ҳақиқатан ҳам уммон мавж ургани айтилади. Жарақудуқда акула, скат, турли балиқлар, сувдаю қуруқликда яшай оладиган жонзотлар, тимсоҳлар, динозавр ва плезиозавр қолдиқлари топилгани бунинг исботидир. Шунингдек, олимлар чақмоқ ерга келиб урилганида қумнинг эришидан ҳосил бўладиган ғалати дурбинсимон нарсалар ҳам топишган.
Иброҳимжон Абдураҳмонов: – Ҳа, у фанда “фулгурит” деб номланади. Кварц қумлари чақмоқ шиддатида эриб, шишага айланади, теварагидаги қум эса сопол тусини олади, шу тарзда ўша жисмлар пайдо бўлади. Мен ҳам ҳар қадамда бениҳоя қадимий тупроқлар узра юрганимизни ҳис қилиб турдим. Сармишсой петроглифларини айтмайсизми?
Исажон Султон: – Сармишсой ҳақида турли фикрлар бор. Шулардан бири: тоғ ўсиб чиққанида тошлари юмшоқ бўлган, вақт ўтиши билан қота бошлаган. Ўша маҳалда у ерда яшаган кишилар келиб, турли суратлар чизиб кетишган. Петроглифларнинг хилма-хиллиги ва кўплиги кишини ҳайратга солади. Фан уларнинг ёшини олти-етти минг йилдан зиёд деб баҳолайди. Суратлар саноғи эса уч мингдан ошиқ. Ёки Зараутсойдаги беш юзга яқин тошқоя суратларининг ёши тўққиз-ўн минг йилга тенг деб баҳоланади. Самарқанддаги Қуруқсой, Жиззахдаги Пишоғор, Фарғонадаги Соймали ёдгорликларини ҳам эслайлик. Йилларга диққат қилсак, бундан беш-ўн минг йил аввал ватан тупроқларида катта бир халқ ҳаёт кечирганини билиб оламиз.
Булар – ўша шукуҳли фестивал таассуротларининг бир қисми, холос. Бугунимизда эса денгиздай тўлқинланган ёшларнинг қизиқиш ила чақнаган нигоҳлари ҳалигача кўз ўнгимизда. Яна бир нарсани ўйладимки, бир неча миллион йил аввал уммон дейилган ерларда одамзот мавжуд бўлмаган. Лекин тақдир тақозоси билан йўқолиб кетган ўша уммон ўрнида ҳозир тўлқинланиб турган халқни, ёшларни кўриш, ҳақиқатан ҳам, ажойиб эмасми?
Учрашувлар асносида сизнинг “Озодлигимиз, эркинлигимиз, мустақиллигимиз шарофати туфайли мен олимга айландим” деган сўзларингиз барчада катта таассурот қолдирди.
Иброҳимжон Абдураҳмонов: – Нафақат менинг, балки ҳамманинг қалбидаги гаплар булар. Ҳайратланарли қувонч шуки, фестивал қатнашчиларининг ҳаммаси бир овоздан шуни таъкидлашди.
Ўша кунларни сиз ҳам ҳаяжон билан эсласангиз керак, чунки минглаб ёшларимиз билан учрашар эканмиз, шу сингари шаҳару қишлоқларда етилиб келаётган юрт болалари қалбини тасвирлаш, кечаги ва бугунги кунни муқояса қилиш кераклиги ҳақида ҳам қизғин суҳбат қурдик. Ўша маҳалларда илм чўққилари ниҳоятда узоқ ва олис туюлганини, эл орасидан саноқли кишиларгина олим бўлиб етишганини, одамлар меҳнату заҳматларининг умумий манзараларини чизиш лозимлиги ҳақидаги фикрга ҳам келдик. Энг муҳими, Сиз асарда маҳорат билан ёритиб-бадиийлаштирганингиз – “Мендан ким ҳам чиқарди”, “Улар ким-у, биз ким”, ё бўлмаса “Ўқиб олим бўлармидик” каби ўзига ишончсизлик кайфиятини ёшларимиз ва халқимиз онгидан қандай йўқотиш йўлларини ҳам кўп гаплашдик. Аслида, ниятдаги эзгулик – барчамиз бошимиздан кечирган ва кечираётган қишлоқ ҳаётида, унда кузатганларимиз катта мактаб ва ақл чархи эканини тушунтириш кераклигини мақсад қилиб олганимизда эди.
Исажон Султон: – Ҳа, қизиқарли суҳбатлар давомида шунга амин бўлдикки, ҳақиқатан жуда муҳташам ва қадимий халқ фарзандлари эканмиз. Бу ҳақда бадиий асар яратиш учун уни икки қисмга бўлиш кераклиги ҳақида ҳам тўхталдик. Кечаги кунларда қишлоқларда ҳаёт кечирган ёшлар ҳаётини тасвирлаш учун шундай йўл тутиш керак эди-да. Қолаверса, ҳар куни кўрилавериб кўз ўрганиб қолган, аммо билим туфайли ҳақиқий моҳияти очиладиган турмуш воқеаларини ҳам тасвирлашга тўғри келди. Ҳаётда шундай ҳолатлар кўп. Ёшликда англаб етилмаган бир манзара ақл тўлишгач, бошқача жилвалана бошлайди. Қисқаси, бутун бир халқнинг заҳматли ҳаётини, барчанинг тақдирини, келажагини ўзгартириб юборадиган жуда улкан, оламшумул ўзгариш рўй берганига албатта тўхталиш лозим бўлди. Мисол учун, баҳор ҳамма ёқни бирданига ўзгартиради, гул-чечакка буркайди ҳамда янги ҳосилга замин тайёрлайди. Элимиз тақдиридаги ҳаётбахш баҳор, яъни мустақиллик кишилар қаддини тиклагани, ким эканини аён қилгани, келажакка ёруғ юз ва қатъий ишонч билан интилишига йўл очиб берганини ҳам таъкидлаш барчамизнинг қалбимиздаги ёруғ ниятларга ҳамоҳанг бўлди.
Иброҳимжон Абдураҳмонов: – Буларга яна шуларни қўшимча қилсам. Кечаги зулм кунларини эсласангиз, юрагингиз ортга тортиб кетади. Фожианинг яна бир жиҳати шундаки, кўпчилик кишилар ўша турмушнинг қанчалар адолатсиз, шиддати сўндирилган эканини билишмас, ҳаёт шу экан-да, деб юраверишарди. Романда тасвирланган қишлоқ манзаралари, кишиларнинг меҳнат-машаққатлари кўз олдингизга келади. Ахир, инсон умридай бебаҳо неъмат албатта эзгу ишларга сарфланиши керак эмасми? Бугунимизнинг катта авлоди у кунларни яхши билади. Ўша кун кишиларининг қалбига назар солсак, келажакка ишонч йўқ қилинганини, “Энди шундай яшаб ўтиб кетаверамиз, шекилли, бола-чақамизни оёққа қўйиб олсак бас” деган тушунча ҳоким бўлганини кўрамиз.
Исажон Султон: – У манзараларни мен ҳам яхши эслайман. Асардаги София хола ёки Убай ака образи ўша пайт кишиларининг ҳолатини тимсолий тарзда очиб беради, деб ўйлайман. Не-не муҳташам сулолалар фарзандларининг аҳволи ўшандан ортиқ эмас эди-да.
Иброҳимжон Абдураҳмонов: – Ҳақиқатан ҳам, мустақиллик тақдирларни ўзгартирди. Буни ўз ҳаётим мисолида баралла айта оламан. Юртимиз, давлатимиз мен сингари юзлаб оддий қишлоқ ёшларининг қизиқишларини қўллаб-қувватлади, билимлар сари йўл очиб берди. Йўқса, олис бир қишлоқдаги биология ўқитувчисининг боласи энг замонавий фанлардан бири ҳисобланган генетика соҳасида янгиликлар яратиши кимнинг хаёлига келибди? Университетнинг биология факультетини битиргач, лабораторияда ишлаб юрган кезларим эди. Давлатимиз кўмаги билан дунёнинг энг илғор илм масканларидан бирида магистратура таҳсилини олдим, докторлик диссертациямни ёқладим. Ҳозир ўйлаб қарасам, у жараёнларнинг моҳияти жуда чуқур экан. Юзлаб ёшлар дунёнинг энг илғор марказларида илм ўрганиб, элу юрт равнақига хизмат қилишсин, деган эзгу ва ёруғ умиддан пайдо бўлганини ҳозир яхши тушунаман. Тўғрисини айтсам, чет элда эканимда элимнинг, юртимнинг қанчалар азиз ва бетакрор эканини англаб етдим.
Американинг Техас университети дунё қишлоқ хўжалигининг энг катта илмий маркази ҳисобланади. У ерда Америка пахтачилигининг “ота”си – профессор Камол Элзик ҳамда ёш олим Аллан Пеппер билан таълимни бошлаб юбордик. Асарда сиз келтирган, қовун уруғидан олинадиган пептидлар воқеаси ҳақиқатан ҳам рўй берган. Фақат у пахта далаларида эмас, ўзимизнинг Тошкентимизда, Генетика институтининг лабораториясида содир бўлган эди. Сиз бадиий асар талабидан келиб чиққан ҳолда уни қишлоқ далаларига кўчиргансиз. Университет илмий марказларидан бирида ғўза толасини узайтиришга доир таклифимни профессорга айтганимда менга ғалати қараб қўйди, кейин билсам, Ўзбекистондан келган бир боладан бундай фикр чиққанига ҳайрон қолган экан. Техасдаги ўша устозим – Аллан Пеппер ҳамда Ҳиндистондаги бир олим ҳам шу ҳақда бош қотириб туришган экан. Улар-ку катта олимлар эди, магистратурада эндигина таҳсил бошлаган йигирма уч яшар ўзбек боласининг ақлига бундай фикр қайдан келақолганига ҳайратланишгани эсимда. Кейинроқ Аланнинг айтишича, йиғилишларнинг бирида Камол Элзик бир гуруҳ олимларга “Ўзбеклар биотехнологияларда анча салоҳиятли”, деб мени ҳимоя қилган экан. Буни эшитиб роса қувонгандим ва Камолга меҳрим тушган, уни уялтириб қўймаслик учун доим айтганларини ўз ўрнида бажаришга ҳаракат қилардим.
Романда тилга олинган пахта толасини узайтириш бўйича ғоя – реал воқеа. Соя жойда ўсимликлар нур излаб ўсиб кетишини ҳамма кўрган. Бироқ барча биладиган бу манзара вақти келиб генетика соҳасида бир янгиликка сабаб бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз?
Бизнинг кучли томонимиз ҳам шунда – жуда кўп болаларимиз табиат тилини билиб катта бўлишади. Яъни, заминимиз жуда бўлиқ. Катта мегаполисларнинг кишилари билан солиштирсангиз, амин бўласиз: кишиларимиз қайси ўсимлик нимага даво бўлишидан тортиб, феъл-атворигача пухта билишади. Бу халқона билимларни улар момолари, боболари ёки қўни-қўшниларидан эшитиб ўрганиб олишгани ёки, сиз бадиийлаштириб берганингиздай, қишлоқ ҳаётидаги болалик тажрибаларидан билиб олганликлари бор гап. Шу сабабли ҳам асар қаҳрамони дунё генетика симпозиумлари бўлиб ўтадиган шаҳар – Картахенада “Ўзбекистонда туғилмасайдим, олим бўлмас эдим”, деб эътироф этади.
Шуни ҳам алоҳида фахру ғурур ва миннатдорлик билан айтиб ўтишни истар эдим. Биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан мустақиллигимизнинг илк йилларида, яъни 1992 йили Ўзбекистон Фанлар академияси қошида Генетика институти ташкил қилинган эди. Ҳозирги президентимиз Шавкат Мирзиёев давлатимизнинг бош вазири сифатида тадқиқотларимизга қизиқиш билдирганлари, қўллаб-қувватлаганликлари учун жуда миннатдормиз. қанчадан-қанча муҳим ишлари бўлишига қарамасдан лабораториямизга, тажриба майдонимизга ва кейинчалик марказимизга ташриф буюриб, ҳар бир тадқиқотимизни ҳижжалаб муҳокама қилганликларини, таъбир жоиз бўлса, ўз фикрлари билан бойитиб, тўғри йўлга йўналтирганликларини алоҳида айтишим керак. Биз каби ёш мутахассисларга ишонч билдирганликлари фан тараққиётига катта туртки бўлди ва бизни янада қаттиқроқ ишлашга, ишончга муносиб бўлишга ундади. Эсимда, дастлабки учрашувларда катта домлаларимиз томонидан билдирилган “Бундай ишларга ҳали эрта, натижа чиқмайди” деган эътирозли қарашларга президентимиз Шавкат Мирзиёев “Биз ўзбекмиз, бошладикми – албатта якунига етказамиз”, деб жавоб берган эдилар. Шу қатъият туфайлигина изланишларимиз, яратилган “ген-нокаут” технологиямиз лабораториядан то фермерлар далаларигача етиб борди. Шу кишилар кўмаги туфайли Марказий Осиёда ягона Геномика ва биоинформатика маркази бунёд этилди. Дунёдаги энг сўнгги русумли илғор илмий-тадқиқот ускуналари – секвенсерлар, анализаторлар олиб келиб ўрнатилди, олимларга замонавий шарт-шароитлар яратилди.
Марказимиз фақатгина ўсимликлар генетикаси билангина шуғулланиб қолмайди. Имкониятларимиз беқиёс. Бироқ, сиз асарда таъкидлаб ўтганингиздай, замонавий билимларга эга бир киши қандай қилиб ўз халқи тарихи сирларига боқмай ўтарди? Юртимизнинг ҳудудларидан танлаб олинган кишилар генларини тадқиқ қилганимизда, ҳақиқатан ҳам, уларнинг ирсияти ўнлаб минг йил нарига бориб тақалганини кўрдик. Бу ҳали тўлиқ тарих эмас – генларни “ўқиш” жараёнида фан тилида мутация дейиладиган ҳодисага асосланиб генетик тарихга бир назар солса бўлади. Соддароқ қилиб айтсам, одамзот пайдо бўлибдики, генларни аждодлардан авлодларга берилишида муҳрланган ўзгаришларни кўра оласиз. Бу эса Ўзбекистон халқларининг генетик тарихи ўртача эллик минг йилдан зиёд эканини кўрсатиб турибди.
Бу борадаги изланишларимиз “The Open Genomics Journal” халқаро журналининг 2009 йил 2-сонида “Gene Flow at the Crossroads of Humanity: mt-DNA Sequence Diversity and Alu Insertion Polymorphism Frequencies in Uzbekistan”, яъни “Инсоният чорраҳасида ген оқимлари: Ўзбекистонда учрайдиган инсерцион полиморфизмлардаги мт-ДНК турли-туманликлари” сарлавҳаси билан эълон қилинди. Бу мавзуда 2005 йили шогирдимиз Шуҳрат Шерматов номзодлик диссертациясини ёқлади. Тадқиқотларимизда ўз юртимиз олимлари билан бир қаторда чет эл мутахассислари ҳам иштирок этишди. Уларнинг номларини санаб ўтишни жоиз деб биламан, чунки булар кўп йиллик меҳнатларнинг самарасидир. Ўз юртимизнинг фарзандлари – Шуҳрат Шерматов, Забардаст Бўриев, муҳтарам устозимиз Абдусаттор Абдукаримов ҳамда чет эл илмий марказларининг мутахассислари – Эрик Девор, Марк Злоютро, Мередич Миллис, Жессика Галбрайт, Майкл Кроуфорд. Тадқиқотда Марказий Осиё чиндан ҳам дунё тараққиёти йўлидаги олтин бешик экани ўз исботини топган.
Ақлли одам дейилган “Homo Sapiens” Африкада пайдо бўлгани илмий ҳақиқат ҳисобланса, илк кишилар яшаш учун қулай, баракали тупроқларни излаб йўлга чиқишган. У маҳалда кишиларнинг денгизни сузиб ўтишлари мумкин эмас эди. Арабистон ярим ороли орқали тоғлардан ошиб, бизнинг ўлкаларга келиб ўрнашишган, бир қисми Олтой томон кетишган. Ўша йўналиш бўйича музликлар диёридан ўтиб, Америка қитъасигача етиб боришган. Бу антропология фанидаги уч асосий фаразнинг бири дейилса-да, илмий исботлари қониқарли деб ҳисобланмас эди. Геномика марказимизнинг изланишлари мобайнида мана шу тарзда Марказий Осиё инсоният тараққиёти йўлидаги олтин шоҳбекат бўлиб хизмат қилгани ўз исботини топди. Бу – ҳақиқатан ҳам, жуда қадимги тарих. Шунингдек, тадқиқотларимиз натижасида халқимиз цивилизациядаги мавжуд барча генлар хилма-хиллигига эга эканлиги ва улар орасида инсон цивилизациясидаги энг қадимий генотиплар мавжудлиги кўрсатиб берилди. Бу халқимизнинг ўта қадимий генетик тарихига урғу бериши билан бирга, “тирик тарихий музей” эканидан ҳам далолат беради. Хулосаларимизнинг асоси шуки, бизнинг юртимиз нафақат сиёсий, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга, балки ўта қадимий ва хилма-хил бўлган инсонлари билан халқаро миқёсда жуда катта биологик бойликни ўзида мужассам этган. Биз бу бойликни англашимиз, қадрлашимиз, асраб-авайлашимиз ҳамда ундан ғурурланишимиз керак. Сиз бу ғояларни бадиийлаштириб, романда кенг очиб берганингиздан жуда хурсанд бўлдим.
Исажон Султон: – Халқимиз тилида асрлар бўйи яшаб келаётган достонларимизнинг ёши беш-олти минг йил дейилишини эшитганман. Бироқ Сурхондарёнинг Бойсунидан топилган Тешиктош боласи ҳаммамизнинг ақлимизда саволлар ҳосил қилгани шубҳасиз. Дарсликларда унинг ёши камида юз минг йил деб таъкидланади. Ахир, у бола кўмилган жой атрофида доира шаклида тизилган кийик ва тоғ эчкиси шохлари топилган-ку. Тош қуроллар-чи? Яъни, тарихимиз ҳазилакам тарих эмас экан.
Тешиктош боласини топган олим А. Окладников буни шундай деб таърифлаган: “Кейинги қазилмалар кутилмаган ва, ҳақиқатан ҳам, ҳалигача бирор бир тадқиқотчи дуч келмаган фавқулодда манзарани намоён қилди: мустьер одами бош чаноғининг атрофига қатъий тартибда, аниқ режа асосида доира шаклида тоғ эчкисининг шохлари тизиб чиқилган эди. Рад қилиб бўлмас мазкур ҳақиқат бу ерда тафаккур, хатти-ҳаракатларнинг мантиқли режаси бўлганини, у хатти-ҳаракатлар ортидаги бус-бутун таассуротлар дунёсидан дарак бериб турарди…”
Иброҳимжон Абдураҳмонов: – Мустьер маданияти ҳақида эса шундай дейилади: “Мустьер маданиятининг пайдо бўлиши тахминан уч юз минг йил аввал деб ҳисобланади, уларнинг совуқ туфайли инқирозга юз тутиши вақти ўттиз минг йил аввал деб билинади…”
Бу маълумотлар сираям бошқалардан кўра афзалроқмиз ёки устунроқмиз деб эмас, балки ёшларимиз ўзларининг қанчалар қадимий сулолаларга мансуб эканликларини билиб олсинлар ва ўзларига ишонсинлар деб ошкор қилинмоқда. Олам ҳали санашниям тузук-қуруқ билмаган, ўзаро ўлжа талашиб урушиб юрган маҳалларда билимга интилиш мўътабар саналган шу қутлуғ тупроқлардан етишиб чиққан не-не даҳоларнинг қони уйғоқ эканини идрок қилишлари ҳамда у қон томирларида ҳануз оқаётганини ҳис килишлари учун, албатта. Мавзунинг “Биз – буюк юрт фарзандларимиз” деган шиоримизга қанчалар мос эканини кўринг. Хулосалар ўз-ўзидан кўриниб турибди. Генетика инсон вужудидаги ҳар бир аждоднинг изларини топа оладиган қобилиятга эга. Сурхондарёдаги баъзи қишлоқларнинг кишилари тарихи ундан ҳам олисга бориб тақалди ҳамда ўша ҳудудлардан топилган Тешиктош боласи ҳақидаги тарих билан мос келгани кўринди.
Исажон Султон: – Буларнинг бари халқ тилида айтиб юриладиган турли ҳикматларнинг чуқур маъноларини ҳам исботлаб турибди. Масалан, аёлнинг муқаддаслиги, онанинг мўътабарлиги ҳақида жуда кўп мақолу маталларимиз бор. Генетика фанининг таъкидлашича, сулола “калит”лари аёлда сақланар экан. Авлодларни дунёга келтирадиган, асраб-авайлаб улғайтирадиган ҳам аёлдир. Уларни қанчалар эъзозлаш кераклиги ҳақидаги халқона ҳикматларимиз фан ёруғида мана шундай исбот топганига қаранг. Аёл гулдан нозик ёки қизболага оғир юмуш қилдирма, деган азалий ҳикматларни эсга солади. Халқ ўз қизларини, аёлларини, оналарини қандай эъзозлашининг сабабларига қаранг!
Иброҳимжон Абдураҳмонов: – Энди асарда тилга олинган “Олтмиш тўрт генли калит”га ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмас. Уни фан “истеъдод калитлари” деб атайди. Ҳар ота-она ўз истеъдодини боласига мерос қилиб қолдиради, унинг йўқолиб кетиши мумкин эмас, чунки ҳар ҳужайра ичида яширин сақланиб туради. Маълум шароит юзага келганида эса, ўша “калит” тўсатдан ишлаб кетади, ажойиб зако қувватини очиб юборади. Халқ қадимийлиги ва хилма-хиллик кўплигининг муҳимлиги шунда: халқимиз қонида ўта қадимий ва турли истеъдодлар яшириниб ётибди. Ҳар боламиз қонида истеъдод оқмоқда, дегани бу. Эндиги вазифа ўша “ухлаб ётган генларни” уйғотишдан иборат. Сиз романда келтирганингиз: “Уйғон! Уйғон! Уйғон, ахир! Қон кўпирмоқда, ҳар бир ҳужайра “Уйғон” дея қичқирмоқда эди”, деган чорловлар ёки “Катта одам” бўлиб “катта ишлар”га қўл уриш учун эса сабр-тоқат, ҳурмат, ишонч, орзу-ҳавас, интилиш, меҳнат, ортга бир назар ташлай олиш каби хислатлар билан яшаш ва уларни (яъни генларни) ҳаёт давомида уйғотиб бориш керак экан”, деган хулосалар юқоридаги вазифанинг бадиий ечими бўлган, десам тўғри бўлади! Буларнинг ҳаммаси боболаримиз ўгитларида мужассамланган ва исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатлардир.
Албатта булар умумий фикрлар. Лекин хусусий фактларга келганимизда ҳам натижа ўзгармайди. Орамизда генетик ёши юз минг йилга тенг кишилар ҳам бор. “Биз – буюк юрт фарзандларимиз” деган чорловнинг тўғрилиги ва унинг моҳияти шу ерда янада ойдинлашади.
Бутун ўлкамиз бўйлаб то энг чет ҳудудларгача янги ва замонавий ўқув даргоҳлари қурилгани, ёшларни қамраб оладиган кенг кўламли ижтимоий тадбирларнинг ўтказилаётгани, у тадбирларга олимлар, шоир-ёзувчилар, маданият ва санъат намояндаларининг жалб қилинаётгани – ана ўша яширин истеъдодларни уйғотишга бўлган ҳаракатларни ифодалайди.
Эътибор берган бўлсангиз, халқаро фан олимпиадалари, шахмат мусобақалари ғолибларининг номларини эҳтиром билан тилга оламиз. Бошқа соҳаларда ҳам шундай қалқиниш содир бўлмоқда. Булар – ўша истеъдод генлари ишлаб кетганини кўрсатадиган далиллардир. Вақти келганида халқимиз ўз истеъдоди, зако қуввати билан оламни ҳайратда қолдириши ҳақиқатга яқин.
Генетика эса янги уфқлар томон одимламоқда. Айтиш мумкинки, кўзланган янгиликларнинг бари ҳаётий ва эл-юртга хизмат қиладиган янгиликлардир. Масалан, тиббий генетика соҳасида катта изланишлар олиб борилаётир. Ўзбекистонда яратган янгилигимиз – касалликларга чидамли, одатдагидан анча эрта етиладиган ва толаси узун “Порлоқ” деб номланган ғўза навларимиз далаларда кенг экилаётган бўлса, таркибидаги елим моддаси кўпроқ ёки занг касаллигига чидамли буғдой навимиз лаборатория синовларидан ўтказилмоқда. Совуқ урмайдиган узум, анор навлари яратиш устида иш олиб борилмоқда. Булар ҳали қиладиган ишларимизнинг дебочаси, холос. Селекция ҳақида гап кетганида яна бир жиҳатни тилга олиб ўтиш зарур, бу “ақл селекцияси”дир. Давлатимиз кўмаги ва шахсан мамлакатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши натижасида йигирмадан ошиқ истеъдодли ёшларимиз дунёнинг энг нуфузли илмий марказларида билим олиб қайтишди. Улар – кучли истеъдод эгаларидирлар. Эсимда, марказимизга ташрифларининг бирида президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир ёш мутахассис билан бирма-бир суҳбатлашаркан, “Билиб қўйинглар, сизлар қилаётган ишлар, сиздаги интилиш ва маънавият, кўзингизни ёниб туриши энг катта бойлигингиздир”, дегани барчамизни руҳлантирган ва том маънода “ухлаб ётган” генларимизни ишлатиб юборган эди.
Халқимиз илмга чанқоқ экан, аниқ фан ҳисобланган шу соҳамиздаги янгиликлар тарихчиларимизнинг, адабиёт намояндаларининг, фольклоршуносларнинг диққатини ўзига тортгани сир эмас. Ризқу рўзимиз бўлмиш ғўза, тола, буғдой ҳақида гапирдик. Ёшларимиз кўмагида, жамоа билан бирга ҳали яна жуда кўп ишлар қилишимиз керак. Булар орасида энг муҳими – юртимизда етиладиган неъматларнинг касалликларга чидамли, серҳосил янги навларини яратишдан иборат.
Исажон Султон: – Адабиёт ҳам мана шу ҳаётий ўзгаришлар билан кишилар орасида кўприк вазифасини ўташи, шу шонли кунларни бадиий тарихга муҳрлаши керак. Кун келиб, келажак авлодлар бугуннинг асарлари билан танишганларида, озодлигимизнинг дастлабки йилларида адо этилган жуда муҳим ишларнинг кишилар онгидаги аксланишларидан хабар топишади, албатта. Келажак кишилари буларни муносиб баҳолаши, юрт тараққиётининг энг муҳим кунлари деб эъзозлаши тайин.
Иброҳимжон Абдураҳмонов: – Фанлар эса ёшларимизни кутиб турибди. Энг чет ҳудудларда ҳам замонавий мактаблар, кўркам, улуғвор коллеж ва лицейлар қад кўтаргани ҳақида сўз юритдик. Энди гап ўша муҳташам даргоҳларда болаларга замонавий билимларни етказиб беришда қолмоқда. У билимни бера оладиган қувватимиз борми? Яъни, шунчалик кўламли янгиланишларга ўзимиз тайёрмизми, мосмизми?
Исажон Султон: – Бу борада барча соҳалар муштарак иш олиб бораётганини ҳам қувониб таъкидлашни истардим. Бир маҳаллар қобилиятли ёшлар дунёнинг илғор университетларига бориб, бир неча йил илм заҳматини чеккан бўлса, энди у университетларнинг ўзи Ўзбекистонга келди. Вестминстер, Сингапур, Инҳа, Турин каби илм даргоҳлари пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб турибди. Ватан равнақи учун керакли ҳамма соҳаларнинг таълими йўлга қўйилган. Буларнинг ҳаммаси келажакни ўйлаб қилинган, беқиёс натижалар берадиган ишлар. Бизлар Ватанимизнинг чорак аср мобайнида жуда катта ривожланиш йўлини босиб ўтганини ҳар доим ҳам қувонч билан эътироф этамиз, бироқ бундан бу ёғига тараққиёт янада тезлашишига ҳамда бугунги ишлар келгусида улкан самаралар беришига шубҳа йўқ.
Иброҳимжон Абдураҳмонов: – Юзлабминглаб ота-оналар болаларининг илмли бўлиб етишишини исташади. Ўлкамизда математиклар, физиклар, адабиётчилар оилалари бор. Кечагина бундай мисоллар онда-сонда учраган бўлса, ҳозир мисли кўрилмаган даражада кўпайган. Қолаверса, давлат бир боланинг умумий таълим олиши ва ҳунарли бўлиб етишиши учун ўн икки йил сарфлайди, бир мутахассис етишиб чиқишига ўн олти йил, умумий амалиёт шифокори учун ўн тўққиз йил, олим етишиб чиқишини эса ўттиз йил кутади, шунча вақт таълим беради. Катта вақт, маблағ сарфланган ватандошимиз шулар туфайли эришган билими, қобилияти ва истеъдоди билан эл-юрт хизматига бел боғлаши табиий, албатта. «Генетик» романида ўзликни англаш эҳтиёжи ва бугунги давр чақириқлари бадиий тарзда акс этгани айни муддао бўлди.
Исажон Султон: – Ҳа, бу асар илғор фан ва адабиёт ҳамкорлигининг меваси ўлароқ дунёга келди, дедик. Фан негизларини очиб беришда, кўламини ва моҳиятини кишиларга етказишда тилимиз жилвалари билан бир қаторда бадиий образлилик ёрдамга келди. Муҳокамалар, мунозаралар ва фикрлар хилма-хиллиги аро асар ниҳоясига етди. “Ёшлик” журналимиз эса асарни дарҳол чоп этишга, ёшларимизга тезроқ етказиб беришга шошилди. Эзгу ниятлар кишиларни ана шундай бирлаштирар экан-да! Булар ҳақида сўз кетса, “муштараклик” деган жиҳат ёдга келади. Масалан, фаннинг илғор қисмида турли йўналишлар бир-бири билан учрашади. Физиканинг шундай соҳалари борки, уни кимёсиз тушуниб бўлмайди. Қонуниятлар сирига етиш учун эса олий математикага эҳтиёж сезилади. Тараққиёт ҳам шундай. Бир мамлакат тараққиётнинг илғор шиддатига эришар экан, худди фанда рўй бергани каби, ижтимоий ҳаётда ҳам турли соҳалар муштарак ишлаши керак бўлади.
Иброҳимжон Абдураҳмонов: – Уларнинг кишилар тафаккурида аксланишига келсак, мисол учун, замонавий бир бино ёки кўприк қурилди, дейлик. У қачонлардир яратилган кашфиёт ва янгиликлар самараси, албатта. Унда ишлатилган нарсаларнинг ўзига хослиги, юк кўтара олиш қобилияти, иссиқ ва совуққа чидамлилиги ва ҳоказолар ўрганилмасдан туриб, барпо этиб бўлармиди? Энди юрт бўйлаб қад кўтараётган улкан замонавий ишлаб чиқариш комплексларига, янги-янги фабрикаларга назар солайлик. Улар илғор илм-фаннинг кўплаб соҳаларини бир нуқтага келтириши, жамиятдаги катта ўзгаришларни билдириши билан бир қаторда, фаровон келажакка бўлган умумий интилишнинг ажойиб тимсоллари ҳамдир.
Мен яна шуни айтмоқчиманки, ёшларимизга мулоҳаза қилишлари учун, қолаверса, шу сингари асарлар яратилиши учун арзийдиган мавзулар кўп. Фанлар, тизимлар, хизматлар, тадқиқотлар… Буларнинг ҳар бири кишиларимизга оламжаҳон таассуротларни ҳадя этиши, келажакка бўлган ишончини, Ватанга меҳру муҳаббатини орттириши шубҳасиз.
Исажон Султон: – Яъни, замонавий билимлар ёғдусида кишиларимизга ўзларининг ким эканликларини, қандай улуғ сулолалар меросини жо айлаганликларини баён этишдан кўзланган ният – қатъий ишонч, билим ва ёруғ қалб ила, барча бирдай баҳамжиҳат бўлиб келажакка юзланишдан иборат. Бу эса бугунимизнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган эзгу шиори атрофида жипслашишга ундайди. Мана шундай эзгу ният йўлида бирлашар эканмиз, элимиз-юртимиз равнақи, фаровонлиги учун хизмат қилиш шарафли эканини ҳис қиламиз. Булар – инсонни улуғлайдиган ва, энг асосийси, яшаб ўтган умридан қониқиш ҳосил қилишига сабаб бўладиган энг муҳим унсурлар, десак хато қилмаймиз. Эл-юрт равнақи, фаровонлик ва тараққиёт йўлида қўшиладиган ҳисса шундагина улкан бахту саодатга айланади.
Н.Чориев ёзиб олди.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 5-сон