Парранда ва қушлар

Эрта туради,
Жар чақиради.
(Хўроз)

Боши тароқ,
Думи ўроқ.
(Хўроз)

Бир қўшним бор аввал бошдан,
Соқоли унинг қизил гўшдан.
Саҳар туриб шовқин солар,
Хабари йўқ ҳеч бир ишдан.
(Хўроз)

Овозаси азонда,
Мазалиги қозонда.
(Хўроз)

Саҳархез сўфи,
Туйнукда бибиотин.
(Хўроз, товуқ)

Жонлидан жонсиз дўрайди,
Жонсиздан жонли дўрайди.
(Товуқ, тухум, жўжа)

Касби доим тақир-туқур,
Қайда илон кўрса чўқир.
(Лайлак)

Томда турган пишагим,
Бўйни узун эшагим.
(Лайлак)

Қирдан туриб тухум ирғитдим.
(Бургут)

Бир қушим бор фаранги,
Чорбоғда чалар чангди.
(Саъва)

Бойнинг ўғли кўкка қараб йиғлайди.
(Бойўғли)

Ликинг-ликинг йўрғаси,
Оғзида бахмал тўрваси.
(Каклик)

Юқоридан келади зебогина товши бор,
Оёғида пахмоққина ковши бор.
(Каклик)

Бухородан келган миноли,
Оғиз-боши хиноли.
(Каклик)

Саройда сари отим,
Себи билан кишнайди,
Тўқайда тўриқ отим,
Тўпи билан кишнайди.
(Каклик)

Қизил юлғуннинг тагида
Қизларгул опам ётибди.
(Қирғовул)

Сурп кўйлаклик,
Селон камзуллик.
(Олашақшақ)

Ликинг-ликинг йўрғаси бор,
Кумуш чоқли сирғаси бор.
(Олашақшақ)

Атлас кўйлак қаноти,
Хуш хабарчи одати.
(Зағизғон)

Оқлиги сутдай,
Кўклиги нилдай,
Ўтириши бекдай.
(Зағизғон)

Ёзда келади,
Қишда кетади.
(Зағизғон)

Жар бошида яшил пахта.
(Кўк каптар)

Гул устида олифта ашулачи.
(Булбул)

Зув-зув борағай,
Томдан қарағай.
Чўп, лой чўқиғай,
Сават тўқиғай.
(Қалдирғоч)

Кичкина жувонмарг,
Том бошидан ўтин ташлайди.
(Чумчуқ)

Қизил қия ичида
Қийма жувон ўтирар.
Даканасин дол қўйиб,
Далва жувон ўтирар.
(Бедана)

Қозиқ устида қор турмас.
(Тухум)

Менинг бир ўтовим бор,
Ойнаси, эшиги йўқ.
(Тухум)

Гул шоҳида Ҳасан мастча.
(Булбул)

Оқ сандиқ,
Оғзи йўқ сандиқ.
(Тухум)

Ўтга тушса муз бўлар.
(Тухум)

Пиширса ош бўлур,
Пиширмаса қуш бўлур.
(Тухум)

Бир косада икки хил овқат.
(Тухум)

Бир пиёлада икки хил шарват.
(Тухум)

Бир уйда икки ўртоқ,
Бири сариқ, бири оқ.
(Тухум)

Жар бошида уюрма.
(Қуш уяси)

Чий тагида чинни коса.
(Қуш уяси)

Болорда бешик бор.
(Қуш уяси)