Профессор Алибек Рустамов билан суҳбат
Алибек Рустамов — Маънавий нуқсон ваҳшийлик ривожининг бош сабабчисидир. Маънавий ташналик ҳақиқий инсонда ҳеч қачон йўқолмайди. Шундай экан, уни қондириш ҳақида тинимсиз қайғурмоқ керак.
Хуршид Дўстмуҳаммад — Қайғуриш тинимсиз бўлмасачи?
А. Р. — Фисқу фасод авж олиб, жамият тушкунликка учрайди. Оламшумул эзгу ишларни амалга ошириш истеъдодига эга бўлган авлод сунъий равишда фалаж қилинади. Бизда шахспарастлик даврида турли соҳаларда бўлганидек инсоншуносликка оид илму фанларга катта зарар етди. Фаол ва билағон олимлар йўқотилди ёки ўз вазифасидан четлатилди. Ҳозир табиатнинг муҳофазасиз қолиши, касаллик ва турли дориларнинг кўпайиши, ёшларнинг ўзини ўзи ўлдириши, ахлоқнинг бузилиши ўша сиёсатнинг натижасидир.
X. Д. — Тил билан боғлиқ нуқсонларнинг муайян сабаби нимада?
А. Р. — Бунинг тилшуносликдаги асосий сабаби Ғози Олим Юнусов, Е. Д. Поливанов, Фитрат каби кўпгина олимларнинг ўзлари репрессия қилиниб, асарларини ўқиш ва зикр қилиш ман қилиниб, ўзбек тилини нормага солиш баҳоси билан ҳамма жиҳатдан чеклаш бўлди.
X. Д. — Нормани қандай тушуниш керак?
А. Р. — Норма аслида тилда адабий анъанани сақлашдан иборат бўлмоғи керак. Бизда унинг акси бўлди. Масалан, ўзбек адабиётида феъл замоннинг озарбайжонча «келмишам», туркманча «келман», яъни келмайман деган формалари, изофанинг «мард-и майдон» каби тожикча шакли ва «абаду-л-абад» сингари арабчаси ишлатилади. Лекин шуларнинг ҳеч бири булар ўзбекча эмас деб мактаб дарсликларига, ҳатто олий ўқув юртларининг грамматикаларига киритилмайди. Натижада олий маълумотли ёшларимиз мазкур формаларни тўғри тушуниб тўғри ёзолмайди.
Луғатга келсак, масалан, «қуёш» сўзининг классик адабиётимизда «офтоб», «шамс», «хуршид», «хур», «меҳр», «кунаш» деган маънодошлари бор. Нормачилар мана шунча сўзнинг фақат биттасини луғатга киритиш керак деб, бошқаларини ҳам киритиш керак деган кишини қолоқликда, миллатчиликда, араб ва форспарастликда айблайдилар. Чеклаш, ҳатто бузиш сўз маъноларини изоҳлашда ҳам учрайди. Натижада луғат тузиш учун кетган маблағ ва меҳнат маҳсулсиз зойи бўлади. Чунки «қуёш» сўзининг маъносини билиш учун луғатга мурожаат қилинмайди. Энг ёмони, халқнинг билим савияси пасайиб кетади. Дунё луғатчилигида минг ва ундан ортиқ даврга оид ҳамма китобларни ҳисобга олиш қоида бўлишига қарамай бизнинг изоҳли луғатимизда охирги 40 йил ҳам тўлиқ қамралмаган. Абдулла Қодирийдан олинган бир неча мисол, аслидан эмас, ўзгартириб босилган китобидан олинган. Мамлакатимиздаги қайта қуриш ҳаракати ҳозир мазкур нуқсонларни бартараф этишга катта йўл очиб берди. Аммо биз тилшуносларнинг янгича фикрлаш ва самарали амалга ўтишимиз қийин бўлаяпти.
X. Д. — Домла, ҳамон аҳвол шундай экан, тилшунослик бобида ҳозирги энг зарур вазифалар нималардан иборат бўлмоғи керак?
А. Р. — Биринчи навбатда ўзбек тилининг тўла изоҳли луғатини нашр этмоқ зарур! Унга Навоий давридаги, ҳатто ундан илгариги ёзма манбаларда мавжуд сўзлардан тортиб то ҳозирги интернационал атамаларгача — бари-бари киритилиши лозим. Шевалар ҳам бор бойлиги билан луғатдан жой олсин. Токи, масалан, Хоразмда тунаган тошкентлик меҳмон ташқарига чиққанида уй эгаси «эҳтиёт бўлинг, ўра бор», деганда оёқ остига қараб бошини устунга урмасин.
Х. Д. — У ҳолда жами сўз бойлигимиз қанча бўлади деб ўйлайсиз?
А. Р. — Буни аниқ айтишим қийин, аммо тахминимча беш юз мингдан кам бўлмайди.
X. Д. — Домла, дунё-дунё маъноларни англатувчи сўзларимиздан жоҳилларча воз кечганимизда ёшлар тарбиясига оид талай-талай одобнома сўзлардан ҳам юз ўгирган эканмиз-да?
А. Р. — Секинроқ айтасизми, укажон! Шарқона тарбия илмида олти «Ваҳдат» деган сўзнинг фалсафий маъносини билган киши табиатга ва ўзга кишиларга уларнинг миллати ва эътиқодидан қатьи назар яхши муносабатда бўлади. «Нафс-и аммора» ва «нафс-и лаввома» деган ибораларни тушунган бола амалдор бўлганда порахўр ва бузуқи бўлмайди. Ҳозир мактабни эмас, олий ўқув юртини битирган ўғил-қиздан сўранг, мазкур сўзларни эшитмаган ҳам. Ваҳоланки, илгари фарзандлар 4—5 ёшдан ўтмай бундай тушунчалар уларнинг қулоғига қуйилган.
X. Д. — Ўтган йили журналимизда «Навоийхонлик» сарлавҳаси остида эски ўзбек алифбосини ўргата бошладингиз. Дастлабки мажлис — машғулотлар чиқиши билан кўплаб журналхонлардан миннатдорчилик хатлари олдик, ҳамон олаяпмиз. Улардан маълум бўлишича, эски ўзбек ҳарфларини ўрганишга иштиёқи баланд ёшлар жуда кўп экан. Редакцияга келган хатларда бевосита Сизга, машғулотни давом эттирган Маъмура Рашидовага миннатдорчиликлар изҳор этилган. Тошкент шаҳар Акмал Икромов райони, дан А. Қобилов, Андижон область Комсомолобод районидаги Педагогика билим юрти толибалари М. Қаюмова, Д. Даминова, Л. Шералиева, Фарғона область Риштон районидан А. Тўхтасинов, В. Назаров, ТошДУ ва ТошПИнинг бир гуруҳ талабалари, Каттақўрғон шаҳридан О. Ҳайдаров, Ленинск шаҳридан Т. Абдураимов, М. Қўчқорова, М. Ражапова, М. Юсупов ва бошқа кўплаб журналхонлар редакциянинг мазкур саҳифасидан беҳад хурсанд эканликларини маълум қилганлар. Андижон район Найман қишлоқ советидан Муқаддас Каримова араб тили мутахассиси бўлиш учун қайси фанларни пухта эгаллаш зарурлигини сўраган.
А. Р. — «Навоийхонлик» саҳифасининг аҳамиятини тўғри ва холис тушунган барча дўстлардан миннатдормиз. Найманлик қизимиз саволига келсак, умуман, қайси соҳа кишиси бўлишдан қатъи назар барча фанлардан чуқур билим эгаллаганга не етсин. Бевосита араб тили мутахассислигини эгаллаш учун эса Тошкент университетининг Шарқ факультетига кириш, у ерга кириш учун чет тили, ўзбек тили ва адабиёти ҳамда рус тилини мактаб ҳажмида яхши билиш керак.
X. Д. — Иваново Энергетика институтида ўқиётган Ғ. Содиқов «Эски ўзбек тилидан янги алфавитга ўтиш қандай ва кимлар томонидан ҳал қилинган?» деб сўрабди. Булунғур район «Ғалабанинг 40 йиллиги» колхозидан хат йўллаган К. Нуржавовнинг саволи ҳам шунга яқин.
А. Р. — Араб ёзувига асосланган ўзбек алифбосида араб тилига хос товушларни билдирувчи ҳарфлар сақланган тожик ва ўзбек тилига хос ундош товушларни ифодалаш учун бир неча ҳарф қўшилган эди. Аммо туркий, жумладан ўзбек тилига хос ҳамма унлилар учун алоҳида ҳарф йўқ эди. Мана шуни ҳисобга олиб, араб ёзувига асосланган унли алифбоси — 20-йиллар бошида ислоҳ қилинди ва 1922 йилда маорифчиларнинг 2-қурултойида маъқуллатиб олинди.
1926 йилда Ўзбекистон Марказий ижроия комитетининг 4-сессиясида янги алифбо қарор қилиниб, аста-секин араб ёзувидан лотин ёзувига ўтиш бошланди ва 1930 йилда бу иш тўлиқ амалга оширилди. Бу алифбо 1935 йилда ислоҳ қилинди. 1940 йилнинг 8 майида Ўзбекистон ССР Олий Совети лотин ёзувидан рус ёзувига ўтиш ҳақида қонун чиқарди ва бу қонун амалга оширилди.
X. Д. — Домла, охирги савол, телеэкранда Навоий ғазалининг шарҳида «ёр» деганда инсон назарда тутилган дедингиз. Ваҳоланки, Навоий «ёр», «висол» деганда худони ва унинг васлига етишни назарда тутган деган қарашлар бор. Шунга нима дейсиз?
А. Р. — Қисқача қилиб шуни айтиш мумкинки, Навоий Муваҳҳид, яъни ваҳдат эътиқодидаги киши бўлгани учун унинг ёри бутун борлиқ, жумладан ҳақ ҳам, инсон ҳам, табиат ҳам. Аммо Навоийнинг ишқи пок маънавий ишқ, шаҳвоний эмас. Буни унинг ўзи айтган:
Ишқ аҳлики, манзурдин истарлар ком,
Ул ком керакки бир назар бўлса тамом.
Гар бўлса назорасида андеша-йи хом,
Кўзларга назар доғи ҳаром ўлди ҳаром.
«Ишқ» деганда жинсий интилишни тушунишга ўрганган кишига пок ишқни тушунтириш учун кўп вақт керак бўлади. Вақт бўлмаганда ёки тушунтириш қийин бўлганда баъзилар Навоийнинг ишқи сен билган ишқ эмас, уники илоҳий ишқ деб гапни қисқа қилиб қўяқоладилар.
Умуман, Навоийнинг ёр, висол тушунчалари юзасидан кўпчиликдан турли мулоҳазалар эшитаман. Мен бу масалага бағишланган махсус мақола ёзишим керакка ўхшайди.
X. Д. — Ўша мақолани бизнинг журналхонларга мўлжаллаб ёзсангиз, эълон қилсак.
А. Р. — Бажонидил. Раҳмат.
“Ёш куч” журнали, 1989 йил, 4-сон