Возеҳ (тахаллуси; асл исми Қори Раҳматулло Бин Ашур Муҳаммад) (1817/18-1893/94, Бухоро) – ўзбек шоири, адабиётшунос, хаттот, географ.
Бухоро мадрасаларидан бирида ўқиган (1844 йилгача). 1853—56 йилларда Кармана ҳокими хизматида бўлди. Сарой муҳити билан келишолмай, Бухорога қайтади ва умрининг охиригача фақирона ҳаёт кечиради.
Возеҳ ўзбек, тожик ва араб тилларида, турли жанрларда ижод қилган. Шеърлари турли баёз ва мажмуаларда учрайди, девон тузмаган. «Ақоид ун-нисо» («Аёллар учун қоидалар») рисоласи, «Савониҳ ул-масолик ва фаросих ул-мамолик» («Йўлларнинг қулайликлари ва мамлакатларнинг масофалари») ва бошқа асарлари ўша даврдаги адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий муҳитга оид, шунингдек география ва этнография бўйича маълумотларга бой.
«Кони лаззат ва хони неъмат» («Лаззат манбаи ва неъмат дастурхони») асари Туркистонда расм бўлган турли нонлар ва ширинликларнинг инсон саломатлигига фойдали хусусиятлари ҳақида. 18—19-асрнинг 1-ярмидаги адабий муҳитни ўрганишда қимматли манба ҳисобланган «Туҳфат ул-аҳбоб фи тазкират ул-асҳоб» («Суҳбатдошлар таржимаи ҳолидан дўстларга туҳфа», 1871) тазкирасида Қўқон ва Бухоро хонлигида яшаган шоир ва давлат арбоблари ҳақида маълумотлар, уларнинг асарларидан намуналар келтирилган. Асар 29 бобдан иборат, ҳар бир боб шоирлар тахаллусининг араб алифбосидаги тартиби асосида тузилган.
Возеҳ асарларининг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Қўлёзмалар (инв. №75) ҳамда Шарқшунослик (№50/11, 60, 2336/1, 2304/1, 1470, 854/1, 852/1) институтларида сақланади.