Анвар қори Турсунов: “Адабиёт маънавият жавҳаридур” (2014)

http://n.ziyouz.com/images/anvar-qori2.jpg

(Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов билан суҳбат)

Орзиқул Эргаш: Анвар ака, биз сизни диний-миллий қадриятларимизнинг толмас тарғиботчиси, халқимиз маънавияти, маданиятини юксалтириш йўлида астойдил хизмат қилиб келаётган маърифатпарвар юртдошимиз сифатида яхши таниймиз. Айни чоқда, сизнинг адабиётимизга, хусусан, мумтоз шеъриятимизга бўлган эҳтиромингизни, шеърий машқлар қилиб туришингизни ҳам яхши биламиз ва қадрлаймиз. Адабиётни, жумладан, шеъриятни инсон ҳаётида, унинг дунёқарашини шаклланишида тутган ўрни борасидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Анвар қори: Таклифингиз учун миннатдорман, отахон журналимиз “Шарқ юлдузи”дек табаррук нашрда суҳбатимиз берилиши мен учун жуда мароқлидир. Чунки бу журнал менга болалигимдан яқин қадрдон, яқин дўст. Яхши эслайман, онам бу журналга ҳар йил обуна бўлардилар. Адашмасам, ўн ёшларимдан бошлаб ўқиб келаман. Ва уларни табаррук китоблар каби асраб қўйганман. Бувиларимиз отинбиби эдилар, уйимизда Навоий, Фузулий, Машраб кўп ўқиларди. Шундан менга адабиётга ҳавас уйғонган. Ўша пайтларда “Шарқ юлдузи”да Навоий ҳазратларининг ғазалларига шарҳлар бериларди. Битта қолдирмай берилиб ўқиганларим эсимда. Умуман олганда, халқимиз адабиёт янгиликларидан, асосан, мана шу нашр орқали танишиб борарди десам, муболаға бўлмайди.

Биласизки, Пайғамбаримиз расули акрам (с.а.в)га ваҳий қилинган Қуръони Каримнинг биринчи сура, биринчи оятида “Иқраъ!” дея хитоб қилинади. “Иқраъ!”, яъни “Ўқи!”, бу – Оллоҳ таолонинг башариятга буйруғи. Пайғамбаримиз (с.а.в) Оллоҳ таоло яратган биринчи нарса, бу қалам эди, дейдилар. “Иқраъ” ояти ва биринчи яратилган қалам жуда катта мазмунга эга. Инсонни инсон қиладиган, уни комилликка элтадиган, жамиятни ҳам моддий, ҳам маънавий тараққиётининг асоси илмдир, ўқишдир. Ва мана шу жиҳати билан ҳам Инсон бошқа махлуқотлардан фарқ қилади. Одам бирор бир мутахассисликни эгаллаши учун албатта ўшанга тааллуқли адабиётлар билан танишади. Лекин инсон ўзлигини англаши, моҳиятига етиши учун бу кифоя қилмайди. У яхши мутахассис бўлиб етишиши мумкин. Аммо унинг маънавиятли, дунёқараши кенг, маънан бой инсон бўлиб вояга етиши учун бадиий асарларнинг алоҳида ўрни бор. “Ким ўзини англаса, Раббисини англабдир”, дейилади ҳадиси шарифда. Ўзини англашнинг энг муҳим воситаларидан бири, бу шубҳасиз, бадиий асарлардир. Назм бўлсин, наср бўлсин булардан узоқ одам руҳий камолотга етиша олмайди. Ўзини соҳасини пухта билиши мумкин. Аммо маънавияти саёз бўлиб қолаверади. “Олим бўлиш мумкин, одам бўлиш қийин”, деган халқимиз иборасида назарда тутилган бир ҳолат юзага келади. Одам бўлишлик одамийлик сифатларига эга бўлишлик, демакдир. Одамийлик сифатлари эса одоб-ахлоқ, ҳалоллик, ватанпарварлик, мардлик, садоқат, иймон-эътиқод бутунлиги… Бу сифатлар кишида тарбия воситасида шаклланади. Тарбиянинг энг самарали йўли болада китобхонлик кўникмасини пайдо қилишдир. Китоб, китобхонлик деганда, асосан, бадиий асарлар назарда тутилади. Чунки адабиёт адаб сўзидан олинган дейишимиз, бир қарашда жўнроқ туюлади. Ваҳоланки, бу – бор гап. Тўғри маънода ҳам, кўчма маънода ҳам бадиий асар – тарбия воситаси. Хоҳ дидактика, хоҳ юксак бадиият намунаси бўлсин – вазифаси битта: инсоннинг ахлоқини поклаш, руҳияти, маънавиятини юксалтириш, ҳис-туйғулари, дунёқарашини шакллантиришдир. Руҳ тарбияланган жойда мувозанат, барқарорлик бўлади.

Орзиқул Эргаш: Кейинги юз йиллик юксак тараққиёт асри бўлди, фан-техника юксалди, мислсиз кашфиётлар башарият ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборди. Илгари эртак-афсоналардаги мўъжизалар оддий воқеликка айланди. Айниқса, кейинги ўн йилликлар янгиликлари ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйди. Айни чоқда, одам боласи табиатида, руҳиятида қуруқлик деймизми, моддиюнчилик деймизми, шунга ўхшаш қусурлар пайдо бўлди. Қадимий анъаналар, қадриятларга нисбатан беписандлик пайдо бўлди. Айниқса, Ғарб дунёсида бу нарса очиқ-ошкора кўзга ташланиб қолди.

Анвар қори: Тўғри айтасиз, бугунги Ғарб ҳайратланарли тарзда тараққиётга эришди, буни тан олиш керак. Лекин, шу билан бирга, жуда катта йўқотишларга учради. Оддий инсоний муносабатлар, ота-она ва фарзандлар, катталар ва кичиклар, айниқса, эр-хотинлар ўртасидаги соф инсоний муносабатлар бачканалашди. Чуқурроқ оладиган бўлсак, эркин муҳаббат деган зарарли қарашлар инсонни инсон қиладиган оилавий муҳитга, никоҳ, севги, муҳаббат, садоқат каби эзгу туйғуларга путур етказди. Худбинлик, молпарастлик, ишратпарастлик, оилавий норасоликлар пайдо бўлиб, юқумли касаллик каби ён-атрофга тарқалиб боряпти. Буларнинг тагзаминида барча эзгуликлар, яхшиликлар манбаи бўлмиш китобдан узоқлашиб қолганимиз ётибди. Бу нарса чегара билмайди. Кеча дунёнинг олис бир нуқтасида юз кўрсатган иллат, бугун бошқа бир минтақада пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Муҳтарам Президентимиз ҳар бир чиқишларида, хусусан, “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” каби қатор асарларида халқимизни, биринчи навбатда, ёшларимизни бундай ёт таъсирлардан ҳимоя қилишнинг, ўзлигимизни, қадриятларимизни асрашнинг бирдан бир йўли, бу халқимизнинг маънавиятини юксалтириш эканлигини қайта-қайта таъкидлайдилар. Маънавиятнинг жавҳари эса адабиётдир.

Пайғамбаримиз (с.а.в) сўзда сеҳр бор, деганлар. Шеърда эса ҳикмат. Сеҳр, бу яхши маънодаги сеҳр. Яъни таъсир бор, демоқчилар. Қачон таъсир қилади, агар у қалбдан чиқса. Ўзи, адабиёт – қалб иши. Уламоларимиз айтадики, адабиёт қачон адабиёт бўлади, у инсон қалбига нур олиб кирса. Кейинги пайтларда сариқ матбуот, сариқ адабиёт деган тушунчалар пайдо бўлди. Бу йўналишдаги “асар”лар қалбни нурлантириш у ёқда турсин, аксинча, фасодга тўлдиради. Уларнинг бадиияти ҳақида гапирмай ҳам қўяқолайлик. Бундай ёзишмаларнинг Пайғамбаримиз (с.а.в) назарда тутган сеҳрли сўзга, ҳикматга, умуман соф маънодаги адабиётга мутлақо алоқаси йўқ. Энг зарарли, хавотирли жиҳати шундаки, етарли малакага эга бўлмаган китобхоннинг, айниқса, ёшларнинг дидини ўтмаслаштиради, адабиёт борасидаги нотўғри қарашлар пайдо қилади, сўз деган буюк неъмат қадрини тушириб юборади.

Мумтоз асарларимизни олиб қаранг, Навоийни олайлик, Лутфий, Фузулий, Бобур, Машраб, Огаҳийларни олайлик. Сўзнинг қудратини, таъсир кучини на қадар юксакларга кўтаришган. Шу сабабли ҳам улар мумтоз, шу сабабли ҳам асрлар оша яшаб келяпти.

Орзиқул Эргаш: Сизга маълумки, сал кам бир асрлик тарихга эга бўлган бизнинг “Шарқ юлдузи” журналимиз республикамиз ижод аҳлининг асосий табаррук минбари ҳисобланади. У ўз тарихи давомида (энг мураккаб замонларда ҳам) халқимиз бадиий диди, маънавиятини ўстиришда, шубҳасиз, катта ўрин тутиб келди. Муқаддас Китобимиз – Қуръони Каримнинг илк бор она тилимизда мазкур нашрда чоп этилгани нафақат журналимиз, балки халқимиз тарихидаги энг ёрқин маънавий ҳодисалардан бўлгани ва бу шарафли ишнинг амалга ошишида, хусусан, сизнинг ҳам муносиб ҳиссангиз борлигини ҳамиша миннатдорлик билан эътироф этамиз.

Анвар қори: Дарҳақиқат, “Шарқ юлдузи”да Қуръони Карим маъноларининг таржимаси босилиши катта воқеа бўлганди. У пайтларда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов раҳматли бош муҳаррир эдилар. Шу пайтгача бу Муқаддас китобни ўзбек тилида халқимиз ўқимаган эди. Мадина шаҳрида яшаб ўтган ватандошимиз Олтинхон Тўра таржималари эса бизга етиб келмаган, боз устига, у араб имлосида эди. Бу хайрли тадбир Истиқлол шарофати, Президентимиз ташаббуслари билан амалга ошди.

Устозимиз Алоуддин Мансур ҳазратлари она тилимизга ўгириб, бизга етказиб бериб турдилар. Биз оққа кўчириб, раҳматли адибимиз Омон Мухторов иккимиз унга муҳаррирлик қилиб, нашрга тайёрлаб бордик. Катта олимларимиздан Озод Шарафиддинов, Алибек Рустамовлар яқиндан ёрдам беришди. Шундай қилиб, Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари, 1990-92-йилларда журналнинг йигирма тўрт сонида кетма-кет босилди. Халқимиз бундан жудаям миннатдор бўлди. Айтиш мумкинки, буюк Истиқлолнинг дастлабки олий неъмати сифатида қабул қилинган эди бу маънавий ҳодиса. Ҳалигача ўша кунларни умримнинг энг мунаввар бир дамлари сифатида шукроналик билан эслайман.

Орзиқул Эргаш: Ҳар бир адабий нашрнинг бош мақсади – адабиёт мухлисларини, хусусан, ёшларимизни, том маънодаги юксак бадиият дурдоналаридан ўз вақтида баҳраманд этиб бориш, ҳозирги мураккаб глобаллашув замонида пайдо бўлган, Ғарб “оммавий маданияти” ғоялари тарғиботчисига айланган, халқимиз бадиий дидининг ўтмаслашишига сабаб бўлаётган “сариқ матбуот” хуружидан асрашдир.

Анвар қори: Ўзини зиёлиман деган киши, у шифокор бўладими, ўқитувчими ё бир аниқ фанлар бўйича илм қилаётган олимми, китоб ўқиши керак. Интернет урфга кирди. Унинг ҳам ўзига яраша қулайликлари бор, ҳар қандай ёзувчини, борингки, Лотин Америкаси адиби бўлсин, унинг асарини бир неча дақиқада топишингиз, мутолаага киришишингиз мумкин. Лекин, барибир, Интернет китобнинг ўрнини босолмайди. Китоб билан ҳеч бир техник воситаларсиз, у билан ёлғизликда суҳбатлашиш керак. Бунинг завқи, гашти бўлакча. Оллоҳ таоло Қуръонни ҳам китоб, дейди. Китоб башариятга берилган энг буюк неъмат. Китобсиз киши ўзини англаши мумкин эмас. Мен айрим ўзига тўқ, давлатманд кишиларни китобдан бебаҳра ўтиб боришаётганидан ачинаман. Масалан, Ҳазрат Навоийнинг бир байтини тушуниш завқини ҳис этиш, бу – катта бахт. “Бобурнома”ни ўқиб қойил қолади киши. Бу асарда умри талотумларда кечган буюк саркарданинг қанчалар нозиктаъб шоир, ёзувчи, олим, географ, элшунос сифатидаги кузатувларидан, айни чоқда, ўта ростгўй, мард инсонлигидан ҳайратга тушамиз. Бу инсон ўз юртдошимиз эканлигидан фахрланамиз. Ва мана шу фахр бизни тарбиялайди. Ўз тарихимизга, Ватанимиз, халқимизга меҳримиз яна ортади. Китобнинг буюк тарбиячи эканлигига амин бўламиз.

Истиқлол шарофати билан барча жабҳаларда бўлганидек, адабиёт учун ҳам кенг йўллар очилди. Тарихий асарларимиз кўпаймоқда. Шу маънода, айрим фикрларимни айтиб ўтсам. Халқимиз тарихи Ислом тарихи билан чамбарчас боғланган. Ислом дини ақоидлари халқимизнинг турмуш тарзию миллий-ахлоқий қадриятига айланиб кетган экан. Шунинг учун тарих ҳақида асар ёзишни ният қилган адибларимиз Ислом тарихини мукаммал ўрганиши керак. “Ўткан кунлар”ни олинг. Ҳар бир образнинг хатти-ҳаракатида Ислом кишисининг табиати сезилиб туради. Қодирий домла мадраса кўрганлар, динни чуқур билганлар. Ойбекнинг “Навоий” романида Навоий ҳазратларининг гап-сўзларида, олиб борган ишларида нақшбандия тариқати таъсири яширин тарзда (очиқ айтиб бўлмаган) эҳтиёткорлик билан сингдириб юборилган. Ҳазрат Навоийнинг “Каҳфи фано ичра алар бўлса гум, Мен ҳам ўлай робиуҳум калбуҳум…“, деган байтларини олайлик. Каҳфи фано нима? Қуръонда “Каҳф сураси” бор. Унда келишича, динсиз кишилардан қочиб, бир неча ёш йигит Каҳф ғорига беркинишади. Ўша ерда уч юз йил қолиб кетишади. Уларнинг орасида бир ит ҳам бўлади. Навоий мажозий маънода айтаяптиларки, Каҳф ғорига агар Низомий Ганжавий, Хисрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомийлар кириб кетишса, мен ҳам уларнинг садоқатли ити бўлиб эргашардим ва хизматларида бўлардим, деяптилар. Агар Каҳф сурасини билмасак, Навоийнинг мазкур байтини тушунишимиз мумкинми? “Хамса” достонларими, “Маҳбуб ул-қулуб”ми, “Лисон ут-тайр”ми, қай бир асарларини олманг, уларнинг моҳиятига етишимиз учун динни билишимиз керак.

Орзиқул Эргаш: Кузатиб бораётган бўлсангиз, журналимиз кейинги йилларда ўз қадимий мавқеини тикламоқда, унинг қиёфасида, мазмун-моҳиятида сезиларли ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Мундарижа ранг-баранглиги, эълон қилинаётган асарларнинг ғоявий-бадиий мукаммаллиги, замонавий асарлар қаторида мумтоз адабиётимиз дурдоналарига, маънавий-маърифий руҳдаги асарларга (масалан, Жалолиддин Румий, Ҳужвирий каби алломаларимиздан қилинган янги таржималар) тез-тез мурожаат қилаётганимиз мухлисларимиз эътиборини қозонмоқда. Шу йилги биринчи сонда, масалан, Ибн Сино ҳазратларининг М.Маҳмудов таржимасидаги “Ишқ ҳақида рисола”сини чоп этдик.

Анвар қори: Хурсанд бўлдим. Хайрли ишларни қиляпсизлар. Ўтмиш аждодларимиз у шоҳ бўладими, оддий фуқароми, шеърият шайдоси бўлганлар. Адабиётни севганлар. Ибн Сино ҳазратлари (бошқа табиблар ҳам) тиббий асарларини шеърда ёзишгани маълум. Чунки халқимиз табиати шунга мос, тушунилиши енгил. Қизиғи шундаки, Шайх ур-раис деб тан олинган Абу Али ибн Сино ҳазратларининг, табобатни илмий асосга қўйган зотнинг фалсафий-бадиий асарлари (70 дан ортиқ) тиббий асарларидан (40 тача) анча кўпроқ экан. Демоқчиманки, шеъриятга ошнолик, эзгулик, яхшиликка интилиб яшаш халқимиз учун ота мерос анъана. Бугунги кунда ҳам бизни хавотирга солаётган ёт таъсирлар, “оммавий маданият” деб аталган ножоиз иллатлар хуружига қарши тураоладиган асосий қалқон бўладиган куч ҳам худди ана шу қонимизда яшаб келаётган анъана, қадриятларимиздир. Даҳрийлик замонларида бир қадар қувватсизланган қадриятларимизни қайта тикласак, ўзлигимизни асраб қолган бўламиз. Бунинг учун китобга суянишимиз, китобга қайтишимиз керак бўлади. Ва шундай қилиняпти ҳам.

Орзиқул Эргаш: “Имом минбари – иймон минбари”, деган гап бор. Истиқлолдан кейин халқимиз чин маънода эътиқод эркинлигини қўлга киритди. Кўплаб жомеъ масжидлари қурилди, қаровсиз ётганлари таъмирланди. Уларда Ислом университети, Ислом институти ва кўплаб махсус билим юртларидан етишиб чиққан имомлар хизмат қилишмоқда. Юртимизда бугун икки мингдан ортиқ жомеъ масжиди фаолият юритаётганини назарда тутсак, ахлоқий-маърифий тарбияни йўлга қўйишда, диний саводхонликни ошириш, динимизнинг туб моҳиятини англатишда имомлар ҳам муҳим ўрин тутади, шундай эмасми?

Анвар қори: Шу масалада тўхталмоқчи эдим. Қадимда мактаб-мадрасаларда бадиий адабиётга ҳам кенг ўрин берилган. Навоий, Фузулий, Машраб, Бедил ғазаллари ўқитилган, шарҳланган. Бунинг аҳамияти чуқур тушунилган. Яъни шеърият киши нутқини безайди. Сўзини таъсирли қилади. Мен истардимки, имомларимиз, халқ олдида туриб маъруза қиладиган мутассаддиларимиз кўпроқ бадиий асарлар ўқишса, нафақат ўтмишда яратилган, бугунги замонавий адабиётдан ҳам хабардор бўлиб боришса. Айни чоқда, ёзувчи-шоирларимиз ҳам дин соҳасида танилган уламоларимиз билан яқин ҳамкорликда бўлишса, фойдадан холи бўлмасди. Чунки бизнинг вазифамиз муштарак – халқни эзгуликка бошлаш, маънавиятини юксалтириш. Бу йўлда қанчалик пухта билимга, тушунчага эга бўлсак, ишимиз шунча самарали, сўзимиз шунча таъсирли бўлади. Яна бир гап: шу кунларда халқимизнинг севимли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги кенг нишонланмоқда. Муҳаммад Юсуф халқимиз қалбига кирган, меҳрини қозонган ижодкорларимиздан эди. Мен уни тез-тез ўқиб тураман, ҳайратга тушаман. Жуда содда ва халқона. Шу билан бирга, ана шу соддалик тагида қанчалар чуқур маънолар ётганидан завқланаман. Париж ресторанларини битта тандирингга алишмайман, дейди шоир. Хорижда бўлганлар билади, у ердаги ҳашам, дабдаба бир зумда кишининг бадига уради. Ўзбекона ҳаёт тарзини қўмсаб қолади киши. Ғарбда тараққиёт баланд. Аммо биздаги барака, файзни тополмайсиз у ердан. Кўрдингизми, шоирнинг “битта тандир”и кишини қанчалик мушоҳадага чорлайди. Муҳаммад Юсуф таваллуди тантаналари, бу адабиётимиз байрами, адабиётимизга бўлган халқимизнинг улкан меҳр-муҳаббати ифодасидир. Бу муҳаббат барҳаёт экан, адабиётимиз равнақ топаверади. Адабиётимиз равнақи эса – маънавиятимиз юксалиши, юртимиз гуллаб-яшнаши демакдир.

Орзиқул Эргаш: Мазмунли суҳбатингиз учун журналимиз жамоаси, кўп сонли муштарийларимиз номидан миннатдорчилигимизни билдирамиз!

Анвар қори: Ташаккур! Сизларга ҳам эзгу мақсадлар йўлида олиб бораётган ишларингизда Яратгандан куч-қувват тилайман!

Суҳбатдош Орзиқул Эргаш

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 2-сон