Зиёвуддин Мансуров 1954 йилда Наманган вилояти Уйчи тумани Машад қишлоғида тавваллуд топган. 1975 йилда Наманган Давлат педагогика институти (ҳозирги НамДУ)нинг ўзбек филологияси факулътетини тугаллаб, дастлаб ўрта мактабда ўқитувчи, кейинчалик Уйчи туманидаги Машад қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, Беруний номли жамоа хўжалиги бошқаруви раиси, Уйчи тумани ҳокимининг ўринбосари, ЎзХДП Уйчи туман кенгашининг биринчи котиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими масъул котиби, Наманган вилоят Маънавият ва Маърифат Кенгаши масъул котиби – Республика Маънавият тарғибот маркази Наманган вилоят бўлим раҳбари лавозимларида ишлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият кўрсатган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Унинг “Қалбим парчалари”, “Ҳайрат салтанати”, “Дилраболар диёри”, “Муҳаббат боғи”, “Ноёб кашфиёт”, “Хўрозқанд” (болалар учун), “Тўтиё” сингари шеърий китоблари, “Шахмат қаъридаги ҳикматлар”, “Истиқлолнома”, “Онагинам, онажонгинам” номли достонлари чоп этилган.