Ёқубов Ҳомил Исломович (1907.14.9 — Тошкент — 1998.3.2) — адабиётшунос, адабий танқидчи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1968), филология фанлари доктори (1967), профессор (1970).
Ленинград давлат педагогика институтида ўқиган (1926—27), Ўрта Осиё Режалаштириш-иқтисод институтини тугатган (1932). Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, директор ўринбосари, бўлим бошлиғи, профессор-маслаҳатчи (1934—97). Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1934—35; 1944—45), Тошкент кечки педагогика инти (1939—42) ҳамда Ўрта Осиё давлат университетида дарс берган (1948-51; 1956-59).
Ҳомил Ёқубовнинг адабий-танқидчилик фаолияти 30-йиллардан бошланган. «Ҳамид Олимжоннинг ижодий йўли» (1936), «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» (1940), «А. Қаҳҳор новеллалари» (1946), «Ғафур Ғулом» (1959), «Ойбек» (1959), «Адибнинг маҳорати» (1966) каби мақола ва монографиялари ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётининг муҳим масалаларига бағишланган. Мактаблар учун адабиёт дарсликлари, хрестоматия ва ўқув дастурларини тузиш ва нашр эттиришда фаол қатнашган.
Ҳомил Ёқубовнинг бевосита илмий раҳбарлиги ва иштирокида ҳозирги замон ўзбек адабиёти тарихига оид 2 жилдли (1961 — 62) ва русча нашри — 1 жилдли (М., 1967) очерклар тўпламлари ҳамда ҳозирги ўзбек адабиётининг кўп жилдли тарихлари нашр этилган. Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1970).