Ўзбек адабий тилининг бошқа халқлар тилларидан қолишмаслиги, унда ҳам исталган жанрда беназир, бадиий, етук илмий асарлар яратиш мумкинлигини Алишер Навоий ўзининг ижодий меросида исботлаб берди. Шу боис шоир асарлари неча асрдан буён адабиётимиз хазинасини бойитиб келмоқда.
Атоқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққулнинг Навоийнинг шахсияти, дунёқараши, ижодининг бадиий жозибаси ҳақида олиб борган илмий тадқиқотлари ва мақолаларини мароқ билан ўқимаган китобхон бўлмаса керак.
– Кўнглумда не маъни ўлса эрди пайдо, Тил айлар эрди назм либосида адо. Ул назмға жонин қилибон халқ фидо, Солурлар эди гумбази гардунға садо…Навоий шеъриятини теран англаган кишилар кўнглида мана шундай садо янграйди, — дейди суҳбатимиз аввалида Иброҳим Ҳаққул.
— Мана, беш юз йилдан ортиқ муддатки, Алишер Навоий шеърият мулкининг султони сифатида халқимизнинг фахрига айланиб келмоқда. Лекин Навоийнинг Навоий бўлишида темурийзода Ҳусайн Бойқаро бошқарган салтанат ҳам муҳим ўрин тутади. Бу икки буюк зотни боғлаган улуғ ришталар, муштарак мақсадлар талайгина. Келинг, суҳбатимизни ана шу мавзудан бошласак…
— Ҳусайн Бойқаро ва Навоий муносабати, улар орасидаги ахлоқий, сиёсий, маданий алоқалар навоийшуносликдаги долзарб мавзулардан бири. Бу ҳақда маълум бир фикрлар айтилган бўлса ҳам, шўро мафкураси эркин гапириш ва Бойқаронинг тарихий хизматларини холис баҳолашга тўла имкон бермаган. Ҳолбуки, Бойқаронинг ҳукмдорликдаги ютуқ ва зафарларини Навоийсиз, Навоийнинг ижоддаги оламшумул натижаларга эришишини Бойқаросиз тасаввур этиш мумкин эмас. Навоий ва Бойқарони энг аввало болалик, ўсмирликнинг беғубор ҳислари ўзаро яқинлаштирган. Кейин уларни давлат, салтанат, миллат манфаатлари камарбаста айлаган. Албатта, шоҳликнинг ўзига хос мураккаблик ва кескинликлари бўлган. Лекин Навоий буларнинг аксариятига чидаб, Бойқарони эзгу ишларга чорлашдан ҳеч чекинмаган. Бойқаронинг улкан салтанат соҳиби сифатида шуҳрат топишида Навоийнинг хизматлари беқиёсдир.
— Хуросон ва Мовароуннаҳр тарихида Навоийнинг нафақат буюк шоирлик сифатлари балки қудратли шахс бўлгани, сиёсий фаоллиги, бунёдкорлик ишларидаги ғайрати алоҳида тилга олинади. Бугун Навоийнинг қайси жиҳатларини чуқур ўрганмоқ муҳим, деб ўйлайсиз?
— Одамлар ҳаётини умумий тарзда иккига ажратиш мумкин. Биринчиси, табиий, яъни содда, тўғри, ҳалол, самимий, айни пайтда бир қадар қийинчилик, азият, андуҳ ва армондан холи бўлмаган турмуш тарзи. Кўпчилик доим шундай яшаган. Иккинчиси, сунъий, яъни алдам-қалдам, ёлғон, алдов ва ҳар турли найрангбозликларга асосланган ҳаёт тарзидир. Гапнинг очиғини айтадиган бўлсак, одамлар олдинги даврдагиларга нисбатан бир-биридан кўпроқ чўчийдиган, бир-бирига инонмайдиганроқ бўлиб қолишди. Нега? Чунки табиий ҳаёт тарзи қанақа-ю, сунъий ҳаёт йўли қанақа – буни фарқлаш, бунга муносабат билдириш истаги сезиларли зайлда сусайди.
Табиий ҳаёт тушунчасини чуқур англаш ва уни чидам ила амалда жорий эта билиш ҳикматини, менимча, бугун кўпроқ Навоийдан ўрганиш зарур. Ана шунда адашиш, чалғиш, иккиланишлар анча камаяди. Миллат, юрт, ҳақиқат, илм-маърифат дарди билан яшашда Навоий шахси ва фаолияти энг улуғ ибратдир…
– Навоий ва Жомий ўртасидаги устоз-шогирдлик ришталари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз…
— Ҳазрат Жомийнинг пурмаъно ижод хазинаси бизга нечоғли қадрли бўлса, унинг Алишер Навоий билан дўстлиги, устоз-шогирдлиги шу даражада эътиборли ва эҳтиромли. Бу – халқлар, адабиётлар, илм-фан, маданиятлар тарихида ниҳоятда сийрак учрайдиган ҳодиса. Жомий ва Навоийга ўхшаб дунёқараши-дунёқарашига, шахсияти-шахсиятига, маслаги-маслагига боғланиб, ижодиёти ва маҳорати ўзаро уйғунлик касб этган икки миллат, икки адабиёт вакилини адабиётимиз тарихида кам кўрганмиз. Асарларида Навоий Жомий таърифида, Жомий Навоий мадҳида сўз юритар экан, уларнинг ҳар иккаласи ҳам гўё бир тафаккур иқлимида нафас олиб, бир дард ва шодлик гулшанида кезиб улуғ истеъдод, мислсиз бадиий кашфиётларни шарафлаётганга ўхшайди. Навоийнинг Жомийга, Жомийнинг Навоийга қалб яқинлиги, меҳр-муҳаббати, ишончи қандай бўлса, уни ўшандоқ ўрганиш лозим. Жомий ижодиётини ўқиб-ўрганмай, Навоий шаънига мадҳия тўқиш тарихий, ҳаётий, бадиий ҳақиқатга қанчалик зид бўлса, Навоий даҳосининг куч-қувватини ҳис қилмай, ижодиётининг моҳият оламига кириб бормай Жомийнинг Навоийга таъсири хусусида мубоҳаса бошлаш шунчалик бемаъниликдир.
— Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида энг кўп келтирган китоблардан бири Али бин Усмон Абу Али Жўлобий Ҳужвирийнинг “Кашфуъл маҳжуб”идир. Бу нодир асар нимаси билан шундай улуғ шоирнинг эътиборини қозонган?
— Али бин Усмон Абу Али Жўлобий Ҳужвирий ХИ асрнинг иккинчи ярмида Ғазнавийлар давлатининг пойтахти Ғазнада яшаб ижод қилган. У ҳам шоир, ҳам сермаҳсул олим бўлган. Лекин унинг энг машҳур асари “Кашфуъл маҳжуб”дир. Ҳужвирий бу китобни ёзишда Суламийнинг “Табақоти сўфийя”, Абу Наср Саррожнинг “Ал-Лумъа”, Қушайрийнинг машҳур рисоласидан фойдаланган. Ва ўз навбатида тасаввуф масалалари тадқиқига бағишланган бу бебаҳо китоб Атторнинг “Тазкиратуъл авлиё”, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафоҳат ал-унс”ининг ёзилишига таъсир ўтказган. У етти қисмдан таркиб топган. Учинчи қисмда тасаввуфий фирқалар (мазҳаблар) ва қарашлар ёритилган бўлса, тўртинчи қисмда тасаввуфий ҳақиқатлар ва муомалалар хусусида фикр юритилган. Менимча, “Кашфуъл маҳжуб”нинг ниҳоятда қизиқарли саҳифалари етти бўлимдан иборат сўфийларнинг ҳол таржималарига доир фикр-мулоҳазалардир.
Китобдан ўрин олган маломатийлар тўғрисида айтилган гаплар ҳам алоҳида диққатга лойиқ эрур. Олмониялик машҳур тасаввуфшунос олима Анна Мария Шиммелнинг таъкидлашича, “Ҳужвирийнинг энг муҳим янгилиги “Кашфуъл маҳжуб”ни форсийда ёзгани ва тасаввуф адабиётида янги бир даврнинг бошланишига эришганидир”. Бу китоб аввало ана шу жиҳатдан Навоийнинг диққатини ўзига жалб этган. Шунингдек, тасаввуфнинг бир қатор мураккаб ва мунозарали муаммоларини осон англашда буюк шоирга яқиндан ёрдам кўрсатган. Умуман, Навоийнинг Ҳужвирийга муносабатини тадқиқ этиш бир қанча янгиликларга йўл очиши шубҳасиздир. Боз устига Ҳужвирий Фарғонага ҳам саёҳат қилиб, турк машойихлари тўғрисида гапирган.
– Навоийшунос олимларнинг кўпчилиги «Навоий хослар шоири» дейишади. Сиз улуғ шоир асарларининг ирфоний моҳияти, илоҳий ҳақиқатлари ҳақида нима дейсиз?
– Чекланиш, маҳдудлик майда шахсиятли ижодкорларга хосдир. Навоий эса даҳо санъаткор, яъни бутун миллат ва инсоният шоири. Унинг ирфоний қараш ва ифодаларида ҳам ҳеч қанақа чегараланиш йўқ. Фақат Навоийни англашда оқсамасак бўлгани. Ана шунда хосу авомга ажратишга ҳеч ҳожат қолмайди.
— Навоий ижодига бўлган қардош халқларнинг бугунги муносабати, эътирофи ва асрий алоқалари ҳақида гапириб берсангиз?
— Навоий қардош халқлар томонидан ҳамиша меҳр-муҳаббат билан ўқилган, бундан сўнг ҳам шундай бўлаверади. Бунинг бир далили ўлароқ ўтган йили Озарбайжоннинг маркази Боку шаҳрида буюк бобомизга қўйилган ҳайкални эслатиш мумкин.
— Навоий нафақат ғазалларини, балки, замондошларининг ҳам минглаб мисраларини ёддан билган. Бугунги айрим шоирлар Навоийни ўқиш у ёқда турсин, ўз шеърларини ҳам ёддан айтиб беролмайдилар. Умуман, бугунги ижодга бўлган талаб сизни қониқтирадими?
— Шеър ҳақиқий завқ, юксак илҳом маҳсулидан яралса, хотирада албатта сақланиб қолади. Нафсоний майллардан пайдо бўлган қофияли мисралар эса деярли ҳеч кимнинг ёдида қолмайди. “Ижодга бўлган талаб”га келсак, менимча, бундай тушунчанинг ўзи бугун деярли унутилди. Адабиётнинг ҳозирги ҳолати – қаровсиз бир аҳволда. Ким нимани хоҳласа, шуни ёзаётир. Ким эпласа, ўша китоб чиқараётир. Яроқлиси қайси, қай бирлари яроқсиз – бу хусусда бош қотирувчи ҳам, гапирувчи ҳам топилмайди. Бу ҳолат яна маълум бир муддат давом этса, адабий танқид ва адабиётшуносликни эслатишга ҳам ҳожат қолмайди. Бунақа лоқайдлик, бунақа бетарафлик қаёндан бош кўтарди – буни изоҳлаш қийин.
– Китобхонларимизга Навоий асаридаги энг яхши кўрган байтингизни шарҳлаб берсангиз?
— Агар сўзи чиндур — кўринур юзи, Кўринмас юзи — бўлса ёлғон сўзи.Бу байт “Садди Искандарий” достонидан. Унда фақат рост сўздагина инсон мустақил қиёфа касб эта олиши, ёлғон сўзлаш эса маънавий-ахлоқий қиёфадан маҳрумлик экани таъкидланган. Бизнингча, энг ёмон юзсизлик ҳам мана шу.
Адиба Умирова суҳбатлашди
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).