Шавқий (тахаллуси; асл исм-шарифи Мулла Шамси мулла Ҳусан ўғли) (1805— ҳозирги Тўрақўрғон тумани — 1889) — шоир, тарихчи.
«Девон»ида ўзбек ва форс тилидаги шеърлари жамланган бўлиб, уларнинг асосий қисмини ўзбек тилидаги шеърлари ташкил қилади. Шавқийнинг асарлари мумтоз шеърий жанрлар: ғазал, мухаммас, маснавийлардан иборат.
Шоир асарлари («Паришонлар», «Бир гули раъно», «Зебо», «Ишқ сайли» ва б.) нинг асосий мавзуси диний-тасаввуфий ва лирик мазмунда. Шу билан бирга девонда ижтимоий ва тарихий мавзуга бағишланган мухаммас ва маснавийлар ҳам учрайди. Уларда чор Россиясининг Туркистонни, хусусан, Қўқон хонлигини босиб олиш воқеалари шеърий мисраларда тасвирланган. Унинг муборак ҳаж зиёрати давомидаги таассуротлари акс этган шеърий асарлари 20-аср бошларида Тошкент литографияларида чоп этилган.
«Жомеъ ул-ҳаводис» («Ҳодисалар жамланмаси»), «Жангномаи Худоёрхон», «Тарихи Хўқанд», «Пандномаи Худоёрхон» каби тарихий достонлари, асосан, 19-аср 2-ярмида Қўқон хонлигида юз берган қипчоқлар қўзғолони воқеаларига бағишланган. Бу достонлар Худоёрхон давридаги ижтимоий-сиёсий воқеаларни, турли табақа вакилларининг ўзаро муносабатларини ўрганишда аҳамиятлидир. Шавқийнинг «Девони Шавқий», «Жомеъ ул-ҳаводис» асарлари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади.