Хўжаев Отаулла, Хўжаев Отахўжа Пўлатхўжаевич (1880, Бухоро — 1937.25.10, Тошкент) — Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, давлат ва жамоат арбоби. Бухорода Мадраса таҳсилини олган. Сўнгра Туркияга бориб, акаси Усмон Хўжа, Фитрат ва бошқа билан Истанбулда таҳсил олган (1909—13).
«Тарбияи атфол» махфий ташкилоти ва Ёш бухороликлар партияси фаолиятида қатнашган. 1913—14 йилларда Бухоро амирлигида жадид мактаблари очган ва муаллимлик килган. Бунинг учун Бухоро амири Олимхон томонидан таъқибга учраган ва зиндонда ўтирган (1915).
Отаулла Хўжаев БХСР Қарши вилояти инқилобий қўмитаси раиси (1920), БХСР ички ишлар нозири (1921), БХСР Нозирлар Шўроси раиси ўринбосари (1921— 23), раиси вазифасини бажарувчи (1922 август—ноябрь), ташқи ишлар нозири (1923). БХСРнинг Москвадаги мухтор вакили (1922 йил январь—май).
1921 йил ёзида Отаулла Хўжаев бошчилигидаги махсус комиссия Балжувонда Давлатмандбек қўрбоши, Камолбий ва Қаюм тўқсабо билан БХСР ҳукумати номидан музокаралар ўтказган ва сулҳ шартномаси имзоланган (1921 йил 12 август).
1920 йилдан Бухорода яширин фаолият кўрсатган «Миллий Иттиҳод» ташкилоти ишида фаол қатнашган. РКП(б)МК Ўрта Осиё бюроси котиби Я. Э. Рудзутакнинг талаби билан Фитрат ва бошқа нозирлар қаторида ўз лавозимидан олиб ташланган ва БХСР ҳудудидан сургун қилинган.
Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилгач, турли лавозимларда ишлаган. БХСРнинг раҳбар арбоблари (жами 17 киши) билан биргаликда у қамоқда олинган (1937 йил 19 январь) ва отишга ҳукм килинган. 1965 йил 2 декабрда оқланган.
Қаҳрамон Ражабов.