Атоқли шоир, хаттот ва таржимон Сирожиддин Махдум Мирзоҳидохунд ўғли Сидқий 1884 йили ҳозирги Бўстонлиқ тумани Хондайлиқ қишлоғида туғилган. Араб, форс тилларини ўрганган. Хаттотликка қизиққан, замонасининг машҳур қилқалами Муҳаммад Шоҳмурод котиб (1850— 1922)га шогирд тушган. Сидқий тош йўниб, унга ишлов бериш, турли безаклар тушириш, суратлар ишлаш, муҳр ясаш билан ҳам шуғулланган. Айни пайтда шеър машқ қилган.
Шоир сифатида шаклланишида Камийнинг хизмати катта бўлган. У бошлиқ адабий давраларда фаол иштирок этган. Илк шеърларини «Шуҳрат», «Шеван» (нола, фиғон) тахаллуслари билан ёзган («Туҳфаи Шавкат», 1913; «Савғоти Шавкат», 1914 — тўпламлар). Кейинроқ барча асарларини Сидқий Хондайлиқий тахаллуси билан чоп эттирган. Лирик шеърларида мумтоз адабиётимиздаги ҳаётий, инсоний муҳаббат, одамийлик сингари яхши анъаналарни давом эттирган. Поэтик меросининг салмоқли қисмини ҳажвиёт ва ижтимоий шеърлар ташкил қилади. Ижтимоий-сиёсий шеърлари эса даврнинг муҳим воқеаларига бағишланган («Муҳораба», «Яшасун ёшлар», «Тоза ҳуррият» ва б.). Мардикорлик воқеалари ҳақида асарлар ёзган [«Рабо(т)чилар намойиши». «Рабо(т)чилар келиши», 1917].
Сидқий Хондайлиқийнинг «Русия инқилоби» достони (1917, март) Русия инқилоби воқеаларини кенг эпик планда тасвир этувчи дастлабки асар. Достоннинг ҳажми 1502 мисра. Шундан 72 мисраси форс-тожик тилида, қолгани ўзбекчада ёзилган. Воқеалар 23 февраль — инқилобнинг биринчи куни тасвиридан бошланади, сўнг кунма-кун берилади. Сидқий Хондайлиқий Февраль инқилобини қучоқ очиб қарши олсада, унинг натижаларидан қаноатланмаган. Достон инқилобдан кейинги шароитни жиддий ва атрофлича таҳлил этиш, барчани бирликка, ҳамжиҳатликка чорлаш билан якун топган. Бу ғоя «Умиди иттифоқ» (1918) таржиъбандида давом этади.
Сидқий Хондайлиқий «Тазкираи имоми Аъзам», «Сад иршоди мулла Сидқий Хондайлиқий» («Мулла Сидқий Хондайлиқийнинг юз насиҳати»), «Мезони шариат» (1915, 1917, 1992), «Зарбулмасали Сидқий», «Ҳолоти Сидқий» каби насрий асарлар ҳам ёзган. Уларнинг кўпчилиги диний-ахлоқий мавзуда.
«Ҳикояи латифа», «Баҳром ва маликаи Гуландом», «Ажойиб ул-махлуқот», «Ўғри ва қози», «Бўстон» (Саъдий) каби асарларни таржима қилган. Сидқий Хондайлиқий кўчирган девон, баёз ва рисолалар, ясаган муҳрлари нусхалари, тошлавҳалар ҳамда чизган Тўйчи Ҳофиз ва Тавалло суратлари хусусий ва давлат кутубхоналарида, шунингдек, 20 дан ортиқ босма ва қўлёзма асарлари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланади.