Адабиётшунос Санобар Тўлаганова ва тадқиқотчи Анвар Алламбергенов суҳбати
Анвар Алламбергенов: Абдулла Қодирий ижоди ўзбек адабиётшунослигида энг кўп ўрганилган мавзу бўлишига қарамай сиз яна ёзувчи ижодини мавзу сифатида танладингиз? Бунга эҳтиёж бормикин…
Санобар Тўлаганова: Ўзбек адабиётшунослигида Абдулла Қодирий ижоди кўб ва хўб айтилган мавзулардан биридир. Қодирийшунослик эса алоҳида тармоқ сифатида шаклланиб улгурди. И.Султон, М.Қўшжонов, С.Мирвалиев, У.Норматов, Б.Каримов сингари олимлар ёзувчи ижодини алоҳида монографик планда ўрганишган. Тушундим, нима янги гап айтдингиз демоқчисиз. Мавзу бир қанча талабларни эътиборга олишни зиммамизга юклайди. Ўзбекнинг буюк ёзувчиси ҳақида оҳорли гап айтиш мулоҳазаси, билиб билмай айтилганларни такрорлаб қўйиш андишаси масалага жиддийроқ қарашни талаб қилади. Аммо А.Қодирий шахсияти, сийрати, янги ўзбек насрининг пайдо бўлиш омиллари, миллий роман яратилиши, нишонни бехато олиш, давр синовларидан омон ўтиш, ўзига содиқ қолиш, қалтис лаҳзада ҳам Имонга содиқлик, хуллас Қодирийнинг қувват манбаи нима деган саволлар бизни қизиқтирди.
Ёзувчининг ҳасби ҳоли унинг ижоди учун “олтин фонд”, шахсий заҳира. Таржимаи ҳол муаллиф кечмишини ўзида акс эттириб, ижодкор кечинмалари ва изтиробларини ўзида сақлаган махфий ҳудуд саналади. Мана шу ҳудудда муаллиф асар тагқатламига жо бўлиб кетган сирлар, маълумотлар сақланади. Буни чуқурроқ билиш учун ижодкор лабораториясига бир қур мўраламоққа жазм этдик. Эҳтиёж масаласига келсак, ҳар кимнинг ўз Қодирийси бор, ҳамма уни англаганича, билганича қабул қилади. Қолаверса, ҳар кимнинг кўнглида ўз Отабеги, Кумуши, Анвари, Раъноси бор. Ҳар бир даврнинг ўз Отабеклари бўлиши ҳам табиий ҳол. Булар ҳаммаси тасаввур ва талқин холос, аслини ҳеч ким билмайди. Бизнинг мулоҳазалар ҳам қодирийшуносликда жуда катта янгилик бўлмаслиги мумкин, аммо кимгадир фикрлашга туртки берар. Абдулла Қодирий шахсиятига янгича ёндашув, шахс концепцияси доирасида муаммони ёритиш, ёзувчи ижодини унинг ҳаёти билан боғлиқликда ўрганиш, инсоний “мен” ва ижодий “мен” қамровида кузатиш, асар матнини биографик контекст асосида таҳлил этиш ишимизнинг мазмунинини ташкил этади. Кўп ҳолатларда Қодирийга идеал инсон сифатида ёндашилади, аммо у ҳам тирик жон. Манбаларда ёзувчининг мураккаб феъл-атвор эгаси эканлиги айтилади. Ёзувчи кескин ва тўғрисўзлиги билан тенгдошларидан ажралиб турган, ҳаммабоп бўлишдан чекинган. Тўғрисўз ва адолатпарварлик унинг характеридаги етакчи белгилардан биридир. Жойи келганда ҳе кимни аямаган, сўзини ўтказган. Отабек, Юсуфбекҳожи, Анвардаги нур ёзувчининг ўзига тегишли десак, Тошпўлат тажанг, Калвак махзум табиатидаги ўзига хос жиҳатлар қаердан олинган? Назаримда бу каби образлар ҳам аслида ёзувчи “мен”ининг сачратқиларидир. Тошпўлатнинг тажанглиги, Калвак махзумнинг дин-у диёнат йўлидаги жоҳиллиги, ўзини ўзи фош қилиши сизга кимнидир эслатмайди-ми? Инсон раҳмоний ва шайтоний ҳислар орасида умргузаронлик қилар экан, нега энди ёзувчи зоти бундан мустасно бўлиши керак?! Ижодкорни идеал инсон мақомида кўриш одатга айланган, аммо у ҳам тирик жон, ҳар доим ҳам нафсини жиловини тута олмайди, бандалик қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Аммо шахсият чин инсонлик мақомида нафснинг жиловини тутади, раҳмон йўлидан юради, манфатлардан юқори кўтарилади. Ишда бизни кўпроқ ёзувчи шахсияти, ижодий “мен” ва инсоний “мен”нинг уйғунлик масаласи қизиқтирди, айнан шу нуқтаи назардан ёндашдик. Қолаверса, шахсият ва ижод кенг қамровли тушунча, шахсият ижод орқали, ижод эса шахсият воситасида очилади. Абдулла Қодирий ҳақида энг охирги гаплар айтилиб бўлди, дейиш тўғри эмас. Саънат, адабиёт дахлсиз ҳудуд, мавзулар танлаш ҳам оддий тасодиф бўлмаса керак. Ёзувчи руҳини қалбан ҳис қилиш, унинг “мен”ини англаш, кўнгил битикларини тушуниш тадқиқотчини руҳан яқинлаштиради. Мана шундай яқинлик ҳис қилинсагина “англаш” ва “тушуниш” бир қадар ўзини оқлайди, назаримизда….
— Қодирий шахсиятининг ўзига хослиги нималарда кўринади ва бошқа тенгдош ижодкорларидан қайси жиҳатлари билан фарқланади?
— Шахсият масаласи адабиётда ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. ХХ аср аввалида ўзбек маърифатпарварлари миллат қайғусида “акбари жиҳод” қилдилар. Беҳбудий, Муннаварқори Абдурашидов, Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари улуғларнинг ҳар бири алоҳида феноменал ҳодиса. Ҳар қайси улкан адабий шахсият.
Абдулла Қодирий шахсиятини чуқурроқ англаш учун адиб сийратини таниш, у камол топган оила, адабий муҳит, ёзувчи яшаган тарихий-адабий жараён, ижтимоий-сиёсий вазиятни яхши билмоқ талаб этилади. Адиб таржимаи ҳолидаги биргина фактор кўп нарсаларни очиқлайди. Рус истилосига қарши ғазовотда иштирок этган ёзувчининг отаси Қодирмуҳаммад бобонинг ҳаёт йўли ёзувчи руҳиятига жиддий таъсир ўтказган. Отасининг Туркистон хонликлари тарихидан қилган ҳикоялари унинг романларига тагзамин бўлиб хизмат қилгани каби биографик унсурлар адиб шахсиятининг камол топишида муҳим роль ўйнаган. Ёзувчи ижодида Ҳақиқат ва Адолат, Маърифат ва Жаҳолатга карши курашиш эътиқод даражасида. Адабиёт эса адиб учун “муқаддаси хизмат”.
Манбаларда ёзувчининг тергов жараёнларида қийноқларга бўйсунмай ўзгаларга туҳмат қилишдан ўзини сақлай билганлиги кўп айтилади. Бунинг сири нимада? Шахсий бутунлик Яратганни таниш, руҳий ҳуррият, фикрий мустақиллик, ҳаёт моҳиятини англашдан бошланади. Тарихнинг сирли пардаси ортига бекинган фактлар, ҳужжатли манбалар А.Қодирийнинг Ўзига, Ўзлигига содиқ қолганлигини, энг оғир лаҳзаларда ҳам Ҳақиқатнинг кўзига тик қарай олганидан хабар беради. Адибни сақлаган куч Имон нури ва Миллат қайғуси. Қодирий нафсига бўйсунмай, ўзлигини сақлаб қолишга эриша олган ижодкорлар сирасига киради, Қодирий ҳаёти давомида Илоҳий адолатга ишонди, мана шу ишончга таяниб яшади. Бу ишончнинг сири Оллоҳ ҳузуридаги савол-жавоб андишаси ва ажр умидворлиги. Ёзувчи ҳар қандай қалтис лаҳзада бугун бўладиган қийноқдан қочиб бировни сотиш, эртага ўзини ўзи тутиб бериш эканлигини оғишмай ёдда тутди. Бош эгиб, ёлғон сўзлагандан кўра “хўрликдан ўлим тансиқроқ”, дея олишга ўзида куч топа билди.
Ижодкор табиатидаги ҳалоллик, адолатпарварлик, фикрий мустақиллик, жасорат ва журъат уни бошқа тенгдошларидан ажратиб турар эди. Назаримда, ижодкорнинг қайта-қайта судланиши ҳам унинг мана шу феъл-атворидаги жиҳат билан боғлиқ бўлса керак, деб ўйлайман. Адиб шахсияти унинг суддаги нутқи мисолида очиқланади. Худди мана шу маъруза адибнинг ҳаётий формуласини ўзида акс эттиради. Ёзувчи бир неча саҳифалик нутқида шахс сўзини турли оҳангда қўллайди. “Шахсий адоват”, “шахсий роҳати йўлида элни эмиб”, “баъзи устолпарст, танпараст шахсларимиздан киноядир”, “шахсий ҳазил”, “шахсий бутунлиқ”, “мустақил шахс”, “шахсини кўра олмайсиз” (шахси ноаниқ –С.Т.), “мен турлик бўҳтон, шахсият ва сохталар” билан “бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим” деб ёзади. Ёзувчи ўзига қўйилган айблов мақоласига эмас, балки шахсига нисбатан эканлигини яхши билган ва эътиборни шахсий муносабатлар масаласига қаратган.
Маъруза қодирийшуносликда жуда қимматли манба сифатида қадрлидир. Даврнинг нафаси ва босимини ўзида муҳрлаган маъруза матни ўз даврнинг тарихий-адабий жараёни билан боғлиқ қизиқ маълумотлар ҳақида бизга хабар беради. Мазкур суд воқеалари ёзувчи ҳаёти ва руҳиятига жиддий таъсир ўтказади. Тўғрироғи унинг руҳияти, ижодкорлик позицияси, инсоний эътиқоди яна бир бора синовдан ўтади. Суд жараёнлари ёзувчини янада улғайтиради, Руҳиятини юксалтирди. Ёзувчи кимсалар томомнидан тайёрланган фитнани имон йўлидаги имтиҳон ўрнида қабул қилади ва шунга муносиб равишда жавоб беради.
Адабий шахсиятлар миллат маънавиятида катта роль ўйнайди. Биргина, шоир Ш.Раҳмон шахсияти унинг ижодининг асл моҳиятини белгилаб бергани рост-ку! Афсуски, бугун адабиётимиз мана шундай шахсиятларга муҳтож, зиёлилар орасида миллий бирдамлик руҳи йўқ, адабиёт воситага айланиб бормоқда. Бугун зиёлиларимизнинг ўрни адабий жараёнда сезилмайди… Улар гуё бефарқ томошабинга айланиб қолгандай… Миллат диди ва савиясини нафси йўлида суъистемол қилаётган ишбилармон ёзувчилар ўзини реклама қилиб берадиган адабий далолларни ёнига олиб машҳурлик йўлида оворалар. Бугун катта авлод ижодкорлари ўзларини четга тортган, адабиёт майдони “от минганники”. Уюшма раҳбарлари давлат қарорларини адабийлаштириш йўлида номигагина кечалар ўтказади, фактлар тўплайди, очко йиғади, ҳисобот учун баённомалар йиғиш билан овора. “Маъни” чекиниб, “сурат”лар фаоллашган
— Ўзбек ўқувчиси Абдулла Қодирийни авваламбор романнавис сифатида билади. Аммо унинг журналистик фаолияти ўзбек матбуотининг шаклланишида тутган ўрнига кўп ҳам эътибор беравермайди. Унинг публицистикасини қандай баҳолаган бўлар эдингиз?
— ХХ аср аввалида ўзбек матбуоти шаклланди, элнинг эътиборини тортди. Маърифатпарварларимиз миллат манфати йўлида ҳурфикр, ҳамфикр, ҳаммаслак бўлиб бирлашдилар. Беҳбудий ёзишмаларида ”Матбуотда миллий таъсир коммунистик таъсирдан кучли” эканлигини таъкидлаган. Абдулла Қодирийнинг кичик жанрдаги асарлари, журналистик фаолиятининг ўзи алоҳида ҳодиса, миллат тарихидаги мураккаб тарихий-адабий жараённи қамраб олади. Адибнинг журналистик фаолиятида эл равнақи йўлидаги қайғусини аччиқ ва аламли кулги, аёвсиз фош этиш устуворлик қилади. Унинг публицистикасида Исён ва Нафрат ҳисси етакчи мотив саналади. Кундан кунга қўлдан кетаётган миллат истиқболининг алами ёзувчини курашга чақирди ва мана шу кураш майдони Матбуот бўлди.
Муаллиф 1914 йилдан то ҳаётининг сўнгги кунларигача ўзини ўзбек матбуоти билан боғлади. Ўзбек матбуотининг эртаси унинг тақдири, қисматига айланди. Унинг қайси бир фелеътонини олиб қараманг, унда миллатни фожиа томон етаклайдиган омиллар очиб берилади. “Тинч иш” мақоласида тирикчилиги йўлида имонини бой берган Шариф охунд, “Бизда аскарлик масаласи”да эса миллий армия қайғуси, “Бозор сурштирмайдир”да эса пайти келганда халқ манфаатини оёқ ости қилган кимсалар, “Ит уришдириш ишлари”да кўчада навқирон йигитларнинг ит уриштириб юриши аёвсиз танқид қилинади.
Муаллифнинг “Жасорат айб эмас” мақоласи “Жасорат биткан эди, тил кесилган эди… Юрагимидаги бир оз умидни истисно қилганда бошқа нарсалар юлиниб-юлқинған эди”, деб бошланади. Ана шу икки жумлада катта ҳақиқатлар айтилади. Қодирийнинг услуби шундай. “Йиғинди гаплар” мақоласи адиб ҳаётий тутимларини белгилаб берувчи қийматга эга бўлиб, Абдулла Қодирий ижодида алоҳида ўрин эгаллайди. Ёзувчи бевосита ўша вақтдаги давлат раҳбарларидан бири бўлган Акмал Икромовга мурожаат қилади. “Мен ҳар куни худоға тўққиз мартаба осий бўлиб, ўн саккиз мартаба тавба ва истиғфор айтаман. Исёним бепоён бўлганидек, истиғфорим ҳадсиз ва лекин исёнсиз қолган соатимга жуда оз учрайман! Бас, онглағилким эй Акмал! Тавбага бўйин буккан банда, бандаларнинг энг ярамасидир, қуллиқ бунёд қилган расво-расволарнинг яна ашаддий расвосидир. Айтмакчиманки тавбаси бошини есин, сен бўлсанг, ишингдан қолма, отингни чуҳ, де! Ҳақиқат олдида бўйин эгиш тавбадир, ўзгаси ғавғодир! Адиб бандага тавба қилишдан ҳазар қилади. Унга кўра инсон ёлғиз ҳақиқат олдида бўйин эгиш мумкин, бундан бошқаси мунофиқликдир. Инсоннинг ҳурлигига қарши қўйилган ҳар қандай тақиқ чексиз исённи юзага келтиради. Ижодкорнинг таъкидига кўра “исёнсиз соати” деярли йўқ. Қодирий ҳаётининг ҳар бир дақиқаси исён билан “зийнатланган”. Бу англаб етилган умр фаласафаси. Исён кимга нисбатан, албатта ўзига, нафсига қаратилган. Адиб учун тавба фақатгина Яратганнинг олдида! Бундан бошқасига тавба қилиш қулликни юзага келтиришдан бошқасига ярамайди. Саволга жавобни ёзувчига замондошининг берган таърифини келтириш билан кифояланамиз. “Ул танқидчи. Танқидчи–адабиёт ва қисман сиёсат ва қисман ҳаётчи, билмайман, тағин нима танқидчиси. Бир хислати бор: жасорат, бепоён жасорат. Масалан, миллат дарёси олдидан чиқар экан, жасурона от қўюб дарёга ўзини ташлар”
— Абдулла Қодирий ижодида эстетик идеал масаласига қандай ёндашув лозим ва унинг ўзига хослиги нимадан иборат? Кейинги давр адабиётида идеал масаласи қай даражада ўз аксини топмоқда?
— Эстетик идеал масаласи адабиётшуносликнинг ҳам муҳим муаммосидир. Шарқ-Мусулмон дунёсида, туркий халқлар маданиятида пайғамбарлар ҳаёти ва Муҳаммад С.А.В. сийрати, уларнинг ҳаёт йўллари, яшаш тарзи, фазилатлари доимо намуна, улгу вазифасини бажарган. Ҳар бир идеалда пайғамбаримиз тутган йўл маърифат ва эзгулик ўзига хос тарзда акс этади. ХХ аср аввалида ўзбек адабиётида ҳам мана шу намуна идеаллик мақомида турди. Эстетик идеалда ижодкорнинг оламни идрок этиши, англами, эътиқоди, диди, эстетик позицияси каби жиҳатлар жам бўлади. Адабиётга ижодкор ўз шахсияти билан бирга инсоният тарахий тафаккуридаги ўлмас идеалларни олиб киради. Ижод индивидуал жараён экан, идеал ҳам шахсий қарашларнинг йиғиндиси ва англамларининг ҳосиласидир. Чунки ҳар кимнинг ўз идеали, ўз қаҳрамони бўлиши ҳам табиий ҳодиса.
Абдулла Қодирийнинг эстетик идеали жоҳилиятга қарши курашувчи оқил, миллат қайғусини чекувчи элпарвар, илмни фарз билган маърифатпарвар, янгиликлар тарафдори бўлган замонасининг ҳурфикрли кишисидир. Бу унинг ҳаётий фалсафаси, дунёни англаши билан боғлиқ. “Ўткан кунлар” романида муаллиф ислоҳатлар тарафдори бўлган Отабекни “очиқ кўзи, ўткир зеҳни”, Анварни “мияси муҳокамага қобил” деб таърифлайди. Отабек учун “миллатини — халқини — мусулмонини”нг эртаси муҳим, Анварнинг “маънавий мағлубиятни” ўзи учун фожиа ўрнида қабул қилиши бежиз эмас. Маънавий мағлубият масаласи айниқса, асар ёзилган йилларда ёзувчи ҳаётида жиддий аҳамият касб этганлигини ҳисобга олсак, кўп нарсалар ойдинлашади. Отабек оила муносабатларида ва давлат юритиш сиёсатида ислоҳатлар тарафдори. Унинг қиёфасида янги замон эҳтиёжига кўра шаклланган Ўзбек характери мужассам. Анвар эса мустақил қарашларга эга эътиқодда собит, сиёсат фитналарини тўғри англовчи ва вазиятни аниқ баҳолай оладиган шахс. Буларнинг барчаси адиб сийратидаги етакчи белгилардан сув ичганлиги сир эмас.
Шахснинг эрки ва ҳурлигидан айрилиши унинг маънавий инқирозга юз тутиши демакдир. Сабаби синдирилган шахсият – тобелик ва қарамликни юзага келтиради, мустақиллигини бой беришга олиб келади. Қодирийнинг қаҳрамони замонасининг комил кишиси, динида собит, эътиқодида мустаҳкам, ҳақиқат ва адолат йўлида фидоий элпарвар одам. Чўлпоннинг Мирёқуби, Ойбекнинг Йўлчиси каби идеаллар даври талаби ва эҳтиёжига кўра янгиланиб борди. А.Қаҳҳорнинг Саидийси “икки тўлқин” бошини тута олмаган аросат одамидир. У ХХ аср бошида тарафини белгилай олмаган, яъни Қибласини йўқотган зиёлининг тимсолидир. Бу романлардан сўнг ўзбек адабиётида эстетик идеал асл моҳиятидан йироқлашди, чин маънода мувозанатни йўқотди. Мафкура қолипидаги ўткинчи қаҳрамонларнинг идеал бўла олмаслигига Вақтнинг ўзи ҳакамлик қилди. Орада тарихий мавзуга эътибор қаратилди, мозийдан тарихий шахсларнинг образи идеал сифатида жонлантирилди. О. Ёқубовнинг “Диёнат”, Ў.Усмоновнинг “Гирдоб” асари қаҳрамони ҳақиқат ва адолат йўлида курашда ўзининг мустақил дастурига эга идеал сифатида бўй кўрсатди. Кейинроқ эса ижтимоийлашган бир қатор идеаллар пайдо бўлди. Эстетик идеал масаласига истиқлол даври ёзувчилари ижоди кесимида қаралса, мулоҳазага чорловчи қизиқ жиҳатлар бор. М.М.Дўст ижодида бир қатор миллий қадриятни маҳкам тутган “чол”лар образи, Э.Аъзамда эса кинояни ўзига ниқоб қилиб, жамият ҳаётидан чекинган қаҳрамонлар, А.Аъзамда эса жамият ҳаётида ўз ўрнини қидирган кимсалар қиёфаси эстетик идеал тарзида намоён бўлди, назаримизда. Энг қизиғи мазкур ижодкорлар асарларида муҳаббат линияси орқа планга ўтиб, ижтимоий масалаларга урғу берилди. М.М.Дўст “Лолазор” романида аёл образи талқинида ўзига хос усулни танлаган-ки, бунинг ўзи тадқиқот учун алоҳида мавзу. Аслида, ХХ аср ўзбек насрида эстетик идеал талқини муаммоси қизиқ мавзу бўлиб, тадқиқ этилиши лозим бўлган масалалардан бири экан.
— Суҳбат ўз ўзидан бугунги адабий жараёнга келиб боғланди. Ўзбек насрида Абдулла Қодирий анъаналари давом этмоқдами, қайси ижодкорнинг ижод намуналарида анъаналар бевосита ёки билвосита намоён бўлмоқда?
— Абдулла Қодирий ижоди ўзбек романчилигининг алифбоси десак, муболаға бўлмас. Ижокор халқи бор-ки адиб асарларидан ўзига мос ва хос равишда ҳикмат олади. Чўлпон ўз даврида ёзувчига алоҳида эҳтиром кўрсатган, ижодий алоқада бўлишган. Ойбек эса “Қутлуғ қон”ни ёзаётган паллада ҳар икки романчининг (Қодирий, Чўлпон) асарлари йўқ қилинган, уларнинг номини тилга олиш ман этилган эди. Ойбек домла балки устозларнинг асарлари қайта чоп этишига ишонмаган бўлиши ҳам мумкин, аммо ёзувчи устозларини қуруқ такрорламади, юрилган йўлдан қайта юрмади, уларнинг тажрибасидан унумли фойдаланди. Бугун жаҳон адабиётидан ҳайратлар туйиб турган ижодкор ҳам менимча, сўзнинг асл мағзини адибнинг ижодий мактабидан ўрганади. Т.Малик Х.Дўстмуҳаммад, Х.Султонов сингари ёзувчилар ижодида Қодирийнинг таъсири очиқроқ кўринади. Уларнинг услуб ва усулларида бу ҳол ёрқинроқ кўзга ташланади. Баъзи ўринларда улар ўз асарларида адибнинг қаҳрамонлари исмидан тимсол сифатида фойдаланишади. Улар бошқа ижодкорлардан фарқли равишда Қодирий руҳини қалбдан ҳис этишга ҳаракат қилишади, адиб ижодига айрича ихлос билан ёндашадилар. Шунинг учун ҳам уларнинг ёзганлари қодирийшуносликда алоҳида бир саҳифа ўрнида дейиш мумкин. Хорижлик ватандош ёзувчи А.Исмоилов биринчилардан бўлиб Қодирий сиймосини яратишга бел боғлади. У “Жинлар базми ёки Катта ўйин” номли асарини эълон қилди. Асарни ўқиб шунга амин бўласизки, муаллиф Қодирийнинг ёзилмай қолган “Амир Умархоннинг канизи” номли романини ўзи тугатишни ният қилган шекилли деган хаёлга борасиз. Фактлар, ҳодисалар орасида муаллиф асл мақсаддан чалғийди, натижада романда Қодирий сиймоси фон вазифасини бажариб қолгандай… Миллатнинг ёзувчиси ҳақидаги романда миллий руҳ сезилмайди. Аммо услубдаги ўзига хослик, воқеликни тақдим этишдаги кутилмаган композицион усулларнинг қўлланилиши муаллифнинг услубини ва ёзувчининг маҳоратини кўрсатади. Муаллиф Қодирийни қандай таниса, билса, англаса шундай талқин қилган. Аслида, шундай ижод шахсий ҳодиса, ижодкор тафаккури ва англамлари воситасида ижод қилади. Шундай экан нега бундай ёздинг деб таъна қилиш ноҳақлик бўлади. Х.Дўстмуҳаммад ёзувчига бағишланган “Ёлғиз” номли биографик қиссасини эълон қилди. Қиссанинг сарлавҳаси жуда топиб қўйилган, аммо ички структурада қаҳрамон тасвирида бир хиллик сезилиб туради. Қодирий улуғ шахсият сифатида талқин қилинади, аммо бунга қандай эришилди, қаҳрамон табиатидаги зиддиятлар тўла очиб берилмагандай… Қиссада фактлар устуворлик қилиб, ҳужжатлилик бадиийликдан бир оз илгарилаб кетгандай…
— Қодирий ижодини тубсиз бир уммонга менгзасак хато бўлмас, адиблар амири бўлган бу зот ижодининг қайси қирралари адабиётшуносларимиз томонидан ўз тадқиқини кутмоқда? Адабиёт ва адабиётшунослик илми ихлосмандларига тилакларингиз?
— Эътибор қилган бўлсангиз юқорида қодирийшунослик алоҳида тармоқ сифатида шаклланганлигини таъкидлаб ўтдик. Ҳали қилинадиган ишлар талайгина. Ёзувчининг кичик асарларини тизимли равишда ўрганиш, роман поэтикаси, ёзувчининг эстетик ва диний-фалсафий қарашлари, бадиий матнни ўрганиш каби масалалар очиқ мавзулардан бири бўлиб ўз тадқиқини кутиб турибди, дейиш мумкин. Қолаверса, бугунги глобаллашув жараёнида адабиётшуносликда бадиий асар ва матнга ёндашув усуллари тобора кенгайиб бораётганлиги сир эмас. Хориждаги қодирийшуносларнинг ишларини ўрганиш, уларни адабиётшуносликка маълум қилиш каби ишлар ҳам эгаларини кутмоқда. Тадқиқотчи мавзу танламайди, аксинча мавзу тадқиқотчини танлайди, дейишади. Ҳар қандай мавзу бирданига сир бермайди, меҳнат ва сабр кутади, шундай кейингина маҳрамга айланасиз. Илмни воситаи чоҳ қилмай, холис ният билан, тоза қалб ва зеҳн заковат билан ишга ёндашув сизни илмга ошно қилади.
Суҳбат ҳам анаънавий жанрга айланиб улгурган. Ҳар нарсанинг боши ва охири бўлгани сингари гурунг ҳам тилаклар билан якунланади. Биз ҳам анаънани сақлаган ҳолда тилаклардан олдин баъзи бир қайдларни айтмоққа жазм қилдик. Адабиёт илмига давогар бўлган ҳар бир тадқиқотчи, ҳалол ва холис бўлиши керак. Яширишнинг фойдаси йўқ, илмга бугун талаб ва таклиф турлича бўлмоқда. Устозим Қўшжонов “илмга йўл йўлакай муносабатда бўлиш, одамни алдайди, шундай қилсанг сенинг илминг ҳам йўлда қолади, охиригача боришга интил, моҳиятга чуқурроқ эътибор бер” дея таъкидлар эди. Бугун илмда мардикорчилик билан шуғулланадиган тоифалар борлиги сир бўлмай қолди. Адабий далол деган янги “штат”лар пайдо бўлмоқда. Ишини бировга ёздириб келиб, сизу биздан-ку майли, ҳатто Яратгандан ҳам қўрқмай ҳаммани алдайдиган “илмшунос”лар борлигини индамай томоша қилишга одатландик. Буни тўхтатиш қийин, эпидемияга айланган. Айримлари ишни ёздириб келиб яхшилаб ёдлайди, саволга жавоб бераётганда артист сингари роль бажаради, аммо ночорлари кўзини жавдиратиб туришдан бошқа нарсага ярамайди. Қизиғи ўзи “ёзган” ишни эплаб айтиб бера олмайди. Одамнинг юзи иссиқ деймиз. Сиз унга бировга ёздирдинг, кўчирдинг деб айтишдан истиҳола қиласиз, аммо у бундай андишаларнинг кўчасини бузиб ўтишни қоидага айлантирган, мақсадига етса бўлди. Илмни муқаддас бурч деб санаган катта дарғаларимиз бирма бир ҳаётдан ўтиб бормоқда. Уларга муносиб ворис бўлиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарз. Мана шу фарзлар ҳам аслида, бизга омонат эканлиги одамни ўйлантиради. Омонатга хиёнат қилишдан Ўзи сақласин!
Илмга кириб келиш, амал ва аъмолингизни белгилашини унутманг. Шу баҳона сизнинг тенгдошларингизга панд насиҳат, тўғрироғи илтимос қилсам. Доимо тўғри йўлдан юринг, эгри йўлдан узоқ бўлинг. Қинғир йўл билан олим бўлган эртага тўғри йўлдагиларга тўсиқ бўлади. Чунки у бунгача сарфлаган пулини ишлаб олиши керак-ку! Ёзиш қўлидан келмаса далололлик қилади. Жуда билимли домлаларимиз нафснинг кўчаларида йўлдан адашиб кетишди, шундай “ясама” олимларни миллат илмига дахлдор қилди, топгани йўқотганидан кўп бўлди. Йўлингизга эҳтиёт бўлинг! Ўз айтар сзингиз бўлсин. Сўзимни ёзувчининг гапи билан тугатаман. ”Шахсий бутунлиқ, мустақил шахсият қуллик билан зиддир. Шахсий бутунлиғи бўлмаған, яъни ўзида ҳақиқатни ихтиёр қила билиш кучи тополмаған ожиз, ихтиёрсиз одамлар жамият учун фойдалик ва чин ағзо бўла олмаслар”.