Абдусаид Кўчимов 1951 йили Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган.
«Ўқитувчи» нашриётида мусаҳҳиҳ, «Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи») газетасида мухбир, бўлим мудири, масъул котиб ва бош муҳаррир, «Шарқ юлдузи» журналида масъул котиб ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, радио қўмитаси, Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Президент девонида, Ўзбекистон Давлат телерадиокомпаниясида масъул лавозимларда ишлаган.
Абдусаид Кўчимовнинг биринчи шеър ва мақолалари матбуотда эълон қилинганида у ўрта мактаб ўқувчиси эди. Шундан буён унинг «Кашфиётчи болалар» (1978), «Менинг Ўзбекистоним» (1979), «Тошбургут» (1981), «Менинг юлдузим» (1984), «Чаноқ» (1985), «Ҳалқа (1987), «Икки баҳор» (1990), «Умид дарахтлари» (1992) каби бир қатор китоблари чоп этилди. У табиатни эъзозлаш мавзуидаги туркум публицистик мақолалари учун ЮНЕСКО мукофотига сазовор бўлган. «Ҳалқа» китоби учун эса Ғафур Ғулом мукофоти билан тақдирланган.
Абдусаид Кўчимов қардош халқлар адибларининг бир қатор шеър ва ҳикояларини ўзбек тилига ўгирган. Татар адиби М. Харисовнинг «Қизил сайёрага саёҳат» саргузашт қиссаси унинг таржимасида алоҳида китоб ҳолида чоп этилган.
Абдусаид Кўчимовнинг шеър, ҳикоя ва қиссалари рус, қозоқ, украин, белорус, туркман, тожик ва бошқа тилларга таржи-ма қилинган. Унинг «Ҳалқа» китоби 1994 йили Хитой Халқ Республикасида уйғур тилида нашр этилган.