Атоқли рус кинорежиссёри Андрей Тарковский ижоди ХХ аср жаҳон кинематографияси тарихида муҳим ўрин тутади. Унинг фалсафий мушоҳадага бой, инсон руҳияти нозик бўёқлар ила тасвирланган “Қотиллар” (1956), “Ивановнинг болалиги” (1962), “Мен йигирма ёшдаман” (1965), “Андрей Рублёв” (1966), “Сергей Лазо” (1967), “Мингдан бир имконият” (1968), “Солярис” (1972), “Кўзгу” (1974), “Сталкер” (1979), “Эҳтиёт бўлинг, илонлар” (1979) каби фильмлари мухлису мутахассислар орасида қизғин мунозаралар қўзғаган.
Андрей Тарковский 1932 йил Россиянинг Иванов вилоятига қарашли Завражье қишлоғида таваллуд топган. Тақдир Тарковскийни доимо буюк инсонларга йўлиқтирди: у мактабда бўлажак шоир Андрей Вознесенский билан бирга ўқиди, кинога бўлган чексиз муҳаббати боис Москва Олий кинематография институтига ҳужжат топшириб, талаба бўлди, машҳур театр ва кино режиссёри Михаил Ромм курсида сабоқ олди. Андрейнинг илк бор курс иши сифатида суратга олган “Қотиллар” (Э.Ҳемингуэй ҳикояси асосида) қисқа метражли фильми устози томонидан юқори баҳоланади.
Тарковский фильмларида инсон ва жамият ўртасидаги муносабатлар таҳлили устуворлик қилади, бунинг учун у “муаллифлик киноси”ни танлади ва шуурида кечаётган ўй-хаёллар, турфа ҳиссиётларни умумлаштириб, кинотасмаларга кўчирди. Унинг бадиий дунёқараши, режиссёрлик кредосининг шаклланишига Луис Бунюэль, Ингмар Бергман, Федерико Феллини, Акира Куросава каби таниқли кинорежиссёрлар ижоди жиддий таъсир кўрсатди. Андрей аста-секин ўз ижодий феноменини намойиш этиб, юқорида саналган қатор картиналарни яратади, аммо унинг фильмлари аксарият ҳолларда таъқиб ёки тазйиққа, ҳеч бўлмаганда танқидга учрарди. Айниқса, 1974 йили суратга олинган фалсафий-поэтик мазмундаги “Кўзгу” фильми анъанавий сюжет шаклларидан бутунлай холи бўлиб, айрим эпизодлари тоталитар тузумга қарши исён билан суғорилган эди. Фильм собиқ Совет Иттифоқи кинематография идораси ва Кино уюшмасининг қўшма мажлисида обдан муҳокама қилиниб, “тушунарсиз, оммабоп бўлмаган ва мутлақо муваффақиятсиз киноасар” деб топилади. Шунга қарамай фильм чекланган доирада сотувга чиқарилади ва режиссёрнинг жамиятга нисбатан норозилигини яширин тарзда ифодалайди.
Андрей Тарковский кинодраматург сифатида бир неча фильмларининг сценарийсини ўзи ёзди. Шулар қаторида машҳур ўзбек кинорежиссёри Шуҳрат Аббосовнинг “Тошкент – нон шаҳри”(1968) фильми сценарийсига ҳаммуаллиф бўлди (Андрей Кончаловский ва Александр Неверов билан бирга).
Тарковский 1986 йил Парижда вафот этади ва шаҳардаги рус қабристонига дафн этилади. Режиссёр доимо жаҳон адабиётининг мумтоз намуналарини экранлаштиришни орзу қиларди, хусусан, У.Шекспирнинг “Ҳамлет”, Н.Гончаровнинг “Обломов”, Л.Толстойнинг “Иван Ильичнинг ўлими”, Ф.Достоевскийнинг “Телба”, М.Горькийнинг “Клим Самгин ҳаёти”, Ҳерманн Ҳессенинг “Чўл бўриси”, Рудольф Штейнернинг “Бешинчи Инжил”, Томас Маннинг “Сирли тоғ”, “Иосиф ва унинг акалари”, “Доктор Фауст” асарларини фильм қилиш истагида бўлган. Афсуски, бу лойиҳаларни амалга оширишга ижодкорнинг умри етмади.
Шу йилнинг апрель ойида буюк кинорежиссёр таваллудига 85 йил тўлди. Қуйида эътиборингизга унинг Москва давлат техника университети талабалари билан бўлган суҳбати ҳавола этилмоқда.
– Андрей Арсеньевич, сизнинг “Сталкер” фильмингиз ака-ука Стругацкийларнинг машҳур “Қирғоқдаги сайр” қиссаси мотивлари асосида суратга олинган. Экранлаштириш учун айнан шу асарни танлаганингизнинг боиси нима?
– Менга қиссанинг сўнгги боби фильмбоп кўринди, бу кино яратишнинг ажойиб, таъбир жоиз бўлса, классик имконияти эди, қолаверса, воқеалар ягона макон, ҳаракат ва вақтни талаб қиларди.
– Фильм сюжети қисса сюжетидан қай жиҳатлари билан фарқланди? Адабий асарни бор жозибаси, таровати билан экранга кўчириб бўлмаслиги ростми?
– Назаримда саволингизни қуйидагича тушунсам бўлади: қисса фильмга айланмай туриб, ўз ҳолича экранлаштиришга қанчалик мақбул эди? Мен ишонч билан айтаманки, асар кино бўлмаса ҳам етарли қуввату бадииятга эга эди ва шундай бўлиб қолади ҳам.
Юқорида айтилганидек, фильм қисса мотивларига таяниб суратга олинди. Ўйлашимча, ҳар қандай фильмнинг моҳияти шундаки, у бирор адабий асарнинг қайтариғи ёки иллюстрацияси эмас, балки шунинг негизида яратилган мутлақо янги асардир. Кино – мустақил санъат, бинобарин, китобда баён этилган воқеа-ҳодисаларни экранда ҳам худди аслидагидек такрорлашнинг ҳожати йўқ, фикрловчи инсон учун бу қизиқ эмас. “Сталкер” фильмини тасвирга олишдан аввал жамоамиз ўз олдига янги бадиий асар кашф этишни мақсад қилиб қўйди, табиийки, бунинг учун янгича ижодий жараён юз бермоғи лозим эди.
– Фильм қаҳрамони Стругацкий асарининг қаҳрамонига деярли ўхшамайди…
– Тўғри пайқабсиз. Аслида ўзимиз ҳам шундай бўлиши учун ҳаракат қилдик.
– Очиғини айтаман, хафа бўлмайсиз. “Солярис” фильмингизни кўришга тоқатим етмай, кинотеатрдан чиқиб кетдим. Нима демоқчисиз, ўзи, ҳайронман! “Сталкер”ни ҳазм қилиш бундан ҳам қийин…
– Мутлақо ҳақсиз! Лекин, нокамтарлик бўлса-да, огоҳлантириб қўяй, кимки шу фильмларни ҳанузгача кўрмаган бўлса, кўп нарса ютқазибди. Афсуски, жуда кам тоифа мухлислар экранда ифодаланаётган турфа деталларнинг мағзини чақиб, ўй-хаёлини азоблайди ёки тасаввурини ишга солади… Кундалик ҳаётда муаммолар қалашиб ётганида, ортиқча бошоғриқнинг кимга кераги бор? Шундай бўлгач, “Солярис”га ўхшаш ребуснамо фильмлар кимнингдир тавсиясига кўра, ўшандаям мудроқ босиб, “бармоқлар ораси”да кўрилади. Бироқ рамз-мажоз бу – мавҳумот дегани эмас, демак, фильм муаллифи томошабинни қизиқтираётган саволларга жавоб бериши зарур. Бу бизнинг томошабин олдидаги профессионал мажбуриятимиз.
– Унда марҳамат қилиб айтинг-чи, фильмдаги кучук ниманинг рамзи?
– (Кулади). Агар кадрда кучук кўринган бўлса, у албатта ниманингдир тимсоли бўлиши шартми? Ё бу аудиторияда бирор нарсани ўз ҳолича қабул қилолмайдиган мухлислар ўтирибдими? Мен тушунмаяпман, бу “мураккаб образ”дан ким шунчалик таъсирланди? (Кулади). Табиатан қувноқлигим, ҳазилкашлигим бор, лекин ҳозир ростини айтаман, “Сталкер”даги кучук, бу – бор-йўғи оддий кучук. Тамом-вассалом!
– Ҳар сафар янги фильмингиз экранга чиққач, унинг теграсида баҳс-мунозара авж олади, анчагина одам савол оғушида қолади. Баъзан “Режиссёр томошабиндан баланд туриши керак” қабилидаги фикрларни эшитиб қоламиз, балки картиналарингиз мураккаблигининг сири шундадир?
– Саволингизга бир мисол билан жавоб бераман. Тасаввур қилинг, мен бир қурилишга бориб, ғишт тераётган устанинг атрофида айланиб, қандай ишлаётганини оз-моз кузатаман, сўнг “ақл ўргатиш”га ўтаман: “Биласизми дўстим, сиз умуман нотўғри ишлаяпсиз. Қоришмани мана бу ерга қуйинг, ғиштни эса анави ёқдан тахлайсиз, ҳа, айтгандек, иш вақти бошқачароқ кийиниб олсангиз дуруст бўларди”. Нима деб ўйлайсиз, у қандай жавоб қайтаради? (Залда кулги). Тўппа-тўғри. Унинг жавоби сиз ўйлагандек бўлади ва у тамомила ҳақ. Асли қўлидаги ғишт билан бошимга туширмаганига раҳмат айтсам арзийди. (Залда яна кулги). Қурувчи ўз иши ва меҳнатини ҳурмат қилади, худди шу каби мен ҳам ўз касбимни “бегона”ларга “хафа қилдириб” қўймайман.
Фильмларим ҳар қанча рамзларга бой бўлмасин, мен доимо режиссёр сифатида фикрларимни аниқ-тиниқ ифодалашга ҳаракат қилганман, уларни яширмайман ёки қандайдир даражада “шифрлаб” қўймайман. “Тарковский жаноблари кинони тушунмай, хуноб бўлаётганларни кўрса, ўзини “еттинчи осмонда юргандек” сезади”, деб ўйласангиз, қаттиқ адашасиз. Камина кинотеатрда ўтириб, томошабинларнинг “Кўзгу” ёки “Сталкер”дан қай тахлит чиқиб кетаётганини кузатаман, албатта, бу ҳолатни кўриш ёқимсиз, лекин хавотирга тушмайман. Ишонаман, вақти келиб бу фильмлар ўз аудиториясига эга бўлади ва ўшанда зални ҳеч ким тарк этмайди.
– Фильмларингиз барчага бирдек тушунарли бўлишини хоҳлайсизми?
– Назаримда ҳар бир режиссёр фильм бошлашидан аввал ўз ижод маҳсули наинки тушунарли бўлиши, балки кимнингдир ҳаёт фаолиятида асқотиши, бир умр томошабин шуурига муҳрланишини истайди. Бироқ санъат асарини ҳамма бирдек фаҳмлаб, бирдек қабул қилиши мутлақо имконсиз ҳодиса ва шундай бўлганида, чинакам санъатнинг қадри писта баҳосидан баланд бўлмасди… Айтайлик, барча китобхонлар Толстой ёки Достоевский асарларидан бир хил таассурот олди, қарашлари, ҳаяжону завқи бир-бирига ўхшаш, ҳеч кимнинг тасаввурида ўз Аннаси ёки княз Мишкини йўқ! Унда бу адибларни бирор кимса бошига кўтармаган, ёстиқдек-ёстиқдек китобларини ютоқиб ўқимаган бўларди.
Баъзан мендан кинони тушуниш инсоннинг маълумотига боғлиқми деб сўрашади. Шунда мен айтаманки, кино инсоннинг зиёлилиги ёки ўқимишлилик даражасига эмас, унинг қалбига таъсир этади, ботини кучли шахсни тарбиялайди. Ҳис-ҳаяжонга бой, тўлқиндек чайқалувчи, безовта қалб эса тўртинчи синфни аранг тугатган оддий одамда ҳам бўлиши мумкин, аксинча манаман деган дорилфунунларни тамомлаган олий маълумотли инсон руҳан қашшоқ бўлиши ҳеч гап эмас.
Бир сафар “Кўзгу” фильмимни “таъби нозик” зиёлилар йиғилган, жиддий бир даврада муҳокама қилдик. Аллақачон қош қорайган бўлса-да, баҳс-мунозараларнинг охири кўринмайди, ҳар ким ўз “мен”ини исботлашга муккасидан кетган, “эгардан тушиш” йўқ. Шунда хоналарни тозалаб юрган фаррош аёл бизнинг ўтиришимизни кўриб, жаҳли чиқди: “Баҳсни тўхтатинглар! – деди у зарда билан. – Кеч бўлди, уй-уйингизга тарқалинг, ҳали сиз ўтирган жойни ҳам йиғиштиришим керак. Нега бунча талашиб-тортишасизлар? Фильмда ҳаммаси аён, ҳаммаси тушунарли бўлса? Оббў, эринмаган бандалар-эй…” Биз “сўқирлар” кулгидан базўр тийилиб, фаррошни саволга тутдик: “Хўп, яхши, ҳаммаси тушунарли бўлса, бизга ҳам ёрдам берсангиз, фильм нима ҳақида, ўзи?” У бамайлихотир жавоб қайтарди: “Бир инсон ҳаётидаги қабиҳликларни ёдга олади, кимгаки озор берган бўлса, ҳаммасини эслаб, виждони қийналади, азоб чекади, ўлимидан аввал тушунадики, анча-мунча одамдан кечирим сўраши лозим… Афсуски, ҳаёт шами липиллаб турибди, қазоси яқин, у нима қиларини билмай, руҳий исканжада қолган. Шу холос!..” Мен ҳозир унинг фикрини ўз сўзларим билан ифодалаяпман, аслида у ўта самимий, ажойиб оҳангда гапирган эди! Кейинчалик бу фильм ҳақида киношуносларнинг ўзимизда ва хорижда чиққан кўплаб тақризларини ўқидим, лекин беиштибоҳ айтаман, фильм ғоясини ўша фаррошчалик содда ва аниқ таърифлаб берувчи бирор “донишманд”ни учратмадим ва яқин-ора учратишим ҳам даргумон…
Буларни эслашдан мурод шуки, фақат тақдир синовлари, машаққатларида тобланган инсонгина “мураккаб санъат”ни тушунишга қодир. Санъатдан таъсирланиш, роҳатланиш нафақат инсоннинг ҳаётий билиму тажрибаси, балки руҳий тайёргарлиги, дарду изтиробининг миқёсига ҳам боғлиқ, юраги бедор кимса бадиият завқини бошқалардан кўра чуқурроқ ҳис этади.
Буюк Гёте айтмоқчи, яхши китоб ўқиш худди уни ёзишдек мураккаб вазифа. Табиийки, “бўм-бўш” юрак билан мутолаа ҳузурини туйиб бўлмайди, кинода ҳам шундай. Мен санъат асари яратиш ва ундан таъсирланиш жараёнини чинакам мўъжиза деб биламан, иккала ҳодисани бир-биридан ажратмайман.
Адабиёт, лирика ва мусиқа жуда юксак санъатлар, улар инсонни руҳан парвозга чорлайди. Моцарт, Бах, Гендель… буларнинг ижоди, шахсиятини билмаймиз, тушунмаймиз ҳам. Ёки Толстой, Достоевский, Чеховларнинг даҳолигига иқрор бўлсак-да, буюклик сирини идрок этолмаймиз, тафаккуримиз ожизлиги эса ўзимизнинг айбимиз. Бироқ мен кинодан чиқаётиб, “Ҳа… ниманидир тушунмадим, демак, ўзим айбдорман”, – дея “ақли қосир”лигидан ёзғириб, таъна қилаётган бирор томошабинни кўрмадим. Йўқ, бундай бўлмайди ҳам! Кинонинг шарти бошқача: кадрда недир мубҳамлик, изоҳталаб вазият бўлса, билингки, айб – киноижодкорларнинг ўзида.
Кўпчилик кинога кўнгил ёзиш, кундалик муаммоларини унутиш учун келади, бироқ баъзан томошабин икки соату қирқ минут давомида кино кўрса-да, бирор қизиқарли ё кўнгилочар лавҳага гувоҳ бўлмайди, оқибатда асаби бузилиб, дилтанг бўлиб уйига қайтади. Ҳа, кино шундай “кутилмаган” санъат.
– Сиз кинотеатрда қандай томошабинларни кўришни хоҳлайсиз? Умуман, “идеал томошабин” деган тушунча борми, ўзи?
– Бу жуда оддий, айни чоғда чуқур мулоҳазали савол ва у менга берилаётганидан хурсандман. Мен томошабинларни кинога фақат дам олиш ёки ўйин-кулги қилиш учун эмас, балки унинг санъат сифатидаги асл моҳияти, вазифасини англаган ҳолда келишларини истайман. Сўнг бирор фильмни муҳокама қилиб, зарур бўлса, ҳукм чиқариши ёинки санъат ҳақидаги қарашларидан келиб чиқиб, режиссёрни қўллаб-қувватлаши ёки инкор этишларини хоҳлайман, мана бу – ҳақиқий томошабинга хос сифатлар. Шунингдек, мен одамлар буюк асарлар асосида ишланган фильмларни кўриб, китоблардан йироқлашиб бораётганига афсусланиши ва яна чексиз ҳаяжону тараддуд ила мутолаага қайтишларини орзу қиламан.
Кино – буюк санъат, қолаверса, йирик саноат ҳам. Биргина Ҳиндистонда йилига 500 дан ортиқ фильм ишлаб чиқарилади, бутун дунёда бу кўрсаткич қанчани ташкил қиларкан? Афсуски, росмана санъатга дахлдор фильмларни санайман десангиз, бармоқлар ҳам кўплик қилади.
Кино ишлаб чиқаришнинг шундай турики, унда сарфланган ҳар қандай харажатни қоплаш ва мўмайгина даромад орттириш мумкин, энг муҳими бу тижоратга бош қўшганларнинг бирортаси фойдасиз қолмайди. Назаримда, кинематографиянинг қисман фожиаси ҳам шунда. Бу санъатнинг ягона турики, унда аввало ижодий режа-ю мезонлар аниқ ҳисоб-китоблар асносида келишиб олинади, сўнг лойиҳа амалга оширилади. Ўтган вақт мобайнида бу тамойил заррача ўзгармади.
Мен кинонинг санъат сифатида туғилиб, то саноатга айланиш жараёнини ўзимча шундай тадрижда тасаввур қиламан: кино дастлаб катта-кичик ярмаркаларда, мўъжазгина қути мисол дунёга келди, ўтган-кетган харидорлар шу қутичага чойчақа ташлаб, “жонли манзара”ларни томоша қиларди. Сўнг ўша манзаралар ўзгарди, “қути”лар ҳам кенгайди – улар эндиликда минглаб инсонларни бағрига сиғдира олади (кинотеатрлар назарда тутилмоқда – тарж.), пировардида, кино катта даромад келтирувчи улкан корхонага айланди…
Яна саволингизга қайтсам: ҳақиқий томошабин кино – инсоннинг ўзини англашига ёрдам берувчи, ҳиссиётларини уйғотувчи, шунингдек, Арасту ёзганидек, руҳан тозариш – катарсисга олиб келувчи санъат эканини тушунмоғи даркор. Айнан катарсис орқали инсон қалбида эзгулик, гўзаллик куртак ёзади ва у ботинимизда неки яхши фазилат бўлса, барчасини кашф этади. Санъатнинг асл вазифаси ҳам шу.
– Хусусий киностудиялар ҳақидаги мулоҳазаларингизни билмоқчи эдим. Яқинда режиссёрлардан бири ўзининг ранг-баранг сюжету саргузаштларга бой фильми ҳақида гапира туриб, афсуски, киноасарнинг томошабинга берувчи маънавий қиммати ниҳоятда оз эканини яширмади.
– Биз кинода ишлайдиган барча ижодкорлар – оддий чироқчидан тортиб фильм директоригача суратга олаётган картинамиз санъат асарига айланишини хоҳлаймиз. Лекин дурдона асар яратишни аввалдан режалаштириб бўлмайди. Мен юқорида айтдим, кино – йирик саноат. Шубҳасиз, киночилар хусусий корхона сифатида фильмлари моддий тушум келтириши ва бир вақтнинг ўзида абадиятга дахлдор санъат намунаси бўлишини истайди. Аммо бундай ҳолат камдан-кам кузатилади.
– Ўз ижодингизга ўзганинг нигоҳи билан қарай оласизми?
– Биз режиссёрлар турли фильмлар яратамиз, лекин уларга ўзимиз объектив баҳо беролмаймиз. Мана ҳозир сиз мендан ижодимга “бегона” нигоҳ билан қарашимни сўраяпсиз. Бу шундай мураккаб жараёнки, худди бир инсоннинг аъзосини бошқа бировга жарроҳлик йўли билан кўчириб ўтқазишга ўхшайди. Шу боис сиздан сўраган бўлардим, фильмларимга фақат шахсий кўзқарашингиз билан ёндашинг.
– Сир бўлмаса, неча ёшдасиз?
– Мана бу ростданам кутилмаган савол бўлди. Бу шунчалик муҳимми?.. 47 ёшдаман.
– “Андрей Рублёв” фильмингиз ҳам мухлислар орасида мавҳум кайфият уйғотди. Агар умумлаштирсак, картинанинг асосий мавзуси нима?
– “Андрей Рублёв” устида жуда кўп ишладим, фильмнинг тақдири мураккаб кечди… Картинадан кўзланган бош мақсадни бир неча омиллар билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан, бу рассом ва халқ ўртасидаги муносабатда намоён бўлади. Иккинчидан, бу фильм давр, тарихий шароит ва рассом муштараклигини ифодалайди. Учинчидан эса, инсон ҳаётида шахсият ва тажрибанинг нечоғлик алоқадорлигини тавсифлаб беради. Шу маънода, бу ёруғ оламда ҳар бир инсон муайян тажрибалари, махсус хулосаларига таяниб яшайди, рассомларда эса айни ҳолат бошқачароқ кечади: уларда тажриба теварак дунё, атроф-жавонибни синчковлик билан кузатиш ёки кимнингдир таъсири орқали шаклланади. Мўйқалам соҳиблари бир умр юксак ғоялар, идеалларига садоқат билан яшаши, шу йўлда тинимсиз изланиши, керак бўлса, бирор ҳодисани қайта-қайта кашф қилишдан чекинмаслиги зарур, эртами-кечми, вақти келиб унинг ҳаётий тутумлари, қарашлари устози тажрибаларига мувофиқ келса (худди фильмдаги Андрей Рублёв ва Сергей Радонежский каби), нур устига нур бўлади. Мана сизга фильмнинг қисқача учта асосий мавзуси.
– Афтидан, сиз илмий-техникавий инқилоб (ИТИ) масалаларига ҳам қизиқар экансиз. Қолаверса, илмий-фантастик йўналишда ҳам сермаҳсул ижод қилаётган кам сонли режиссёрлардан бирисиз.
– Адашяпсиз! Биринчидан, бу жанрда фильм ишлаётган режиссёрлар кўп. Қолаверса, “Солярис”га нисбат бериб, мени ҳам илмий-фантастик кинога алоқадор деб ҳисоблаяпсиз. Агар “Сталкер”ни диққат билан кўрганингизда, бундай хулосага келмаган бўлардингиз ва умид қиламанки, сизда фильмларимнинг илмий-фантастик кино экани ҳақида тасаввур уйғонмасди. “Солярис” ҳақида гапирадиган бўлсак, бу фильмнинг асосий камчилиги шундаки, унда жанрнинг ҳар қандай доирасидан четга чиқилган, шу боис картинанинг қай йўналишга мансублиги ҳақида узил-кесил хулоса чиқариш қийин.
Илмий-техникавий инқилобга келсак, айтишим мумкинки, мазкур тушунча мавжуд экан, у билан ҳисоблашишга мажбурмиз. Бир қарашда ҳаммаси жойида, ҳаммаси рисоладагидек давом этяпти. Аммо!.. Фикримча, техник тараққиёт инсониятнинг руҳий олами билан уйғунликда ривожланиши лозим. Афсуски, одам боласининг маънавий, ахлоқий камолоти ҳамиша ҳам фан-техника ютуқларига мувофиқ келавермайди. Мисол ахтариб узоққа бориш шарт эмас: инсон ўз қўли билан буюк восита – атом энергиясини яратди ва дарҳол уни синовдан ўтказди. Қаерда? Хиросима ва Нагасакида. Натижа қанчалик аянчли бўлганини гапиришим шарт эмас, шусиз ҳам бу бутун башарнинг оғриғи. Лекин барибир биз инсоннинг соғлом тафаккурига ишонамиз. Вақти келиб у албатта ботиний олами ва шафқатсиз техника ўртасида глобал зиддият мавжудлигини тушуниб етади.
– Ҳаётда, ижодда ўз “мен”им бор, деб ҳисоблайсизми?
– Ҳа, қандайдир даражада бор. Бироқ бу тушунчага жудаям муте эмасман, муҳими, тақдиримдан миннатдорман ва суратга олаётган фильмларимдан завқланаман.
“Кино” (Вильнюс) журналининг 1981 йил 10-сонидан олинди.
Рус тилидан Шоҳрух Абдурасулов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 4-сон