Адабиёт ҳақида бир-бирига ўхшамаган ҳар хил фикрлар барча даврларда бўлган. Уни баҳолашда шахсий фикрнинг кўпроқ ўрин олиши ҳам адабиётнинг холислиги билан боғлиқ. Эътиборингизга тақдим қилинаётган суҳбатда адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Қуанишбой Ўрозимбетов ва таниқли ижодкор, Қорақалпоғистон халқ шоираси Гулистон Матёқубовалар адабиётга оид турли хил муаммолар атрофида сўз юритишади.
Қ.Ўрозимбетов. Агар қарши бўлмасангиз, Сизга Гулистон опа, деб мурожаат қилсам, суҳбатимиз самимий бўлади деб ўйлайман. Сиз билан адабиёт ҳақида суҳбатлашиш иштиёқи пайдо бўлганидан бери анча вақт кечди. Тўғрисини айтсам, бунга “Қорақалпоқ адабиёти” газетасини нашр қилишни ўзингиз бошлаб, меҳнат қилиб, дунёга келтиришдаги заҳматларингиз туртки бўлди. Бундай газетанинг зарурати аллақачон пайдо бўлган бўлса ҳам, уни чиқаришга ҳеч ким, ҳаттоки шу адабиётнинг жонкуяриман, устуниман деб юрганлар ҳам ҳали бел боғлаб майдонга чиқмаган эди. Агар сир бўлмаса, тўғрисини айтинг, бу газетани нашр қилишга ўзингизда қандай журъат ёки зарурат сездингиз? Газетанинг келажаги қандай бўлади деб ўйлайсиз? Бугунги кунда газета учун обуна уюштириш ёки уни киоска орқали сотиб олишни ташкил қилиш ҳам албатта осон иш эмас-да…
Г.Матёқубова. Ўрта аср Шарқининг буюк алломаларидан бири Жалолиддин Румий “Сўз – либос. Маъно – унда яширин асрор” деган экан. Яъни, сўзлашмоқ – суҳбатлашмоқ, сўзлар моҳиятига етиб бормоқ учун Сиз танлаган услуб маъқул деб ўйлайман. Айниқса адабиёт ҳақида суҳбатлашмоқчи бўлсак. Зеро адабиёт – инсон ички оламини, руҳиятни акс эттирувчи кўнгил кўзгуси, кўздаги ва қалбдаги маъноларнинг акс-садосидир. Мана йиллар йилларга уланиб бормоқда. Мустақил давронимиз бошланганига ҳам йигирма икки йил бўлди. Ўша йили дунёга келган болалар бугун балоғат ёшида. Биз тамомила янги жамият барпо этдик. Эндиликда дунё давлатлари Ўзбекистон билан қонуний равишда ҳисоблаша бошладилар. Айниқса, Қорақалпоғистонимизнинг кейинги йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, халқимиз турмуш фаровонлигининг ошиши, қишлоқларимиз қиёфаси ўзгариб бораётганлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Бугунги кунда бутун дунёнинг ривожланган мамлакатлари каби, Қорақалпоғистонимизда ҳам ўз кийим фабрикаларимиз, ўз ипак газламаларимиз, соф чармдан тикилган пойафзалларимиз ва бошқа кўплаб озиқ-овқат, саноат маҳсулотларимиз пайдо бўлмоқда. Устюрт текисликларидан топилаётган газ, нефть конлари ҳали бу юртнинг келажаги яна ҳам зўр бўлишидан дарак бермоқда. Биз ижод аҳли эса бу ютуқлар ҳақида тўлиб-тошиб ёзишимиз, янги асарлар яратиб, халқимизга тақдим қилишимиз керак.
Менинг миллатим ўзбек. Лекин менинг етти авлод ота-боболаримнинг ҳам, менинг ҳам киндик қоним шу тупроққа тўкилган. Шу юртда туғилганим эса менинг бахтим. Қорақалпоқ халқининг бой оғзаки ижоди билан ошно бўлиб ўсдик. Адабиётга шу халқнинг бой маънавий меросларини ўқиб кириб келдик. Қорақалпоқ миллати ва халқини адабиёт орқали дунёга танитган Тўлепберган оға ва Ибройим оғалардан кейин улар каби улуғ ижодкорлар яна пайдо бўлишига ишонаман. Токи, улар қорақалпоқ халқининг оғзаки ижодини, XIX-XX аср адабиёти намояндалари тўғрисидаги асарларни таҳлил қилсинлар, XXI аср ва янги ҳаётнинг достонларини, қисса ва романларини яратсинлар. Ижодкорман деб, қўлига қоғоз-қалам олган айрим ёш йигит-қизларимиз юзаки, сохта сўзлар билан эмас, балки қалбларида Ватанига ҳақиқий меҳр туюб, ундаги улуғворлик, яратувчилик моҳиятини юрак-юракдан ҳис этиб, жонидан ўтказиб, юксак савиядаги, улуғ асарлар яратишларини истайман.
Адабиётшунос олимларимиз бу соҳада албатта қорақалпоқ халқи мумтоз адабиётининг дунё адабиётида тутган ўрни, мустақиллик даври тўғрисида илмий асарлар, рисолалар, мақолалар яратмоқдалар. Бу жараённи янада жиддий давом эттириш адабиётимиз ривожида сув билан ҳаводек зарур.
“Қорақалпоқ адабиёти” газетаси тўғрисидаги фикрларингиз балки тўғридир. “Бу газетанинг зарурлиги аллақачон пайдо бўлган бўлса ҳам уни чиқаришга ҳеч ким, ҳаттоки шу адабиётнинг жонкуяриман, устуниман деганлар ҳам бел боғлаб чиқмагани ҳақ” деяпсиз. Лекин ижод аҳлининг руҳи шу газетадан қувват олиши ҳам бор гап. … Мен яқинда ўтган асрнинг 60-йилларида авайлаб-асраб келаётган бир дафтаримни қўлёзмалар ичидан топиб, аста варақладим.
Дафтарда пала-партиш, турли мавзуларда ёзилган шеърлар бор эди. Уларга кўз югуртириб, ўша болалик, ўсмирлик йилларидаги ҳолатга тушдим. Шамолдай тез келувчи орзулар, умидлар… Атрофимда эса ҳеч ким менинг бундай ҳолатларимни англамас, тушунмас эди. Менга фақат китоблар устоз эди…
Шуларни эслаб, бугунги кунда ўша менинг ёшимдаги ўсмирларнинг кунора “Қорақалпоғистон тонги” газетаси таҳририятига олиб келаётган шеърлари, ҳикоялари тўғрисида ўйладим. Албатта, уларнинг барчасини таҳлил қилишга, газетада ёритишга имконият йўқ… Газета ҳам адабиёт газетаси эмас.
Бизнинг давримиз ёшларига бугунги мустақиллик йилларидагидек билим ва ижод эшиклари очилиб, кенг имкониятлар яратиб берилмаган эди. Агар бугунги кунда шу имкониятларга қўшимча, фақат адабиётга хизмат қилувчи бир нашр яратилса, ёш истеъдодлар учун ҳам минбар, ҳам устоз пайдо бўларди, деб ўйладим.
Бу ниятим мақсадга айлангач эса, қорақалпоқ халқининг бой халқ оғзаки ижоди тўғрисида фикр юритдим. Тўғри, бу бой мерос 100 жилдлик тўпламларда жамланаётганлиги маълум. Лекин достонлардаги фалсафа, моҳият таҳлили ҳали кам ўрганилган. Адабиётшунослар эътиборини шу масалага қаратиб, чуқур таҳлиллар орқали халқ оғзаки ижоди, достончилик, уларнинг пайдо бўлиши ва мангулик умри, улардаги образлар, воқеа ва ҳодисалар ҳақида ёзилса мақсадга мувофиқ бўларди. Қолаверса, бугунги қорақалпоқ адабиёти қай зайлда пайдо бўлди. Йиллар давомида турли нашрларда хилма-хил услубда кўпгина олим-адабиётшунослар томонидан қаламга олинган бу тарих давр ва сиёсат домига тушиб, асл ҳақиқатини йўқотиб, турлича талқин қилиниб келганлиги ҳақ гап эмасми?
Ўтган аср бошларида қорақалпоқ халқининг маънавий ҳаётида жуда оғир йиллар бўлди. Ўз халқининг онг-тафаккури бой бўлиши, ёшлари таълим олиб, баркамол инсонлар бўлишини орзу қилиб қорақалпоқ алифбосига асос солган атоқли адиби (Сайфулғабит Мажидов) қораланиб, ўлимга маҳкум қилинди. Бердақ ва унинг замондошлари мероси “буржуа адабиёти” деб қораланди. Бахши-жировлар куйлаган достонлар ҳам эскилик қолдиғи деб ўрганиш, таҳлил қилиш маън қилиб қўйилди. Қорақалпоқ халқининг қадрият ва урф-одатларини ҳам бидъатга йўйишди…
Бундай мулоҳазаларни яна ва яна давом эттиравериш мумкин. Мен эса агар фақат Қорақалпоқ адабиётига хизмат қилувчи замонавий газета пайдо бўлса, бу тарихнинг янгиланишига хизмат қилиши шак-шубҳасиз, деган фикрга келган эдим ўшанда.
Яна бир ниятим қорақалпоқ адабиётининг ўзига хослигини сақлаб қолишга замин яратиш эди. Бошқа миллат вакилларига ҳам тегишли бўлган бундай ўзига хослик йўқолиб кетмаслиги керак, бунинг учун эса ҳамма ҳаракат қилиши лозим.
Мен адабиётшунос олим эмасман, лекин юқоридаги фикрларимни тўлиқтириб айтишим мумкинки, ҳар қандай миллий адабиётга албатта ўзга адабиёт намояндаларининг бадиий маҳорати ва услублари кириб келиши керак. Мана шундай эзгу мақсадли фикрлар “Қорақалпоқ адабиёти” газетасининг 4 тилда – қорақалпоқ, ўзбек, рус, инглиз тилларида чиқишига сабаб бўлди.
Қ.Ўрозимбетов: Раҳмат! Сизнинг бу эзгу ниятингиз ва ишларингизда муваффақиятлар тилайман. Сиз ўз сўзингизда қай бир адабиёт бўлмасин, унга ташқи таъсир бўлишини айтдингиз. Албатта, шундай. Дунё адабиётнинг ривожланиш тарихида ташқи таъсирсиз ёки ўзлаштиришсиз алоҳида бир тарзда ривожланган биронта ҳам адабиёт йўқ. Боиси шуки, бадиий адабиётнинг ривожланиш тарихига назар ташласак, бундай алоқаларни жуда кўплаб учратамиз. Ҳар хил географик кенгликда яшайдиган халқларнинг фольклорида, адабиётида бирдек кўчма сюжетларнинг учрашини, қадимий грек мифларининг жаҳон халқлари адабиётларининг аксариятига таъсир қилишини шу нуқтаи назардан изоҳлаш ҳам мумкин.
Адабиётга ташқи таъсир деганда биз сўз юритилаётган адабиётнинг бошқа адабиётлардан ўрганишини, ўзлаштиришини тушунамиз. Таъсир этиш эса адабий ижодга бошқа нуқтаи назарларнинг, ғояларнинг, бадиий тамойилларнинг таъсиридир. ўзлаштириш эса ижодкор томонидан баъзи сюжетларни, мотивларни, текст (матний) фрагментларни фойдаланиш (бир ҳолатларда – пассив, иккинчи ҳолатларда ижодий фаоллик билан). Бу йўналишда муайян олимларнинг фикрлари бор. “Ташқаридан ижобий таъсир ва ўзлаштириш ҳар хил, аксарият ҳолларда бир-бирига ўхшамаган адабиётлар ўртасида мустаҳкам ижодий алоқа ўрнатади”, деган эди ҳозирги рус адабиётшунослик илмининг энг кўзга кўринган вакили, академик Е.Хализев. “Халқ орасида адабий алоқалар (ўзининг таъсирчан кўринишларида) адабиётларнинг ривожланишини таъминлай туриб, уларнинг миллий хусусиятини ривожлантиради” дейди атоқли ўзбек адабиётшуноси Наим Каримов.
Лекин ташқи адабий таъсир ҳар доим ҳам ижобий кечавермайди. айниқса, катта халқлар адабиётининг кичик халқ адабиётига таъсири ўша халқнинг тарихий-сиёсий ривожланишининг муайян бир қисмида жуда кучли бўлса, кичик адабиётга ўзининг кўпгина миллий удумларидан айрилиб қолиш хавфи туғади. Буни яқин ўтмишдаги Совет давридаги миллий адабиётларга рус адабиётининг таъсиридан кўрдик.
Бундай ҳолатлар ўзбек адабиётида ҳам ўрин олган эди. Шуни ҳам айтиш керак, ўзбек шоирлари бу йилларда рус ва жаҳон шеърияти дарғалари тажрибасидан фойдаланар экан, оддий тақлид қилиш ҳолатлари ҳам учраб турди. Айниқса, В.В.Маяковскийнинг новатор шеърияти сирларини етук тушунмасдан, “зинали” шеър шаклини ўзбек шеъриятига механик тарзда кўчириш ҳолатлари ҳам кўринди. Лекин кейинроқ ўзбек шоирлари ҳам, қорақалпоқ шоирлари ҳам бундай адабий таъсирнинг оқибатини тўғри тушунди ва бу йўлдан қайтди.
Энди, адабий таъсир масаласини шу ерда тўхтатиб, умуман адабиёт ҳақида фикрлашсак. Адабиётни агар кенг майдонга ўхшатиш зарур бўлса, мен уни чексиз океанга тенглаштирган бўлар эдим. Чунки адабиёт инсон руҳиятига таъсир этувчи куч сифатида ҳам, дунё ва жамият муаммоларини ўз ичига олиш даражаси бўйича ҳам, кўнгилга таъсир этувчи санъат асарлари, барча ахборот соҳаларининг тармоқларидан ҳам ўзиб кетди. Инсонда фақат ақл ва ўйлаш эмас балки кўнгил (юрак) бор экан, у ўзидаги барча образ ва дунёни ва шу образ орқали тушунишга бўлган заруратни барибир адабиёт орқали топади. Биз ўзимизни шундай сирли дунёни билишга ёки бўлмаса уни яна ҳам безашга бел боғлаган (албатта бир миллий адабиёт вакиллари сифатида) ижодкорлар деб ҳисобласак, унинг бугунги ҳолати ҳақида фикр юритиб, бу ҳақда бошқаларни ҳам қизиқтириши мумкин бўлган фикрларимизни ўртага ташласак…
Г.Матёқубова. “Барчамизга аёнки, ХХI аср интеллектуал салоҳият, тафаккур ва маънавият асри сифатида инсоният олдида янги-янги уфқлар очиш билан бирга, биз илгари кўрмаган, дуч келмаган кескин муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башариятни эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда”. Бу сўзлар Президентимизнинг “Адабиётга эътибор, келажакка, маънавиятга эътибор” рисоласидан олинган бўлиб, у Сизнинг саволингизга адабиёт соҳасида даврга хизмат қилувчи аниқ жавоб бўлади, деб ўйлайман.
Чунки Адабиёт маънавиятнинг ажралмас қисми, у инсонларни турли қабиҳ хатолардан, ёвузликлардан, хиёнат ва ёлғонлардан асраб туради. У шундай қудратли ва улуғвор кучки, ундаги эзгулик, яхшилик, олийжаноблик, меҳр-оқибат, самимий дўстлик сингари туйғулар инсонни баркамоллик сари етаклайди.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ҳар бир ижодкорга нафақат давр, балки умуминсоний қадрият, инсон кўнгил оламининг сир-синоатларини ҳам тўла очиб, ижод қилишига имконият яратиб берилди. Шу билан бирга давлатимиз раҳбари “…Шуни айтиш жоизки, аксарият ёзувчиларимиз совет даврининг тарбиясини олган, узоқ йиллар ҳукмрон мафкура руҳида ижод қилган. Лекин яна бир ҳақиқат ҳам борки, уларнинг кўпчилиги коммунистик тузум ғояларини сўзда маъқулласа ҳам, аслида, ич-ичидан уларни қабул қилмаган. Негаки, коммунистик тузум инсоннинг, бинобарин, миллат ва халқнинг эркин ва озод яшашига, миллий тафаккур, диний қадриятларга қарши бўлганини ижод аҳли ҳаммадан кўра чуқурроқ англаган”лигини кўрсатиб бериб, ҳар бир ижодкорга меҳр ва ишонч кўзи билан қарагани, халқнинг қадим анъаналаридан тортиб, ҳар бир истеъдод соҳибига нисбатан юксак эътирофда бўлганида кўриниб туради.
…Давр шиддаткор куч билан олға интилмоқда. Баъзан вақт фикримиз ва ўйимиздан ҳам тез ҳаракат қилаётгандек туюлади. Биз ижодкорлар даврдан орқада қолмаслик учун сиз айтганингиздек, интернет тармоғи орқалими, электрон кутубхоналардан фойдаланибми, вақтли матбуот нашрларидами, китоб чиқарибми, радио телевидениедами, ижод қилишдан тўхтамаслигимиз, лозим, деб ўйлайман. Саволингизга тўлиқ ва аниқ жавоб берган бўлсам, мен хурсандман.
Адабиёт – умрининг мазмуни, китоб – ҳаётининг ҳамроҳи, дўсти, сирдоши, маслаҳатчиси бўлган бир инсон сифатидаги кузатишларимдан биламанки, мен ўқиган китобларнинг барчасидаги образлар билан тенг фикрлай олдим. Европа ва Шарқ адабиётида Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Румий, Нажмиддин Кубро, Шекспир, Гёте, Л.Толстой, А.Пушкин, М.Лермонтов, С.Есенин, А.Ахматова, М.Цветаева, А.Блок, Лорка асарларидаги ҳикматлардан куч олдим, туйғуларидан эса қувват. Бу рўйхатни кўп давом эттиришим, уларнинг асарларидан парча келтиришим мумкин. Лекин биламанки, булар тўғрисида адабиётшунослик фанида кўп ва хўп айтилган.
Суҳбатимизни қорақалпоқ адабиётига буришни истайман. Қорақалпоқ адабиёти ҳам мен юқорида тилга олган адабиётлардан, ХIX-XX аср ўзбек адабиёти анъаналаридан қувват олиб ўсди, ривожланди. Лекин унинг алоҳида миллийлиги, умуминсоний адабиётга қўшган ҳиссаси бой халқ оғзаки ижодидаги образларнинг абадийлиги билан ажралиб туради.
Асарларнинг миллий бадиийлиги, таъсир кучи бошқа тилларга ўгирилганда йўқолиб кетиши тўғрисидаги фикрларингизга қўшиламан. Лекин бу ерда таржимоннинг истеъдоди, идроки ва тафаккури катта роль ўйнайди.
Мен адабиётдан ўз англаганларим нуқтаи назаридан айта оламанки, Қорақалпоқ адабиёти ҳам ўз пайдо бўлиш макон ва замонига қарамасдан умуминсоний адабиётга муносиб ҳисса қўшиб улгурган. А.Бегимов, А.Шамуротов, Н.Жапақов, Ж.Аймурзаев, Х.Сейтов, С.Нурумбетов, Т.Жумамуротов, И.Юсупов, Т.Қаипбергенов, Т.Матмуротов, Ш.Сейитов, Т.Қобулов ва бошқалар қолдирган адабий, маънавий мерос ўз халқи билан бирга умуминсоний маънавият ва адабиётга ҳам хизмат қилаверади. Фақат биз бугунги кун талаблари даражасида бу адибларнинг асарларини дунё жамоатчилигига танитиш учун электрон кутубхоналарга жойлаштиришимиз, алоҳида сайтлар яратишимиз ва интернет орқали Қорақалпоқ адабиётини бутун жаҳон китобсеварларига тақдим қила билишимиз керак бўлади.
Маълумки, ХХI аср инсоният ҳаётига ўзининг турли офатлари билан таҳдид қилмоқда. Бу зилзилалар, сунамилар, қурғоқчилик, сув танқислиги, террор, гиёҳвандлик, одам савдоси ва ҳоказо. Хабарингиз бор, Японияда рўй берган сунами офатлари бу халқнинг бошига ёғдирган турли талафотларига бутун дунё қайғурди. Яқинда шоир Кенгесбой Каримов яратган “Ярадор сакуралар” достони ушбу мавзуга бағишланади.
Мен истар эдимки, Қорақалпоқ адабиётшунос адиблари Қорақалпоқ адабиётини тарихий бадиий феномен сифатида ҳам, маданий, афсонавий халқ оғзаки ижоди сифатида ҳам, диний-маърифий йўналиш сифатида ҳам янги замон ва макон нуқтаи-назардан кенгроқ таҳлил қилишлари керак бўлади.
Айниқса, Қорақалпоқ адабиётида сўздан фойдаланиш санъати миллий ўзгачалиги сир-асрорлари ҳам ўрганилишини кутиб турибди. Шу ҳудудда яшаб бошқа туркий тилларда ижод қилаётган ёзувчи, шоирлар ижоди ҳам шундай тадқиқотларга муҳтож. Чунки буларнинг ҳаммаси бошқа тилда ёзилса ҳам, яхлит Қорақалпоқ адабиётини ташкил қилади. Шундай эмасми?
Қ.Ўрозимбетов: Сиз адабиётда умуминсонийлик ва миллийлик масаласининг туб-тубига шунчалик шўнғиб кетиб фикр билдирдингиз, тегишли мисоллар келтирдингиз. Бунинг учун раҳмат. Лекин мен масалани сал бошқачароқ йўналишда қўймоқчи эдим. Глобаллашув жараёни иқтисодий муносабатлар, бозор муносабати, илм, технология, ишлаб чиқаришда катта фойда келтирди. Илм – майли, Ўзбекистонда яратиладими, Россияда ёки Америкада яратиладими – у дунё илми деб номланади, умумий инсоният учун хизмат қилади.
Бадиий адабиётнинг вазифаси эса, менимча, сал бошқачароқ. У қайси бир халқнинг вакили томонидан ёзилса, ўша халқнинг маънавий дунёсини акс эттириб, ўша халқ вакилларининг маънавий озуқасига айланади. Лекин бу билан Ўзбекистонда ўзбеклар ёки Россияда фақат русларгина ўша давлатнинг ёхуд халқнинг адабиёти вакили бўлиши керак, деган фикр келиб чиқмайди. Ўша Ватанда яшовчи ҳар қандай миллат ёки халқ вакили ўша халқнинг адабиёт вакилиман деган номга эга бўлиши мумкин. Бу далил-исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.
Сиз мисол тариқасида келтирган шоир Кенгесбой Каримовнинг достонини қорақалпоқ шоирининг япон халқининг фожеасига ҳамдардлиги деб баҳолаш мумкин. Бу адабиётдаги инсонпарварликнинг (гуманизмнинг) ҳақиқий намунасидир. Мен айтмоқчиманки, қайси бир шоир бўлмасин, биринчи навбатда шеърни ўзининг халқига, ўз ўқувчиларига мослаб деймизми, бағишлаб деймизми, ёзади. Қолаверса, шоир асарини бошқа тилга таржима қилиш – бу жуда машаққатли иш. Қанчалик моҳир таржимон бўлгани билан асарнинг дастлабки асл нусхадаги мағзини, бадиий жарангдорлигини тўла сақлаб қола олмайди. Яқинда Сизнинг ўзбек тилида ва қорақалпоқ тилида чоп қилинган шеърларингизни ўқиб, бир қизиқ ҳолатга дуч келдим. Бу икки тил бир-бирига яқин бўлгани билан биридан иккинчисига таржима қилиш жараёнида дастлабки табиий сифатларнинг бузилиши кузатилади.
Г.Матёқубова: Маънавиятимиз қадимий авлодлар ҳикматларидан куч олиб, маънавий ҳаётимиз янгиланиб, адабиётга нисбатан дунёқарашимиз ўзгариб, адабий дидимиз юксаланаётган ҳозирги кунда, сиз ўзингиз шеъриятнинг савияси, аҳволи қай даражада деб ўйлайсиз?
Қ.Ўрозимбетов: Бошқа халқлар адабиёти сингари қорақалпоқ адабиёти ҳам шеърият асосида пайдо бўлди ва ривожланди. ХХ асргача адабиётимизни шеърий асарлар ташкил қилди. Шундай экан, адабиётимизда барча даврларда ҳам шеърият етакчилик қилди. Ажиниёз, Бердақ, Аббаз Дабилов, Тиловберган Жумамуратов, Ибройим Юсупов, Шаўдирбой Сейтов, Тенгелбой Сарсенбоев, Жийенбой Избосқанов сингари ўнлаб шоирлар қорақалпоқ миллий шеъриятини бойитди, турлантирди.
Унинг бугунги кундаги ҳолатига келсак, шеърият яратилаяпти, лекин, афсуски, юқорида биз таъкидлаб ўтган истеъдодлардек ярқ этганлари кам. Шоирларнинг шу номга муносибларининг энг ёшлари, менинг билишимча, С.Ибрагимов, Б.Генжемуродов, Ф.Мирзабоева, М.Жуманазарова билан кифояланиб турибди. Уларнинг ҳам ёши 50 дан ошиб кетди. Шундай экан, истеъдодларнинг ўсиб шаклланишига биз барчамиз жон куйдиришимиз зарур.
Сизнинг ижодингиз ҳақида шу биргина суҳбат мобайнида баҳо бериш қийин. Шундай бўлса ҳам баъзи кузатишларим билан фикрларимни билдириб ўтсам дейман. Сиз суҳбатимиз давомида менга мактабдаги ўқувчилик даврингиздаги шеърларингиз киритилган дафтар берган эдингиз. Дафтар эскириб, кўп бетлари йиртилиб қолган. Шундай бўлса ҳам бетларини қураб “Она” деган шеърингизни ўқидим. Шеър 1963 йили 19 июнда ёзилган экан. Ундан парча келтириб ўтай:
Онамиз бизни безаган гулдек,
Онамиз бизни безаган ҳурдек,
Бизга атаб оқ нонлар ёпади она,
Колхозда ипак қурт боқади она,
Халқига хизматкор бўлган ҳам она,
Фарзандга фидокор бўлган ҳам она…
Шоирлик тажрибаси эса кейинроқ шаклланади. Дарвоқе, Сизнинг “Қайтмоқ учун кетмоқдаман” (“Қарақалпақстан”, 2004) номли китобингизда Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповнинг 1976-йили, яъни ёш шоира вақтингизда Сизга йўллаган хати берилган экан. Ўшанда Ибройим оға Сизга “шеърларингизда кўтаринки кайфият кўпроқ, дард етишмайди” деган огоҳлантириш билдирган. Назаримда, олдиндан кўрадиган шоир Сизни шоирликка қайраш учун шундай ёзган бўлса керак. Кейинги шеърларингизда дард кўпроқ. Лирик қаҳрамонларингиз инсон ва табиат дардини ҳам, жамият дардини ҳам ўзларининг юрагига яқин олади, бу дард ўқиган ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
Сиз 20 дан зиёд шеърий тўпламларингизни чоп қилдирдингиз. Уларнинг ичида шеърият ҳам, наср ҳам бор. Сўнгги даврда матбуотда эълон қилаётган публицистик мақолаларингиз Сизнинг ижодда катта тажриба тўплаганингиздан, дунёқарашингиз, сиёсий дунёнгиз яна ҳам кенгайганидан дарак беради. Лекин барибир Сизнинг шоира бўлиб қолишингизни тилар эдим.
Г.Матёқубова: Раҳмат! Мен буни ўзим ҳам истайман. Биласиз, шоирлик бу касб эмас. Лекин баъзи ҳолларда жамият тараққиёти, атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, янгиланиш ва халқнинг бунёдкор меҳнатларини журналист сифатида қаламга олмасликнинг иложи йўқ. Қолаверса журналист ҳам давр руҳи билан тенг яшаб, тенг фикрлаб, ҳамнафас бўлади экан. Баъзан журналист сифатида ҳаёт ҳақида фикр юритиб, шундай бир саволлар атрофида бош қотиради киши. Шу саволни айни сизга бериш пайти келди, деб ўйлайман. Яъни, ҳаётда яхшилик-ёмонлик, муҳаббат-нафрат, садоқат-хиёнат, гўзаллик-худбинлик бирга яшайди. Сиз адабиётда, шеъриятда баъзан учраб турадиган бундай мавзуларни қандай тарзда қабул қиласиз?
Қ.Ўрозимбетов: Агар шеъриятда бунақанги бир-бирига зид тушунчалар бир асарда берилса, унда шоир бадиийликнинг антитеза усулидан фойдаланган бўлади. Шоир бундай тушунчаларни моҳирона ва ўз ўрнида қўлланса асар сўзсиз муваффақият қозонади. Бунга мисолни адабиётимиздан кўплаб келтириш мумкин. Т.Матмуродовнинг бир тўртлиги бор:
Мен ҳайрон қоламан, не учун тоғлар
Бийик бўлган сайин совуқ бўлади.
Мен ҳайрон қоламан, баъзи одамлар
Бийик бўлган сайин суюқ бўлади.
Сиз айтган тушунчалар шундай бадиий деталь сифатида фойдаланилса, у фикр жозибадорлигини кучайтиради, асар бадиийлигини орттиради.
Г.Матёқубова: Лекин мен кенгроқ жавоб олмоқчи эдим. Энди саволимни бошқароқ қилиб бераман.Танқидчи сифатида, ёзувчиларнинг Сизга муносабати қандай, уларнинг баъзи гап-сўзларидан хафа бўлмайсизми?
Қ.Ўрозимбетов: Агар мен бадиий асарга баҳо бериб, кимнингдир кўнглига тегсам ҳам жавоб тариқасида мени қандайдир сўзлар билан (албатта, аксарият ҳолларда бундай гап-сўзлар бошқаларга айтилади) ранжитмоқчи бўлса, мен ундан хафа бўлмайман. Негаки, мен бадиий асарга танқидий фикр айтсам, ҳеч қачон унинг муаллифи билан шахсий муносабатим ўртага қўйилмайди. Танқид одатда асарнинг яна ҳам теранлашуви учун ёзилади. муаллиф буни бугун тушунмаса, эртага, албатта, тушунади. Адабиётга тасодифий келиб қолганлар буни тушунмайди ва уларга тушунтириб ўтиришнинг зарурати йўқ.
Мени ранжитадиган бошқа нарса: асарларининг бадиий савияси паст, лекин китоб чоп қилган, баъзи асарларини матбуотда эълон қилган муаллифлар мендан асарлари ҳақида мақтов сўз, яхши баҳо эшитгиси келишини ҳис қиламан. Ана, шундай пайтда жуда қийналиб қолади киши.
Г.Матёқубова: Адабиёт ҳақидаги суҳбат ижодкорнинг кўнгил тубида яширин ётган ҳолатлари ёки саволлари, ёки мулоҳазаларини ўртага чиқариб, тўкиб ташлашга ундайверар экан.
Ўртага бир савол ташлашдан олдин адабиётшуносликка (менинг назаримда бу услуб яқин 15-20 йилда пайдо бўлгандек) янгидан кириб келган бир усул тўғрисида сиз билан фикрлашмоқчи эдим. Балки бундай усул ўзингиз ҳам бир неча марта дуч келгандирсиз.
Маълумки ҳар қандай ижодкор, назмдами ёки насрдами бадиий асар яратса, шу асар тўғрисида адабиётшунос олимларнинг фикрларини билгиси келади. Баъзи ҳолларда ҳамқалам дўстлари “Дўстим, қойил, қисса зўр чиқибди” ёки “Шеърингдаги янги фикр фалсафасига қойил қолдим” деб фикр билдирсалар, бу фикр шу ижод маҳсулига берилган тўлақонли баҳо бўлмаса ҳам, қайсидир маънода ижодкорга янги бир руҳ бағишлайди. Сиз адабиётшунос олим сифатида ҳар бир ёзилган янги асарни эътибордан қочирмайсиз. Мен ўзим республика матбуотида сизнинг янги асарларга ёзган адабий мақолаларингизни тез-тез ўқиб тураман.
Лекин… Фикримни қандай баён қилишни ҳам билмаяпман. Хуллас, сўзни катта бир таниқли ёзувчи ҳузурида бўлган суҳбатдан бошлайман.
Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган йиғилишда мустақилликнинг илк йилларидаги янги номлар – ёш шоир, ёзувчилар тўғрисида гап кетди. Уларнинг ижодини матбуотда эълон қилиш, китоблар чоп қилишда қўллаб-қувватлаш, айниқса, адабиётшунослар, таниқли ёзувчилар уларга оқ йўл тилаб, тақризлар ёзиб бериш зарурлиги тўғрисида айтилди. Мен тилга олаётган таниқли ёзувчининг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида энди шеъриятга кириб келаётган ижодкор тўғрисидаги кўламлигина адабий мақоласи чоп қилинган эди. Ундаги тиниқ фикрлар, сатрма-сатр қилинган таҳлиллар, ижобий ечимлар истеъдод эгасини шеъриятнинг энг юқори чўққиларга чиқариб қўйган эди.
– Раҳмат сизга, бир ёш ижодкорнинг адабиётга кириб келишини нақадар юксак баҳолар, самимий тилаклар билан кутиб олибсиз. Лекин нега 15-20 йиллаб ижод қилаётган шоирларимиз ижодига бундай таҳлиллар билан баҳо бермагансиз, – деб сўрадим.
У кулди.
– Бу янги усул, уни мен ёзмадим, ўзи ёздими, ёки кимгадир ёздириб келдими, мен имзо чекиб бердим, холос, – деди хотиржамлик билан. – Умуман бу янги усул, менга маъқул. Агар сиз ҳам ўз ижодингиз ҳақида шундай фикр эшитишни ёки билдиришимни истасангиз, ўзингиз ҳақингизда ёзиб келинг, мен албатта имзо қўйиб бераман. Менинг имзом барча нашрларга ўтади, – деди у ишонч билан.
Мен сал довдираб қолдим. Чунки бундай қилиш менинг назаримда, адабиётга, ижодкорга, ижодий жараёнларга бўлган хиёнатдай эди. Нима бўлганда ҳам мен шундай, деб ўйладим. Бу фикрларимни овоз чиқариб айтмасам ҳам, руҳим жуда азобланди. Тўғриси ўша ижоди қаламга олиниб, осмону-кўкка чиқариб мақталган ижодкорга ачиндим.
Сиздан адабиётшуносликдаги мана шундай усул тўғрисида сўрамоқчи эдим. Сизнинг фаолиятингизда ҳам қайсидир ижодкор ўзи ҳақида адабий мақола ёзиб, имзо қўйиб беришни сўраганми? Умуман сизнинг бундай усул муносабатингиз қандай?
Қ.Ўрозимбетов: Сиз адабиётнинг энг касал, оғриқли нуқтаси ҳақида фикр юритмоқдасиз. Бу касаллик охир-оқибат адабиётни ўлдириши ҳам мумкин. Шунинг учун сиз бу масалани кўндаланг қўйиш орқали мазкур касални ҳам даволаб, ҳам олдини олмоқдасиз деб ўйлайман. Даволаганингиз-касалликка чалинганлар ҳам, ҳаттоки, сиз тилга олиб ўтган таниқли ёзувчи ҳам бу усулдан воз кечар, ушбу касалликни юқтириш арафасида юрганлар эса бу йўлдан воз кечар деб умид қиламан.
Халқимизда “иссиқ сув гупчакка ҳам ёқади” деган гап бор. Шу сингари, мақтов сўз эшитишга кўплар мойил, буни инкор этиш қийин. Агар у мақтовга лойиқ бўлса, мақтов кимлар томонидандир холисона айтилса, бунинг нимаси ёмон? Албатта, ўринли. Сиз юқорида келтириб ўтган мақтов, балки мақталганнинг ҳам, мақтаганнинг ҳам кўнглига хотиржамлик инъом этар. Ишонинг, бу вақтинчалик жараён. Кейинроқ у ижодкор ижоддан воз кечиб қўя қолмаса, унинг асарлари кимлар томонидандир таҳлил ва танқид қилинади. Ана шунда агар уларда озгина виждон бўлса афсусланади, ўз ишларининг ноўрин эканлигини тушуниб етади…
Бу “янги усул” адабиётшуносликка қанчалик ёт бўлса ҳам, афсуски, муайян даражада сал бошқача шаклда жой олиб улгурди. Унинг янги шакли бу бировлар учун иккинчи бировларнинг тадқиқот ёзиб беришидир. Мазкур усулнинг ўзбек адабиётшунослик илмида учраши ҳақида ўз вақтида таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул, қорақалпоқ адабиётшунослигида ҳам жой олаётганлиги ҳақида профессор Каримбой Қурамбоев ачиниб фикр юргизган, мақола ёзган эди. Аслида ҳеч ким бошқаларга иш ёздириб, адабиётшунос олим бўла олмайди. Лекин у кимсаларга илм керак эмас, диплом керак. Фан номзоди ёки фан доктори деган мақомни берувчи диплом керак. Масаланинг аянчли томони ҳам шунда.
Энди, бадиий адабиёт йўналишида ҳам шундай ҳаракатлар бор эканини пайқаб қоламиз. Яқинда икки ёш муаллифнинг китоблари қўлимга тушди. Муаллифлар мактаб ёшидаги ўспиринлар экан. Уларнинг асарларини ўқиб қарасам, ҳаётдан анча тажриба тўплаб, ундан зарбага учраган кекса кишиларнинг фикрларини кўрдим. Қофия, ўлчам сингари шеърнинг техник томонлари ҳам ўз жойида. Ёш болаларга хос соддалик, беғуборлик йўқ. Ҳаётдан кўнгли совиган, ўқувчига ақл айтишга мойил лирик қаҳрамонларни учратасиз. Тўғри, ҳамиша ҳам лирик қаҳрамондан муаллифнинг ўзини кўра олмаслигингиз мумкин, бироқ шоирлик “мени” – бу лирик қаҳрамон эканлигини эсласак, лирик қаҳрамоннинг шоирдан олислаб кетолмаслиги тушунарли бўлади. Шундай экан, бу болалик давридаги оппоқ кўкракларга доғ тушириб, уларни “шоир” қилишга ҳаракат этаётганлар қанақанги яхши мақсадларни кўзламасин, уларнинг бундай “ғамхўрликларини” оқлаш мумкин эмас. Мактаб ёшида кўплаб шеърлар “ёзиб”, ҳаттоки, тўпламлар чоп қилиб, улғайгандан сўнг эса адабиётнинг атрофига ҳам йўламай кетган “шоирлар”ни биламиз. Шунда буни “ўзини-ўзи алдаш” деб тушунамизми, билмадим…
Г.Матёқубова: Суҳбатимизга “Адабиёт – ҳақиқатнинг бадиий акси” деб сарлавҳа қўйиб бошлаган эдик. Ҳозирги жавобингиздан фикрлар эса буни инкор қилгандай бўлаяпти. Чунки адабиёт “ўзини алдаш”, “андиша”, “мусулмонлик” деган тушунчаларни кўтармайди. Чунки адабиётда руҳ бирламчи. Инсон руҳий оламидек чексизликни коинотга, галактикага тенглаштирган бўлардим. Нима ўзи у инсон руҳи? Руҳ – аслида моддият эмас, ёки адабиёт сингари ҳам нафис, ҳам кўриниб турмайди. Айтайлик адабиётни ҳам еб-ичиб, қучиб, ўпиб бўлмайди. Яъни адабиёт ҳам руҳ каби йўқ бўлиб кетмайди, у мангу, унинг олдида на чегара, на вақт, на ҳукмронлик ва на бўйсуниш бор. Лекин, биламизки, тирик руҳ моддиятни бойитиб туради. Моддият эса руҳсиз жонсиз-ўлик ҳисобланади. Инсон ҳам агар ўз руҳидан айрилган бўлса у манқурт, фақат моддиятга боғланган, қизиқишлари сўнган, атрофдаги ҳамма нарсага бепарво яъни руҳи ўлган, маънавиятсиз моддиятга айланади. Ахир инсон фақат еб ичиш, мол-дунё тўплаш учунгина яшамайди-ку? Шу ўринда ишонч билан айтиш мумкинки, бу борада инсонга адабиёт ёрдамга келади. Инсон пайдо бўлгандан бери ўтган миллион-миллион йиллар давомида инсоният ўз руҳини адабиёт, санъат билан бойитиб, адабиёт билан озиқлантириб келган. Илк адабиёт ҳали одамзод ёзиш, ўқишни билмаган даврларда ҳам халқ оғзаки ижоди сифатида пайдо бўлиши фикримизнинг ёрқин далили бўла олади.
Руҳий бой асар ўқиган инсон ўзида енгил бир тозариш, янгиланишни ҳис қилади. Унинг кўз олдида майли бир неча дақиқа бўлса ҳам олам кўринишлари ўзгаради. У ўзи яшаб турган муҳитдан бошқа бир оламга бемалол ўта олади. Унинг тафаккури кенгайиб, онги ёришиб, кайфияти кўтарилади, олам ва одамни тушуниши баробарида фикрлари янгилана боради. Айниқса табиат ва инсон кўнгли сир-синоатларини очиб берадиган асарларни ўқиганда, инсон ўзининг нечун яратилгани, нега яшаётгани, қандай яшаётганига сиртдан разм сола олади. Асар қаҳрамонларининг тақдирига қайғуриб, ўз ҳаёт йўли – тақдирига тиниқ ақл билан қарай бошлайди, ўзига бўлган ишончи ортади. Руҳиятини бойитиб, бу борада кўпроқ изланган киши албатта “Мен кимман?”, “нега яшаяпман” каби саволларга жавоб топади.
Бизнинг аждодларимиз буюк алломаларимиз бу борада оламшумул ютуқларга эриша олган. Шарқ фалсафаси, адабиёт олами инсониятга ана шундай руҳий қувват бериб келмоқда.
Қ. Ўрозимбетов: Инсон маънавияти адабиётнинг бош масаласидир. Уни яратиш ижодкорнинг истеъдодига, моҳирлигига боғлиқ бўлса, бадиий асардан инсон руҳий ҳолатини англай олиш ўқувчининг адабиётни билиш даражасига боғлиқ бўлади.
Поэтик сўзнинг инсон руҳиятига таъсир қилиш кучи ҳақида адабиётшунослар таъкидлаб ўтган. Шу боис ҳам қадимий Шарқда ва юнонларда тиббиёт, тарих, фалсафага оид асарларни шеърий шаклда ёзганлар. Бу билан муаллифлар ўз фикрининг таъсирчанлигини орттирмоқда, ёд олинишини осонлаштирмоқчи бўлган. Поэтик сўз чиройли, тантанавор кўринади. Устига устак, у инсонга завқ бағишлайди, сўздаги ҳиссиётни, таъсирчанликни орттиради, маънавий заруратни қондиради, Аристотел айтганидек, ғоянинг ўқувчи онгига сингиб боришига ёрдамлашади.
Ўзбек адабиётини ёшлигимиздан ўқиб, ўрганиб келмоқдамиз. Шуни таъкидлашим керакки, инсон руҳий оламини қаҳрамон психологизми орқали ясашда ўзбек адабиёти жуда катта тажрибага, мактабга эга. Биз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ини илк бор ўқиганимиздаёқ кўнглимизда Отабек билан Кумушнинг саодатли висолига тилакдош бўлганмиз. Унинг кундоши томонидан заҳарланганлигига қаттиқ қайғуриб, йиғлаганмиз. Романда ўзбек халқининг бой миллий урф-одати, ўзбекона психологизм шундай яққол берилади, уни шу халқнинг бадиий паспорти деб аташ мумкин. Отабекнинг отасининг “Бу хонадондан ҳеч ким хафа бўлиб кетмаслиги керак” деган таниш иборасини эслаб кўринг… Буни миллий маънавиятни яратишнинг намунаси сифатида кўрсатиш мумкин. Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод сингари ўнлаб ўзбек прозаиклари инсон руҳий дунёсини яратишни ўзбек ҳаёти, ўзбек маънавий дунёси базасида амалга оширди, уларнинг асарлари ҳали талай асрлар мобайнида инсониятга хизмат қилади. Бундан ташқари тарих бўйича ҳам, замонимиз ҳақида ҳам ёзилган жуда кўпгина асарларда инсон маънавияти, руҳий кечинмалари акс эттирилди, агар уларнинг барчасини қатор қўйиб бир масштабда қараш мумкин бўлганида, шу халқнинг мураккаб миллий қиёфаси яратилган бўларди. Лекин буни амалга ошириш қийин, биргина суҳбат мобайнида у асарларнинг барчасини кўрсатиб ўтишнинг ўзи мушкул.
Адабиётни кузатиб борувчи бир ўқувчи сифатида шуни айтишим мумкин, сўнгги йиллардаги дунё адабиётидаги глобаллашув жараёнининг таъсири ўзбек адабиётини ҳам четлаб ўтмади. Дунё адабиётининг энг сара намуналари ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Бу яхши, албатта. Бироқ… Қаҳрамон образларини яратишда (қаҳрамон психологизми, қаҳрамоннинг нутқ тили в.ҳ.) ҳаётий воқеаларни келтириб чиқаришда ўзбекона руҳ сезилмаётгандек туюлади. Персонажларнинг нутқ тили ўзбекча бўлгани билан унда ўзбекона андиша сезилмайди. Бу ҳолат қорақалпоқ адабиётида ҳам мавжуд.
“Мустақиллик адабиётга нима берди?” деган савол кўп маротаба такрорланади. Лекин унга жавоб беришда бир хиллик йўқ. Мен ҳам унга оригинал жавоб бераман деган фикрдан йироқман. Лекин шуни таъкидлашим керак, Мустақилликни ўзбек адабиёти вакиллари бутун ўзбек халқи сингари катта ғурур, кўтаринки кайфият билан кутиб олди. Ушбу кўтаринкилик уларнинг ижодига ҳам ўтди. Сир эмас, мустақилликнинг дастлабки йилларида, айниқса шеъриятда ижтимоий тузумдаги ўзгаришларни юзаки мақтовлар, декларацион кўриниш кўпроқ намоён бўлди. Ҳозирги давр ўзбек шеърияти эса ҳаётни теран уққан, уни бадиий образларга кўчиришда мазмун ва шакл жиҳатдан изланувчанликка эга, фалсафий-интеллектуал шеъриятдир. Инсон ҳис-туйғулари, руҳий ҳолати турлича қиёфада, усулларда ва шаклларда етказилмоқда. Лирик қаҳрамоннинг ҳаракат қила олиш объекти кенгайиб, моҳияти мураккаблашиб бормоқда.
Ўзбек шеъриятига хос бўлган аруз, бармоқ вазнларидан ташқари эркин шеър, насрий шеър сингари шеър турлари кенг ривожланмоқда. Бунақанги шеърий шакллар шоирларнинг дунёни янгича тушунишга интилиш жараёни бўлиш билан бирга ҳозирги ҳаётнинг ривожланиш суръатига, кишиларнинг фикрлаш динамикасига ва ҳаёт тарзига ҳам мос келаётганини унутмаслигимиз керак. Бундай шакл жиҳатдан изланишлар қорақалпоқ шеъриятида ҳам кўзга ташланмоқда.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 8-сон