Исломхўжа (1872 – 1913.9.8, Хива) — Хива хонлигининг бош вазири. Хоразмда жадидчилик ҳаракати ўнг оқими раҳбарларидан бири.
Исломхўжа Муҳаммад Раҳим II ва Асфандиёрхон хукмронлиги даврида Хива хонлиги делегацияси таркибида Санкт-Петербург ва Москва шаҳриларида бир неча марта бўлган (1907—12). Илғор Европа маданиятини тарғиб қилган. Худойберган Девоновга Хоразмда кино ва сурат олиш ишига асос солишида ҳомийлик қилди.
Унинг ташаббуси билан Хива ва бошқа шаҳарларда Исломхўжа мадрасаси ва минораси, Нуруллабой саройи, касалхона, электростанция қурилди, жадид мактаблари, ҳатто рус мактаблари очилди (1908—12).
Асфандиёрхон ҳукмронлиги даврида бош вазир (1910—13) бўлиб, хонликнинг жанубий қисмини идора этган ҳамда хорижий давлатлар билан бўладиган алоқаларни бошқарган. Хонликни идора этишдаги хизматлари учун «вазири акбар» унвони берилган.
1910 йил у хонликда ислоҳот ўтказиш тўғрисидаги фармонни ишлаб чиқишда фаол иштирок этди. Суғорма деҳқончиликка асосланган Хоразмда деҳқонларнинг аҳволини енгиллатиш учун ер солиғини камайтиришга ҳаракат қилган.
Ёш хиваликлар партиясининг асосчиси Полвонниёз Ҳожи Юсуповнинг ёзишича, тараққийпарварлик ғоялари учун ўз куёви Асфандиёрхоннинг буйруғи билан ваҳшиёна ўлдирилган.