Сирожиддинов Саъди Ҳасанович (1920.10.5, Қўқон – 1988.29.4, Тошкент) — математик олим ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1966), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1971), физика-математика фанлари доктори (1953), профессор (1956).
Ўрта Осиё университетини тугатган (1942). Москва университетида катта илмий ходим (1953—56). Ўрта Осиё университетида профессор (1956 йилдан). 1958 йилдан кафедра мудири, Ўзбекистон Фанлар академияси математика институти директори (1957—67), ТошДУ ректори (1966—70; 1983—87), Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти (1970—1983) бўлиб ишлаган.
Илмий ишлари кўп ўзгарувчили классик кўпҳадларнинг муҳим хоссаларига бағишланган. Сирожиддиновнинг Марков занжирлари учун лимит теоремаларни умумлаштириш ва асимптотик ёйилмалар соҳасидаги тадқиқотлари 50-йилларда Тошкент математика мактабининг янада юксалишига олиб келди.
Сирожиддинов эҳтимоллар назарияси соҳасидаги ютуқларни математик статистикага қўллади. 60-йилларда Сирожиддинов ва унинг шогирдлари ўзаро боғлиқ бўлмаган ва Марков занжирини ташкил қилувчи тасодифий миқдорлар ҳамда тасодифий векторлар йиғиндиси учун лимит теоремаларига доир муҳим масалаларни ҳал қиддилар; шу масалалар билан боғлиқ текис баҳолашларга оид тадқиқотлари катта татбиқий аҳамиятга эга.
Сирожиддинов оммавий хизмат кўрсатиш назарияси, статистиканинг турли соҳалари, стационар жараёнлар назарияси ва бошқа соҳаларда ҳам кенг кўламда тадқиқот олиб борган. Ўрта Осиё мутафаккирларининг илмий меросини ўрганишда, Ўрта Осиё, айниқса, Ўзбекистон учун юқори малакали математик мутахассислар тайёрлашда Сирожиддиновнинг хизматлари катта. Сирожиддинов, шунингдек, ёш математиклар мактабини ташкил этиш, Республика ёш математиклар олимпиадасини ўтказишда муайян ҳисса қўшган.
Сирожиддинов Бернулли номидаги халқаро математик статистика ва эҳтимоллар назарияси жамияти (Голландия)нинг ҳақиқий аъзоси (1966). Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1973), «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2002).