Мурод Муҳаммад Дўст 1949 йил 12 апрелда Самарқанд вилоятининг Жом қишлоғида туғилган. ТошДУнинг тарих факультетининг фалсафа бўлимини тугатган (1971). Москвадаги Адабиёт институтида ўқиган (1974—79). «Ўзбекфильм» киностудиясида, «Шарқ юлдузи» журналида фаолият кўрсатган.
Дастлабки ҳикоялар тўплами — «Қайдасан, қувонч садоси?» (1976). Шундан кейин «Мустафо» (1977), «Бир тойчоқнинг хуни» (1979), «Галатепага қайтиш» (1983), «Дашту далаларда» (1987) сингари ҳикоя ва қиссалари нашр этилган.
Шундан сўнг у турғунлик даврининг маънавий, иқтисодий ва сиёсий таназзулидан ҳикоя қилувчи «Лолазор» (1988) романини яратди. Бу роман 1990 йилда Ҳамза мукофотига сазовор бўлди.
Мурод Муҳаммад Дўстнинг айниқса, «Галатепага қайтиш» номли қиссаси талабчан китобхон ва адабиётшунос—мунаққидлар эътиборини қозонди. Зеро, ундаги Ғайбаров ҳам адабиётда учрамаган янгича дунё, янгича тафаккур кишиси сифатида эндигина кириб келабошлаган эди. «Лолазор» романида эса ана шу янгича тафаккур тиғида емирила бошлаган коммунистик мафкуранинг чириши, истиқлол шамчироғининг эса ёна бошлаганлигига имо-ишора бор эди.
Асарлари асосида бадиий фильмлар суратга олинган.