Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрель куни Андижон вилоятида туғилганлар.
Ўрта мактабни тугатгач, Бухоро шаҳридаги «Мир Араб» мадрасасида, сўнгра Тошкентдаги имом Бухорий номли Ислом олий маъҳадида таҳсилни давом эттирдилар. Олий маъҳадни битиришлари биланоқ «Совет шарқи мусулмонлари» журналида ишладилар. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларини чет элга, яъни Ливия Араб Республикасининг Триполи шаҳридаги Исломий даъват факультетига ўқишга юборди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур факультетни 1980-мелодий санада имтиёзли тамомлаб, юртга қайтдилар.
Сўнгра шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташқи алоқалар бўлимида ишлаб, айни пайтда Олий маъҳадда дарс бердилар. Кейин мазкур маъҳадда мудир ноиби, сўнгра мудир лавозимларида ишладилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари диний идоранинг 1989 йилда бўлиб ўтган Умумий қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинландилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси бўлдилар.
Шу йили шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари собиқ совет Олий кенгашига депутат этиб сайландилар. Шайх ҳазратлари собиқ совет иттифоқи президенти Михаил Горбачёв ҳамда Олий кенгашга собиқ совет иттифоқи мусулмонларининг ҳаёти ифода этилган баённома тақдим этдилар. Баённомада мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаш, уларнинг ҳуқуқларини қайтариш масалалари кўтарилган эди. Шайх ҳазратларининг Горбачёв билан бевосита мулоқотларидан сўнг коммунистик тузумнинг мусулмонларга нисбатан сиёсатида ижобий ўзгаришлар сезила бошланди. Шайх ҳазратларининг саъй-ҳаракатлари билан собиқ иттифоқда кўплаб масжидлар ва мадрасалар очила бошланди, мусулмонларга ўз диний урф-одатларини, маросимларни адо этишга рухсат берила бошланди. Шайх ҳазратларининг кўплаб талабларига биноан, Горбачёв собиқ иттифоқдан ҳаж сафарига борадиган мусулмонларнинг сони кескин ошириш ҳақида қарор қабул қилди. Бундан ташқари, ана шу даврда шайх ҳазратлари мусулмонларнинг тақдирини ҳал қилувчи катта миқёсдаги ишларни ҳам амалга оширдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари совет делегацияси аъзолигида бир неча давлатларга сафар қилдилар. Президент Горбачёвнинг таклифи билан афғон мужоҳидларининг Пешовардаги вақтинча қароргоҳига бориб, афғоний жиҳод қўмондонлари билан музокаралар олиб бордилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўз саъй-ҳаракатларини собиқ иттифоқ мусулмонларининг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятини тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга йўналтирган эдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сўнгги йилларда илмий ва даъватга ҳамда диний маданиятни оширишдаги фаолиятларга ўзларини бағишлаганлар.
Шайх ҳазратлари Маккаи Мукаррамадаги «Бутун Дунё Ислом Робитаси»нинг таъсис мажлиси, Бутун дунё тасаввуф уюшмаси, Бутун дунё Исломий халқлари бошқарувининг бош котибияти, Бутун дунё даъват уюшмаси, Бутун дунё Уламолари кенгаши уюшмаси, Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси, Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё муфаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутун дунё масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муссасасига қарашли Исломий фикрлар академияси аъзоси эдилар.
Шунингдек, шайх ҳазратлари Миср Араб Республикаси, Либия Жамоҳирийяси ва Россия федерациялари каби қатор давлатларнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирланганлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 6 жузли “Тафсири Ҳилол”, 39 жузли “Ҳадис ва Ҳаёт”, 5 жузли “Хислатли ҳикматлар шарҳи”, 3 жузли “Кифоя шарҳи мухтасари виқоя”, 3 жузли “Руҳий тарбия”, 4 жузли “Шарҳи адабул муфрад”, 2 жузли “Яхшилик ва силаи раҳм китоби”, “Иймон”, “Васатийя — ҳаёт йўли”, “Тасаввуф ҳақида тасаввур”, “Ихтилофлар ҳақида”, “Дин насиҳатдир”, “Шоядки тақводор бўлсак”, “Поклик иймондандир”, “Ҳаж ибодати”, “Исломда инсон ҳуқуқлари”, “Исломда оила”, “Тарих омонатдир”, “Жамият кўксига урилган ханжар”, “Ислом мусаффолиги йўлида”, “Ислом маънавий жиноятларга қарши”, “Рамазонни қандай қаршилаймиз”, “Ислом ва атроф муҳит муҳофазаси”, “Сунний ақийдалар”, “Усулул фиқҳ”, “Ақоид илми”, “Самарқандлик уламолар”, “Бозор”, “Исроф”, “Очиқ хат”, “Зуҳд ва ҳаё” каби 100 дан ортиқ китоблар ва интернет саҳифалар муаллифи эдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 2015 йил 10 март куни Тошкент шаҳрида вафот этдилар. Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” “Шайх Зайниддин бува” (Кўкча) қабристонига дафн этилдилар.