Музайяна Алавия (1909-1988)

Музайяна Алавия (1909.20.4. Тошкент вилояти Пискент тумани — 1988.3.3, Тошкент) — шоира, фольклоршунос. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1968).

Самарқанд педагогика билим юрти (1928—30), Низомий номидаги Тошкент педагогика институти (1934—38)да ўқиган. Тошкент шаҳар мактабларида ўқитувчи (1930—40), Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида кичик (1940—59), катта илмий ходим (1959—88) бўлиб ишлаган.

Музайяна Алавиянинг «Бугунги мен» номли биринчи шеъри 1927 йил «Маориф ва ўқитувчи» журналида босилган. Халқ ижодкорларидан кўплаб фольклор асарларини ёзиб олган ва нашрга тайёрлаган («Оқ олма, қизил олма», 1972; «Совет даври қўшиқлари», 1983 тўпламлари; «Интизор», 1964, «Далли», 1972 достонлари).

Ўзбек халқ қўшиқларининг бадиий-эстетик хусусиятлари, маросим фольклори бўйича тадқиқотлар олиб борган. «Одамийлик» (1964), «Дил нидоси» (1967), «Ён қўшним, жон қўшним» (1974) каби рисолалари одоб-ахлоқ масалаларига бағишланган.

Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1973).