Ўтган асрнинг бошида Ватан озодлиги, халқнинг маърифати, миллатнинг тараққийси учун курашган илғор маърифатпарвар зиёлиларнинг сафида Ҳожи Муин Шукрулло ўғли ҳам бор эди. Ҳожи Муин 1883 йил 19 мартда Самарқандда туғилган. Отаси Шукрулло савдогар бўлиб, 32 ёшида вафот этади. Ўн икки ёшида ҳам ота, ҳам онасидан айрилган Ҳожи Муин Руҳобод гузарининг масжид имоми бўлган бобоси Мирсаид Шариф ўғли тарбиясида қолади. Бу даврда унинг хат-саводи чиқиб бўлган, бобоси тарбиясида араб тили қоидаларини ва диний илмларни ўргана бошлаган эди.
Ўз даврининг таниқли зиёлиларидан бўлган Сайидаҳмад Васлий билан танишгандан (1900 йили) кейин бу билимларни мукаммаллаштиришга имконият туғилди. Васлий унга араб тили қоидаларини ўргатибгина қолмай, балки шеъриятга бўлган муҳаббатини ҳам кучайтирди, шу билан бирга, уни ўз даврининг маърифатпарварлари даврасига олиб кирди. Ҳожи Муин 1901 йили эски мактабда муаллимлик фаолиятини бошлайди. Бу соҳадаги муайян тажрибалар натижасида ва, албатта, Абдуқодир Шакурийнинг мактаби таъсирида 1903 йили Хўжа Нисбатдор маҳалласида ўзи янги усулдаги мактаб очади. Худди ана шу йили Васлийнинг уйида Маҳмудхўжа Беҳбудий билан танишуви унинг ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Айниқса, Беҳбудийнинг «Мухтасари жуғрофияи умумий» номли асари Ҳожи Муинда жуда катта таассурот қолдиради.
Жадид муаллимлари қаторида Ҳожи Муин ҳам дарсликлар ёзиб, чоп эттирди. У 1908 йили форс тилида «Раҳнамои савод», И. Раҳматуллазода билан ҳамкорликда ўзбек тилида «Ўқитувчи» номли алифбо китобларини ёзади.
Ҳожи Муин машҳур маърифатпарвар А. Шакурийнинг илтимоси билан болалар учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бир қанча шеърларни туркийдан форсийга таржима қилади. Кейинчалик М. Беҳбудий кўмагида уларни «Гулдастаи адабиёт» номи билан тўплам ҳолида чоп эттиради. Бу тўпламга у ўз шеърларини ҳам киритган.
«Гулдастаи адабиёт» Ҳожи Муин томонидан тузилган ягона шеърий тўплам бўлиб, ундаги «Хитоб ва гўдаки беилм», «Насиҳат», «Мухаммас», «Иттифоқ», «Шикоят», «Эътироф» каби шеърлар ўзиники, қолганлари эса таржима шеърлардир.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» пьесасини матбуотда олқишлаб чиққан Ҳожи Муин тез орада ўзи ҳам саҳна асарлари ёза бошлади.
Драматургнинг «Эски мактаб, янги мактаб» пьесасида эски усул мактаби билан янги усул мактаби ўқув тизимидаги фарқ тасвирланиб, «усули жадид» мактаби олқишланса, «Тўй», «Кўкнори», «Мазлума хотин» каби саҳна асарларида халқ орасида урфга кириб қолган ёмон одатлар қораланади. Булардан ташқари, Ҳожи Муин «Маориф қурбонлари», «Жувонбозлик қурбонлари», «Бой ила хизматкор», «Қози ила муаллим» каби пьесалар ҳам ёзган.
Ўша давр вақтли матбуотида фаол иштирок этган Ҳожи Муин ўз кундалигида ёзишича, 1907-37 йиллар давомида 23 хил газета ва журналларда 200 тача мақола, 400 тача хабар ҳамда ўзбек ва тожик тилларидаги 1500 мисрага яқин шеърлари билан қатнашган.
Ҳожи Муиннинг номи «Меҳнаткашлар товуши» газетаси ҳамда «Таёқ», «Машраб» каби журналларнинг биринчи муҳаррири ва ташкилотчиси сифатида ҳам тарихда қолди. У Абдурауф Фитратнинг 1911 йилда ёзилган «Ҳиндистонда бир фаранги билан бухороли бир мударриснинг жадид мактаблари хусусинда қилғон мунозараси» номли асарини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиб, 1912 йили «Туркистон вилоятининг газети»да чоп эттиради. Кейинчалик алоҳида китоб ҳолида нашр қилади. Дурийнинг «Ақидаи исломия» асарини ўзбек тилидан тожик тилига таржима қилган.
Ҳожи Муиннинг тақдири бошқа сафдошлари каби фожиали кечди. 1929 йил бошланган қатағонда биринчилардан бўлиб у ҳам қамалади. 1932 йилгача қамоқда ётади. Ҳожи Муин Шукруллаев 1938 йил январда яна қамоққа олиниб, 1942 йил Соликамск қамоқ лагерларидан бирида оламдан ўтди.