Оноре де Балзак ўлмас ўхшатиш ёзиб қолдирган: «Яхши китоблар ўзига чорловчи юксак тоғларга ўхшайди». Минг афсус, баъзан тоғдан қуйидаги адирлар сароби кўзга чиройлироқ кўринаркан. Ахборот ўчоғининг ачқимтил тутуни димоғимизни ачиштираётгани боис, тоғларга тез-тез боқишдан-боришдан эриниб қолаяпмиз, шекилли… «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов билан суҳбатимизда ана шундай мавзуларда сўз юритдик.
— Болалигимда қишлоғимизда кутубхона бўларди. Ундан мунтазам фойдаланиб турардик. Талабалик кезларимда бир даъфа қишлоққа борсам, кутубхона шип-шийдам, дераза ромларига тахта қоқиб ташланган. Суриштирсам, китоблар туман марказига олиб кетилибди… Аҳрор ака, пойтахтимизда катта-катта кутубхоналар ишлаб турибди, янгилари қуриляпти. Энди қишлоқларимиздаги боягидай бўм-бўш кутубхоналарни тўлдириш вақти етмадимикан?
— Иним Фозилжон, бу воқеа, албатта, ачинарли ва менга эски замонларни эслатиб юборди. Ўшанда сиз, назаримда, журналистика факултети талабаси бўлгансиз-а? Хўш, нега шу ишнинг орқасидан тушмадингиз? Ким кутубхона деразаларига тахта қоқиб кетди, китоблар қаёққа ғойиб бўлди? Бу сафар қишлоққа борганда эски кутубхона биносини бир айланиб кўринг. Аҳволи қандай? Агар абгор бўлса, ҳозир ҳамма жойда тадбиркор, фермер, сармоядор топилади. Бирорта чоғроқ бино топинг. Агар тушунтирсангиз улар бажонидил рози бўлишади, жой беришади, бу ишга ўзлари бош-қош бўлишади. Кутубхонанинг очилиш маросимига Тошкентдан шоир-Ёзувчилар, санъаткорларни олиб бориб, элдошларингизни бир қувонтирайлик. Битта китоб дўкони очасиз. Мен, ўз навбатида, корхонамиз раҳбарияти билан келишиб, имтиёзли нархларда китоблар олдириб бераман. Боринг, майли, пулини китоблар сотилгач қайтариш шарти билан. Шу баҳона бир китоб дўкони очилиб қолади, қишлоғингиз аҳлининг дуосини оласиз. Қолаверса, бир рўзғорнинг қора қозони ҳам қайнайди. Кутубхона масаласида яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, хабарингиз бор, мустақиллик йилларида ўша сиз айтаётган қишлоқларда қанчадан-қанча литсей ва коллежлар, мактаблар қурилди. Табиийки, уларнинг ҳаммаси зарур дарсликлар, бадиий адабиётлар, китобларнинг электрон нусхалари, компютер техникалари билан тўла-тўкис жиҳозланган. Китобга чин ихлос қўйган қишлоқ ёшлари китоб ўқишмоқда, дейиш учун тўла асосимиз бор. Шундай экан, масалани бояги тарзда қўйиш тўғри бўлмас-ов.
— Ривожланган мамлакатларда ноширлар истеъдодли Ёзувчини қидириб юришар экан. Бизда эса акси, «Ёзувчи»ларимиз шоша- пиша қоралаган қўлёзмаларини қўлтиқлаб ўзлари нашриётга чопишади. «Ўз оёғи билан келган» қўлёзмалар нашр қилинади-ю, тағин «ўз оёғи билан» кетади? Шундай бўлгач, ноширларимиз «зубачистка» тишлаб ўтирмасдан не қилсин?
— Жуда ҳам унчалик эмас… Умуман олганда гапингизда жон бор. Ўзбек ноширчилиги ўзбек менталитетидан алоҳида яшай олмайди. Ўзбекчилик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, табиийки, ноширчилигимизда ҳам бор. Оқсоқол адибларга эътибор, ёшларга ғамхўрлик, ўрта ёшлиларни хафа қилмаслик… Мана шундай шароитда ҳам талаб, муносабат, ёндошувни соғлом, катта адабиёт манфаатларидан, ўқувчи орзу-истакларидан, бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб қилсак, эртага уялиб қолмаймиз… «Шарқ» илгари ҳам муайян ноширлик тажрибасига эга бўлган. Мустақиллигимиз шарофати билан китоб ноширлиги ва сотиш ишлари асосан бозор муносабатлари талабларидан келиб чиқиб фаолиятга киришди.Харидоргир асарларни танлаш айнан ўша кезларда бошланди. Биз танловимизни дастлаб таниқли адибларимиз Тоҳир Малик ва Тоғай Мурод ижодига қаратдик. Сўнгра «ХХ аср ўзбек романи» туркумини нашр эта бошладик. Жами 15 номдан иборат туркум бугунги кунда нодир китоблар сирасига киради. Кейин «Сайланма» туркуми дунёга келди. Туркумни машҳур шоир Шавкат Раҳмоннинг «Сайланма»си бошлаб берган. Одатда, Бош таҳририятдан аввал истеъдодни ёки ўқишли асарни газета ёки журнал кашф этган бўлади. Мисол учун, «ХХ аср ўзбек романи» туркуми сараланишида бутун Ўзбекистон Ёзувчилари ва адабиётшунослари қатнашган, газета ва журналлардан муҳаррирлар ва тақризчилар жалб этилган эди. Ўлмас Умарбековнинг «Фотима ва Зуҳра» романи қайта-қайта нашр этилганидан хабарингиз бор. Ана шу асарнинг «журнал варианти» ҳам, «китоб варианти» ҳам мавжуд. «Китоб варианти» асарнинг сайқалланган варианти бўлиб қолди. Бир қанча Ёзувчилар янги асарларини бевосита Бош таҳририят билан ҳамкорликда яратди. Масалан, Аббос Саидовнинг «Беш кунлик дунё», «Кўчада қолган одам» романлари бирданига тўғридан-тўғри китоб ҳолида ўқувчига тақдим этилган. Тоғай Муроднинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. «ХХ аср ўзбек романи» туркуми негизида «Аср ошган асарлар», «Сайланма» туркуми баробарида «Танланган асарлар», «Жаҳон адабиёти дурдоналари», «Жаҳон саргузашт адабиёти», «Севишганлар кутубхонаси» ва бошқа янги туркумлар 1997-2007 йилларда дунёга келдики, бу айнан истеъдодларни ва ўқишли асарларни излаш самарасидир. Бош таҳририят нафақат бадиий китоблар, қолаверса, ижтимоий-сиёсий мавзуда китоблар ношири ҳам ҳисобланади. Буюк аждодларимиз ва қадимий шаҳарларимизга бағишланган албомларимиз, Ўзбекистонда албом ноширчилиги ва матбаачилигини маҳаллийлаштиришга замин ҳозирлади.
Бундан йигирма беш йилча муқаддам албомлар асосан Москвада нашрга тайёрланар, Белград ёки Прагада чоп этилар эди. Эндиликда «Шарқ» ва Бош таҳририят негизида албом ноширчилиги ва матбаачилиги тўла-тўкис маҳаллийлаштирилди, яъни мураккаб ва сермеҳнат китоблар таннархи арзонлаштирилди. Аста-секин дарсликлар ва ўқув қўлланмалари ноширчилигига ҳам ўтилди. Янги аср бошларига келибгина тўлақонли нашриёт даражасига кўтарила олдик. Ана шунда Ўзбекистон китоб бозорида ўз савдо тармоғимизга ва тизимимизга эга бўлиш зарурати туғилди. Қисқасини айтганда, Ўзбекистон китоб бозори талаблари биронта ноширни сиз айтгандай тиш ковлаб ўтиришга қўймайди. Хуллас, қиладиган ишларимиз кўп….
Хусусан, китоб савдосини ривожлантириш керак. Илгари ношир китоб савдоси билан шуғулланмасди. Бу учун алоҳида тизим — «Ўзкитобсавдо» ташкилоти бўларди. Умуман олганда ҳозир ҳам бу ташкилот бор. Бироқ унинг фаолияти нимадан иборат эканини билмайман. Масалан, улар бизнинг бирорта китобимизни олмаган. Биз жойларда китоб дўконлари очяпмиз. Аммо бу жуда оғир ва серхаражат иш. Бирор туманга бориб жой қидириш, ё бино қуриш, ё бирор тадбиркорнинг тайёр жойини ижарага олиш, уни жиҳозлаш ва ҳоказо. Дўкон очилгандан кейин ҳам харажатларни қоплашга 3-4 йил кетади. Шуни билингки, ҳеч бир нашриёт бадиий адабиёт чоп этиб бой бўлмаган. Чунки китоблар 2-3 йил, баъзан 4-5 йилда сотиб бўлинади. Қилинган харажатларнинг 4-5 йилда қопланиши эса тадбиркорлик нуқтаи назаридан даромадли иш эмас. Шунинг учун жойларда маҳаллий ҳокимият, (Ҳали ҳам бирорта китоб дўкони йўқ туманларимиз бор) тадбиркорлар томонидан китоб дўконлари очилса, мактаб кутубхоналарининг эски китоб фондлари изчил, тизимли тарзда янги адабиётлар билан тўлдириб борилса, кутубхоналар фаолияти тубдан яхшиланса, китоб савдоси ташкилоти фаолияти тубдан янгича йўлга қўйилса, китоблар ҳам кўпаяди, тираж ошади, демак нархи ҳам арзонлашади, халққа яхши китоблар етиб боради.
Китоб тарғиботининг муҳим шарти реклама. ОАВда, яъни ТВ, радиода реклама эса қиммат туради. Эгаридан тушови қиммат дегани шу. Кир совун ёки кир ювиш кукуни билан китоб рекламасининг нархи бир хил. Менимча, китоб рекламаси нархини кескин арзонлаштириш ёки бутунлай текин қилиб қўйиш керак.
— Инсон ўқишдан тўхтаса, фикрлашдан тўхтайди дейди файласуфлардан бири. Фақатгина телефондаги СМСу интернетдаги Фейсбук ёзишмаларини ўқиётган тенгдошларимиз фикрлаяптими ё шунчаки овунишяптими?
— Саволингизга жавоб беришдан аввал Ню-Ёрк шаҳрида бўлиб ўтган китоб кўргазмасидаги бир ҳодисани айтмоқчиман. Ўшанда журналистлар бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратишганди. Ана шу кўргазмада, дейлик, Лев Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» романи ҳам электрон нусхада, ҳам алоҳида китоб тарзида тақдим этилган. Босма китобга қараганда кўпроқ безатилган электрон нусхадаги тегишли тугмачаларни босиб, исталган саҳифани очиб ўқишингиз, айни маҳалда бошқа турдош манбалардан Лев Толстой ёки «Уруш ва тинчлик» ҳақида қўшимча маълумотлар олиш имкониятлари мавжуд бўлган. Бироқ кўргазмага келганлар кўпроқ «Уруш ва тинчлик»нинг босма нусхаси билан қизиққан. Бу нарса, мутахассисларнинг фикрича, босма маҳсулот кўринишидаги китоб яна энг камида ярим аср давомида харидоргир маҳсулот бўлиб қолишидан далолат беради. Негаки, босма маҳсулот кўринишидаги китоб «моддий товар»дир. Китобдан нафақат ахборот ташувчи манба, қолаверса, хонадон ёки офисни безатувчи ашё сифатида фойдаланиш ҳам мумкин. Электрон маҳсулот сифатидаги китобга «вирус» тушиши ёки исталган ўзгартириш киритилиши мумкин, китоб эса бир умрлик товардир. Китоб ёки китоб иши юзага келишида Инсоннинг Ёзувга ёки ёзилган нарсаларга қатъий ишончи муҳим омил бўлган. Электрон маҳсулот кўринишидаги китобга ўтилиши учун маълум вақт ва мослашув даври талаб этилади. Шундай бўлса-да, «Шарқ» нашриёт-матбаа актсиядорлик компанияси Интернетда ўз веб-сайтини очди, кейинги 20 йилда нашр этилган китоблар аннотатсияси, сурати ва саҳифаланган матни билан бирга таништириб борилмоқда.
— Эсимни танибманки, «Бозор адабиёти» деган тушунча ишлатилаётганига гувоҳ бўлиб келяпман. Китобхонлар ҳамон «бир марта ўқигулик китоблар»га алданяпти. Бу тушунчанинг жамиятимизга кириб келишига қандай куч сабаб бўлди экан-а?
— Қадимги Шарқда қарийб 100 га яқин шоирлар «Хамса» яратган. Аммо Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоий «Хамса»ларини бутун жаҳон тан олади. Наполеон Бонапартнинг Россиядаги урушлари ҳақида юзлаб китоблар, жумладан, бадиий асарлар яратилган, бироқ, Лев Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» эпопеяси жаҳон адабиёти биносидаги пишиқ ва тўғри қўйилган ғишт саналади (Габриел Гарсиа Маркес ибораси). «Бир марта ўқиладиган ва ташлаб юбориладиган» ёки «булвар» китоблар барча мамлакатларда мавжуд бўлган ва бўлаверади. Бинобарин, хиёбонда скамейкада ўлтириб ўқиб, дам олиб бўлгач, ташлаб кетиладиган, бир марта завқ билан ёки зериккандан ўқиладиган китобларга шундай нисбат берилади. Ташлаб кетишни ташлаб юбориш, деб ўйламанг. Умуман чел элда яхши бир одат бор. Ўқиладиган нарса у хоҳ китоб, хоҳ газета-журнал бўлсин, хиёбондами, бекатдами, метродами, тураётиб ўз ўриндиғига қўйиб кетади. Унинг ўрнига ўтирган бошқа одам бехижолат ўқиб кетаверади. Александр Дюманинг «Уч мушкетёр» романи ҳам Париж булварларида ўқилган, ташлаб кетилган китобчалар кўринишида дунёга келган. Дурдона китоблар замонда ўз умрини яшайди, вақт ўтгани сайин қадр-қиммати ортиб бораверади. Афсуски, кейинги йилларда адабий газета ва журналларимизда буюк ва дурдона асарлар деярли муҳокама қилинмасдан, мутолаа маданияти ва умуман китоб бозоридаги аҳвол деярли ёритилмасдан қўйилди.
— Яқинда «Шарқ зиёкори» дўконида нашриётларингизда чоп этилаётган совғабоп асарларни кўрдим. Нархи қиммат бўлса-да, бежиримлиги қўзни қувнатади. Иқтисодий жиҳатдан бақувват, бой нашриётларгина шундай ишларга қўл уриши мумкин, деган фикр хаёлимдан ўтди.
— «Шарқ» компанияси китоб ноширчилигини йўлга қўйиш ва ривожлаништиришга қатъий киришганидан бери ҳар йили ўртача 125-150 номда мустақил китоблар дунёга келдики, Бош таҳририят тузилганидан бери нашр этилган китоблар умумий номи 3000 тага яқинлашиб қолди. Ана шу китоблар орасида устига алоҳида ғилоф қопланган «совғабоп» нусхалари тайёрланиши (100 тадан 500 нусхагача) ноширчилик ва матбаачилик, умуман, китобат ишимизда ўзига хос янгилик бўлди. Тўғри, бундай китоблар анча қиммат туради. Лекин «арзоннинг шўрваси татимас» деганларидек, китоб эгаси ўзи сотиб олган босма маҳсулотни ниҳоятда қадрлайди, уни авлоддан-авлодга бутун ва кўркам ҳолда етиб боришига ҳаракат қилади. Маълумки, Шарқда, хусусан, Бухоро ёки Хивада хонлар ва амирлар саройи кутубхоналарида энг нодир ва дурдона китоблар сақланган. Айнан давлат китоблар ҳатто дипломатик совға бўлгани учун китобат ишига мадад берган, назорат қилиб турган… Саволингиз бироз бир ёқламароқ. Биз қиммат китобларни, яъни совғабоп китобларни тайёрлашни энди-енди йўлга қўйяпмиз. Бу нашриёт бойиб кетганидан эмас. Бу, яна қайтараман, бозор талаби, бугунги кун, бугунги шароит, имконият талаби. Китобхонларнинг чиройли безатилган, кўркам, қимматбаҳо китобларни сотиб олишга қурблари келмоқда. Халқимизнинг маънавияти бойимоқда. Бу қанчалар яхши! Бу бугунги кун талаби, шарт-шароити, жаҳон андозаси.
— Сизнингча, китоб ўқиган одам бахтли бўлиши мумкинми?
— «Дунёни гўзаллик қутқаради» деган гап бор. Лекин мен кўпроқ «Дунёни китоб қутқаради» деган гапга ишонаман. Кўз олдимдан кетмайди, ўтган йили Фукусима фожиаси бўлган кезлар, талафот кўрганларнинг бир гуруҳи яқинроқ мактабнинг спорт залига жойлаштирилган ҳолат телевизор орқали кўрсатилди. Бор будидан жудо бўлган бир япон йигит чойшабга ўралиб, спорт зал полига мук тушиб китоб ўқирди. Яна ўша телелавҳада эгасиз супермаркетга кирган бир япон икки дона сувни олди-ю, чиқиб кетди. Ажаб, шундай фожиа юз берса-ю, бирорта «мародёр», яъни кафандузд бўлмаса?! Бу китобнинг, маърифатнинг шарофатидан десам ишонаверинг… Иккинчи жаҳон урушида енгилган японларнинг бугунги тараққиёти замини ҳам нимадан, деб ўйлайсиз? Албатта, китобдан… Мен китоб ҳақида кўп гапираман: телевидение, радио, газеталарда. Баъзан савол беришади: «Гапингиздан шундай маъно чиқадики, китоб ўқиган одам бахтли бўлар экан-да?» Қанийди «ҳа» деб баралла айтолсам… Йўқ, ҳамма китоб ўқиган ҳам бахтли бўлавермайди. Гарчи китоблар бахтга етиш йўлини кўрсатиб берса ҳам. Лекин бир нарсага аминман, китоб ўқиган одамдан асло ёмонлик чиқмайди, у балки жуда бой, тўкис яшамас, лекин тўғри, ҳалол яшайди, қаноатли бўлади. Ички бутунлик, хотиржамлик, кўзи тўқлик унинг ҳаётига нур, файз, мазмун бахш этиб туради. Аслида шунинг ўзи бахт эмасми?! Бот-бот кўришганимизда прокуратура тизимида хизмат қиладиган танишларимдан сўрайман: «Жиноят содир бўлишидан олдинги ҳолатлар, жиноят мотивларида китоб борми, ҳеч китоб ўқиб ўтириб, уни шартта ёпиб, шу ишига қўл урган ҳолатлар-чи?» Улар доим «йўқ» дейишган. Одам телевизор кўриб, видео кўриб, компютердан туриб, тўйдан чиқиб жиноятга қўл урган бўлиши мумкин, фақат китоб ўқигандан кейин эмас… Мана шу биргина ҳолатнинг ўзи ҳам китобнинг шахс ва жамият ҳаётидаги ўрнини кўрсатиб беради. Демак, биз китобни кўпроқ тарғиб қилсак, уни ҳаётимизнинг ажралмас бир қисми, турмуш тарзимизнинг ўзига хос бир кўриниши деб билсак, аввал ўзимиз, кейин фарзандларимиз, невараларимиз онгига буни сингдиришимиз керак. Шунда жамият ҳаёти ҳам тобора соғломлашиб боради.
Қайсидир мамлакатда бир оила кенгашган ҳолда хонадондаги бир қанча техника воситаларидан — телевизор, радио, сотка, компютердан фойдаланмасдан, нодир бадиий асарларни ўқий бошлашибди. Орадан ярим йил ўтгач, улар жуда кўп асар мутолаа қилишга улгуришган экан. Алқисса, ахборотлар оқими замонида Балзак айтган чўққини забт этиш учун бундан бошқа чора йўққа ўхшайди!
Фозил Фарҳод ўғли суҳбатлашди.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).