Таниқли адиб, моҳир таржимон Мирзакалон Исмоилий 1908 йил 15 октябрда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида дунёга келди. Октябрь тўнтаришидан сўнг у болалар уйида тарбияланди. Тошкентга келиб, Эрлар билим юртида таълим олди. 1928— 1930 йилларда Ўрта Осиё Давлат университетининг Шарқ факультетида ўқиди, ўқитувчилик қилди.
Тошкент киностудияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Қизил Ўзбекистон», «Шарқ юлдузи» муҳарририятларида ҳамда Ўзбекистон Давлат нашриётида хизмат қилди. У рус адабиёти намоёндаларидан М. Ю. Лермонтов, Л. Н. Толстой, А. П. Чехов, М. Горький, М. А. Шолохов кабиларнинг 200 дан ортиқ асарларини ҳамда жаҳон адабиёти намуналаридан кўпларини ўзбек тилига ўгирди. Унинг таржималари ўзбек тилининг ривожланишига катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Ёзувчининг 1927 йилда босилган «8 Март» пьесасида ўзбек хотин-қизларининг озодлик учун кураши акс этган. У 1942—1947 йилларда Армия сафида хизмат қилиб, фашизмга қарши курашда жонбозлик кўрсатган.
Адиб урушдан кейинги йилларда яратилган «Фарғона тонг отгунча» (1958, 1967) трилогиясида Октябрь тўнтарилиши арафасидаги ўзбек меҳнаткашларининг оғир ҳаёти ва маърифат сари интилишини тасвирлади. Роман ўзининг ғоявий-бадиий хусусиятлари билан 60-йиллар ўзбек насри равнақига муносиб ҳисса қўшди. М. Исмоилий Бизнинг роман» (1962), «Инсон ҳусни» (1969) ва «Одамийлик қиссаси» (1972), «Қизлар дафтари» (1980), «Ўзингдан кўр» (1986) асарларида ёшлар ахлоқи, оилада тотувлик ва ўзаро ҳурмат масалалари ҳақида фикр юритилган.
У 1986 йил 5 майда Тошкент шаҳри вафот этган.