Муҳаммаджонов Абдулаҳад Раҳимжонович (1928.26.12, Тошкент – 2016) — шарқшунос ва археолог олим. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (2000). Тарих фанлари доктори (1973), профессор (1989).
Ўрта Осиё университетини тугатган (1951). 1956-70 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология институтида катта илмий ходим, сектор мудири ва 1970 йилдан Археология институтининг сектор мудири, 1980—83 йилларда директори. Ўзбекистон Фанлар академияси вице президенти (1996—98), Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори (1996—98). 1998—2003 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида бош илмий ходим. 1998 йилдан Узбекистон миллий университетида профессор, 1997 йилдан «Ўзбекистонда ижтимоий фанлар» журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлаган.
Унинг илмий ишлари Ўрта Осиёда суғорма деҳқончилик, ирригация, гидротехника ҳамда деҳкрнчилик воҳаларини вужудга келиши ва тараққиёти тарихига бағишланган. Абдулаҳад Муҳаммаджонов Бухоро, Тошкент шаҳрилари қад. тарихи, айниқса, уларнинг ёшини илмий асослашга муайян ҳисса қўшган. Ватанимиз тарихий топонимияси бўйича илмий асарлар ва мақолалар нашр этиб, тарихий манбашунослик бўйича янги илмий йўналишга асос солди.